Исмат Хушев:

“Сиздан кечирим сўрамоқчиман”

Ислом Каримовга

Ўтган бу йиллар давомида Сиз Ўзбекистонда адолат ва демократия тамоилларини қатьият ва собитқадамлик билан ҳаётга тадбиқ этиб келдингиз.

Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич!

Ўзбекистонни тарк этганимдан бўён ўтган йиллар давомида бошимдан кечирган сарсон саргардонликлар боис бугун юзим қора, юрагим қон бўлиб Сизга мурожаат этиб, Сиздан кечирим сўрамоқчиман.

Мен бир пайтлар Сизнинг ишончингиз туфайли республика газета ва журналларига Бош муҳаррир бўлдим.

Кейинчалик эса енгилтак ва худбинлигим боис бу юксак ишончни ҳам оқлолмадим.

Амалдан ажраганимдан сўнг эса аччиқ қилиб серқуёш ва меҳрли Ватанимдан ўн минглаб километр олисликдаги совуқ ва меҳрсиз Канадага келиб қолган Ватангадо бир журналистман.

Муҳожирликда ўтган ўксик ва изтиробли йиллар давомида Сиз олиб бораётган сиёсат аслида тўғри эканига ишонч ҳосил қилдим.

Ҳамма нарса қиёслашда билинади.

Мен орзу қилиб паноҳига қочиб келган демократиясини ҳам кўрдим. Кимда куч ва қудрат, пул ва шуҳрат кўпроқ бўлса, ўшанинг айтгани айтган экан бу юртларда.

Мен бу ичи қалтироқ, усти ялтироқ капиталистик давлатларнинг иккиламчи сиёсий андозаларини ичидан туриб яхшилаб ўрганиб кўрдим.

Ва охир-оқибат шу нарсага амин бўлдимки, Ватансиз ва миллатсиз яшашнинг ҳеч иложи йўқ экан.

Тўғри, бу ерларда эрта-ю кеч тиним билмай меҳнат қилувчи кишилар учун ҳаёт фаровон, эркинлик ва озодлик истаганча бор. Кўчаларга чиқиб тонгдан то шомга қадар ким нима деб алжираса, марҳамат, ҳеч кимнинг иши йўқ.

Мабодо шўри қуриб ишсиз қолса-чи, унда ҳолига вой. Ўша куни у моргич тўлаб турган уйидан ҳайдалади. Жамият уни ўша заҳотиёқ четга улоқтириб, бешафқат ва мурувватсиз ҳаётнинг тубсиз домига тортиб кетади. Уйсиз, жойсиз одамларнинг чодирлари тўлиб кетган кўча-куй ва майдонларда. Биров парво ҳам қилмайди.

Ёлғиз қолганингда бошингни силаб, кўнглингни оладиган, бетоб бўлиб қолганингда жонингга оро кирадиган ЎЗБЕКЛАР ва ЎЗБЕКИСТОН йўқ экан, Ислом ака, бу ерларда…

Ватансиз – муҳожирликда балоғатга етаётган шўрлик фарзандларимнинг ўксик ва аламли нигоҳларига боқиш мен учун қанчалар оғир ва азобли, изтиробли эканини билсангиз эди. Улар олдида нечоғлик гуноҳкор эканимни энди англаяпман.

Ана шулар ҳақида ўйлар эканман, Ўзбекистондаги чойхоналар, тўйхоналар, маҳаллаларни эслаб, меҳр-оқибат ва мурувват қуриб тамом бўлган бу хориж эллардаги дилхунлик ва мискинлик, ёлғизлик ва умидсизлик бир кун келиб бизни еб адо қилмаса деб қўрқаман…

Ўзбекистондаги шоир дўстларимдан бири бир пайтлар: “Умримда хатолар кўп бўлди, ўғлим…” деб нолиган кекса отасига: “Сизнинг хато ўтган умр – хатомас, Хатосиз умрнинг ўтгани – хато!” деб тасалли берган экан.

Эллик йиллик умрим давомида мен ҳам кўп хатолар қилдим. Ва уларнинг энг оғири, энг кечирилмаси – бу ўз Она Ватанимни ташлаб хориж эллар сари юз бурганим бўлди.

Менга яхшилик қилмоқчи, тўғри йўлга солмоқчи бўлган инсонларнинг гапига қулоқ солмадим.

Ўзбекистондалик пайтимда кўп насиҳатлар қилган журналист Сафар Остонов менга доим: “Сизга кўп имкониятлар берилди, ўзингизни тута олмадингиз. Ахир Бош муҳаррир бўлиб туғилмагансиз-ку. Нега доим шу лавозимда бўлишингиз керак экан” деб айтган ва оддий бир газетада оддий ходим бўлиб ишлашимни маслаҳат берган эди.

Лекин мен нодон: “Ҳали ҳукуматдагиларга кўрсатиб қўяман!” деган худбин бир иддао билан чет элларни ихтиёр этдим.

Мендан бошқа одамлар ҳам Бош муҳаррир бўлиши мумкинлигини тан олгим келмади.

Ҳолбуки, ўтган бу йиллар давомида мен билган ва ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилган қанчадан қанча амалдорлар нафақат эгаллаб турган лавозимларидан, балки озодликларидан ҳам маҳрум бўлишди.

Ўтган бу йиллар давомида Сиз Ўзбекистонда адолат ва демократия тамоилларини қатьият ва собитқадамлик билан ҳаётга тадбиқ этиб келдингиз.

Қонун ва халқ бошқарувидаги янги ўзбек давлатчилигига асос солдингиз.

Мен бир журналист сифатида шу улуғвор вазифаларни адо этиш борасида Сизга, Ватанимга садоқат билан хизмат қилиш ўрнига жаннат излаб хорижга кетдим. Ўйладимки, бу ерларда мени гулдасталар билан кутиб олишади деб. Ўйладимки, бу ерларда ҳаёт – жаннат деб.

Жаннат излаб аслида жаннатдан воз кечганимни кейин англаб етдим.

Менинг бу хатоларга тўла фоже ҳаётим ўз Она юрти – Ўзбекистонни ташлаб, енгил ҳаёт илинжида хориж элларни орзу қилиб юрган бошқа содда ва хаёлпараст ҳамюртларим учун аччиқ сабоқ бўлиб қолишини истардим.

Ўн тўққиз ёшидаёқ иккинчи жаҳон урушида иштирок этиб, сочлари жуда эрта оқарган, Қашқадарёдаги чекка қишлоқларнинг бирида оддий ўқитувчи бўлиб умргўзаронлик қилиб ўтган раҳматли отам менга доим: “Ислом Каримов шунча истеъдодли ва талантли тенгдошларинг орасидан сенга ишонч билдирган экан, бу ишончни оқламасанг, бу улуғ инсоннинг қадрига етмасанг, бир кун келиб кўр бўласан, Ватангадо бўласан!” деб айтган эдилар.

Во ажаб, мен ўшанда ўта қаттиққўл ва талабчан отамнинг бу сўзлари шунчаки насиҳат ўрнида айтиляпти деб кўп эътибор бермаган эдим.

Бугун ўйлаб қарасам узоқни кўра билган донишманд отам менинг бежилов ҳатти ҳаракатларимни ҳисобга олиб бежиз шундай деб огоҳлантирмаган экан.

Мен нодон эса қабулхона котибаларининг мунис боқишлари-ю, қўл остимдаги ходимларнинг мўте нигоҳларидан, мўҳташам кабинетлар-у, хизмат машиналарининг ваҳимали асасаларидан масрур-у, мағрур бўлиб ўз оёғим остини ҳам кўрмай қолибман.

Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич!

Ватан ташқарисида мен каби сохта алдовларга учиб, ўз юртини тарк этганлар билан кўп гаплашдим. Уларнинг аксарияти мен каби армон ва пушаймонлар исканжасида яшаб юришибди.

Биз ҳур куни Ватандан – Ўзбекистондан мужда кутиб яшаймиз. Ҳар кун, ҳар тун Ватанга қайтишни Оллоҳдан ёлвориб, ўтиниб сўраймиз.

Мен бугун Бош муҳаррир ёки журналист эмас, балки оддий бир аравакаш бўлиб ўз юртимда яшашни ҳам энг катта бахт, олий бир саодат деб биламан.

Лекин Ватан энди бизни кечирармикан?

Сизга ҳурмат ва эҳтиром билан:

Исмат Хушев

“Ҳаёт ва иқтисод” – “Жизнь и экономика” журналлари

ҳамда “Ҳамкор” – “Деловой партнер Узбекистана”

газеталарининг собиқ Бош муҳаррири.

Торонто шаҳри, Канада, январь, 2013 йил.

Muxlisdan: Buni Ismat Xushevning saytidan oldim. “Turonzamin”da ham bersangiz. Fikringizni ham aytsangiz.

“Туронзамин”дан “Мухлис”га׃ Бизнингча қўшимча фикр ва изоҳга ҳожат йўқ.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.