Дилмурод Саййид ижодидан

КЎРГАННИ ЭШИТГАН ЕНГИБДИ…
Дунёнинг ишлари қизиқ! Ҳар кимнинг ўзига яраша заиф нуқтаси бўларкан. Ҳатто бутун бир жамоанинг ҳам. Миллатимиз раҳнамолигининг даъвогарлари тарихдан ўзаро уюша олмаганлар. Ҳаттоки, ота билан ўғил ҳам.

Мисол учун: Чингизхон босқини даврида Хоразмшоҳ ўз ўғли Жалолиддин Мангуберди (асли Менглибурни) билан ўзаро бир тўхтамга кела олмаганлари боисидан жабрини оддий фуқаро Соҳибқирон империяси вужудга келгунга қадар тортди. Ёки Чингизхонгача ҳам Александр Македонский босқинига қарши турган сўғду массагетлар саркардалари орасидаги парокандалик жабри яна халқни қулликка маҳкум этди.

Ўрусия босқинидаги Ҳўқанду Хоразм ва Тошканд хонликлари, Бухоро амирлиги орасидаги келишмовчилик Туркистонни Чор Ўрусиёсига муте зтиб қўйган бўлса, Қизил Империя даврида Она Туркистон чорбўлак қилинди. Асосий оғирлик яна оддий фуқарога келиб тушди. Ва бу ҳол ҳали-ҳануз давом этмоқдаки, унинг охири йўқдек гўё…
Ўзини миллат фахри санаётганларнинг бугунги ҳолати қайсидир жиҳатдан Ассурийлар, Македонлар, Чингизийлар, Араблар, Ўрусиёликлар босқини давридаги тарқоқликнинг узвий давомига ўхшай-ди. Йўқ, бироз янглишдим чоғи, ўхшайди эмас, баайни ўзи!
Гапнинг очиғи, ХХ аср 80-йиллари иккинчи ярми, 90-йиллари бошида оддий фуқаро-талабаю ишчи, хизматчию зиёли аксарият бугун ўзини МУХОЛИФАТ санаб юрган раҳнамоларга ишонган ва эргашган эди. Бироқ ҳозир 21-асрнинг 7-йили! Вазият ҳам, одамлар дунёқараши ҳам ўзгарган, шу баробарида ўзини МУХОЛИФАТ санаб юрган раҳнамолар ҳам, уларнинг мафкуравий тарафдорлари ҳам!

Бугунги кунда Халққа нима керак? Ва ўша керак нарсанинг энг зарури НИМА? Менинг назаримда, одамлар қуруқ тортишувлару қоп-қоп ваъдалардан буткул чарчаган, тўйган! Бугун БИЗга маънавий озиқ зарур! Негаки, ҳозир маънавий мадад бўладиган манбалар: телевидение, даврий нашрлар олди-қочди бошқо-тирмалару бетайин яллачилар ташвиқотидан тўлиб тошган. Китобхонлик даражаси ўта паст! Чунки чоп этилаётган китобларнинг савияси жуда ўлик! Кабел тармоғидан асосан Россия телеканаллари дастурларини кўриш мумкин.

Энг даҳшатлиси, деярли барча қишлоқларда электр таъминоти маълум вақт билан чегаралаб қўйилганлиги учун аҳоли ташқи дунёдан анчайин узилишиб қолган. Навбатдаги зарурият бу-иқтисодий масала! Ойлаб маош олмайдиган ва кўпинча маош ўрнига гуруч, ўтмас кийим ё пойабзал, дўконларда ўтмай қолган макорон, вермишелни оладиган қишлоқ аҳолиси; ишсиз қолган кўплаб шаҳарликлар бугун ўзини МУХОЛИФАТ санаб юрган раҳнамоларни деярли эсламай ҳам қўйган. Чунки “Ҳолва деган билан оғиз ширин бўлиб қолмайди-да!” Қишлоқлардаги илғор кишилар бугун ФЕРМЕРлар ҳисобланадилар. Бироқ аксариятининг аҳволига йиғлайдиган маймуннинг ўзи анқога шафеъ! Бутун-бутун қишлоқлардаги кўпчилик эр-йигитлар тирикчилик ташвишида тариқдек тарқаб кет-ганлар. Энди савол туғилади: мамлакатдаги шунча муаммо бир четда қолиб, бир-бирига қора чапиб, ёқа бўғишаётган ўзини МУХОЛИФАТ санаб юрган раҳнамолардан оддий фуқаро нимани умид қилсин?

Энди шаҳарга, аниқроғи, пойтахтга салгина назар ташлайлик. Бу ерга келиб ўрнашган бир тоифа эиёлиларнинг кўпчилиги эса, Маддоҳликни бўйинча қилиб олганлар. Аслида улар ҳам ўз вақтида “Бирлик”да бўлишган. Яна бир тоифа-ёлланма ишчиликка келганлар бўлиб, уларнинг асосий қисми 18-35 ёшли қиз-жувонлару эр-йигитлардан иборат. Ҳар куни иш топишларига кафолат йўқ, лекин умид бор!..Ҳа, фақат шу нарсага умид бор, ўзини МУХОЛИФАТ санаб юрган раҳнамоларга эмас!..

Тўғри гап аччиқ бўлади! Аччиқни эса, ҳамма ҳам хуш кўравермайди! Бу билан мен “ўзини МУХОЛИФАТ санаб юрган раҳнамолар Ўзбекистонга келиб, аҳоли турмуш даражасини ҳар жиҳатдан яхшилаб берсинлар!”-деган талаб ё фикрни билдираётганим йўқ, билдирмайман ҳам. Барибир келмайдилар, келолмайдилар.

Ҳозирги кунда оддий фуқаро нафақат иш ўрнини, маошини, соғлигини йўқотмоқда, балки яшаб турган уй-жойидан ҳам ўзи истамаган ҳолда кўчирилмоқда. Масалан, шундай кўнгилсиз воқеа Наманган вилоятида юз берди. Чегарага яқинроқ ҳудуддаги аҳолининг уйлари ҳар бир хонадон учун 5000 АҚШ долларида баҳоланиб, келишув қилинган ҳокимият томонидан. Охир-оқибат Ўзбек пулида 3.000.000 сўм(тахминан 2400 Ақш долларига тенг!)дан берилган, холос.

Бундай ҳол Тошкентда ҳам мавжуд. Беш-ёғоч даҳасига яқин “Арпапоя” кўчасидаги бир қанча хонадон Жанубий Кореялик пулдорларга ва Рос-сиянинг “Лукойл” ташкилотига сотилган. Корейслар 36 минг АҚШ долларидан, руслар 22 ярим минг АҚШ долларида нарх белгилаганлар. Энг фожиали томони нархни хонадон эгаси эмас, қандайдир вакиллар белгилашган.

Бундан-да фожиалиси, ерларни хусусийлаштириш ҳақида Ҳукумат қарори мав-жуд. Бу дегани, ерни сотиб олган одам ким бўлишидан қатиъназар унинг эгаси ҳисобланади. Энди савол туғилади: Ўзбекистондаги ер-мулк русларга ё корейсларга нима учун зарур? Шунинг учунки, Улар ўз сотиб олган жойларига турли иншоотлар, турар-жой бинолари қурадилар. Ўз гумашталарини олиб келиб, шу жойларда ишбоши қилиб тайинлайдилар, Арзон ишчи кучи эса, ЎЗБЕК бўлиб қолаверади! (Чор Ўрусиёси даврида Мирзакаримбой, Тўхтабойвачча, Гадойбойваччалардан меҳмонхонаю пахта заводларини, дўконларни сотиб олишга уринган рус подшоси, савдогарлари билан боғлиқ воқеа-ларни бир эсланг!) Бу-бугунги ҳолатдан кичик бир кўриниш, холос!

Энди Ўзбекистондаги “ТЕПА”дагиларнинг аҳволига ҳам бир кўз ташлаб қўйсак. Коррупция энг авж нуқтага етган. Таниш-билишчилик, маҳаллийчилик ундан ўтган. Оддий фуқаро билан ҳисоблашадиган волийнинг ўзи йўқ! Ҳаммасининг фикри-зикри халқни талаш, ночор аҳволга келтириш орқасидан тўпла-ган ҳаром бойлигини ҳар қандай йўл билан бўлса-да, сақлаб қолиш. Агар салгина бепарволик қилса, хонавайрон ва беқадр бўлишига ақли етади уларнинг.

Кўчаларимиз турли-туман енгил машиналарга тўла. Бу машиналарни кўрган соддароқ хорижлик “Ўзбек жуда бой яшаркан, ёшу қариси машина миниб юрибди”-деб ўйлаши аниқ. Лекин аксарияти “Такси” вазифасини бажарувчи бу минг-минг енгил машиналару, маршрут таксиларини ҳайдовчилар ижарага олишган. Эгаси бошқа одам! Яъни, ё ҳоким, ё прокурор, ё… шунга ўхшаш! Энди яна савол туғилиши табиий: “Шунчалик ҳаётини хавф остига қўйиб, охиратини ҳам ўйламай халқни қақшатиб бойлик йиққан ТЕПАдаги валломатлар кимга ўз жойини осонгина бўшатиб беради? Ўзини МУХОЛИФАТ санаб юрган раҳнамоларгами?.. ”

Кимлардир оддий фуқародан ранжийдики, ўз ҳақини талаб қилолмайди деган маънода! Бу ранжиш сиртдан ўринли кўринар, бироқ ботинан ўринсиз маломатдан бўлак нарса эмас! Ва бунга қисқагина қиё-сий изоҳ келтириш мумкин: ўзини МУХОЛИФАТ санаб юрган раҳнамолар нима учун Ватанга келмаяптилар? Шунинг учунки, энг яхши ҳолатда қамалишлари мумкин!

Демак, қамоққа тушишни ёки суиқасдга учрашни исташмайди. Оддий одамлар ҳам шундай! Ўзини МУХОЛИФАТ санаб юрган раҳнамолар Ватандан йироқда бўлса-да, куни ўтиб тургани аниқ, Ватанни қўмсаганда, баъзан эзилишиб юракдан йиғлашар балки. Оддий одамлар ҳам шундай – куни ўтиб турибди, жуда сиқилиб кетганда бир нолиш қилиб, юракни бўшатиб оладилару кейин тириклик ва озодликда юрганликларига шукрона айтиб, кетаверадилар. Бу-лоқайдлик эмас, бу-МАЖБУРЛИК! Қиёс қилингки, ҳукм этилган маҳкумни! Озодликка чиқиш вақти етгунча кутишга мажбур! Амнистия ҳақида орзу қилишгагина ҳаққи бор, холос!..

Мен ўз холис мулоҳазаларимни муҳожир Ўзбеклар сайтида ҳам баён қилиб бораётган эдим, мени ҳақоратлашди, ҳатто очиқдан-очиқ туҳматларни ёғдиришди. Мени уч йил аввал ичиб олиб, валдираб юрган кимсага чиқаришди. Ваҳоланки, мен анча йиллардан бери спиртлик ичимлик, ҳатто пиво ҳам ичмайман! Аммо мени кўрмай-билмай туҳмат қилганлар бўлса, Худодан топар! Бу-лаънатлаш эмас, бу – кимнингдир гумаштасига айланиб олган пасткашга нафратим! Бундай ифлослар Ватандалик чоғида Ватанни булғайдилар, чет элга кетса, хорижни ҳам ҳаром қилиб юришлари аниқ. Уларнинг нусхалари бу ерда ҳам бор! Уларнинг йиғинларини кўрганман. Гуруҳбозликлари учун қаттиқ гапирганман ҳам. Шунинг учун ёқтирмасдилар, лекин гапиролмасдилар ҳам.

Марҳум Рауф Парфига бир куни биттаси плашч олиб келди. Кейин оғзини тўлдириб “Бу плашчни Солиҳ бериб юборганлигини“ айтди. Раҳматли Рауф ака ўзини чин дилдан ишонгандек кўрсатганди ўшанда…Бу-кўнгил олиш эмас, кўнгил қолдиришнинг ўзига хос намунаси эди. Ўз дўстига кимнингдир номини сотиб лўттибозлик қилган кимса миллатга лўттибозлик қилмайди, деб ким айта олади?! Ўзлари қази-қартадан кекириб ўтириб хокисор шоирга бир шиша винони раво кўргучи раҳнамо издошлари миллатга нима бера олишлари мумкин? Ўзлари ҳашамга беланган бу каслар Парфининг ижарагирдек омонат уйда яшашини билмасмидилар?! Билардилар! Лекин …

Мен нима учун Рауф Парфини эсладим? Чунки У юраги билан инсон эди! Лекин Уни ҳам “Ўзбекистон халқ шоири” унвони берилганини эшитиб, кимлардир ХОИНга чиқараёзгандилар…Яқинда шу воқеа эсланганида муҳтарам олим Пўлатов телефон орқали менга эътироз билдирдилар: “Нима Рауф Парфи унвон олган пайтида ОЗОДЛИК радиосига берган интервьюсини эшитмаганмидингиз? Ўша интервьюда Унинг “Қурғур унвон ширин бўлар экан!” деганини эшитмаганмисиз? ”-деб айтдилар…

Мен бу гап-эътироздан бирор ғаразлик қидираётганим йўқ, домла жуда самимий гапирдилар, бироқ…Шу Инсонга таянч бўла олмаган, лекин ўрни келганда Унинг халқ орасидаги эътиборидан ҳеч тап тортмай ўз манфаатлари йўлида фойдаланганларнинг мендек оддий қаламкашга қайишишларига ким ишонади?! Бир сўз билан айтганда, ўзини МУХОЛИФАТ санаб юрган раҳнамоларнинг аксари Халқдан йироқлашиб бўлганлар. Бундайларга Халқ деган тушунча фақат ўз манфаатларини ҳимоялаш учунгина зарур, холос!

Зеро, Воғиф оғада шундай сатр бор: “Йўл узоқми ё яқин, адашганга барибир!”
Яна бир масалада фикрлашиш зарурати туғилди. Яъни, менга “ХАБАРДОР” имзоси билан маломатлар ёзаётган кимса асосан менинг қамалишим тарафдори эканлигини очиқ ёзмоқда ва бунга йўналтирувчи ҒОЯ ҳам бермоқда.

Яъни, мени турли провокациялар билан кимнидир танқид қилишга чақирмоқда. Чунки 2005 йил 24 ноябр куни “Адвокат пресс”ни йиғиб олиб, фаолиятимизни тўхтатиб қўйганлар ўз даъволарини асослай олмадилар.  “ХАБАРДОР”нинг мулоҳазалари, аниқроғи, уринишлари менга КИМлардир ўхшатолмай чала қолдирган ҳаракатнинг давомидек туюлаяпти. Агар У мени таниган – билган кимса бўлганида, биринчи навбатда менинг спиртли ичимликдан мутлақо йироқлигимни биларди. Шу оддий ҳолни билмадими, демак кимнингдир топшириғини бажаряпти, деб ҳисоб-лашга асосим бор!

Бундан ташқари Ўзбекистон Президенти хусусида менинг ўз қарашларим бор. Тушунишимча, унинг ўзи бу мартабага жуда ёпишиб олмаган. Унинг Умрбод шу мансабда қолиши, энг аввало, атрофидагилар учун зарур, менимча. Чунки нимаики, жиноят қилган бўлсалар, Унинг даврида қилганлар ва уларнинг жиноятга қачон жавоб беришлари шу Президент ваколати муддатига боғлиқ. Агар Президент ўзгарса, камида 50-60 нафар юқори мансабли шахс қаттиқ текширувга тушиши аниқ. “Нима учун бунчалар кам?” деган савол хаёлингиздан кечгандир. Чунки Ўзбекистонни Бошқараётган куч бундан кўп эмас! Яна қайтараман, ҳозирги Президентни ўз мавқеида сақлаб қолиш Президентнинг ўзидан ҳам кўпроқ унинг атрофидаги …ларга зарур!…

Тўғри, мен ўз мақолаларимда Президент, Бош Вазир, Олий Мажлис Раиси лавозимидаги шахсларни ҳамиша четлаб ўтаман. Бунинг сабаби бор. Мен муаллимдан чиққан ижодкорман. Шўро пайтида: “Таълим мактабдан бошланади”, деган талқин бўларди. Ўша вақтларда ёзганманки, таълим мактабгача муассасалардан бошланади, деб! Ҳозир ҳам шу ақидага амал қиламан. Чунки олий ўқув юрти талаба-сининг билими пастлиги учун сўраб-суриштирмасдан ДЕКАН ё ПРОРЕКТОРни жавобгар қилиш ўта нодонлик. Суриштирувни мактабгача муассасалардан бошлаш керак! Чунки бирданига Халқ таълими вазирини жазолашнинг имкони йўқ!..

Балки бу мулоҳазам майдароқ кўринар, лекин мен ҳозирги шароитни кўзим билан кўриб турибман. Ва энг асосийси, аксарият ҳамкасбларимдан фарқли ўлароқ доимо САЙЁРман!

Мен яқинда иккита катта дарахтни арралатдим. Дарахтлар ичидан чириб бўлгану, лекин ёнбошидаги ҳали анча бақувват шохларининг кучига таяниб, салобатли турганди. Ободонлаштириш бошқармасида ишловчи ўзини дарахт кесувчи мутахассис атаганлардан иккитасини чақириб келдим. Дарахтларга қа-раб туришди-ю, атрофини қоплаб олган шохларидан иккиланишди. Хуллас, кесишмади. Лекин кесолмасликларини очиқ тан олмадилар, балки хизматлари учун катта ҳақ сўрадилар. Кейин бошқаларни чақирдим. Саккиз киши керакли техника ёрдамида кесдилар. Кузатиб турсам, аввал Дарахтни ваҳимали кўрсатиб турган шохларини кесгандилар Дарахт танаси жуда зиёнсиздек кўриниб қолди…

Агар шохларини кесмасдан аррани Дарахтнинг тагидан солинганида жуда кўп хонадонни вайрон қилиши ва бундай йўл тутишга биринчи бўлиб аҳоли(қўшнилар)нинг ўзи йўл қўймаслиги ҳам аниқ эди…

Бу-мажозий қиёс! Энди аниқ мисол: СССРдек кучли империянинг расмий раҳбарларидан бири Л.И.Брежнев 18 йил ҳокимият тепасида ўтирганлигини яхши биламиз. Лекин СУСЛОВ деган шахс ҳам бўлганлигини унутиб қўйган кўринади кўпчилик!

Ҳозирда туман ҳокимликлари мавжуд. Улар сони Ўзбекистонда 200 атрофида.Туман ҳокими КИМ? Мамлакат Президентининг ўша Ҳудуддаги вакили! Ўша ҳудудда Ҳокимдан ҳам кучли ФИГУРАлар борлигини ҳеч ким инкор этолмайди. Хўш, ўша ФИГУРА нима учун ўзи ҳоким бўлмайди? Чунки унга бу лавозим керак эмас! Лекин Ҳудудга ҳоким керак. Ва ЎША ФИГУРА ҳокимнинг соясида ҳудудни бошқаради. Агар жавобгарликка тортилса ҳам ҲОКИМ тортилади, ФИГУРА эса ўзига маъқул янги ҳоким топиб, зарур маблағ билан таъминлайди ва яна панада туриб ўз фаолиятини юритиб, ҳудудни ўз таъсирида ушлаб қолаверади. Бу-ёзилмаган қоида! Ёзилмаганлиги боис ҳам уни ўчириб бўлмайди! Фақат ўша ҳудуднинг равнақ топиши ё инқирозга юз тутиши Ҳокимни ўраб турган КЎРИНМАС КУЧ(лар)га боғлиқ! Биргина мисол: 2004 йили май ойидан то 2005 йил февралигача Самарқанд вилояти Жомбой туманидан тушган шикоят бўйича журналист суриштируви олиб бордим. Тумандаги бир қанча раҳбарларнинг камчиликлару жиноий қилмишлари ҳақида “Қишлоқ ҳаёти”, “Адвокат пресс” газеталарида таҳлилий-танқидий мақолалар ёритдим. Туман ҳокимининг 1-ўринбосари ишдан олинди. Иккита хўжалик раҳбарига жиноят иши қўзғатилди. Туман ИИБ бошлиғи лавозимидан четлатилди.

Одамлардан тортиб олинган боғ, берилмай қўйилган ер эгаларига қайтиб берилди. Бир фермерга қасддан, ғайриқонуний қўзғатилган жиноят иши тўхтатилди. Кейин туман ҳокими янгиланди…Одамларни қақшатиш сезиларли камайди, лекин буткул тўхтагани йўқ! Чунки бундай аҳволни бартараф этишга ҲОКИМнинг кучи етмайди! Менгача ҳам журналистлар борган, текширган экан, лекин мақола ёритолмаган. Мени ҳам аввалига сотиб олишга уриниб кўришди…Кейин шантаж қўлладилар. Бу ҳам иш бермагач, ортимдан бир ёш аёлни ёллаб юборганлар мен билан маишат қилиши ва кейин тегишли идораларга арз этиш топшириғи билан… Бу воқеани мақтаниш учун ёзмаяпман, балки КЎРИНМАС КУЧга қарши туришнинг оқибати нима билан тугаши мумкинлигига кичик ҳаётий мисол келтирдим, холос.

Қашқадарё вилоятидаги бир туман солиқ идораси бошлиғидан тадбиркорларни ҳимоя қилиб чиқдим. У зўравонлик йўлига ўтди. Судлашдик охири. Иш менинг ва тадбиркорларнинг фойдамизга ҳал бўлиб, солиқ бошлиғи лавозимидан олинди ва катта миқдорда жаримага тортилди.

Туман фуқаролик судларида қандай қилиб одамларни хонавайрон қилишаётганликларини фактлар билан асослаб ёзиб чиқдим. КЎРИНМАС КУЧлар томонидан ёғилган маломатлару устимдан бўлган туҳматларнинг қай бирини айтай?! Охиригача талашдик, жуда юз фоиз бўлмаса-да, 50-60 фоиз ариза-чилар талаби ижобий қондирилди.

Ўзбек ОАВ орасида биринчи бўлиб 2005 йил 17 ноябр куни “Адвокат пресс”да “Ижроси йўқ қонун-таназзул асоси!” сарлавҳали мақоламда ишдан олинган Ҳокимлар жиноий жавобгарликка тортилмай қолаётганликларини мисоллар билан танқид қилиб чиқдик. Кейинги сонга босмахона “қоғоз йўқ”лигини айтиб, газетани босмасликка уринди. Босмахона директори ҳатто газета босмага бериладиган кунигача тутқич бермай юрди. Фақат 2005 йил 23 ноябр куни тушликка яқин директорни топиб, доминатда бос-дик газетани ва 24 ноябр эрта тонгда сотувга чиқаришга улгурдик. Лекин газетанинг шу сони сотувдан йиғиб олинди. Тўғри, биз жиноий жавобгарликка тортилмадик, чунки сиёсий хато топилмади мақоладан!..

Юқоридагиларни баён қилишимдан мақсад, биз ўйнаб юрганимиз йўқлигини, балки ўзимиз гувоҳи бўлиб турган воқеликдан хулоса чиқарибгина, ақлга суяниб, фаолият юритаётганлигимизни бир карра эслатиб қўйишдир. Шу баробарида “Дилмурод Саййидни нега қамамайди?”-дегувчи “жонкуяр”ларга ҳам маълумот беришдир нега қамамаётганлиги ҳақида!

Энди мен ҳам шундай саволни қўяй: “Ўзбекистонда ўзини ҳукуматга қарши санаб, мухолифат атайдиганлар бор. Бири бош котиб, бири ҳамраис, бири бошланғич ташкилот котиби…Ҳатто хорижий радиоларга кунда-кунора интервью бериб, ҳукумат сиёсатига салбий фикр билдирадиганлар ҳам анчагина.  Лекин мен ва менинг ҳамфикрларим улардан ҳеч бирини хоин деб туҳмат қилаётганимиз йўқ. Аксинча, озод юрганларидан қувониб гапирамиз. Нега қамалмаса ҳам улар софдилу мен сотқин бўлишим керак?

Менинг Ўзини МУХОЛИФАТ санайдиганлардан фарқим шуки, оддий одамлар турмуш тарзидан кўпроқ хабардорман, оддий одамлар орасида юраман доимо. Уларнинг мендан фарқи шуки, кўпинча конференсиялару хорижий сафарларда бўлишади. Лекин мақсадимиз яқин-нима бўлса ҳам аҳоли турмуш тарзини яхшилаш. Фақат бораётган йўлимиз икки хил: Улар сиёсий йўналишда, мен-ижтимоий йўналишдаман! Кейин дунёқарашимиз ўртасида бирмунча фарқ бор: МУХОЛИФАТчилар ўз мафкуравий етакчи-ЛИДЕРларини ёқлайдилар ва тўғридан-тўғри ҲОКИМИЯТга интиладилар! Мен аксинча, уларнинг мафкурасини тан олмайман ва Ҳокимиятга интилмайман! Чунки кўпроқ хаёлотга асосланган мафкура нафақат унинг ижодкорларини, уни қўлловчиларни, балки аввало оддий фуқарони чалғитиб қўйиши аниқ.

Масалан, “Ҳизб ут-таҳрири исломия”! Бу оқим дини Исломга мувофиқ эмас, чунки унинг ижодкори УТОПИЯ кишилари-Абдулқадам Золлум ва Такиниддин Набихоний оддий кишилар ва на Қуръони Каримга, на Ҳадиси Қудсийга, на Ҳадиси Шарифга янгилик киритишга қобил ё қодир шахслар эмаслар. Мен бу ҳақда 5-6 йил аввал мақола ёритганман. Ва ўшанда ҳам худди бугун-гидек мендан ранжиганлар бўлган. Лекин фикрларимнинг тасдиғини ҳатто хориждаги таниқли Уламои Киромлар, Исломий ҳаракатлар раҳбарларининг чиқишларида ҳам учратдим…

Минг афсуски, бундай хаёлотдан иборат ғоялар сабаб юэлаб содда одамлар қийноқларга дучор қилиниб, оилалари билан жабр кўрдилар ва кўрмоқдалар. Лекин бу мафкура ижодкорлари уларнинг ҳолидан хабар олаётганлари йўқ!
Ўзини МУХОЛИФАТ санаб юрган раҳнамоларнинг олға сураётган ғоялари ҳам қайсидир жиҳат-дан юқоридагига ўхшаш…

Мен, масалан, Ўзбекистондаги Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи мустақил ташкилотлар раҳбарлари ғояларини ва уларнинг фаолияти, кўзлаган мақсадларини ёқлайман. Чунки адолат излаганлар бундай ташкилотларга нажот сўраб келмоқда ва, энг муҳими, ишонмоқда!

Лениннинг ғоявий устунлиги шунда эдики, ўзи чет элда юриб ҳам халқдан узилишиб қолмаганди (“ИСКРА”ни эсланг)! Мен коммунист бўлмаганман, Ленин ҳақида собиқ коммунист ва ҳозирги МУХОЛИФАТ Лидерлари мендан кўра кўпроқ билишар!

Мен юқорида КЎРИНМАС КУЧлар хусусида тўхталгандим. Бу КУЧлар тузум қандай бўлишидан қатъиназар ҳеч маҳал ўзгармайди ҳам, йўқолмайди ҳам! Худо кўрсатмасин, ичкарида нохушлик (дей-лик, фуқаролар уруши!) бошланиб қолса, бу КУЧлар бирор тинч давлатга чиқиб оладилар. Бойликлари етарли. Вазиятни кузатиб турадилар ва ҳамма нарса ўз изига тушиши билан яна қайтиб келадилару…ўз “шапка-невидимка”ларини кийиб, фаолиятларини давом эттираверадилар. Бунгача жабрни оддий халқ тортиб, қирилганда оддий одамлар қирилади, хонавайрон бўлганда оддий фуқаро хонавайрон бўлади! Бу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат! Демоқчиманки, ўз хаёлий мафкураси йўлида бегуноҳ одамларни қурбон қилиш, хонавайрон этиш, шундоқ ҳам ваъдалардан чарчаган аҳолини кўра-била яна лақиллатиш инсофдан бўлмас…

ҲОКИМИЯТ бу- КУЧ! Ҳокимиятни орзу қилган одам аввал унга яқинлашади ва шу йўл билан халқ ичига боради. Халқ бир пода эмаски, узоқдан туриб, най чалиб бошқарилса!

Дилмурод САЙЙИД,
Ўзбекистон, Тошкент.
07.02.2007 й.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Dilmurod Sayyid. Bookmark the permalink.