“Туронзамин” почтасидан

Ўзбек матбуотининг долзарб мавзулари

Минг дардга даво

Янги зеландиялик олимларнинг сўзларига кўра, асал, гул чанги, асалари заҳри ёрдамида қон томирларининг кенгайиши, псориаз, артроз ва остеохондроз каби турли хил касалликларни даволаш мумкин экан. Уларнинг айтишича, асал таркибидаги организм учун жуда зарур бўлган темир, йод, цинк, кобальт, марганец, фтор каби ўттизга яқин микроэлементлар уйқусизлик, ошқозон-ичак хасталиклари ва шамоллашни ҳам табиий йўл билан даволаш, жигарни тозалаш имконини беради.

Маълумотларга қараганда, микроэлементлар таркибига кўра асалнинг ўттиз фоизли эритмаси инсон қонидан тайёрланган плазма ўрнини ҳам боса олади. Боиси қон билан асалнинг кимёвий таркиби деярли бир хил. Шунинг учун ҳам асал парҳез таом ва шифобахшлик борасида тенгсиз ҳисобланади.

Янги музей

Германияда дунёда биринчи марта хотин-қизлар тарихига оид музей очилди. Бонн шаҳрида ташкил этилган мазкур янги музей “Хотин-қизлар тарихи уйи” номини олди. У дунё аёлларининг жамиятда қўлга киритган муваффақиятлари ҳақида ҳикоя қилади.

Ушбу музейда узоқ ўтмишдан ҳозирги даврга қадар хотин-қизларнинг жамият ва давлат қурилишида тутган ўрни ранг-баранг экспозицияларда акс эттирилган.

Узоқ умр кўрай десангиз, ичманг!

Франциялик олимлар мунтазам спиртли ичимлик ичадиган одамлар бу каби маҳсулотни жуда кам истеъмол қиладиган ва умуман ичмайдиган кишиларга нисбатан 14 йил аввал инсульт хасталигига чалиниши мумкин, демоқдалар.

Франциядаги Лилль университети ходимлари олиб борган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, 60 ёшдан кичик бўлган “ичувчилар” инсульт хуружига учраганидан кейинги икки йил ичида ҳаётдан кўз юмиши мумкин экан. Шифокорларнинг сўзларига кўра, спиртли ичимликларни кўп миқдорда ичиш оқибатида ёшлик чоғида ҳам инсультнинг оғир турига дучор бўлиш хавфи бор.

Чекиш кўзга зиён

Хитойлик олимлар тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш кўзга катаракта тушиши – кўз хиралашишига олиб келиши мумкин, деб таъкидламоқда. Узоқ вақт олиб борилган тадқиқот ишлари натижасида маълум бўлишича, чекувчиларда чекмайдиганларга нисбатан кўзнинг ушбу турдаги касаллигига чалиниш хавфи анча юқори.

Хитойнинг Чжэцзян университети қошидаги Офтальмология институти вакилларининг сўзларига кўра, катарактанинг ўз вақтида олди олинмаса, ёхуд тўғри даволанмаса, кўрликка сабаб бўлиши мумкин. Шу боис экспертлар чекишдан бутунлай фориғ бўлиш лозимлигини тавсия этмоқда.

Альберт Эйнштейннинг хати сотилди

Германиялик машҳур физик Альберт Эйнштейннинг диний мавзуга оид хати АҚШнинг “eBay” кимошди савдосида 3,1 миллион АҚШ долларига сотилди. Харидорнинг шахси сир тутилмоқда.

“eBay” вакилларининг айтишича, 1954 йил 3 январда ёзилган мазкур мактуб АҚШнинг Принстон университетида ишлаган немис файласуфи Эрик Гуткиндга жўнатилган. Эйнштейннинг ўлимидан бир йил аввал ёзилган, ўтган асрнинг энг шов-шувли ҳужжати бўлмиш ушбу хат олимнинг шахсий коллекциясида эллик йил сақланган.

Ўзбек матбуотида чиқиб турган бундай долзарб хабарлардан сизлар ҳам бенасиб қолманглар.

Ҳурмат билан Кўчирмачи.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.