Дилмурод Саййид ижодидан

ТЕШИКМУНЧОҚ ЕРДА ҚОЛМАС…

…нигоҳлари мунчоқ каби гўдаклар-чи?..

Таниш ҳуқуқшуносдан сўрадим: “Айтолмайсизми, бола неча ёшдан ОДАМ ҳисобланади?” Саволим жавобсиз қолди. Бошқасига мурожаат қилдим: “Сизларнинг нуқтаи назарингизда бола неча ёшга тўлгач, ОДАМ ҳисобланади?” Бироз гапни “ғижимлади”. Неча ёшдан жиноий жавобгарликка тортилиш-у, қачон балоғатга етганлик ҳақида тўхталди, лекин Одамнинг неча ёшдан ОДАМ ҳисобланишига келганда “саволни тушунмаган”лигини тан олди. Мен ҳам очиғига кўчдим: “Юридик соҳанинг сўз луғатида ОДАМ атамаси йўқ, фақат ШАХС деб юритиладиган субъект мавжуд…”

I. ИККИНЧИ ДАРАЖАЛИ ШАХС

ОИЛАВИЙ ажралиш, қонун тили билан айтганда, никоҳни бекор қилиш фуқаролик ишлари муҳокама этилаётган суд жараёнида ҳеч иштирокчи бўлганмисиз? Бундай муҳокамалар ариза берувчининг ёзма мурожаати асосида ўтказилади ва биринчи навбатда давлат тўлов божи тўланган-тўланмагани суриштирилади. Кейин эр-хотиннинг даъвоси – достони (кўпинча расмиятчилик юзасидангина) тингланиб, масала ҳал қилинади. Нари борса, ярим соатда бутун бошли оила иккига бўлиниб турибди-да!

Майли, эрми-хотинми, ажрашишни истабди, бу уларнинг кафолатланган ҳуқуқи. Бундайларнинг ўртасига тушиб, эсимизни емайлик. Аммо мени анчадан бери бир масала ўйлантиради: “суд муҳокамасида нима учун фақат эр-билан аёлнинг айтгани асос сифатида тингланади? 12 ёшгача бўлган фарзандлар-чи? Ёки беш, саккиз, ўн ёшли бола ОДАМ эмасми?”

Бундай муҳокамаларни олиб борадиган судья, маслаҳатчилар, асосан, оилали, фарзанди бор одамлар. Демоқчиманки, оила муҳити уларга яхши таниш. Ҳар бир оиладаги фарзандлар ҳаммаси отага ёки онага бирдай меҳр қўя олмайди. Бири онасига кўпроқ илакишса, бошқаси отасини устунроқ кўради. Бу фақат болаларгагина хос хусусият! Айниқса, қиз фарзанд отасининг эркаси! Руҳияти ҳисобга олинмай, ажратилган оиланинг ўзи унча мойил бўлмаган қисмида қолган боланинг аҳволини бир тасаввур қилиб кўринг: мурғак қалбида (боланинг ўзи сезмаган ҳолда!) нафрат туғилади, аламзадалик куртаклайди. Йўқотган кишисини қўмсаб ичикади. Шундай руҳда ўсган болага сиз-у биз қандай талаб қўя оламиз?

Бирмунча муддат мактабда муаллимлик қилганман. Ажрашган оила муҳитида ўсаётган ўқувчи билан ота-онасининг бағридаги ўқувчи орасидаги тафовутни кўп кузатдим. Айниқса, бирорта синфдоши отаси олиб берган ниманидир мақтаб гапирганида, оилавий ажралиш боис отасиз ўсаётган ўқувчи(бола)нинг руҳиятидаги тушкунлик ифодасига тил ожиз қолади. Энг ёмони, айримлари ўзаро жанжаллашиб қолса, оилавий ажралишнинг айбсиз айбдори бўлиб бола ноҳақ маломат ҳам эшитади ўз тенгқуридан…

Менимча, никоҳни бекор қилувчи ажрим ортида эр ё хотиннинг истаги эмас, энг аввало, фарзандлар руҳияти туришини унутмаслик зарур!

II. ДАЖЖОЛНИНГ ЙЎРИҒИ

ЯҚИНДА хизмат сафарида бўлдим. Автобусда 19-20 ёш чамаси қиз билан ёнма-ён ўтириб қолдим. Тошкентдан чиқмасимизданоқ йўл ҳақи йиға бошлашди. Мен гувоҳномамни чиқардим-да, орасидан пул олдим. Нотаниш ҳамроҳ қиз ҳужжатимга икки-уч қараб қўйди.

Орадан ўн дақиқалар ўтди. Мен газета ўқиб кетардим. Қиз бу орада кўз қири билан бир-икки қарагандек бўлди. “Газета ўқигиси келаётгандир”, деган ўйда унга юзландим:

-Уч-тўрт варағини берайми? Бошқотирма ечсангиз, ручка ҳам бор.

Қиз “йўқ” ишорасида бош чайқади.

– Ҳужжатингизнинг орқасига нима ёзилган, ПРЕССАми? – деб сўради кейин.

– Ҳа, шундай ёзилган, – жавоб бердим қўлимдаги газетани тахламлаб.

– Бу ПРЕССА – матбуот ходими дегани-да?!

Тасдиқ жавобини олгач, қиз анча вақт жимгина ойнадан кўчани томоша қилиб кетди.

Янглишмасам, Гулистонга етгандик, бир қарорга келди шекилли, гап бошлади:

-Ота-онам ажрашиб кетишганида, мен етти ёшда, укам тўртда, синглим бир ярим яшар эди. Қисқаси, онам ва холаларимнинг тарбиясида қолдик. Отам ўша пайтлари 2-3 марта келганларини эслайман. У кишини қарғаб, сўкиб ҳайдашгани элас-элас ёдимда. Мен ва укаларимга отамизнингёмон одамлигини, ароқхўрлигини, бизни ташлаб кетганлигини онам-у холаларим кўп гапиришарди. Отамнинг пиёниста, муттаҳам, бемеҳрлиги-ю, Тошкентда мардикор ишлаб, эшикма-эшик хор бўлиб юришини айтишарди. Бола эдик, аммо отасизликдан эмас, балки ўз онамиз ва холаларимиз ишонтириб айтган ЁМОН ОДАМнинг фарзанди эканимиздан эзилардик.

Менга уйланадиган йигит Тошкентда ўқийди, сиртдан. Икки ҳафта олдин келганида, менинг отам ҳақида анча яхши гапларни гапирди. Ичимга ўт тушди. Олиб боришини сўраб, роса ялиндим. Тўйга кийим-кечак баҳонаси билан бир кунга рухсат олиб, кеча Тошкентга келгандим.

Қиз анча жимиб, яна ташқарини томоша қилиб кета бошлади.

-Мен ҳозир тушаман, – деди жилмайиб, кейин узилган суҳбатга якун ясади. – Отамни кўрдим. Сираям мардикор ё дарбадар эмас эканлар. Қўйлиқ деган жойда тўрт хонали уйлари, бағрикенг оилалари бор экан. Қурилишга алоқадор тижорат билан шуғулланарканлар.

Қиз кўзидан сизган ёшни сириб, сумкачасидан сурат олиб кўрсатди.

-Кеча тушдик, бу икки қиз сингилларим экан, – деди изоҳ бериб. – Отамга яхшилаб қаранг, ёмон одам шундай бўладими?

Қиз кўринишидан суратдаги одамнинг ўзгинаси эди…

Нотаниш ҳамроҳим сўзсиз, бош ирғаганча хайрлашди.

Унинг тақдирига ўхшаш воқеалар жуда сероб. Аксарият оилалар ўртасида никоҳ бекор қилингач, аёл ўз фарзандларига отани ёмон кўрсатишга, уларни бездиришга ҳаракат қилади. Ёлғон гапиришдан ҳам қайтмайди. Яна Худодан қўрқмаган яқинлари ҳам болалар онгини заҳарлашда эринмай қувват бўлади. Лекин йиллар ўтиб, фарзанд вояга етгач: “Менинг отам ким эди? Мен сизлар таърифлаганчалик ёмон одамнинг фарзандиманми?” деб сўраган чоғида ҳаммаси четга қочиб, “бориб онангдан сўра!” деб айтади. Лекин ўша кун келгунича, бола ўз отасини сўроқлайдиган даражага етгунича орадан ўтган йиллар мобайнида унинг руҳи шикастланиб улгурган бўлади. Ўзингиз ўйланг, “ёмон одамнинг боласи”, деган маломат тошининг оғирлиги қанча келар экан?!.

Шу ўринда кичик бир мулоҳаза:

Маълумки, никоҳ бекор қилингач, фарзандлар аксарият ҳолларда она билан қолдирилади. Бу қарорни нотўғри дейишдан мутлақо йироқман. Ахир, ҳар бир фарзанднинг туғилиши она учун нимага тенг эканлиги аён. Бироқ оиласидан ажраган ота фарзандини кўриш учун СОБИҚ ХОТИНининг остонасига бўйнини қисиб боришга мажбур бўлиб қолиши АДОЛАТдан эмас! Менимча, фарзандларни олиб қоладиган томонга бир ойда икки марта болаларни олиб бориб кўрсатиш мажбурияти юклатилиши зарур.

Шундай йўл тутилса, бўлиниб кетган оилалар қайта тикланиш имконияти ҳам вужудга келиши аниқ. Ахир, меҳр- кўзда, юз амри эса ширин, дейдилар-ку!

Улуғ аждодларимиз ҳам, “Неки кўздин йироқ ўлди, ул кўнгилдин ҳам йироқ бўлгай”, деб таъкидлаганлар…

Аёл ўзганинг фарзандига ОНАлик қила олишига шубҳа йўқ. Ҳар ҳолда юз фоиз бўлмаса ҳам, ўн нафардан тўққизтасига кафолат бор. Бунинг боиси энг аввало, энг аввало, АЁЛгагина хос хокисорлик ва саботлилик фазилатидир. Шу фазилати ҳар қандай маломат ва маънавий зиддиятлардан устун келади.

ЭР кишида эса айнан шундай фазилатнинг мўртлиги сабабли ўзганинг фарзандига ОТАлик қила олиши муаммоли ҳолат. Ўнтадан тўққизта ҳолатда кафолат йўқ! Негаки, эр кишининг “сиркаси сув кўтармайди”. Арзимаган илмоқли гапга дош бера олмайди. Бу ўринда изоҳ келтириш ортиқча. Чунки хулоса аниқ: ЎГАЙ ОТА БЎЛИШ камдан-кам эр киши уддалай оладиган ЖАСОРАТ!!!

Дилмурод Саййид.