Сатира

Фонд Форум фанфараси
Янги тузилган “Мардикорлар касаба уюшмаси” ахборот хизмати хабар қилишича Ўзбекистон Вазирлар Махкамасининг 2012-йил якунларига бағишланган мажлисида Давлат рахбари томонидан ўзбек халқининг бошқа давлатларга чиқиб фаррошлик ёки турли паст малакали мардикорлик ишлари билан шуғулланиётганлиги хақидаги танқиди юзасидан маьлум чоралар кўрилиши бошланган.
Жумладан Фонд Форум кенгаши Ўзбекистон Мехнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш Вазирлиги хамда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси хамкорлигида мехнат мухожирларини тартибли равишда Россияга жўнатишга мўлжалланган “Фондга пул, Россияда қул” лойихасини тадбиқ қилишни бошлаган.
Лойиҳа муаллифи – Фонд Форумнинг Васийлик кенгаши рахбари Г.Каримованинг берган маьлумотига кўра ушбу тадбир доирасида 20-январ куни Тошкент Марказий вокзалидан “Россия ва Ўзбекистон – “Бирлик ва “Бирдамлик”” номли мехнат мухожирлари тартибли жойлаштирилган биринчи поезд Москвага йўл олган.
Юртбошимизни асарлари ва таниқли қўшиқчи Гугуша ижро этган клиплар билан жихозланган поезд йўловчиларни мутахассислиги бўйича тақсимланган вагонлари билан ажралиб туради. Жумладан ушбу поездда “Ғишт терувчилар”, “Бетончилар”, “Фаррошлар ва кўча супирувчилар”, “Тунда хизмат қилувчилар” каби вагонлар, хар бир вагонда эса “Мардикорлар касаба уюшмаси” вакилларининг купеси мавжуд. 23-январ эрта сахарда поезд Москва шахрига етиб борганлиги хабар қилинади.
Москва шахрининг Қозон вокзалида хамюртларимизни Москва шахар мэрияси(хокимлиги), Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси мулозимлари ва кўплаб оммавий ахборот воситалари вакиллари кутиб олишган. Тезкор ташкил қилинган митингда сўзга чиққан Москва шахар хокими(мэри) С.Собянин келганларга Москванинг тарихий обидалари жойлашган энг нуфузли кўчаларини супириш учун ажратишга ваьда берган.
Ўзбекистон республикасини Россиядаги элчиси З.Пўлатхўжаев юртдошлар учун элчихона эшиклари доимо очиқлиги, унга мухожирлар қандай кирган бўлса, шундай чиқиб кетишига йиғилганларни ишонтирган. Митинг қатнашчилари “Гулисан” ва “Отангни ўғил бола қизи” қўшиқларини ижро этган таниқли эстрада хонандаси Юлдуз Усмоновани давомли қарсаклар билан кутиб олишган. Бундан рухланган Юлдуз-хоним жавоб сўзида йил давомида қайта-қайта Россияга келиб, хамюртларимизга концертлар қўйиб беришлигини, фақат буни учун юртдошларимизни хар бири арзимаган 100 доллар пулни йиғиб туришлари кераклиги хақида гапирган.
Олинган маьлумотларга кўра кеча Тошкентдан ушбу лойиха доирасида “Россия ва Ўзбекистон Халқ харакати” номли иккинчи поезд хам йўлга чиққан.

Тошкент шахри. М.Мансур

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Hajv. Bookmark the permalink.