Сатира

У ўлмади, биз қутулмадик

Ўзбекистон давлати рахбари И.Каримовнинг 75 йиллик тўйи муносабати билан бугун Тошкентда бўлиб ўтаётган тантаналар ҳақида махсус мухбиримиз хабар қилади:

Бугун эрта тонгдан минглаб ҳамюртларимиз Доҳий хайкалига гулчамбарлар қўйиш мақсадида Хасти имом мажмуаси тараф йўл олдилар. Куни кеча бу ерда тантанали равишда Доҳий хайкалини очилгани хақида хабар қилган эдик. Юбилейга бағишлаб хайкал атрофида ўрнатилган катта сахнада таниқли саньаткорлар Юлдуз Усмонова, Озодбек Назарбеков, Муножат Йўлчиева, Абдуҳошим Исмоилов ва бошқалар тўй сабабчисига атаб яратилган янги қўшиқларини, Шукур Исроилов ва Мирза каби қизиқчилар майнавозчилик саньатини йиғилганларга тақдим қилмоқдалар. Майдон тўрида ўрнатилган улкан экранларда машхур заргар, дизайнер ва қўшиқчи Гугуша-хоним ижросидаги клиплар бирин-кетин кўрсатилмоқда.

Мажмуада 15 минг одамга мўлжалланиб ясатилган дастурхонда мехмонларга сарой ошпази Мираброр Усмонов томонидан моҳирлик билан тайёрланган ош тортилаябди. Зелимхон Хайдаров бошқараётган хизматчилар ва ош ташиётганлар орасида Эркин Вохидов, Хайритдин Султонов, Акмал Саидов, Абдулазиз Комилов, Эльёр Ғаниев, Бўритош Мустафоев каби таниқли шахсларни учратиш мумкин. Бироз чеккароқда оз-моз ширакайф ахволда Абдулла Орипов Канададан тантанага етиб келган мустақил журналист билан сухбатлашаётганини гувоҳи бўлдик.

Кириб келган мехмонларни ўтқазиш билан Рашид Қодиров ва унинг ёрдамчилари шуғулланишмоқда. Тадбир уюштирилган барча жойларга свет узлуксиз ва бетўхтов берилаётганлигини алоҳида қайд қилиш лозим.

Соат 10-00. Минбарга республика Президенти Ислом Каримов, Олий кенгаш Сенати раиси Илгизар Собиров, Бош Вазир Шавкат Мирзиёев ва бир гуруҳ мулозимлар кўтариладилар.

Давлат раҳбари юбилей шарафи билан И.А.Каримовга иккинчи бор “Ўзбекистон Қахрамони” ва биринчи бор “Социалистик Меҳнат Қахрамони” унвонлари бериш ҳақида Президент фармонини хамда шу муносабати билан ёзилган Президент табригини ўқиб эшиттиради. Майдон узра Ўзбекистон республикаси гимни янграйди.

Тантана қатнашчилари уларга юборилган табрикномани кўтаринки рух билан қабул қилдилар. Майдонда гулдурос ва давомли қарсаклар янграйди. Хоразмлик бир гуруҳ қўшиқчилар ижро этаётган “Хоразм лазги”сига Ислом Каримов рақсга тушади ва ёнидагиларни тортади.

Шу пайтда юртбошимиз бироз анқайиб қолган Бош Вазирни онасини эслатгани тадбирда хукм сураётган кўтаринки ва шодиёна кайфиятга заррача таьсир қилгани йуқ. Тантаналарни кузатиб турган 50 мингдан ошиқ томошабинлар орасида чет мамлакатларининг элчилари, юртимизнинг машхур арболари ва бошқа давлатлардан ташриф буюрган таниқли юртдошларимизни учратиш мумкин. Улардан баьзиларини сухбатга тортдик:

 – Гулнора Каримова (Фонд Форум Васийлар кенгаши раиси) :- Ҳаёт йўлини қовун ўғрилигидан бошлаб давлат Президентлигига эришиш ва чорак аср мобайнида қовун ўрнига халқни ўғирлаш тажрибаси мен учун катта сабоқ ва мактаб;
-Абдураҳим Пўлатов (таниқли сафсатабоз) – Ўзбеклар ош ейишни тўхтатмас эканлар, молга ўхшаб хунаса ва ҳаромий бўлиб қолаверишларини юбилей сабабчиси ва тадбир ташкилотчилари бутун дунёга яна бир бор исботлашди;
-Марат Зохидов (таниқсиз сафсатабоз) -бугунги юбилей сабабчиси – ўзларини Т.Рузвельт, У.Черчилль, Ш. Де Голль ва мен билан таққослаш мумкин;
Байрам тантаналари узоқ кечгача давом этди. Шодиёналарни тўлиқ матни “Ўзбекистон” каналида “Ахборот” программасидан сўнг эфирга узатилади.
Фарход Рўзиев. Махсус “Ахборот” кўрсатуви учун Тошкентдан. 30-январ.

Хабарларни кузатишда давом этамиз.2013-йил 30-январ Тошкент шахри М.Мансур.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Hajv. Bookmark the permalink.