Тарихий-замонавий роман

Жаҳонгир Муҳаммад: “ҚИЁМАТ КУНИ”

4.Мериланд штати. Эликот шаҳри

Саиджоннинг фиғони фалакда. Буни телефонни қулоғимдан узоқроқда тутиб турганимдан ҳам билиш мумкин. Лекин “ҳужумларим” оз-моз иш бермоқда. Фалакдаги фиғон баъзан “ерга тушиб” ҳам қолмоқда. Афсуски, кўпга эмас, доимийга эмас.

-Ака, Ўзбекистон ҳукумати тезлик билан  армиясини киритиб,  Қирғизистонда ҳокимиятни қўлга олиши керак. Бошқа йўли йўқ. Бўлмаса, Каримов бутун ўзбеклар олдида хоинлик қилган бўлади…

Хоинлик нима ўзи? Аҳдини, ваъдасини, қасамини бузмоқ. Баъзан фирибгарлик, муттаҳамликни ҳам хоинлик деймиз. Лекин асосий маъноси бу кишининг ўзи мансуб бўлган ижтимоий қатлам ёки халқи, ватани, дўстининг мафаатларига зид иш тутиши, душманлар билан ҳамкорлик қилиши, душман томонга ўтишидир. Саиджон ана шу маъносини назарда тутмоқда ва ҳақ.

У Ўзбекистон раҳбарининг дунёдаги бутун ўзбеклар олдида бурчи, масъулияти. аҳди бор деб ўйламоқда. Аммо Каримовга кўра, унинг бундай бурчи йўқ, Қирғизистондаги воқеалар бу уларнинг ички иши. У ўзини “Асосий Қонунда бундай бурчим йўқ” деб ҳам оқлаган бўлди.

Лекин ёзилмаган қонунларга кўра, унинг бурчи бор. Ёзилган қонунга риоя қилмаган одам ёзилмаган қонунларни неча пулга олади? Ўзини “сайлаган” халқ олдида масъулиятини ҳис этмаган кишидан сайловлар доирасидан четдагилар учун ғамхўрлик кутиш мумкин-ми? Унинг учун хоинлик меъёрлари бошқа.

Шу пайт ёдимга Каримовнинг Мирсаидов ҳақида “Хоинлик қилди!”, “Хоинлик қилди” дея столга муштлагани келди. Ўшанда Каримов худди ичида вулқон қайнаётган, вужудидаги тоғ ёнаётган каби қизариб борарди. Бундай пайтда “у ҳозир портлаб кетади”, деб ўйлайсиз. Лекин у портлаш ўрнига янада қизариб-бўзариб кетаверади. Энди у “хоинлик қилди” деган одам ҳақида ўйлай бошлайсиз. Хаёлингизга “Буни шу куйга солган, шу қадар ўрлатган одам ҳақиқатдан ҳам катта хоинлик қилган бўлса керак, бўлмаса у юрагини ҳовучлаб қолгудек даражада тўлғанардими?”,  деган фикр ўрнаша бошлайди.

Лекин илон катта ўлжани ютаётганини кўрганмисиз? Унинг оғзи шунчалар каттара бошлайдики, сизни қўрқув босади. Ўзингизни илоннинг оғзида ҳис этасиз. Этингиз жунжикиб кетади. Сўнг илон терисидаги ҳар бир зарра бўзрайиб, шиша бошлайди. Энди сизни бошқа ҳис чўлғайди. Ҳозир нафаси қайтиб, ўлиб қолади, деб ўйлайсиз. Йўқ. У зўриқиб-зўриқиб ўлжани ютади. Кейин жуда қийинчилк билан ўлжани пастроққа туширади. Шундан кейин дарахтга ўралиб,  ўлжани эза бошлайди. Туғаётган аёлдан ҳам баттар қийналмоқда-я,  деб энди илонга раҳмингиз кела бошлайди.

Каримов ҳам сизни ана  шундай ҳар турли ҳислар қўйнига ташлайди.

Буларни шу дамда Саиджонга тушунтириш зарурмикан? Аввал унинг армия ҳақидаги саволига жавоб беришга уринай-чи?!

-Сиз Ўзбекистоннинг кучли армияси бор деб ўйлаяпсизми? Бор бўлганда ҳам, кучли бўлганда ҳам ҳеч нарса қила олмайди. Мана, АҚШ Ироққа босиб кирди, кейин Афғонистонга. Қарийб ўн йил бўлди. Лекин ботқоқдан чиқа олмаяти. Дунёнинг энг қудратли армиясига эга бўлган мамлакат дунёнинг энг қолоқ ўлкаларида ҳафтасига бир неча миллиард доллар сарфлаб ҳам тинчлик ўрната олмаяти. Ўзбекистон Қирғизистонга армия киритса, ана унда бутун ўзбекларни қириб ташлаш учун йўл очилади. Қирғизлар партизан урушини бошлайдилар. Уларни бутун дунё бўлмаса ҳам, ярми қўллайди. Чунки Ўзбекистон босқинчи номини олади. Бу уруш Ироқ ва Афғонистондаги каби ўн йилга чўзилмайди. Жуда тезликда Тошкент қўлдан кетади. Чунки халқ Каримов ҳукумати ва Каримов армияси учун жонини тикмайди. Ҳар ким ҳар томонга қочади. Бу даҳшатли хато бўлади.

-Сиз хато ўйлаяпсиз, ака! Ўзбек халқи Каримов учун эмас, ўзининг ўзбек қардоши учун оёққа туради, жонини тикади?

Бу қип-қизил гап. Саиджон у пайтларда ёш бола бўлган, билмайди, шўролар “Совет халқи” деган бир миллат ташкил қилиш мафкурасини ишлаб чиққанди. Лекин СССР қулаб кетиб, бу мафкура ҳам ғаладонларга тушди. Мустақиллик тасодифидан кейин Марказий Осиё “лидер”лари уни ғаладонлардан чиқариб, ўзларига мослаб олдилар.

Ўзбекистонда бунга “ўзбекчилик” деб ном берилди. Қирғизистонда “қирғизчилик” Қозоғистонда “қозоқчилик”…

Ўзбекистонда “Ўзбек” деган янги бир миллат яратилди. Бу урус, ўзбек, тожик, армани, хуллас, мамлакатда қайси халқ яшаса ана шуларнинг умумий номи бўлди. Яъни “Ўзбек” деган сўз “ўзбекистонлик” деган маънога эга бўлди.

Ҳатто тарих ҳам ўзбекистонлаштирилди. Тарихда “Ўзбекни ўлдиринг” деган ҳукмдорларга ҳам “ўзбек” номи берилди. Ўзини “туркий” ёки “форсий” деб атаган олимларга ҳам “ўзбекистонлик” номи берилди. Бу мафкура 20 йил давомида халқнинг онгига сингдирилди. Шу “ошни еб” янги бир авлод етишиб чиқди. Буларни Саиджонга тушунтириш қийин. Шу дамда у олов ичида қолган. Ёнмоқда. Уни чиқариб олишим керак.

-Ака, бугун фалсафа суқмайлик орага. Каримовнинг халқаро инсон ҳуқуқлари бўйича ҳам бурчи бор-ку!-Саиджоннинг бу гапи анча ҳовуридан тушган одамнинг гапидек эшитилди менда.

Лекин уни қутқазишга уринаётган менинг ҳам асабларим ўйнаб кетди. Яъни ўт ўчираман деган одам қўлидаги челакни отиб юборгани каби.

-Сиз қайси ва қандай ҳуқуқ ҳақида гапиряпсиз, Саиджон?  Бугунга қадар халқаро инсон ҳуқуқлари ҳақидаги талаблар қаерда ва қандай бажарилдики, энди бажарилсин? Лекин дунёдаги бирор бир ҳужжат бирор бир мамлакатга якка тартибда бошқа ўлкага қўшин киритишга изн бермайди, буни билиб туриб, мени саволга тутасиз-а?

Энди гапнинг бу ёғини эшитиб туринг, мен фаласафа суқмаяпман. Ўзим билган нарсаларни гапиряпман. Ўтган шу 20 йил давомида Ўзбекистон учун ташқарида яшаган ўзбеклар бегонага айландилар. Улар Каримов режими учун “биздан эмас” бўлиб қолдилар. Мактабларига китоб олмадилар. Чунки ўзбекча китобларда Каримов мақталади. Улар яшаган ҳукуматлар эса ўзларининг раҳбарлари мақталишини истардилар. Ҳатто тўйларига, дафн маросимларига виза билан бориб келадиган бўлдилар. У ҳам агар шу визани вақтида ололсалар. Чегараларда ўзбек аскари қирғиз, деб неча ўзбекни оёғидан отгани ёки қамаб қўйганини эшитиб келдик.

-Ака, булар майда чуйдалар, ҳозир халқни қутқазиш керак. Сиз бўлсангиз марксизм-ленинизмдам маъруза қилмоқдасиз… У эски даврлар ўтган, бугун бошқа даврда яшаяпмиз!

Демак, иккаламиз ҳам қизиша бошладик. Балки мақсадимга қисман бўлсада эришаётгандирман? Уни бошқа йўлдан олиб, бошқа йўлга бошламоқчи эдим-ми? Мана баҳс бошланди. Баҳсдаги ҳужум кишидаги ишончсизлик, умидсизлик ва руҳий тушкунликни, аҳмоқона йўлларга бош уриш ҳиссини тор-мор қилади.

-Демак, яна жаҳлингиз чиқа бошлади, Саиджон! Бу яхши. Лекин ҳали марксизм-ленинизмга етиб келмадик. Чидаб турасиз. Сиз айтган каби Ўзбекистон Ўшни босиб олди ҳам дейлик. Ўшнинг қарийб ярим аҳолиси бўлган қирғизлар қаршилик қилмай “олинг шу сизники” деб Бишкекка қочиб ҳам кетди, дейлик. Шу Ўшдаги ўзбеклар Ўзбекистон бошқаруви остида неча кун яшай оладилар, деб ўйлайсиз? Йигирма йилдир эркинлик шароитида яшаган халқ битта одамнинг зулмига чидай оладими? Бошқача айтганда, ёппасига ўзини занжирлаб бера оладими? Озодлик билан ўлим тўқнаш келиб қолмайдими? Бир ойга етмай улар намойишларга чиқмайдиларми? Ўшанда нима бўлади? Шу Ўшни босиб олган аскарларга энди у ердаги халқни Андижондаги каби қириб ташлаш буюрилмайди деб ким кафолат беради?

-Ундай бўлса, учинчи йўлни айтинг? Нима қилиш керак? Қандай қилиб у қатлиомни тўхтатиш керак?

-Сиз ва биз хориждамиз. Қўлимиздан келадиган иккита иш бор. Биринчиси, тинимсиз намойишлар ташкил қилиб, дунёни оёққа турғазиш. Иккинчиси, ҳозирданоқ  азият чекканларга иқтисодий ёрдам бошлаш.

-Мен сизга ўлаётганларни қутқазиш керак, десам, сиз менга нима деяпсиз?

У “Мен нима деяпману, тўнғизим нима деяпти”, деган иборани бошқачароқ қилиб айтди. Мени ҳақорат қилиб олгиси бор. Бундай пайтда индамай туришим керак. Аммо индамай туриш хислатидан бебаҳра қолганман. Шартта жавоб қилиб юбордим.

-Агар Каримовга “Армия кирит!”, деб талаб қўйсангиз, сандоқи сакнинг  акиллашича ҳам баҳолмайди. Яъни талабни бир тийинга ҳам олмайди. Чунки унинг армия киритса, ўзи ҳам йўқ бўлиб кетишини тушунадиган даражада ақли бор…

Саиджон жим бўлиб қолди. У мени ҳақорат қилганини тушунганимни сезди.  Мен  ҳисобни тенглаштириб қўйиб, давом этавердим׃

-Қолаверса, бўлаётган воқеалар унинг фойдасига ишлайди. Ўш деган доимий таҳлика марказидан қутулади ва Андижон воқеалари унутилади ҳамда инқилоб хавфи орадан кўтарилади. Шунинг учун кундага қўйилган бошни қутқазишни жаллоддан сўрашнинг фойдаси йўқ. Жаллодга таъсир қила оладиган қози ёки ҳукмдордан сўраш керак.

-Масалан..

-Масалан… сиз эрталаб БМТ биноси ёнига бориб, очлик эълон қилинг! Ўша ердан кетманг! Сув ҳам ичманг! Ўлиб қолсангиз ҳам нима қилибди, мақсад Ўшдагиларни қутқазиш эмас-ми?  Битта сизнинг ўлимингиз билан шов-шув кўтарилса ва уруш тўхтаса,  жонингизни баҳоси, қадри ана ўша!

Саиджон ҳавоси чиққан балондек бўлиб қолди׃

-Ўзим ҳам шундай деб ўйладим. Лекин Американи биласиз-ку…ишдан жавоб ололмадим. Бунинг устига олийгоҳда ёзги курсларни олмоқдаман. Пулини тўлаб қўйганман. Бормасам, кредитсиз қоламан..

-Ана кўрдингизми, ҳамманинг ҳам баҳонаси бор. Жумладан, Каримовнинг ҳам. Гапга қолганда катта гапирамиз, амалга келганда ҳаммамиз бошқаларни қўзғатишни истаймиз.

-Аммо баҳона деган гапингиз менга алам қилди, ака! Мени қўрқоқ деб ўйлаяпсизми? Шу пайтда қирғизнинг бешикдаги боласини ҳам чавақлаб ташлашим мумкин…

-Бу энди қўрқоқликнинг кулминацияси… Қирғизнинг бешикдаги ожизгина боласида нима айб?

-У ҳам катта бўлса ана улар каби ўзбекнинг уйига ўт қўяди, қизини зўрлайди… Керак бўлса чол-кампирларини ҳам чавақлайман!

-Бу ҳам қўрқоқлик! Бу қўрқоқ кишининг қотиллиги бўлади. Уларда нима айб?

-Улар қотилларни тарбиялаганлар!

-Агар сиз уларни чавақласангиз, демак унда ўз ота-онангиз ва ўз болангизни ҳам чавақлаш учун фатво берган бўласиз-ку!

-Нималар деяпсиз ўзи?

-Ўзингиз “Қирғизнинг чол-кампирлари қотилни тарбияладилар” дедингиз. Уларни чавақласангиз сиз ҳам қотил бўласиз ва сизни тарбиялаган ота-онангизга ҳам ҳукм ўқиган бўласиз. Улар ҳам қотилни тарбиялаган бўлиб чиқадилар ва сизнинг мантиғингиз бўйича кимдир уларни ҳам чавақлайман, дейди.

-Ака, тушиниб туриб менинг асабимга ўйнаяпсизми?  Менинг ҳаракатим қотиллик эмас, қасос бўлади.

-Қасос!  Қасос олиш адолатга, қонун идораларига берилган.

-Агар қотил уларнинг ўзи бўлишса-чи?

-Сиз шу пайтга қадар уларни ўлдираман, деб бир марта ҳам айтмадингиз. Сиз бешикдаги бола, чол кампирни гапирдингиз. Миршабу ҳарбийлардан сўз очиш хаёлингизга ҳам келмади..

-Керак бўлса уларни ҳам чавақлайман!

-Кесак билан танкнинг қаршисига чиқасиз-ми? Мушт билан милтиқни урасиз-ми?

-Уф! Айтинг бўлмаса, нима қилай ахир?

-Ўзингизни босиб олинг ва ақлни ишга солинг. Қўлингиздан аниқ келадиган нима иш бор? Шуни қилинг!

-Менинг қўлимдан келадиган иш билан у ердаги одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи йўқ!

-Иложи бор. Ҳамма ҳам сизга ўхшаб ҳовлиқмасдан қўлидан келган ишни қилса, одамларнинг ҳаётини сақаб қолиши мумкин. Масалан, мен ҳозирданоқ халқаро терговни талаб қилаяпман. Бундай талаб қилиш ҳамманинг қўлидан келади. Агар бугуннинг ўзида миллионлаб инсонлар шуни талаб қилсалар, халқаро ташкилотлар ҳам уларга қўшиладилар. Қатлиомнинг бошида турганлар дарҳол чўчиб қоладилар.

-Бўлмаса, мен Ўтинбоевани Халқаро судга бераман. Айтинг, ишни нимадан бошлайин!

-Бунинг учун Ўтинбоевани кўндиришингиз керак. У Халқаро суд ҳақидаги Рим битимига имзо отиши керак…

-Сизга нима десам, ўша фикримни ўлдиришга уринасиз. Бу ҳам қотиллик эмасми?

-Балки! Бегуноҳ инсонларнинг қотили бўлгунча, беҳуда гапларнинг қотили бўлган яхши. Лекин кечикаяпмиз. Бизнинг қўлимиздан келадиган ишлар бор. Дарҳол киришмасак, бугун бир соатда қилинадиган иш эртага ўн соатда ҳам битмайди. Тўғри йўлни танлай олмас эканмиз, қаердадир одамлар ўлаверади, уйлар ёнаверади…

МУХТАСАР МАЪЛУМОТ

Ўшлик ўзбеклардан хорижга чиқарилган телефон хатлари

SOSSOS
“Жон ака-ука биродарлар! Аҳволимиз оғир! Ҳеч бўлмаганда қурол-аслаҳа билан ёрдам беринглар! Кўчаларда отишмоқда! Уйларда қамалиб қолсак, уйларда отишмоқда, уй-пуй билан бирга қўшиб ёқиб юборишмоқда. Тириклайин ёнаётган миллатдошингиз ҳаққи бизга ёрдам беринг!”

“Бу қирғинди бошида Мудофаа вазири М. Исоқов ва маҳаллий ҳокимият идоралари раҳбарлари туришибди. Агар халқаро куч кирмаса тамом бўламиз.”

“Комендантлик соати баҳонасида ўзбеклар қирилмоқда. Жар солинглар дунёга!

“Қорабоғда уруш бўлганда дунё арманилари махсус баталион тузиб юборган экан ва шу зайл улар ғалаба қилган эканлар. Сизларда озгина ғурур бўлса, фуқаро кийимида бўлса ҳам ёрдамга келинг, пулингиз бўлса, қурол топилади. Бу ерда ҳақиқийй уриш кетмоқда. Қирилиб кетмоқдамиз.”

“Ўзбек қизларини навбатга қўйиб зўрлашмоқда. Мачитларга ўт қўйишмоқда. Уйлар кулга айланмоқда. Йигитлар қонга беланмоқда. Ҳарбий кийимдаги қирғизлар бизни ўлдирмоқда. Сиз нега қараб турибсиз? “

“Мана энди Бишкек ва бошқа томонлардан яна кириб келишмоқда. Ўзганда ҳам аҳвол чатоқ. Одамлар ҳатто майитларни кўмолмай қолдилар. ”

“Черёмушки, Мажнунтол, Мирзаолим, Фурқат, Калинин колхози, Ўш кучаси, Қорасув кўчаси, Калинин кўчаси, Қизил аскар, Бешкапа, Ёшлар, Масалиев кўчаси, Ленин кўчаси, Курманжон Датка кўчаси, Қирқ арик, Сталин, Наримон, Турон микрорайони -1 адр, 9 адр, Амур Темур микрорайони -10 адр ва бошқа ўнлаб кучалардаги уйлар ва объектлар, Чўлпон, Толстой, Ҳамза  номли ўзбек мактаблари ёниб кул бўлмоқда”.

(ДАВОМИ БОР)

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Qiyomat kuni. Bookmark the permalink.