Тарихий-замонавий роман

Жаҳонгир Муҳаммад: “ҚИЁМАТ КУНИ”

-6-

Сулаймон тоғи. Ўш.

Саиджон Доно билан мактабда бирга ўқиган. Лекин шу қизга уйланаман, деб хаёлига ҳам келтирмаганди.

Бир куни дадаси׃

-Болам, мана университетни ҳам битираясан, энди бошингни икки қилмасак бўлмайди,-деб қолди.

Дадаси тарих ўқитувчиси эди ва тез-тез ўқувчиларни олиб Сулаймон тоғига бориб турарди.

Донони ўша ерда кўриб қолибди.

-Синфдошинг бор эди-ку, аълочи қиз, ҳамма мажлисларда шеър айтадиган, исми ҳам, ўзи ҳам Доно қиз. Шуни кўриб қолдим. Бошига ҳижоб олибди. Мингта гапирсанг, битта жавоб қилади. Суриштирдим, совчиси кўп экан. Агар отни қамчиламасак, кетиб қолади…

Саиджон индамасдан ерга қараб турди. Доно унинг учун осмондаги юлдуз эди. Унга гапиришдан қўрқарди. Дарҳол икки мисра шеър айтиб, мот қиларди. Ҳозир дадасига нима десин? Йўқ, десинми? У ҳолда дадаси айтган каби Доно қўлдан кетиши мумкин. Ақлли қиз. Адабиёт муаллими айтадигани каби, хушрўй қиз. Агар рози бўлса, зўр иш бўларди. Доно ота-онасининг измидан чиқмайди. Агар улар мойиллик билдирсалар,  рози бўлади.

Саиджон дадасига “Хўп” десинми? У ҳолда дадаси “Бу ўлиб ўтирган экан-ку?”, деб ўйламайдими? Йўқ, бундай деб ўйламайди. Чунки  илгари ҳам кўп гап очган, кўп қизларни топган, аммо Саиджон ўқиши битишини баҳона қилганди.

Уни бу қийин ҳолдан дадасининг ўзи қутқарди.

-Ўғлим, биздан топиш. Сендан эса кўриш. Бир учрашиб, гаплашиб кўр. Илгари ўқувчи эдинглар, бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмагансизлар, энди катта одам бўлиб қолдингизлар, бир кўнглига қўл солиб кўр!

Ўқувчи бўлганида унга бир сўз айта олмаган Саиджон энди унинг кўнглига қандай қилиб қўл солади? Уйига бориб, “Қани юр, бир гаплашайлик-чи”, дейди-ми? “Бор, тошингни тер!”, деса, неча пуллик бўлади?

Саиджон охири кўринмайдиган ўйларнинг тубига чўкиб кетаётган эди, отаси халоскорлик қилиб, уни ортга тортиб олди.

-Мен дадасига сўз очдим. Совчи юборай десам, олдин ўзлари гаплашиб кўришсин, рози бўлишса, кейин совчи юборасиз, деди. У билан Туя тоғда учрашиб қолдик. Унинг ҳам вақти бор экан, шаҳарга тушиб, чойхоналадик. Гапдан гап чиқиб, бу масала ҳам ўртага келди. Эртага тушдан кейин соат иккиларда Доно Туя тоғга боради, сендан нима кетади, бир бориб гаплашиб кўр, ёқмаса, бошқаси…

Отаси шундай деб унинг елкасига уриб қўйдида, гап тамом дегандек ташқарига чиқиб кетди.

Саиджон вақт дегани бунча имиллашини ўшанда илк бор ҳис қилди. Учаршув пайтигача худди орадан ўн йил ўтгандек бўлди. У олдин келган эканми, Доно кечикдими, хуллас Сулаймон тоғидаги ёдгорликка кираверишда узоқ туриб қолди.

Ҳув пастроқдан Сулаймон тоғига қарасангиз югуриб келаёган туя бирдан чўка бошлагани каби манзара кўз олдингизга келади. “Унга нима бўлдийкин?”, деб ўйлайсиз. Орқасидан душман қувладими? Ўркачлари орасида ўтирган соҳибига отилган ўқ унга тегдими? Балки бу туя ҳориб қолган ва мадорсизликдан тиз чўка бошлагандир? Қандай бир куч уни йиқитдики, у бир умрга қотиб қолди, тошга айланди?

Саиджон қачонки Сулаймон тоғига келса кўнглидан ана шундай фикр ўтади. Бугун ҳам шу ҳақда ўйларкан, ёнига фолбин хола келганни пайқамай қолди.

-Мен айтган гапларнинг ҳаммаси бўлган. Мен бор гапни айтаман. Лўлилик қилмайман…,-дерди фолбин хола.

Бирдан фолбин холанинг гаплари унга эшитилмай қолди. Чунки  олисдан Доно кўринди.

Ўша Доно! Қадами билан қадамини кесиб юрадиган қиз! Уни мактаб тугаб кетгандан кейин ҳам  тез-тез кўрарди. Аммо׃

-Қалайсан?-дерди.

-Олтин!-дерди у. Шу билан гап тамом эди.  Мана энди илк бор унинг бўйи-басти ҳақида ўйлаб қолди. Мендан узун эмасми? Йўқ, мендан калтароқ. Аммо ҳижоб унга жуда ярашибди. Юзи худди гуллар билан ўраб қўйилган тўлин ой каби…

Бирдан ҳаяжонлана бошлади. Нима қилишни билмай ер чизиб тураверди.

-Қалайсиз!

Бу Дононинг жарангдор овози эди. У илк бор Саиджонни сизлаётган эди. Лекин уни мот қилмоқчи. Чунки унинг “Қалайсан?” деган калимасини ўғирлади. Саиджон ҳам қараб турармиди.

-Олтин! –деди. Улар бир-бирларига қараб жилмайдилар.

Демак, кўнгли бор. Бўлмаганда, баҳона деган нарсанинг уруғ-аймоғи кўп. Биттасини ушларди. Қолаверса, биринчи бўлиб гап отди. Мана энди жилмайиб турибди. Тақдирим шу экан, Худога шукур, деб ўйлади Саиджон.

Улар ҳали гапга киришиб кетмаган ҳам эдилар, фолбин хола иккаласининг қўлидан тутди׃

-Мен айтаман, бир нарса берасизларми, бермайсизларми, ўзларингиз биласизлар. Бу ерга фарзанд сўраганлар кўп келади. Аммо сизларнинг бунга эҳтиёжингиз йўқ. Мана қўлларингизга ёзиб қўйибди, иккита фарзандингиз бўлади. Яхши кунларингиз олдинда. Фақат узоқларга кетиб қоласизлар, “Оқ уй”ни ташлаб кетган Бобур шоҳ каби. Аммо сизлар охирида яна қайтиб келасизлар…

Доно қизариб кетди ва шартта қўлини тортиб олди. Саиджоннинг ҳам лаблари қуриб, тили танглайига ёпишиб қолди.

-Борларинг, зиёратдан қайтишда мени кўрасизлар, агар истамасангизлар ҳақимни узоқлардан қайтиб келганда ёки фарзандларингиз тўйида берасизлар. Дадангга мендан салом айтиб қўй, ўғлим. Сен Комилжон тарихчининг ўғли бўласан. Отангни копияси экансан!  Ҳа, ғорларга ҳам киринглар, бел оғриғидан қутуласизлар. Уф-е… санларда бел оғриғи нима қилсин?!-деб бақириб қолди фолбин хола.

Шундан кейин улар атрофни айлана бошладилар. Гаплари ҳам ўзлари каби асосан зиёратгоҳ атрофида айналди. Бу ерни кимдир “Сулаймон тоғи” деса кимдир “Тахти Сулаймон” дейди. Бошқа биров эса “Оқ уй” дейди. “Бобурнинг оқ уйи” деганлар ҳам бор. Саиджоннинг дадаси эса “Туятоғ” дейди. Шунданми, Саиджоннинг кўзига доим бу тоғ туя бўлиб кўринади.

-Ҳақиқатдан ҳам Сулаймон тоғи чўккалаган  туяга ўхшайди,-деди Саиджон худди дадаси каби билимдон бир оҳангда, суҳбатга мавзу топганидан қувониб.

-Лекин нима учун бу ерни “Макка” ҳам дейишади. Бу Маккаи мукаррамага нисбатан салбий қараш бўлмайдими?-Доно ҳам  гапни илиб кетди.

-Йўқ… Менимча, бу Сулаймон тоғига нисбатан ҳурматни оширади. Уни ҳам Маккаи мукарамма каби ардоқлашга ундайди.

Саиджоннинг бу гапи Донога ёққанини унинг чеҳраси равшанлашганидан сезиш мумкин эди.

-Юринг, “Қирқ чилтон”ни кўрамиз,-деди Доно.

-“Эшон ўнқир”-чи?

-“Эшон ўнқир”? Дадангиз уни “Уммай она” дейдилар-ку?

Бу гапни айтган Доно бирдан қизариб кетди. Ёдига фолбин холанинг гапи тушдими ёки Уммай она ҳақида Комилжон тарихчидан эшитгани келдими, ҳар ҳолда алланечук бўлиб кетди.

…Бундан узоқ-узоқ йиллар аввал бир тунда кучли зилзила юз берибди. Кимдир уйларнинг остида, кимдир вайроналар бағрида қолибди. Минг-минг одамлар қурбон бўлибди.

Бир ҳомиладар аёл зилзила кечаси ухлай олмай ташқарига чиққан ва тирик қолган экан.

Ер силкиниб, гувала уйлар қулай бошлаганда у кўкка боқса, кўкда вулқон бор эмиш. Бу вулқон ерга тушиб, ер остига кириб кетибди ва сўнгра ердан ўркачли тоғ ўсиб чиқибди. Аёл ўртада қолибди. Бир томонда тоғ. Иккинчи томонда қулаётган уйлар ва учинчи томонда ҳомила санчиғи… Унинг санчиғи шунчалик кучайибдики, у ҳатто ортига қарай олмай, фақат олдинга қараб эмаклаб, судралиб бораверибди.

Шунда янги ўсиб чиққан тоғдан бир аёл тушиб келиб, унга доялик қилибди. Эгизак болалар туғилибди. Бири ўғил, иккинчиси қиз.  Лекин она кўп қон йўқотиб, ҳалок бўлибди. Болалар доянинг қўлида қолишибди. Ўғилга “Ўзган”, қизга “Қир қиз” деб исм берибди.

Болалар Туя тоғда улғайишибди. Бир кун доя кампир бу дунёдаги вазифасини адо этиб, нариги дунёга кетибди. Ундан бу биттагина капа қолибди. Ўзган ва Қир қиз ана шу капага эгалик қилиш устида жанжаллашиб қолибдилар ва охири капани ёқиб юборибдилар. Жаҳлга минган Ўзган тоғни тарк этиб, текисликка томон, Қир қиз эса қоялар ортига кетиб қолибди…

Баъзилар “Ўзган шерга айланиб кетибди” десалар, айримлар унинг қўйга айланиб, яйловлардан чиқмай қолганини айтарканлар. Қир қиз ҳақида ҳам турли хил гап тарқалибди. Биров унинг кийик бўлиб, қояларда ўйнаб юрганини айтса, бошқалар унинг ўлаксахўр сиртлонга дўнганидан ҳикоя қилишаркан…

Шу дамда Саиджон ҳам дадасининг “Қирқ Чилтон” ҳақида айтганларини ўйлаётанди. Нега ҳам “Қирқ”, ҳам “Чил” дейишган? Бу “Қирқ Қирқлар” дегани эмасми! Бу аслида эрон афсонаси. Чилтон эмас, Чилтан. Яъни “Бир танда қирқ тан” афсонаси.

Бу афсонага кўра, қадимда бир-биридан ажралмайдиган ва кўзга кўринмайдиган қирқта руҳли бир тан бор экан. Бир куни зардўштийлар ҳукмдори кексайиб, етти ўғлининг ҳар бирини алоҳида-алоҳида ҳузурига чорлаб׃

“Қайси биринг Чилтанни жиловласанг, ўшани  валиаҳд қилиб танлайман. Шарт шуки, бу ҳақда бир-бирингиз билан гаплашмайсиз, бировдан маслаҳат сўрамайсиз ва фақат ўзингиз ҳаракат қиласиз. Қирқ кунингиз бор”, -дебди.

Катта ўғил узоқ ўйлаб-ўйлаб ўйига етолмабди.Чилтанни қандай топиш ва қандай жиловлаш ҳақида чора тополмай, демак отам мени танламоқчи эмас, деган қарорга келибди. Кейингиларининг ҳам бошлари қотиб қолибди.  Улар жаҳл отига миниб, қирқ кунни қаҳр ва ғазаб билан ўтказишибди. Ниҳоят вақт етиб, ўғиллар бир-бир отанинг ҳузурига кира бошлабдилар. Навбат кенжасига келибди׃ у ичкарига кирганда акаларининг қўл оёқлари боғлиқ, ерда ётибдилар. Шунда отаси унга юзланиб׃

-Мен ҳар бирингни ортингдан қирқтадан жосус қўйгандим. Мана бу бадбахтлар мени ўлдиришга жазм қилдилар. Ма, қилични ол ва бошларини кес!-деб буюрибди.

Кенжа бир зум ўйга ботиб, кейин жавоб қилибди׃

-Падари бузруквор. Сиз кексайиб қолдингиз, энди бир кунингиз ҳам биз учун ғанимат.Ўзингиз айтардингиз׃ “Отани кўмиш фарзандга бурч, фарзандни кўмиш отага ўлим”. Кейин яна сиз айтардингиз׃ ”Жосусга эмас жигарингга ишон!” деб. Балки бу жосусларнинг фитнасидир. Акаларим кўп одобли инсонлар, улар сизни жуда ҳам яхши кўрадилар ва бундай хиёнат йўлига юрмайдилар, деб ишонаман. Магарки, уларни ўлдирмоқчи экансиз, мени ҳам бу азоблар билан тирик қолдирманг, мен уларсиз яшай олмайман,- дебди.

Ота ерда ётган ўғилларига юзланибди׃

-Кўрдигзими, ҳар бирингиз жаҳлга миниб, имтиҳонимга дош беролмай,  ҳатто бу ерда бир-бирингизни ўлдиришга ҳам рози бўлдингиз. Агар мен қилични тутиб қолмасам, бошларингиз сапча бўлиб узиларди. Лекин бу укангиз менинг гапимга кириб, Чилтанни жиловлаб олибди, валиаҳд қилиб уни танладим. Жаҳлга миниб бир танни бой берасиз, жаҳлни енгиб эса, Чилтани жиловлайсиз! -деган экан.

Саиджон ва Доно хаёллари билан бўлиб, “Бешик она” ёнига келиб қолдилар. Бу ерда бир аёл  тошга осилиб׃

-Аллоҳим, менга ҳам бола бер, зурёд бер,–деб пичирларди.

Улар бу ердан индамай ўтиб кетдилар.

Ўртадаги жимжитликни бузиш учун Саиджон׃

-Ана у ерни нега “Томчитомар” дейишади, биласизми?-деб сўради Донодан. У билмаган ҳолатда Донони сизлаётган эди.

-Дадангиз айтганлари бўйича, бу ерда Сулаймон пайғамбар ибодат қилар эканлар. У киши кечаю кундуз тинмай ибодат қилганларидан терлаб кетар эканлар. Шунда бошларига томчилар томиб, у кишига фарахлик бағишлар экан. У киши Аллоҳдан бу томчиларни мангу қилишни сўраган эканлар…

Улар ҳам одатга кўра, кафтларини очиб, тўпланган томчилар билан юзларини намладилар. Сулаймон пайғамбарнинг оёқ, тизза, кафти, бош излари дейилган жойларга яна бир бор ҳайрат билан термулиб, ташқарига чиқдилар. Пастликда  ястаниб ётган Ўшга қараб маҳлиё бўлар эканлар, шу дамда Сулаймон пайғамбар уларнинг дилларини бир-бирига чамбарчас боғлагандек эди.

-Мана шу ғор Сулаймон алайҳисаломни душманлардан қутқазган экан,-деди Доно энтикиб.

-Агар душман келиб қолса, шу ерга келиб яширинамиз,-деди Саиджон гапни умумий мақсадга томон яқинлаштириб.

-Бизни душмандан Худонинг ўзи асрасин! Шу ерда ҳам топиб ўлдираверади!

Шу дамда Саиджон Дононинг ғор қутқармайди деган эътирозига эътибор қилмади, балки унинг “бизни” деган сўзни ишлатганидан қувониб кетди…

Уларнинг ёнига яна фолбин хола келиб , гапира бошлади׃

-Бир куни Заҳириддин Муҳаммад Бобур мана шу тоғнинг тепасидан пастга қараб׃ “Мен олисларга – Самарқандга, Ҳиротга, Аграга кетаман, дунёни оламан” дебди. Шунда унга онаси “Ўшни кимга ташлаб кетасиз?” дебди. Жажжигина Заҳиридин ўшанда׃ “Ўшни Ўзганга ташлаб кетаман” деб сўз ўйини қилган экан…

МУХТАСАР МАЪЛУМОТ

2010 йилнинг 11 июн куни ўшликлар Исрофил чалаётган мусиқага эргашган каби гуррос-гуррос бўлиб Ўзбекистон томонга қараб оқа бошладилар.

12 июн куни эрталаб ўзбек-қирғиз чегарасининг Қорасув, Дўстлик постлари очилди. Қочқинлар дастлаб Ўзбекистоннинг чегарага яқин жойларидаги мактаб ва болалар боғчаларига, кейин эса фавқулодда тезкорлик билан ўрнатилган палатка-шийпонларга жойлаштирилди. Уларнинг кўпчилигини аёллар, болалар, қариялар ташкил қиларди.

Ўш шаҳрига яқин жойлашган Оқбура чегара пости ҳам очилди.

Чегаранинг бошқа жойларидан ҳам одамлар Ўзбекистонга ўта бошладилар. Ўзбекистоннинг чегара ҳудудларида эса 60… 70… 80… охирги саноғи юз мингни ҳам ошган қочқин тўпланди.

Лекин Ўзбекистонга кетаётганлар жуда қисқа вақтда орқага қувилишларини билган каби Калинин кўчаси, Адир, Ўнадирдан бир қанча аёллар болалари билан  бирга жон сақлаш учун Сулаймон тоғига томон интилаётган эдилар.

(ДАВОМИ БОР)

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Qiyomat kuni. Bookmark the permalink.