Таҳлил

“ЯКУНИЙ ҲИСОБОТ”

Президент Каримов бугун Вазирлар Махкамасининг 2012 йил якунлари ва жорий йил режаларига бағишланган мажлисида сўзлаган нутқи мазкур ёзувнинг мавзуси бўлди. Дастлаб Каримов бугунги мажлисда олдингиларидан фарқли ўлароқ асосан ижобий рухда маъруза қилгани сабаблари хақида тўхталсам.

Гарчи ижтимоий-иқтисодий муаммолар олдингидан чандон кўп ва тинимсиз ортаётган бўлсада бу сафар мазкур муаммоларнинг “Каримов эътиборидан четда қолгани”нинг жиддий сабаблари бор. Илгарилари хар қандай муаммони бирор амалдорнинг қониқарсиз фаолияти билан боғлаб ўша амалдорни танқид қилиш, хатто унга нисбатан чора кўриш амалиёти мавжуд эди.

“Аммамнинг бузоғи ҳам юртбошимиз юритаётган оқилона сиёсат туфайлигина эгиз туғадиган” бугунги кунда деярли хамма дастур ва лойиҳалар юртбошимиз номи билан боғлаб қўйилган. “Ўзингиз юритаётган оқилона сиёсат туфайли…” деб бошланувчи хисоботларни тинглаган Каримов учун танқидий фикр билдириш ўзини-ўзи танқид қилиш бўлиб қолади.

Қолаверса мамлакатда кўзбўямачилик ва қўшиб ёзиш иллати қамраб олмаган бирор соҳа қолмаган. Каримовнинг “ГосПлан”га раҳбар этиб тайинланиши асносида авж олган бу иллатлатлар бугун газак отиб кетгани туфайли ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар хужжат ва хисоботлардагина “гуркираб ривожланишда давом этмоқда”. Шундай ҳолда бирор танқидий фикр билдириш Каримов режими ўзи тўқиган эртакларга ўзи ҳам ишонмаётганининг яққол белгиси бўлиб қолади.

Айни сабабдан ўтган йилларда Бош Вазир хисоботининг “мардларча” танқид қилиниши ва қатор хокимларга хайфсан эълон қилиниши каби “саҳналар” ҳам бу йилги сиёсий театр репертуаридан олиб ташланди. Боши берк кўчанинг охири томон илдамлаётган режим афсуски бу камчиликларнинг асосий манбааси бўлган Каримов иқтидори даврда мазкур муаммоларни танқидий жихатдан кўриб чиқа олмайди. Демак юқоридаги каби мажлислар Каримовнинг ўз атрофидагиларга қуруқ фалсафа сўқиши ва уларнинг самимий бўлмаган қарсакбозликларидан баҳраманд бўлиши билан чекланиб қолади.

Аммо мавжуд кўз юмиб бўлмас даражада долзарб муаммолар хақида гапирмасликнинг ҳам иложи йўқ. Шу сабабли Каримов бугунги нутқида мамлакат ва минтақадаги қатор муаммоларнинг янги “айбдорини” эълон қилди.

Унга кўра шўролар юритган марказлашган сиёсатнинг асоратлари бугун барча муаммоларнинг негизини ташкил этмоқда экан. Каримовнинг шахсий амбициялари ва прагматик бўлмаган сиёсати туфайли Сўх анклавида вужудга келтирилган сўнггни муаммолар ҳам одатдагидек такидлаб айтилмасдан “минтақада ташқи кучлар томонидан вужудга келтирилаётган муаммолар” сифатида талқин этилди. Энг қизиғи Ўзбекистон ва қўшнилари ўртасида гўёки “ташқи кучлар томонидан” вужудга келтирилаёган қатор муаммолар ечимини Каримовнинг шахсида излаш кераклигини эътироф этгани бўлди.

Бу билан у оддий халққа ўзи минтақадаги муаммоларнинг ягона ечими эканига шаъма қилган бўлса атрофидагиларга мазкур муаммоларнинг ечими йўқлигини билдириб қўйган бўлди. “Хисобли дўст айрилмас” мақолини тилга олган Каримов икки йилдан бери Қозоғистондан “шартномасиз” олаётган электр энергияси учун хисоб-китобни фақат Қозоғистон таъминотни тўхтатгачгина мажбур бўлганидан тўлаётгани хақида тўхталишни лозим топмади.

Бу сафарги нутқида Москвада ўлдириб кетилган мухожир мисолида ванихоят мохожир ўзбеклар масаласига ҳам тўхталган Каримов мухожирлар нима сабабдан бошқа давлатларга кўча супуриш учун кетаётгани борасида таъасуф билдирди. Мехнат, ижтимоий ҳимоя ва иқтисод сохаларини бошқараётган амалдорлар қолиб Ички ишлар вазирига “Нега бу одам кўча супургани Москвага кетади?” мазмунида савол бериши бўлса эндиликда милиция мухожирларнинг четга чиқишига тўсқинлик қилиб шу ерда кўча супуришга мажбур қилишидан дарак беради.

Савол берилган вазир Каримов жавобини билмагандек бош эгиб сукут сақлаш билан чекланди. Унинг кўзларида “Сиз юритаётган сиёсат туфайли мактаб битқазувчилари рус тили тугул ўзбек тилида ҳам тўғри иш юрита олмайдиган даражага келиб қолган. Бундай таълимдан кейин ўзбек мухожирлари кўча супуриш ва ғишт ташишдан бошқа нима ҳам қила оларди? Ўзбекистонда 10-12 йил олийгохларда тахсил олиб шифокор бўлганлар Москвадаги кўча супурувчидан кам ойлик маоши олиш билан бирга йилда 70 кунлаб пахта теришга мажбур қилинганидан кейин оддий ўзбек албатта Москванинг кўчасини супуришни афзал биладида!” мазмунидаги жавобни илғаш мумкин эди.

Буни пайқаган Каримовнинг кўзлари бўлса зимдан “Бу саволнинг сенга берганим албатта бежиз эмас. Милиция мухожирларга қарши чора кўриши лозим” деб таъкидлаётганди. Демак энди милиция ходимларига мухожирликда юрганлардан қаерда нима иш қилишлари тўғрисида маълумотнома тақдим қилишлари сўралади ва “миллатнинг юзини ерга қаратадиган” ишларда банд бўлганларга нисбатан чора кўрилишини ҳам кутса бўлади.

Аммо милиция қўйиб юбормагани учун мамлакатда мехнатга лаёқатли ишсизларнинг тўпланиб қолиши Каримовга янада каттароқ муаммолар келтиришини ҳам инобатга олиш керак. Шунинг учун Каримов лицей ва коллеж битқазувчиларни ишга олиш масаласини назорат қилишни Бош прокурорга топширди. Иш берувчилар аксарият ҳолларда мактаб битқазувчиларини ўта саводсизлиги сабабли ишга олишдан бош тортадилар. Зотан олийгох битқазувчиларнинг билим даражаси ҳам йилдан-йилга пасайиб бормоқда.

Бундай пайтда лицей ва коллеж талабаларини ишга олиш иш берувчини инқирозга судраши табиий. Лекин Бош прокурор аралашуви билан бу йилдан бошлаб лицей ва коллеж битқазувчилари нафақат мактабларда балки олийгохларда ҳам таълим бера бошласа ажабмас. Чунки бу вазифа топширилган прокуратура тизими ходимлари учун сифат деган тушунча умуман мавжуд эмас, уларга фақат сон бўлса бўлди.

МТС-Ўзбекистон ширкати борасида ҳам тўхталган Каримов рус ширкатини асоссиз айблаш билан бирга унинг фаолияти қайта тикланмаслиги борасида ҳам аниқ сигналлар берди. У қизининг ўйинлари ўз оиласига қимматга тушгани борасида соатлаб хасрат тўкиши мумкин эди, аммо бундай оилавий муаммоларни халқ билан бахам кўриб бўлмаслигини тушунган ҳолда қисқа ва лўнда қилиб бу борада аламзадалик сиёсатини давом қилдиришини билдирди.

Шу ўринда қизининг мобил операторларидан катта поралар олгани масаласига ҳам зимдан эътибор қаратиб, мамлакатдаги ижтимой тенглик хақида гапирган Каримов бойлар ва камбағаллар ўртасидаги фарқ 8 баробар эканини эълон қилди. Мазкур нормага тўғри келмаган фуқароларнинг хориждаги маблағ ва мулклари хорижий давлатларга топширилиб ижтимоий тенглик нормаларига мос келадиган қилиб қўйилгани ҳам билвосита маълум қилди.

Нутқи давомида қанчалик дадил ва бардам эканини исботлашга уринмасин, президент Каримов ўзини кутаётган оғир синовлар борасида чуқур хавотирда экани афт-ангоридан сезилиб турарди. Бир муддат унинг шижоатидан бугун 2013 йил якунлари ва 2014 йил режалари борасидаги матнни ҳам ўқиса керак деб ўйлаб қолдим.

Йўқ, вазият мен ўйлаганчалик ёмон эмас экан чоғи, у бугун учун ёзилган матн тугагач кейинги йил хисоботларини ҳам ўқиб кетавермасдан нутқини тўхтатди. Ким билади, балки у 2013 йил хисоботини ҳам ўқишни истаётгандир, аммо унга буни тақиқлаб қўйишган бўлишлари эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Кейинги хисоботларни ким ўқишини эса биргаликда кузатамиз.

Ўктам Худоёров, Тошкент, “Туронзамин” учун.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Tahlil. Bookmark the permalink.