Тарихий-замонавий роман

Жаҳонгир Муҳаммад: “ҚИЁМАТ КУНИ”

-7-

Оқсарой. Тошкент

“Ўрта Осиё ўрусларнинг ўкинига тушганми?” Каримов дафтарчасига ёзиб қўйилган бу гапни нима учун ва қачон ёзганини эслашга уринарди. Ким айтган экан буни? Янги гап эмас. Янги гап бўлганда “Ўрта Осиё” эмас, “Марказий Осиё” деб ёзган бўларди. Чунки бу иборани унинг ўзи топганди. Ҳаммани шунга ўргатди. Ўзи ҳам бунга риоя қилган бўларди. Демак, бу гапни тўқсонинчи йилларнинг бошида ёзиб қўйган. Лекин бу савол ҳали ҳам жавобсиз қолмоқда.

Мана Шанхай Ҳамкорлиги Ташкилотининг мажлиси Тошкентда ўтаётгани,  ҳатто Медведев ана у хонада уни интизорлик билан кутиб ўтирганига қарамай, бу савол муҳимлигича қолмоқда. Фақат Медведев эмас, қолганлар ҳам унинг нима дейишини кутишмоқда.

Каримов Ўш масаласида Россия раҳбарлари билан илк суҳбатини эслади. Ўшанда унинг фикрлари Путинга ёққанди. Лекин Путин расмиятчилик нуқтаи назаридан бўлса ҳам буни янги сайланган президент билан гаплашиб қўйиш кераклигига ишора этганди.

Каримовдан  Ўш масаласини тинглай бошлаган Медведев׃

-Мен бу ҳақда атрофлича маълумот олдим ва очиғини айтаман, қаршиман,-деди.

Нега қарши бўлади, деб ўйлади Каримов. Ахир бу масала нафақат менинг, балки унинг ҳам манфаатларига хизмат қилади-ку? Балки бу масалани олдин Путин билан гаплашиб қўйганим бунинг жаҳлини чиқардими? Ёш бола бўлса ҳам нега ўжарлик қилмоқда? Балки мени синдирмоқчими? Синдириб бўпти! Мен унга Камчатканинг ҳокими эмасманки,  гапини ўтказсин! Қолаверса, бунинг жилови Путиннинг қўлида. У отга мин деса минади, туш деса тушади. Бунга уқтириб ўтиришдан фойда йўқ. Путинга ишора қиламан, агар бу қизиқмаса, бошқа қизиқадиганлар топилади. Аслида Ўш масаласига рози бўлгани учун Путиннинг айтганини қилиб, америкаликларни қувиб юбордим. Нега энди булар тонади?  Мақсадлари нима?

Ўшда вазият кундан кунга ёмонлашмоқда. Булар 1989-1990 воқеаларини кўрмаганда, аланга қанчалик тез авж олиб кетишини билишмайди. Ўшда бугун дунё ичида бошқа бир дунё вужудга келмоқда. Бу фақат биз учун эмас, улар учун ҳам таҳликали.

У чивин чақавериб пайса-пайса қилиб юборганга ўхшаган юзини силаб қўйдида, ҳали ўзинг оёғимга бош урасан, деб ўйлади ва׃

-Бўлмаса, вақти келганда гаплашамиз!- дея Медведев билан суҳбатга совуққина нуқта қўйди. Медведев ҳам пайтава қулоқ эмас экан, Каримовни тушунди ва  тумшуғи тарнов бўлиб осилди. Белгиланган бир қанча масалалар ҳам четга сурилди.

Шу билан Каримов қарийб бир йил Медведевдан ўпкалаб юрди. Унинг телефонларига жавоб бермади. Бирор муҳим гап чиқса, Путин билан гаплашди. Медведев ҳам ўчакишгандек, Каримовнинг жиғига тега бошлади. Ҳали келиб Назарбоев билан учрашиб кетса, ҳали келиб кечагина тахтга ўтирган янги Туркманбоши билан учршадими-ей…

Хуллас, улар ёш болалардек, бир-бирларига ўпка қилишларини очиқ сездиришга уринишарди.

Медведев бир-икки Каримовни четлаштириш ҳақида ҳам гап очди, аммо Путин уни рад эди.

-Уни алмаштирсак Ўзбекистон Афғонистонга айланади. Кейин бошимиз дардга киради. Ўзбекистонда битта миллат яшамайди. Юзлаб миллат бор ва уларни темир қўл билан эзиб турилсагина, тинчлик бўлади. Бунинг устига диний редикаллар ҳам катта кучга эга. Агар Каримов бўлмаганда Ўзбекистонда қачонлардир исломчилар ҳокимиятни қўлга олган бўлардилар…,-деб Путин Медведевни ҳовуридан туширганди.

Бу билан Путин “печак ҳандалак” деб биладигани Медведевни ноқулай вазиятга солаётганини биларди. Биринчидан, уни мустақил иш қилмасликка мажбурлаётган бўлса, иккинчидан, Каримовниг ёнида бош эгишга ундаётганди. Бу эса Путиннинг мавқеини оширарди. Нафақат Кремлда, балки рус миллиятчилари ва сиёсатчилари орасида ҳам унинг Каримовга бош эгишини ёқтирмайдиганлар чиқади.

Путин пайтида собиқ Совет ҳудудларидаги лидерлар унинг кафтида ўйнашарди. Истаса ўйнатиб, истаса эзарди. Буни сафдошлари билишарди ва бундан ғурур туйишарди. Медведевнинг бу йўлдан чекиниши кўзга ташланаверса, Путиннинг обрўйи ошаверади. Лекин Путин Каримовни ҳурмат қиларди. Қайсидир  хислатлари ўзиникига ўхшагани ва муаммоларни ечишда худди ўзи каби ҳаракат қилишларини ёқтирарди. Буни ҳатто Каримовнинг ўзига ҳам айтганди׃

-Баъзилар шундай ҳолатда ҳасад қилишади, мен эса сизни ҳурмат қиламан,-деганди у Каримовга.

Каримов буни тўғри қабул қилган  ва у ҳам Путинни ҳурмат қилишини айтганди. Лекин барибир ичида нима учундир унга ишонмайди. Шунга қарамай, уни самимий сафдош деб қабул қилади. Шунинг учун ҳам Медведевдан қўрқмас, Ўш масаласида уни барибир кўндиришига ишонарди.

Бунинг учун аввал бошқаларни ишонтиришга киришди. Хитой дарҳол рози бўлди. Бу катта ютуқ эди. У тўпланган ҳужжатларнинг бир қисмини Хитой раҳбариятига бериб қўйди.  Берилган ҳужжатлар орасида мана булар ҳам бор эди׃

“Ҳизбут-Таҳрирнинг” Қирғизистондаги вакили Дилёр Жумабаев: “Турмаларда одамларимиз кўп, бироқ озодликка чиққан минглаб одамларимиз ҳам бор. Турмадан кейин улар энди ҳеч нарсадан қўрқмайдилар. Тез орада, жуда ҳам тез орада биз исломий халифат ўрнатамиз”. (“Ал-жазира” телеканали).

”Туркия бош вазири лоббичилик учун мўлжалланган ва ҳисоби сўралмайдиган фондидан Марказий Осиёда исломий кучларни қўллаш учун 50 миллион АҚШ доллари миқдорида ёрдам ажратган. Бу маблағ Ўшдан борган уч кишига берилган ва назорати Туркиядаги диний гуруҳларга юклатилган. Шу маблағнинг кучи билан Туркиядаги бир қанча тариқат Ўшга ўз вакилларини юборган. Ўшда ҳатто Ажзмандийлар гуруҳи ҳам тузилди.(Туркия Бош прокурорининг судга тақдим этган айблов фикридан).

”Туркиядан қайтгандан кейин қўлга олинган К. исмли уйғурнинг берган кўрсатмаларига қараганда, Олмония, Канада, АҚШ ва Туркияда яшайдиган уйғурлар жамиятлари бир неча миллион долларга енгил қуроллар олиб, Ўшдаги қароргоҳларида жамламоқдалар. Бу қароргоҳнинг адреси бизда бор ва сиртдан кузатув олиб борилганда маҳбуснинг кўрсатмалари тасқидланди”. (Бизнинг Қирғизистон ҳукуматига тақдим этган маълумотимиздан).

“Бугун дунёдаги наркотик моддалар миқдорининг 94 фойизи Афғонистонда етиштирилади ва Тожикистон чегараларига яқин жойлардаги 143 та мини-лабараторияда марихунага айлантирилиб, Ўшга олиб борилади. Ўш тақсимот маркази бўлиб, наркотиклар шу ердан уч йўналиш бўйича тарқатилади. “Шимолий маршурут” бўйича бизнинг одамларимиз “экилган” ва олган маълумотларимизга кўра,  Россия ҳудудига йиллига 50 тонна марихуана киритилади ва даромаднинг катта қисми Толибон,  Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва Шарқий Туркистон ташкилотига юборилади.(Бизнинг БМТга тақдим этган маълумотимиздан).

Каримов тақдим этилган маълумотларга яна бир марта назар солар экан, улардан бирини ажратиб қўлига олди ва қайта ўқиб чиқди׃

“Собиқ президент Акаевнинг ўғли Айдар ва қизи Бермет ҳамда Берметнинг эри  Ўшдаги криминалитет билан бирлашиб ўлкага қурол киритмоқда. Қурол Тожикистон орқали киритилмоқда”.

Каримов ўйланиб қолди. Нега Тожикистон орқали? У ерда Россиянинг базаси бор. Бу тирмизаклар ҳам Россияда. Балки менга айтмай бу Медведов бир нарсани режалаятими? Йўқ, у ўзича иш қилолмайди. Балки бу Путиннинг иши бўлса-чи? Унинг қўлидан ҳамма нарса келади. Юзингдан ўпиб туриб, биқинингга пичоқ уриши мумкин. У балки Акаевни қайтармоқчидир? Бунга кўзим етмайди. Чунки у Акаевни латтачайнар деб ҳисобларди. “Унга раҳмим келади, иштонини ҳўл қилиб қўйган болага ўхшайди” деган эди у ҳақда гапириб. Ана шу раҳми келгани учун ҳам уни қутқазиб қолди. Энди у орқали бошқа нарсани режалаётган бўлсачи? Лекин нимани? Буни қандай аниқлашим мумкин?  Путин бунақа ишни давлат одамига буюрмайди. Пулдорлардан бирига шипшитиб қўяди. Пулдор эса маҳаллий мафияни ишлатади. Демак, Баҳодирдан сўрашим керак. У ер остидан илон ўтса биладиган йигит.  Мафия дунёсида нима гап бўлса, у билади. Ишининг устаси. Хайрият ҳам уни шу жойга олиб келдим. Кўнглим тўқ. У ҳаммасини назоратда ушлаб туради.

Каримов хаёли  Баҳодир Матлубов билан бўлган суҳбатга ўтиб кетди.

-Бундан хабаринг борми?-деб сўради у русчалаб Баҳодир Матлубовдан ўшанда.

-Хабарим бор,-деди Матлубов ўзи тайёрлаган қоғозни кўриб.

-Бу тирмизаклар нега аралашиб юрибди? Нега улар Ўшда оёғи олти, қўли етти?

-Биласиз, Ислом ака, Бермет “Олға” партиясини тузган ва ҳукуматни олмоқчи эди. Унинг эри фойдали корхонларни ўзлаширганди. Айдар эса ҳамма супермаркетлар, тунги клублар, алоқа тармоқлари, ҳатто уяли телефонлар назоратини қўлга олганди. 2005 йилнинг 24 мартида бирданига ҳаммасидан айрилди. Улар Россиядаги қора кучлар билан яқин алоқада эдилар. Ҳозир уларни ишга солиб, рекет йўли билан бўлса ҳам бойликларининг бир қисмини қайтиб олишмоқчи. Шунинг учун қурол ташишмқода.

-Бу ишда Россия ҳукуматининг қўли йўқми?

-Йўқ.

-Кафолат берасанми?

-Кафолат. Лекин тепасидан эмас, ичидан аралашганлар бор. Қурол сотиб юрадиганлари…

-Буни Путин билмайди деб ўйлайсанми?

-Менимча билмайди.

Каримов буни “козир” сифатида ўйнатиб кўрсам бўлади, деган хаёлга борди. Лекин Путингами ёки Медведевгами? Путин бунақа нарсаларни яхши қабул қилмайди. Россияни кузатиш сенга қолдими, деган хаёлга боради. Аммо жойи келса, Медведевни иза қилиш мумкин.

-Баҳодиржон, бу масалада аниқ далиллар борми?

-Бор. Телефон ёзувларидан ташқари видео тасмалар ҳам бор.

-Агар улар этник ғавғо чиқаришни режалаётган бўлишсачи?

-Улар фақат қирғиз миллиятчилари ва мафияси билан ишлашмоқда. Биз ҳар икки йўлда ҳам “тўқнашдик”. Ораларига бир икки кишини суқдик.

-Офарин! Ҳа… қирғиз мафияси билан ўзбек мафиясининг ораси қандай?

-Ўшдаги ўзбекларми?

-Нима биздагини сўрармидим?

-Йўқ… Ўш ва Жалолободни назарда тутаяпман. Ҳозир мафиялари ҳам ажралган ва бир-бирига қарши.

-Кимдир ораларини бузганми?

-Биласизку, ўзбеклар учун кимнингдир кераги йўқ. Икки қўчқорнинг боши битта қозонда қайнамайди.

-Керак бўлса қайнатиш лозим.

-Бўлмаса яраштириб қўяйинми?

-Йўқ, зарурат туғилса ўзим айтаман. Ҳозир уларнинг ички ишларига аралашмай тур!

-Гап йўқ!

-Раҳмат! Ҳа… дарвоқе уканг атрофида нега бунақа шов-шув қилишаяти? Ашулачи келин ўлиб қолибдими?.

-Биласиз…

-Биламан, сен қарши бўлсанг ҳам Жамшидни мен олиб келгандим. Унга Андижонга яқинлашишни буюргандим. Уни ўша ёққа юбормоқчи эдим. Почча сифатида борса халқ яхши қабул қилардида. Ҳатто  мана шу қизга уйланиб ҳам ол дегандим.

-Ўртада аёллар жанжали ҳам бор, лекин Андижон ва Ўш…

-Тўхта! Бу томони ортиқча. Ашулачи бўлса ҳам мард аёл эди. Лекин Жамшид ҳам барно йигит. Унинг учун бир эмас, ўнта қиз ҳам ўзини осиб юборса керак.

-Ҳеч гап чиқмаганди. Лекин нариги томон ковлаб турибди.

-Сен ҳам қўлидан ёзиш – чизиш келадиганлардан ёнингга тўпла дегандим. Алматов уста эди. Бир қанча читтакчалари бор эди. Сен Алишерни ишлат. Отасининг обрўйидан фойдалансин. Атрофингда “булбуллар” бўлмаса, уйқунгни бузадиган “чигирткалар” бўлади. Бўпти, Рустамга ўзим айтиб қўяман, тинчитади, сен бу нарсалар билан хаёлингни бузма! Жамшиджонга ҳам салом айтиб қўй, парво қилмасин, ойим қовоқ бўлиб юрмасин!

Кейин Матлубовга жавоб бериб юбориб, Иноятовга қўнғироқ қилганди׃

-Қани, Жамшид ҳақида тўплаганларингни олиб кел-чи!

Иноятов келгунича у яна Ўш ҳақида ўйлай бошлади. Агар жанжал катта алангага айланиб кетса нима бўлади? Тўхтатишнинг имкони топиладими? Тўхтатгандан кейин мабодо қирғизлар ҳам, ўзбеклар ҳам давомли даҳанаки жангга кириб кетсалар-чи? Аслида ҳар қандай уруш даҳанаки жангнинг натижаси. Лекин урушдан кейинги даҳанаки жанглар нимага олиб боради? Агар яраш, сулҳ ҳақида гапирилса, ўзбекларни  кўчиб кетишдан сақлаб қолиш мумкин. Икки томон ҳам ёппасига даҳанаки жангга кирса-чи? У ҳолда ўзбеклар кетиб қолади. Хўш, ўзбеклар у ерда қолгани яхшими ёки кетганими? “Қиёмат куни” лойиҳасида бу масалага жавоб берилганми? Улар Россияга кетадиларми ёки чет элларгами? Лойиҳада бунга жавоб йўқ. Демак, лойиҳани тайёрлаганларни бир қизартириб қўяман. У шундай деб телефоннинг тугмаларини боса бошлади…

Ҳозир Каримов  ана шу воқеаларни хаёлидан ўтказар экан Шанхай Ҳамкорлиги Ташкилотининг мажлиси баҳонасида Медведев Тошкентга келиб, нариги хонада уни муштоқ бўлиб кутиб ўтирганига ишонмасди. Режалари шунча тез амалага ошгани ва ҳатто Медведевни кутиб олишга чиқмагани – бу ҳали яқиндагина ҳам хаёлга сиғмайдиган гаплар эди. Лекин мана ҳақиқат бўлиб турибди. Шуни айтсалар керакда ҳақиқатни ой ойнага, эшак эшикка келганда биласан деб.

МУХТАСАР МАЪЛУМОТ

Баҳодир Ахмедович Матлубов

1952 йилнинг 11 март куни Самарқанд шаҳрида туғилган.
САМДУнинг химия (1975) ва ҳуқуқ(1983) факултетларини битирганлиги ҳақида дипломларга эга.

1973-1994 йилларда Самарқанд  ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув тизимида оддий инспекторликдан Сиёб тумани милиция идораси раҳбарлигига қадар вазифаларда ишлаган. Самарқанд шаҳар  ички ишлар бошқармаси бошлиғи ва айни пайтда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари бўлган.

1994-1997 йилларда Бухоро вилоят ИИБ бошлиғи, 1997 йилда Ўзбекистон Ички Ишлар вазири ўринбосари этиб тайинланган.

2004 – 2006 – йилларда давлат Божхона қўмитасини идора этган.

2006  йил 5 январдан буён Ўзбекистон Ички Ишлар вазири.

У тоғликларда яшайдиган аҳолини бошқа жойларга кўчириш,  диний ташкилотлар ва турли оқимларни рўйхатга олиш қонунийлигини ўрганиш каби Президент тузган махсус комиссияларга раҳбарлик қилган.

(ДАВОМИ БОР)

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Qiyomat kuni. Bookmark the permalink.