Тарихий-замонавий роман

Жаҳонгир Муҳаммад: “ҚИЁМАТ КУНИ”

5.Пенсилвания штати. Питтесбург шаҳри.

“Қиёмат куни” қаҳрамонига! Саиджон, сизни ҳали яхши танимайман. Лекин таний бошладим. Шунинг учун ҳам ҳеч кимга айта олмаётган гапимни тезроқ сизга айтмоқчиман.  Чунки сизни ҳам бутунлай таниб қолсам, фикримдан қайтишим мумкин.

Мен Месхет туркиман. Фарғонада уйимиз бор эди. Уйимизни кўзимнинг олдида ёқиб юборишган ва ўлгудек қилиб калтаклашган. Беҳуш бўлиб қолганимдан кейин ташлаб кетишган. Мен ўзимга келганимда учқичда қаёққадир олиб кетишаётган эди. Ўшанда  хаёлимга илк келган нарса ёнимдаги дўхтир агар ўзбек бўлса, уни ўлдириш эди. Урус экан.  Аммо ўзбек бўлганда ҳам уни ўлдиришни эплолмас эканман. Чунки икки қўлим ҳам синдирилган экан.

Бошимга тушганларни батафсил ёзмоқчи эмасман. Месхет турклари ўшандан бугунгача неча марта шаҳардан-шаҳарга кўчганимиз ва Россиянинг Ноқоратупроқ зонасига олиб бориб ташланганимиз ҳақида ҳамма билади. Сиз ҳам биласиз, деб ўйлайман. У ерда уруслар бизни сиғдиришмади. Кейин бизни Америка қабул қилиб, ёппасига кўчириб келди. Мен бу ерда сизга ўхшаган бир қанча ўзбеклар билан танишдим. Улар ҳар қанча ўзларини оқласалар ҳам мен улардан нафрат қилардим.

Улар менга׃

“Бу ишни КГБ ташкил қилган”

“СССРни сақлаб қолиш учун халқлар орасида урушлар чиқарилган”

“Провакация қилишган…” деб қатор сабабларни келтириб, ўзларича ўзларининг ҳақ эканликларини исботлаб ташлашган. Унгача ҳам жуда кўп мақолалар, китоблар ўқиганман, ҳужжатли филмлар кўрганман. Лекин ҳеч бирига ишонмаганман. Чунки уйим ёқилганда қаршимда турган КГБ эмас, ўзим таниган ўзбеклар эди. “Туркка ўлим!” деб бақирганлар ўзимизнинг маҳалламизда яшаган йигитлар эди. Битта мактабда ўқигандик, ҳатто. Улар ўзларини “ўзбек” дер эдилар, биз ўзимизни “турк” дер эдик.  Орага бошқа аралашган одам йўқ эди.

Шунинг учун ҳам мен  йигирма йил давомида ўзбеклардан нафрат қилиб яшадим. Ҳатто қирғизлар уларни қирганда “Бу Худонинг инояти, агар сен Худога ҳавола қилсанг, у сен учун бир эмас, икки карра қасос олади”, деган гап кўнглимдан ўтди. Худойим, мен осий бадангни кечир! Қанчалар янглишган эканман. Сен менга ҳақиқатни англатганингга қадар кўзим кўр, қалбим сўқир экан. 20 йил гуноҳ қилиб, гуноҳ билан яшабман.

Ҳа, менинг кўнглимдан ўша мудҳиш хаёл ўтган кечаси бир туш кўрдим. Бу тушни ҳар лаҳзаси, ҳар бир манзараси вужудимга кўчиб қолди. Унута олмайман, унутмоқчи ҳам эмасман. Лекин бу мени жуда қаттиқ қийнамоқда. Шунинг учун ҳам сизга айтсам, балки енгил тортарман, деб ўйладим. Балки акси бўлар? Демак, қирғизлар ўзбекларни қирган тунда мен кўрган туш׃

Қўрқинчли ва баҳайбат тоғлар бутун атрофни ўраб олган ва осмонга қадар узаниб булутларни қояларга боғлаб қўйган. Дунё бўз уй каби бўлиб қолган. Ана шу бўз уйда  икки ака-укадан тарқаган икки қабила яшар экан.

Каттасининг исми  Ердор бўлгани учун қабиладагиларни “Ерчилар” дейишаркан.  Кичигининг исми Тепа бўлгани учун  қолганларини “Тепачилар” дейишаркан ва улар Ерчилардан сал тепароқда яшарканлар.  Жуда иноқ эканлар. Борди-келдилари бўлиб, қиз бериб, қиз олишаркан. Ҳатто тоғлар ортидаги ўрмон бойликларини ҳам баҳам кўришаркан.

Тоғларнинг орасидан кичик бир дара ўтиб, ана шу дара ўрмонга олиб чиқаркан. Ерчилар ҳам, Тепачилар ҳам ўрмонга қатнаб,  мева-чевалардан териб, ҳайвонлардан овлаб қайтишаркан.

Бир куни Ерчилар ўрмонга ўтамиз дейишса, Тепачилар томонидан харсанг тош юмалаб келиб, битта  болани босиб қолибди. Дод-вой қилиб югуриб боришса, яна тош юмалабди.

Шунда кимдир “Бу тошларни Тепачилар ирғитмоқда”, дебди. Ғазабига ўранган Ерчилар билдирмай ярим тунда Тепачиларнинг  уйларига бостириб бориб, уларнинг капаларига ўт қўйиб юборишибди. Тирик жон қолдирмай ўлдиришибди.

Лекин тош юмалаши тинмабди. Бу ҳол такрор ва такрор бўлаверибди. Ерчиларнинг қабила отаси ва қабила онаси болаларини тошдан эҳтиёт бўлишга чақирибди.

Кейин… тошдан қўрқув бошланибди. Тош “шиғ” этса, улар қалтираб қолар, ҳатто қочишга ҳам кучлари етмас экан.

Кейин… тошга сиғиниш бошланибди. Улар узоқдан туриб тошга ёлвориб, ўзларини ўлдирмасликни сўрарканлар. Лекин тошдан садо чиқмабди. Аксинча, болаларини ўлдираверибди.

Кейин… тошдан нафрат бошланибди. Энди узоқдан туриб, уни сўкишар, аммо яқин кела олишмас экан.

Ниҳоят, дарага умуман келолмайдиган бўлиб қолишибди. Очлик бошланибди. Улар охири бир-бирларини еб битиришибди.

Шунда уларнинг ўрнига бошқа бир қабила кўчиб келибди. Бу қабила отасининг исми Кўкдор бўлгани учун қолганларни “Кўкчилар” дейишаркан. Кўкдор кўкчиларни тўплаб, маъруза қилибди׃

-Олдин бу ерда яшаган Ерчилар доим оёқ остига қарашган. “Нима топсам ҳам оёқ остидан топаман” деб ўйлашган. Ерга қараб юравериб, бошлари эгилиб қолган ва кўкка қаролмайдиган бўлганлар. Шунинг учун ҳам қирилиб кетдилар. Хайриятки, кўкка қаролмас эдилар. Агар қараганларида тоғнинг ҳов тепасида бизнинг турганимизни ва тошни биз юмалатганимизни кўриб қолардилар. Сизлар бундан дарс олинг ва доим кўкка боқинг, Кўкдор бўлинг, акс тақдирда бошингизга тош қулаши ва эзилиб кетишингиз мумкин… мумкин… мумкин…!

Ана шу “Мумкин…!” деган бақириқ-акс садодан уйғониб кетдим.

Лекин ётган жойимда босинқираб, қимирлай олмадим. Устимда қандайдир бир шарпа. Худди кенг кўйлак кийиб олган кампирга ўхшайди. Термулиб қарасам, Фарғонадаги қўшнимиз. Уни Ўзбек кампир дер эдик.

Она ва отам менга׃

“Бор, Ўзбек кампирнинг ерини чопиб бер!”

“Бор, Ўзбек кампирнинг сувини ёқалаб кел!”

“Бор, Ўзбек кампирнинг картошкасини тешала!”

“Бор, Ўзбек кампирнинг сабзавотларини кетмонла!” дейишарди. Шу-шу Ўзбек кампир ўз онамдек бўлиб қолганди.

Унинг қоронғулик қўйнидан мен томонга нур сочаётган ажиндор юзларига термулсам, у нимадир деб пичирламоқда. Диққат қилиб, гапларини илғаб олдим׃

”Жувонмарг бўлгурлар, боламни ўлдириб қўйдинглар-ку, йўқолларинг бу ердан, падар лаънатлар!”

Ўзбек кампир шундай деб кимларнидир ҳайдаб юбордида, мени бағрига босиб олди. Яна ухлаб қолибман…

Тушимни тўла “олиб турдим”. Бунинг сири нима экан, деб турсам, Туркияда яшайдиган акамнинг умр йўлдоши-янгам телефон қилиб қолдилар.

Тушимни янгамга айтсам׃

-Ўзбек кампир учун бир Қуръон тушириб қўйинг, укабегим! Сиздан умидвор эканлар. Ўшанда у киши бўлмаганларида тирик қолмаган бўлардингиз. Устингизга ётволиб, тепкиларни қайтарганлар!-деди.

Кўз олдим қоронғулашиб кетди. Мен ношуд банда қандай қилиб 20 йилдан бери буни билмайман?! Нега ҳеч ким буни менга айтмади?! Ахир Ўзбек кампирдан ҳам нафрат қилгандим! Унинг ҳовлисида тўккан терларим учун, яхшиликларим учун ўзимга лаънатлар айтгандим!

Яхшилик қил, денгизга от, билса Холиқ, билмаса балиқ билар, деб ўзимни овутгандим. Хато қилган эканман, хато. Яхшилик ҳақида доим айтиб туриш, гапириб туриш, эслаб туриш керак. Бўлмаса, яхшилик ёмонликка айланиб кетаракан.

Ҳали ҳам мен сизга кўрган тушимнинг манзараларини чизиб беролмадим.  Менимча битта баргнинг қимирлашини беш саҳифа қилиб ёзиш давридан ўтдик. У пайтларда гапирадиган гапларни гапира олмаганимиз учун барглар, шохларнинг қимирлашини тасвирлаб, дардларимизни англатганмиз. Энди эркинлик. Ҳаммасини очиқча айта оламиз.

Мана мен ҳам дилимдагини сизга очиқ айтдим. Билсангиз,  Худойим мени гуноҳ йўлидан қайтарди. Мен ҳам Ерчи эканман. Доим ерга боқиб, тошга сиғиниб, тошдан нафрат қилиб юрган, ўз ака-укаларидан нафрат қилиб, уларни еб битирган бир банда эканман. Бошимни кўтариб тепага қарасам, тош юмалатаётган кимсани кўрган бўлардим…”.

МУХТAСАР МАЪЛУМОТ

1989 йил 23 май куни Месхет турклари ресторанида Ўзбек йигитлари билан жанжал чиқди.

Кейин шаҳарнинг Будённий кўчасида икки тараф бир-бири билан юзма-юз бўлиб, бир-бирини ҳақоратлашди, қичқиришди, муштлашув бошланди.

24 май куни жанжал авжга чиқди.

Тошлар, таёқлар, портловчилар – турли қуроллар билан бир-бирига ташланган жаҳолат жанги юз берди. Уйлар ёна бошлади…

Ўша кездаги Совет расмий хабарларга кўра, Фарғонада 112 киши ҳалок бўлди, 1000 дан ортиқ кишига тан жароҳати етди, 400 йигит жавобгарликка тортилди, 700 га яқин киши маъмурий жазо олди. Ҳақиқатни эса… билмаймиз!

(ДАВОМИ БОР).

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Qiyomat kuni. Bookmark the permalink.