Дилмурод Саййид ижодидан

Сиз нима дейсиз?

1. ИСТИҲОЛА

Луғатимизда “ФАЗИЛАТ” сўзи бор. Соддароқ қилиб айтганда, инсонга хос барча сифатлар фазилат ҳисобланади. Фарзанд туғилганда ижобий хислат эгаси бўлсин деган эзгу ният билан Фозил, Фазилат каби исмлар ҳам берадилар.

Инсонга хос фазилатлар жуда кўп. Шулардан тортиниш, ийманиш, уятчанлик каби маъноларни ифодаловчи истиҳола қилмоқ ибораси ҳам яхши сифат нисбатида қўлланилади. Лекин шу фазилат деб билганимиз истиҳола туфайли кўринишидан кичик, бироқ зиён қилиши, мушкул вазиятлар вужудга келиши мумкинлиги ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?

Дейлик, қулупнай янги пишган вақти. Қўшни аёл дастёр бўлиб қолган ўғлидан бир ликопчада ён қўшниси – холапошшага қулупнай чиқарди. Болакай ҳам эшикдан жар солиб кираяпти.

-Ойим бу қулупнайни опоқойимга бердилар!

Холапошшанинг ҳомиладор келини қулупнайни кўрди-ю, кўнгли тилаб ютинди. Ювиб турган кирини ташлаб, қайнонаси ёнига боришга ва у билан қулупнайхўрлик килишга истиҳола қилди. Истиҳола қилмаса ҳам бўларди-ю, лекин ўзбекчилик!

Бамаъни, зийрак қайнона келинини қулупнайга чақирди. Лекин истиҳола барибир кучлилик қилди, келин юмушини баҳоналади. Қайнона маъноли жилмайганча липопчадаги қулупнайнинг тенг ярмини пиёлага солиб, кўздан панага олиб қўйди. Яхшики, холапошша ҳам ўзбекчиликнинг ҳадисини олган…

Бизда фарзанд туғилгандан маросимбозлигу орзу-ҳавасчилик бошланади: “Қовурдоқ”, “Ақиқа”, “Чиллагузарон”, “Бешик тўйи”… Пул жамғариш, сеп йиғиш. Сира чарчамаймиз ҳам, тортинмаймиз ҳам. Сабаби – ўзбекчилик! Аммо энг муҳим жиҳат – ўз фарзандимизга оилавий ҳаётга кирувчи остона – чимилдиқ ҳақида тўлақонли тушунча беришга истиҳола қиламиз! Бу масъулиятни фарзандимизнинг эртанги кунини куёвжўра, келин янга деб аталувчи бегона кишилар зиммасига осонгина юклаб қўямиз. Чунки – ўзбекчилик! Айримлар бу ҳолатни: “Ота-она билан фарзанд ўртасида парда бўлиши шарт, айниқса, бизнинг ўзбекчилик, қолаверса, мусулмончилик нуқтаи назаридан” – деб изоҳлайдилар. Унда буюк “Қобуснома”даги «Фарзанд тарбияси”, “Уйланиш ҳақида”ги боблар, «Хавос ул-ашё” рисоласидаги йўриқлар шарқона одоб тамойилларига мувофиқ эмасми? Ёки Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳазрати Алига, у зот орқали биз умматларга буюрган «Васиятнома”ларида келтирилган «Келин қилиш”, “Никоҳ”, “Жуфти ҳалолга яқинлик” билан боғлиқ таъкидлар-чи?

Сир эмаски, “Окно”, “Империя страсти”, “Моя семья” каби кўрсатув ва нашрлар, айниқса, ёшларимизни ўзига тортаяпти. Неча марта кўрдим. 2-3 нафар талабалар ўзаро пул йиғиб, “Окно”, “Моя семья”, “Эммануэл” нашрларини харид қилишаётганини. Сабаби эса, маълум! Биздаги истиҳола боис фарзандларимиз беистиҳола тушунча берувчи манбани қабул қилмоқдалар.

2. АНДИША

УШБУ сўзни кўпчилик одоб доираси тамойилларидан санайди. Кимга қанақа билмадим-у, шахсан мен бу тамойил мезонини асосан мутелик, тилқисиқлик андозасига мувофиқ келади, деб ҳисоблайман.

Дейлик, суҳбатдошингиз сизга ўз нотўғри фикрини маъқуллаяпти. Инкор этишга имкониятингиз бор, лекин ундан қарзингиз ҳам бор. Индамай тинглайсиз-у андишага бориб, чурқ этмай кетаверасиз. Ёки маҳалла раисидан ноўрин дашном эшитдингиз. Боплаб жавоб қайтармоқчи бўласиз-у бирдан андишага бориб, тилни тишлайсиз чунки эрта-индин ё «справка”, ё “характеристика” керак бўлиб қолиши мумкин. Аксинча бўлса-чи? Яъни, суҳбатдошингизнинг сиздан қарзи бор. Тўғри гапига ҳам «Йиғиштир карам шўрвангни!” дейишингиз мумкин андишани йиғиштириб қўйиб. Раис нариги маҳалладан бўлса, ўринли танбеҳига жавобан “Додахўжалигингни ўша ёққа бориб қил!” дейилади ҳеч бир андишасиз.

Эр-хотинларни олинг. Кўпинча эр – ҳақ, хотин андиша қилади. Лекин худо кўрсатмасин, иш мелиса-ю қозигача борса, андишанинг “А” ҳарфи ҳам қолмайди. Энг ачинарлиси, кейинги пайтда ота ўғлига, ака укасига, опа синглисига нисбатан “андиша”га бориш ҳоллари учрамоқда. Сабаби эса, ўғил, ука, сингилнинг топиши ота, ака, опанинг даромадидан анча ортиқ. Минг афсуски, андишабозликни боғча болалари, мактаб ўқувчилари кўзи олдида ҳам кўрсатишдан тортинмаймиз. Фалончининг отаси таъмир учун қанчадир бўёқ олиб бергани боис, боласи нотўғри ҳаракат қилса ҳам танбеҳ ўрнига кулиб қўйилади. Мактабда бўлса аълочилар сафига қўшилади! Танбеҳ беришга, паст (билимига яраша) баҳо қўйишга андиша қиламиз. Қолаверса, яхшилиги тегиб турган одамларни ранжитиш ўзбекчиликка тўғри келмайди!

3. КАТТА

ЎЗБЕКЧИЛИК одоб тамойилига кўра «Одам ўзидан каттага қулоқ солиши керак!” Маъқул тушунча, лекин одам бўлгач, онги ҳам бўлади. Онглилик эса мулоҳазага ундайди. Мулоҳаза эса, асосан шахсий манфаат доирасида юритилади. Дейлик, катта: “томдан ташла”, деса, онги бор кичик ташламас! Очиқ гап, қадимда назарда тутилиб қўлланилган “ўзидан катта” ибораси бизнинг кунимизга келиб асл маъносини йўқотаёзган. Ҳозирда бу ибора мавқе, мансабни англатаяпти, десам муболаға бўлмас. Агар эл-юрт манфаатидан гапирса, мансаб эгасининг ёшидан қатъи назар, гапига қулоқ солиш керак.

Ҳозир нима кўп – катта кўп! Буёғини сўрасангиз, иссиқ сув ширкати, совуқ сув бошқармаси, чиқинди йиғиш – махсус транс, АТС, газ, чироқ… идоралари. Ҳаммаси катта! “Бу катталар қаердан пайдо бўлаяпти?” деб ўзимга ўзим савол бераман. Ўзбекчиликка менгзаганимиз истиҳола ҳисси андишага, бу эса ўз ўрнида ғурур ва ҳақ-ҳуқуқимизни ҳимоя қила олмасликка элтаяпти, менимча. Оқибатда катта (оқил!) билан катта (мавқе!)ниг фарқига бепарво қараётгандекмиз.

4. СУРБЕТЛИКНИНГ ДОЯСИ

ШАҲАР жамоат транспортида одатга айланиб қолган бир кўриниш бор. Яъни аксарият талаба-ёшлар ўриндиқларни эгаллаб, ё мудраган куйи, ё китоб мутолаа қилаётгандек ўтирадилар. Ёнгиналарида тик турган ёши катталарга жой бериш тугул, лоақал қараб ҳам қўймайдилар.

Бу ҳолат ҳақида кўп марта айтилди ва ёзилди. Лекин аҳвол ўша-ўша! Балки бу майда масала ҳисобланар?!. Бироқ… Силдек дарди бедаво ҳам оддий шамоллаш хасталигидан бошланади. Демоқчиманки, ёшлар табиатига сингиб улгурган бу кичик тарбиясизлик қисқа вақт ичида сурбетлик ва худбинлик иллатини юзага чиқариши аниқ. Айнан сурбетлик боис, бўйи етиб қолган қиз падари ҳузурида қорни очиқ, тор шим кийиб юраяпти. Ўспирин эса, волидаси олдига калта иштон (шортик)да кириб бораяпти.

Айнан худбинлик сабаб қўлида ҳеч бир ҳунари йўқ йигитча рўзғор юмушини ота-она зиммасига юклаб, пойтахт кўчаларида сақич чайнаб, тентираб юрибди. Бўйи етган қиз кадбону(рўзғорбоп аёл)лик сирларини ўрганиш ўрнига, «бахт излаб” шаҳарга чопаяпти, оқибат… Қизгина “ёр-ёр”сиз ҳомиладор, ўсмир бўлса, арзимас сабаб билан жиноятчи бўлиб қолмоқда.

Бир ойча аввал йигирма ёшга тўлиб-тўлмаган жувон(!)ни таништиришди. Аниқроғи, туғруқхонада ишлайдиган шифокор танишимга бир хизмат билан боргандим. Ҳовлида гаплашаётгандик, ҳусни бир жаҳон ёшгина аёл ўтиб қолди. Танишим изоҳ берди:

-Чақалоғидан воз кечди шу жувон. Тўғрироғи, ўтган куни ҳеч кимга билдирмай жўнаб қолмоқчи бўлган…

Ачинишимни ҳам, нафратланишимни ҳам билмадим. Узоқ вилоятдан бир амаки келдилар. Йигирма уч ёшли ўғлига ўлим жазоси тайинланган экан.

-Йигирма йилга озодликдан маҳрум этса ҳам майли, ёрдам қилинг, – деб ўтиндилар.

Тергов ва суд материаллари билан танишдим: жиноятнинг ваҳшиёна кўриниши…

Агар шу амаки ўғлининг юриш-туришидан олдинроқ хабар олганида эди, нафақат ўз фарзандининг, балки меҳмондўст бир оила бошлиғининг ҳам ҳаётини сақлаб қолган бўларди… Ушбуни ўқиб, айримлар: “шоли курмаксиз бўлмайди, ора-чора юз бериб турган салбий ҳолатни рўкач қилиб, ваҳима кўтариш шартми?”-дейишар. Ишонаверинг, бу – “ора-чора юз бераётган воқеа ” эмас!Касбим тақозоси ва асосий фаолиятим сабаб қамоқ ҳамда ЖИЭМ (жазони ижро этиш муассасаси)даги ҳаётни ўрганиб тураман. Ва ишонтириб айтаманки, содир этилаётган ўта оғир жиноятлар (қотиллик, босқинчилик, номусга тажовуз, қўпорувчилик кўринишлари)нинг аксарият ижрочилари 18-25 ёшдагилар. Гиёҳвандлик воситаларига алоқадор қилмишлари учун жавобгарликка тортилаётганлар орасида асосан ёшларни кўрамиз.

Қотиллик, гиёҳвандлик каби тубан қилмишлари учун жазо олиб, қамалаётган қиз-жувонларнинг аксарияти 17-26 ёшдаги нав-ниҳоллардир.

Бу ҳолатни кимлардир иқтисодий тақчиллик ва турмуш даражаси пастлигига боғлайди. Бу – унчалик тўғри таъриф эмас.

Саъдий Шерозий таржимаи ҳолига яқин бир маълумотда унинг ўзи шундай ёзади:

“Бир кавуш (оёқ кийим) сотиб олишга қурбим келмай, ялангоёқ қолдим. Алам азбаройи жонимдан ўтганидан Кўфа масжидига (нолиш учун) йўл олдим. Масжидга киргач, ўртадаги супада икки оёғи йўқ одам ўтирганини кўрдим. Бу ҳол менга қаттиқ таъсир этиб, дарҳол ортимга қайтдим. То кавуш олгунимга қадар сабр қилиб, бараҳнапо (ялангоёқ) юришга тоқат топдим!”

Бу ўринда изоҳга ҳожат бўлмаса керак! Инкор этмайман, турмуш даражамиз ҳавас қилгудек эмас. Лекин уни яхшилаш, маънавиятимизни юксалтириш кимга боғлиқ?

Ахир “Учар ликопча”да келиб, ҳеч ким бизнинг турмушимизни яхшилаб бермаслиги аниқ-ку! Ҳатто Худо ҳам: «Сендан ҳаракат, мендан баракат!”- деган.

Инсон тарбия даражаси билан бошқа махлуқлардан фарқ қилади. Бу даражани юксалтириш учун асосий эътиборни нимага қаратиш зарур? Суқрот шундай деган: “Дунёда битта ёвузлик бор – жаҳолат (яъни илмсизлик), ва битта эзгулик бор – билим!” Чин маънодаги толиби илм ҳеч маҳал жамоат транспортида «китоб мутолаа” қилмайди, пинакка кетмайди. Ўзидан ёши улуғни ҳурматлашни билган талаба сурбетликдан йироқ бўлади. Ота-она қадрини билган йигит-қиз беҳаё кийинмайди, рўзғорга қарашади. Бундай хислатларни ўзига сингдирган толиби илм комилликка интилади.

5.ОВҚАТ ПИШИРАДИГАН ЭРКАК

Бошқаларни билмадиму,лекин ўзим бўш вақтимда бозорга тушаман. Зериккунимча бозор кезаман. Мени кўпроқ аёллар қизиқтиради: қоп судраётган,қўшалоқ тўрхалта ё хўжалик сумкасининг тутқичини бир-бирига боғлаб,елкасига хуржундек илиб,бир қўлида яна зил-замбил юкни кўтариб олган. Бир қўлида бола, иккинчисида тўрхалта…

ГАПНИНГ очиғи, бу заҳматкашларнинг аксариятини фақат кийимидангина қараб АЁЛ дейиш мумкин!

Ёши йигирмалар атрофида, оғзида сақич, мусиқа оҳангига турган ерида депсинганича ичимлик, сигарет сотиб турган айрим йигитчаларни кўриб, баъзан “шўхгина қиз” билан адаштириб юбораман.” Феълини билиб Худо ҳам соқол-мўйлабдан қисган экан!” деб қўяман ичимда. Бу-ҳақорат эмас,аччиқ,аммо очиқ гап!

Баъзан эмас,тез-тез эшитамиз:,,Фоҳишалар кўпайиб кетяпти, кескинроқ чора кўриш керак. Олдинги пайтларда…” қабилидаги гап-сўзларни. Ҳақли савол туғилади: “Фаҳшу зинонинг ортишига ким сабабчи?” Менимча, энг аввало,биз—ЭР-ЙИГИТлар ўзимиз сабабчимиз! Рафиқамизга оғир тўрхалта кўтартириб, ,,белимиздаги белбоғ тугуни»ни бегона аёлга ечдириб келганларимиз озми орамизда?! Бунинг ортидан оғир дардга йўлиқиб, бегона аёл тугул ўз ҳалолига ҳам ярамай қолганлар-чи? Яна бир ботиғлик сўз: шаҳарнинг маълум(!) бир жойларида фаҳшнинг очиқсавдосини учратиш мумкин. Ўша аянч савдодаги сотувчи—АЁЛлар аксарияти ўз қоракўзларимиз. Харидорлар эса асосан АЖНАБИЙлар! “Қаримталик дунё” дейдилар-да буни. Бундан ўн беш йил аввал қўшни ўлкалардан келган «капалак”ларга биз-ЎЗБЕК йигитлари харидор бўлар эдик…

Мен ўз қавмим бўлмиш эр-йигитларга маломат ёғдириш фикридан мутлақо йироқман. Аммо фоҳишалик иллати урчишида фақат аёлларнигина қоралаш ҳам инсофдан эмас. Ҳақиқатга тик қарай олиш ҳам керак-ку ахир. Айнан зино борасида сўз кетганида,”Ғунажин кўзини сузмаса…” деган иборани “ байроқ” қилиб олишга ўрганиб қолганмиз. Лекин бу масалада каминанинг қарашлари сал бўлакчароқ. Яъни, ХХ аср охирига келиб АЁЛлар фаоллашиб, ЭРлар сустлашиб қолди. Ҳатто ЭР-йигитлар орасида АЁЛга тақлид қилиш одатий ҳолга айланиб бўлди. Айниқса, бу ҳолнинг оммалашувида санъат аҳлининг бачкана чиқишлари муҳим рол ўйнамоқда. Аксарияти ёш, таниқли санъаткорлар орасида эл кўзига АЁЛнусха кўринишда чиқмаганлари жуда оз қолди.Овозини тақлид қилиш ўз йўлига, бироқ эр(йигит) кишининг сийнабанду уламасоч тақиб, минг таманною пардоз-андозда ёхуд тюлендек гавдасига оққушдек қанот қоқиб саҳнага, телевизорга чиқиши ва суюкли санъаткорнинг бу «назокату навозиши” айрим мухлисларига юқаётгани юқоридаги мулоҳазаларга оддий бир далил.

Оилавий ўчоқ-ошхона азал-азалдан АЁЛнинг энг ардоқли мулки ҳисобланган. Минг афсуски, ҳозир бу мулкни ҳам АЁЛдан тортиб олаяпти айрим эрлар. Яна ойнаи жаҳон орқали турли шарбату шакароб, таомлар тайёрлашни ҳам АЁЛга кўз-кўз қилмоқда эрлар.Хўш, рўзғордаги ўчоқ-ошхонадан ҳам қувилаётган АЁЛ қаёққа борсин? Турли сафарларга (асосан,тижорат учун!) бориб, қоп-қоп товар, даста-даста пул топаяпти АЁЛ! Эр эса ойнаи жаҳон қаршисида овқат пиширишни ўрганиш билан машғул хотин қолдирган пешбандни тақиб…

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Dilmurod Sayyid. Bookmark the permalink.