Воқеалар ва тахминлар

ВАҚТ ЧАРХПАЛАГИ ВА СЎХ МОЖАРОСИ

Бугун Америкалик Марказий Осиё масалаларини ўрганаётган таниқли олимлардан бири билан гаплашиб қолдим. Каримовга ён босадиган, унинг сиёсатини тарғиб қиладиган “лоббист” сифатида кўриладиган бу олимнинг охирги кунларда бўлаётган ҳодисалар асосида чиқарган хулосалари кишини чуқур ўйга толдиради.

Бу олимга кўра Сўх можароси Марказий Осиё тарихида янги саҳифа очганини ҳали ҳамма идрок этиб улгурмаганмиш.

Оқсаройдаги сиёсатчилардан фарқли ўлароқ Оқ уйдаги сиёсатчилар ўз фаолиятларида юз бераётган ноодатий ҳодисалар ҳақида мутахасислар билан фикр алмашиб туришади. Шундай ҳодисалардан бирини юқорида келтирилган олимга АҚШнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Жозеф Пресел сўзлаб берган экан.

Пресел элчи қилиб тайинлан йилларда АҚШ билан яқинлашиш имкониятларини қидираётган Каримов баъзан Преселни кечки овқатга таклиф қилиб турган. Учрашувлар чоғида Каримов давомли АҚШ ҳукуматига бўлган ҳурматини изҳор қилиб АҚШнинг дунёда тутган ўрнини узоқ эътироф этади.

Ўзаро самимият исботи сифатида истеъмол қилишадигани рус ароғи таъсирида икковларининг ҳам кайфлари чоғ бўлгач бир сафар Каримов ўзининг Марказий Осиё лидерлари орасида тутган ўрни борасида мақтана бошлайди.

Гап шунга бориб етадики Каримов телефонни олиб Қирғизистоннинг ўша пайтдаги президенти Асқар Акаев билан улашларини сўрайди. Бир зумда гўшакнинг нариги тарафида пайдо бўлган ширакайф Ақаевни Каримов салом-алик ҳам қилмасдан бесабаб ҳақоратлай бошлайди. Бирор жиддий муаммо чиқиб бехабар қолгандек ноқулай ахволга тушган Ақаевнинг кайфи тарқаб, нима дейишни билмай гўлдираркан Каримов беш дақиқа давомида уни бетиним ҳақоратлаш ва таҳдид қилишдан тўхтамайди.

Кейин гўшакни жойига қўйиб хандон отиб кулади ва Преселга қарата “У ҳозир бутун Қирғизистонни оёққа турғазади ва ҳаммалари эрталабгача мижжа қоқолмай чиқишади” дейди.

Табиийки Пресел бу ҳақда Ташқи Ишлар Идорасига ёзма баёнот бериб Каримовни жиддий олмаслик кераклигини билдиради ва уни “минтақада интеграцион жараёнлар ва ҳамкорликнинг кушандаси” сифатида тарифлайди.

Бу воқеанинг Сўх можароси билан нима алоқаси бор экан деб ўйланиб қолдим. Лекин олимнинг айтишича бугун Каримов бутун Қирғизистон эмас бор йўғи чегара районлардаги Қирғизистон аҳолиси Ўзбекистон олиб бораётган чегара сиёсатига қарши оёққа туришидан ҳам жуда қўрқади.

Сўх муаммоси юзага келган дастлабки кунда Фарғона вилояти ҳокимига телефон қилган Каримов қирғиз чегарачилари бошлаган бир томонлама чегарани белгилаш амалиётига оддий Сўхликларни жалб қилган холда қаршилик кўрсатишни ташкил этиш вазифасини топширади. Фарғона вилояти хокими Каримов топширган вазифани амалга оширишда Сўх тумани ҳокимини назорат қилиб туради. Можаро тугаб етқазилган зарарни қоплаш масаласи кун тартибига келгач  доимгидек Каримов вилоят ҳокимига, вилоят ҳокими Сўх туман ҳокимига “Ўзларинг муаммо чиқармасдан ҳал қилинглар” деган топшириқ беради.

Натижада чегара муаммосини сиёсий даражада ҳал қилишга қодир бўлмаган Оқсарой томонидан фойдаланилган халқ энди товон пулларини тўлашга ҳам мажбур қилинмоқда.

Оқсаройнинг қалин деворлари ичида беркиниб олган Каримов бўлса на Сўх можаросини сиёсий ёки ҳарбий йўл билан ҳал қила олади, нада ўн кундан бери бу борада бир оғиз лом-мим дея олади.

Вақт одил ҳакамдир, у ҳамма нарсани жой-жойига қўйиб қўяди, шу жумладан диктаторларни ҳам. Ўша олимнинг айтишига қараганда бугун Каримов ҳеч қандай телефонларга жавоб бермаётганмиш, чунки Бишкекда Роберт Блейк билан отамлашаётган Алмазбек Атамбаев телефон қилиб қолса унинг таҳдидларини кўтаролмай қон босими ошиб ўзига бирор кор-ҳол бўлиб қолишидан қўрқаётганмиш.

Р.Н.

АҚШда таҳсил олаётган ўзбек талабаси.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.