КРИМИНАЛ — ФОЖИАВИЙ ҲИКОЯ

Дилмурод САЙЙИД׃ МУҲАББАТНИНГ МУНГЛИ ҚИССАСИ

«Ҳақиқат кутиб тураверади, чунки у қаримайди, доимо навқирон; эҳтимол, уни таниб ҳам қолишар!» Ж.ГЮГО

СУД ҳукми ўқилди. Шоҳрух тамоман тилдан қолганди. «Наҳотки? Қайси гуноҳим учун бу шафқатсиз ва ноҳақ айблов, қаттолона ҳукм? Энди мени отишади… Наргизага етти йил! Нима учун?..»

Шоҳруҳ қўлига урилган кишаннинг силтанишидан ўзига келди. Судьяга қаради. Гарчи ҳеч қандай хавф бўлмаса-да, судьяни уч нафар милиционер ўраб турар, икки нафар соқчи қафас эшигини очгач, Шоҳруҳнинг орқага кишанланган қўлларини юқорига тортиб, қаддини икки буклагудек ҳолда суд залидан гўё югуртириб олиб чиқиб кетди. Шу чиққанча «Тигрятник»ка эмас, тўғри зек-машина — «Воронок»ка тиқишди. «Воронок»нинг ҳам «Одиночка» дейилувчи тор, темир бўлмасига, кишанланган кўйи қамаб, огоҳ товушни чинқиртирганча қамоқхона томон елиб кетдилар.

Шоҳруҳни суд залидан зек-машина томон олиб бораётганларида йўлакда ҳассага таяниб, бир бурда ҳолда ғарибона турган ОНАсига кўзи тушган эди. Сониянинг ўндан бир улушига тенг лаҳзадаги шу нигоҳ ОНА сиймосини ўғилнинг кўзларига муҳрлаб қўйгандек бўлди.

«Онагинам, оҳ, менинг муштипар ОНАгинам! Бу ҳукм — ноҳақ жазо менинг жиноят содир этганим учун эмас, балки камбағаллигимиз учун берилди. Агар… агар терговчи сўраган пул-порани бера олишга қурбимиз етганида, менга қотил деган айблов эмас, балки… нари борса, беш йил озодликдан маҳрум этувчи енгилроқ модда қўйилар эди. Ўз тилию ҳаракатини жиловлай олмаган бир ифлосдан ноҳақ ҳақорат эшитган бўлғуси келинингиз Наргиза ҳам етти йилга қамалмас эди, онагинам!» — деган ўй кечди Шоҳруҳнинг хаёлидан. Кейин ҳукм ўқилаётганида ҳимоя учун атрофига милиционерларни соқчи қилиб олган пингвиннусха судьяни эслаб, тишларини ғижирлатди: «Жон шунчалар ширин сенга, лекин ўзгалар умри ва тақдирига буткул лоқайдсан!»

Машинанинг силтаниб тўхташи Шоҳруҳнинг хаёлини бўлиб юборди. Машина ёнида қамоқхона соқчибошиси билан милиционернинг таниш овози эшитилди:

— Тўппончани топширинг. Анча барвақт қайтибсизми?

— Биттасига отув беришганди, шунга…

Қамоқхонанинг қабул қилиш жойидаги расмиятчилик тугаши билан Шоҳруҳни тинтув хонасига киритиб, эшикни ёпишди. Сўнг қип-яланғоч ечинтириб, ўлимга маҳкумларнинг махсус кийимини кийдирдилар. Битта тўшакни юмалоқлаб қучоғига тиқишди ва қўлига кишан уриб, тезлик билан ерости йўлаги томони тортиб кетишди.

Оғир темир эшик, ундан сўнг темир панжарали тўсиқ, очилиб, Шоҳруҳ «ўлимга ҳукм этилганлар камераси»га киритилди. Асли икки нафар маҳкумга мўлжалланган камерида у учинчи маҳкум эди. Камера узунлиги каравот бўйи бўлиб, каравотлардан бири бетонга қотирилган, иккинчиси кўтарма тарзда. Кўтарма каравот остида ҳожат жойи бор. Шоҳруҳ икки каравот оралиғида тик туриб қолди…

* * * «Ўзига яқин аёлни қизғанишни билмаган эр-йигит даюсдир!» Ҳадис.

Шоҳруҳ билан Наргиза мактаб чоғи — 16 ёшидан бери кўнгил яқин сирдош. Қарийб тўрт йиллик ошиқона самимият уларни бир умрга боғлаб қўйгандек.

Шоҳруҳнинг касалманд, ногирон онасидан бўлак суянчиғи ҳам, дардкаши ҳам йўқ. Наргиза йигит ҳақида ҳамма нарсани билади. Чунки йигитнинг одамлар кўзидан яширадиган сири ҳам, бойлиги ҳам йўқ. Унинг дунёдаги ягона сири — Наргиза, бебаҳо давлати — онаси! Наргиза уни қалбан тушунади, негаки ўзи ҳам оддий оилада, эл қатори ўсган…

Шоҳруҳнинг онаси шифохонада эди. Ўша куни кеч соат еттилар чамаси онанинг ҳолидан хабар олиб қайтишаётганди. Шаррос ёмғир ёғиб қолди. Яқинроқдаги дўконча панасига ўтдилар. Аввалига эътибор қилишмаган экан, дўконча ичида икки йигит ичкиликбозлик қилиб ўтирарди. Улардан бири — полвонкелбатлиси Наргизага кўз қисди. Қиз сўз демай ижирғанганича орқа ўгирди. Кайфи баланд йигит аввал қийқирди, сўнг гап қотди:

— Ўв-в попоч, нега орқайиззи ўгирасиз, бизга олдингиз ҳам бўлаверади.

Ичкиликбоз йигитлар қийқирганча қўл ташлашишди. Шоҳруҳ ток ургандек титранди:

— Кимга гапиряпсан? — деди жаҳл аралаш.

Улфатлар яна қийқиришди. Жуссаси кичикроғи жавоб қайтарган бўлди:

— Қўрқма, сенга эмас, сен попочмассан-ку!

Шоҳруҳ шаҳд билан дўконча эшигини очиб, ичкарига кирди. Муштлашув бошланди. Полвонкелбатли Шоҳруҳни урмоқчи бўлиб олдинга ташланганида, мастлиги боис мувозанатини йўқотиб, мункиб кетди. Дўконча бурчагида турган Қиштин электр плитка — иситгичга боши билан тушди. Аксига олиб жиртаки шеригининг зарб билан отган шишаси мук тушиб ётган йигитнинг орқа миясига келиб тегди…

Терговда эса… Шоҳруҳ марҳумнинг бошига электр иситгич билан урган, шишани эса Наргиза отган бўлиб чиқди. Буларнинг барчасига Шоҳруҳнинг дўкончага бостириб кирганлиги асос қилиб олинди. Қолган кўрсатмалар детектив асарлардагидек тергов «ижодхонаси»да яратилди… Бу яратувчиликнинг «илҳомчиси» — марҳумнинг отаси, аниқроғи, Россиядан мол келтириб, бойлик тўплаган отанинг пуллари бўлди. Отанинг шиори ҳам, талаби ҳам қатъий эди: «Менинг ўғлимни ўлдирган ҳам ўлиши керак!»

«Эҳсон қилинган» оқ тулпор — ВАЗ 21063 ота талабини рўёбга чиқарди.

— «09»га кучинг етса, 10 йил оласан, — деганди терговчи Шоҳруҳга. — Қизинг шартлига кетади. Агар «31»га кучинг етса, қизинг гувоҳ бўлиб, гувоҳлик бераётган йигит Наргизанинг ўрнига ўтади. Сен эса кўпи билан беш йилга қамаласан. Агар белинг бўш, чўнтак қуруқ бўлса, «зелёнка» нақд сенга!

Шоҳруҳ руҳан синган, ҳатто, адвокати ёзиб берган шикоят натижасига ҳам ишонмас, «ўлимга маҳкумлар камераси»да жимгина, умрига сўнгги нуқта бўлувчи ўқни кутиб ўтирар-ди. Унинг бу кунларини ТИРИКЛИК ва АЖАЛ оралиғидаги мавҳум иқлимга қиёслаш мумкин…

Орадан 167 кун ўтди. Шу кунлар ичида Шоҳруҳ 167 марта ўлиб, яна шунча марта тирилди. Бу давр ичида уни камида ўн беш бора камерадан камерага кўчирдилар. Лекин 168-кунга ўтар кечаси негадир тиниқиб ухлади. Туш ҳам кўрди. Тушида уни дор остига олиб бордилар. Сўнгги тилагини сўрашди кўзларини боғлашдан аввал. Шоҳруҳ дор остидаги курсига чиқиб, атрофга аланглади. Ўзидан эллик қадамча нарида турган темир қафасга кўзи тушди. Қафас ичида қўллари боғлиқ Наргиза ўтирарди. Йигит бирдан дадиллашди:

— Наргизанинг қўлларини ечиб, қафасдан чиқариб юборинглар. Бу — менинг сўнгги тилагим!

Узун қора либос кийган одамлар мунозарага киришдилар. Узоқ тортишишди. Ниҳоят, ўртада — тахтсимон курсида ўтиргани Шоҳруҳга қаради:

— Бу тилагингни бажаришнинг ҳозирча иложи йўқ! — деди салмоқлаб. — Аммо бизда шундай таклиф бор. Яъни севгилингнинг қўлларини ечамиз, бироқ қафасдан чиқармаймиз. Яна битта қафас келтириб, унинг рўбарўсига қўямиз ва сени осмай, шу қафасга қамаймиз!

Шоҳруҳ эътирозга чоғланган эди, ундан олдин Наргиза гапирди:

— Рози бўлинг, рози бўлинг, Шоҳруҳ!

— Наргизам, сенинг қафасдан чиқишингни истайман! — деди Шоҳруҳ дадил.

— Йўқ, агар мен қафасдан чиқсам, сизни осишади, бунинг менга кераги йўқ! Ундан кўра, мен қафасда қолай, сизнинг ҳам умрингиз узайсин!

Электр қулфнинг қисқа огоҳтовуши, сўнг калитнинг «қатир-қутур» овозидан маҳкумлар сапчиб туришди. Эшик очилиб, панжара ортида назоратчининг бўйи кўринди:

— Илжанов!

Шоҳруҳнинг аъзои бадани музлаб, оёқларида жон қолмади.

— Илжанов! — ўшқирди назоратчи.

— Шоҳруҳ Иминжанович, 1977 йили туғилганман. Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми, 25-164-моддаси 3- қисми, 277-моддаси 2-қисми, 105-моддаси 1-қисми билан ўлимга ҳукм қилинганман.

— Чиқ буёққа! Деворга ўгирил! Қўл орқага!

Кишан урилгач, Шоҳруҳни йўлак бўйлаб бошлаб кетишди. Йигитнинг фикрлаш қобилияти чекланиб қолгандек, фақат тили бир жумлани тўхтовсиз такрорлар эди: «Ло илаҳа иллаллоҳу Муҳаммад ар-расулуллоҳ!» * * *

ШОҲРУҲни кенг саҳнга тик турғазиб қўйиб, суд ажримнинг якуний қисмини ўқиб беришди! «…Олий жазо — ўлим жазоси 20 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси билан алмаштирилсин. Жазонинг 5 (беш) йили ёпиқ тартибдаги, қолган қисми қаттиқ тартибдаги колонияларда ўтаттирилсин…»

Шоҳруҳ ўзига келиб олгунича назоратчилардан бири юмалоқланиб, белидан боғланган бўхчани унинг олдига ташлади. Бу- Шоҳруҳнинг ўз кийимлари эди. Яна аллаким қандайдир қоғозга қўл қўй-дириб, ажримдан кўчирмани берди. Ўнг қўлидаги резина гавронни чап қўли кафтига уриб турган назо-ратчи уни қарама-қарши томондаги бинога бошлаб кетди.

Янги камерадошлар Шоҳруҳни тўрдаги «тапчан»га ўтқазишди. Дарҳол ширинлик, сигарет ва «че-фир» дейилувчи аччиқ чой келтирилди. Шоҳруҳнинг (қамалганлар тилида) «зиндон» деб аталувчи ўлимга маҳкумлар камерисидан кўтарилганлигини эшитиб, камера ичи жим-жит бўлиб қолди. Ҳар бири соатга тенг сонияларда ЎЛИМ сўзининг залвори маҳкумлар тилини боғлаб ташлагандек эди гўё!..

— Братишка, сув исит, — деди ўзини «хатник» деб танитган озғин йигит камера эшиги олдида қоп-симон ўриндиқда ўтирган сепкиллик маҳкумга. Кейин нариги «тапчан»га қараб: — Ара, қопингни оч, мадепалан, совун, сочиқ бер! — деб буюрди. Сўнг кичкина жуссали малла йигитга ўгирилди: — сен, Малиш, кечаги адидасни чиқар!

Шоҳруҳ атрофи клеёнка ва адёл билан тўсилган ҳожатхона ҳамда қўл ювиш жойи бўлган бўлмага кириб, ювиниб чиқди. Армани йигит узатган ич кийим, Малиш берган спорт кийимини кийди. Қайтадан даврага келиб ўтирди. Дастурхонда сариёғ, қуюлтирилган сут, ёпилган нон, ширинликлар тартиб билан терилган. «Хатник» бир қутича КЕНТ сигаретини узатди:

— Бу сенга именной, Шаҳ!

Армани йигит чақмоқтош тутди:

— Бу ёндиргалка ҳам!

Шоҳруҳ тенги бўлган Малиш сутчой узатди:

— Сарёғ солиб ич, жўра, сенга керак…

Кечга яқин камера эшиги очилиб, спорт кийимидаги икки йигит кириб келди. Бирининг қўлида чоғроқ сувқоғоз халта. Камерадаги маҳкумлар ҳурмат юзасидан ўринларидан туришди. Меҳмонлар умумий саломлашиб, тўрдаги «тапчан»га ўтдилар. Маҳкумларга хос қисқача саломлашув ва ҳол сўрашишдан сўнг меҳмонлардан бири «Хатник»ка қаради. «Хатник» дарҳол тушунди:

— Шаҳни бугун кўтаришди «зиндон»дан, как надо кутиб олдик, — деди Шоҳруҳнинг елкасига енгилгина қўл ташлаб, Кейин Шоҳруҳга гапирди: — Шаҳ, булар братва, бу Қудрат овулнинг ответида, буниси Жасур — продолга қарайди.

— Братухадан салом, судга қатнаётгани учун бугун тушолмади, а так шанба куни гаплашасизлар. Тўғри тушун, Шаҳ оғайни, зиндон қалай, нима етишмовчилик бор?

Шоҳруҳ қисқа, лўнда жавоб қилди. Бир пиёладан чой ичилгач, меҳмонлар қўзғалишди. Туриш олдидан Жасур ўзи билан олиб кирган целлофан халтани очди. Чой, сигарет, ширинликлар олиб, дастурхон четига қўйди.

— Бу мужикларга Братвадан, — деди Қудрат.

Кейин тушёнка, пишлоқ, патир нон, майиз, ёнғоқ ва икки қутича «L&M» сигарети қўйилди.

— Бу сенга, Шаҳ, именной. Мана бунда мадепалан, тапочка и майда-чуйда бор. Бу ҳам сенга, — деди Жасур газетга ўроғлиқ нарсани узатиб.

— А так, жим бўлма, камчилик бўлса, сразу айт. Сизлар ҳам, мужики, так же, — деди Қудрат чиқиш олдидан…

Камерадошлари Шоҳруҳга алоҳида эътибор беришди. Судгача ўтган қарийб уч ой — 88 кун, «зин-дон»даги 167 кун, жами 255 кунлик асабий босим вужудини тарк этгандек бўлди.

«Энди ўлмайман, энди яшайман! — хаёлидан ўтказди Шоҳруҳ, — Наргиза… ҳозир нима қиляпти экан?»

Шоҳруҳ ўрнидан турди.

— Уйқу келмаяптими? — қизиқди «хатник».

Шоҳруҳ унинг рўбарўсига ўтирди.

— Гап бор, Марат, — деди «хатник»ка.

Марат кулимсиради:

— Тушуниб турибман, Шаҳ, монастирга ксево жўнатмоқчисан!

Шоҳруҳ чиндан ҳам аёллар корпусига Наргизага хат ёзмоқчи эди.

— Сен ёзиб қўйгин, етказиш бизнинг иш!

Шоҳруҳ хат ёзишга киришди…

Икки кун ўтиб, адвокат келди. Рости, йигит сира кутмаган эди.

— Шоҳруҳ, — деди адвокат вазмин оҳангда, — сени нотўғри судлашди, Наргизани ноҳақ қама-дилар. Ёзамиз, укам, тепада адолат бор. Керак бўлса, БМТгача ёзамиз. Қайта суд қилишлари шарт.

Шоҳруҳ бошини қуйи солганича индамай ўтирарди. Буни ўзича тушунган адвокат гапида давом этди:

— Менга хизмат ҳақи керак эмас. Зарур бўлса, ўз ёнимдан харажат қиламан. Менга сенинг рози-лигинг керак.

Адвокат чарм папкасидан машинкаланган қоғозларни олиб, ўртадаги столга қўйди:

— Ўқиб чиқ, Шоҳруҳ, кейин имзо қўясан.

Йигит биринчи варақнинг ўзига анча тикилиб тургач, сўнгги варақдаги ўз фамилияси ёнига имзо чекди. Кейин адвокатга қаради:

— Акбар ака, агар иложи бўлса… онамларни олиб келинг учрашувга, — Шоҳруҳнинг овози титраб, кўзидан ёш сизди. Адвокат маъқул ишорасини билдирди.

* * * «Эй насиҳатгўй, нетай ёрсиз жонимни мен!» Ҳусайн БОЙҚАРО.

Адвокат бўш келмади, сўзида турди. Икки ой ўтиб, ажрим бекор қилинди. Иш қайта кўрилиш учун вилоят судига юборилди. Гарчи адолат тўла-тўкис қарор топмаса-да… Наргиза суд залидан озодликка чиқарилди. Шоҳруҳга қўйилган айбловлар аввалига қайта малакалантирилди, охир-оқибат барибир «қасддан одам ўлдириш» — ЖК 97-модда 2-қисми бир неча банди билан айбдор деб топилиб, 15 йилга озодликдан маҳрум этилди. Шунинг уч йили ёпиқ тартибдаги колонияда ўтаттириладиган бўлди.

Наргиза темир қафас панжарасини маҳкам ушлаганича, кўзларидан ёш қуюлиб, сўзсиз туриб қолди.

Суд ҳукмидан кейин уч кун ўтиб, Шоҳруҳ учрашувга чақирилди. Одмигина кийинган Наргиза йигитнинг онаси билан келганди.

— Ойимлардан хавотир олманг. Мен ўзим сиз келгунингизча ёнларида бўламан, — деди қиз ҳам жилмайиб, ҳам кўзларига ёш тўлиб.

Ярим соатга етиб-етмай тугаган «икки соатлик» деб аталувчи, телефон орқали гаплашилиб, ойна ортидан кўриладиган учрашувдан сўнг Шоҳруҳ жуда енгил тортди: «Энг муҳими, Наргиза озодликда! Ўн беш йил — қоғозга ёзилган гап!..»

— Шаҳ, сенга гапиряпман, Шаҳ, — деди камерадошларидан бири.

— Тинчликми?

— Абдулов деган битта твар судья бўлар эди, эшитганмисан? Пингвинга ўхшаган, бўйни йўқ, қўллари калта-калта.

Шоҳруҳнинг кўз олдидан милиционерлар билан ўзини ҳимоялаб, ўлим ҳукмини ўқиган судья ўтди.

— Эшитганман ҳам, кўрганман ҳам, нима эди?

— Кўпларни қақшатган порахўр, шакал. Менга ҳам тўққиз йилни ўша берганди низачто. Ўзи ҳам илинибди думидан, поскуда!

Шоҳруҳ қизиқиб қолди.

— Сен учрашувга чиқиб кетганингда, братвадан хабар келди. Пора билан тушибди шакал. Бунақа тварлар ўзи бошқа нарса билан тушмайди!

Гапга бошқалар аралашди. Кимдир:

— Эй, барибир қутилиб кетади. Шунча йил йиққанининг ўндан ё бешдан бирини ўзига ўхшаган битта ҳаромхўр лапочникка ташлайди, вассалом! Сену менга, Шаҳга ўхшаган камбағаллар арзимаган нарсага 8-15 йилга кетадиган, — деди.

Шоҳруҳ гап эгасига ўқрайиб қаради. Кейин:

— Нима, ўшанақалар билан ишлашганмисан, жуда ишонч билан гапиряпсан? — деб савол ташлади.

Бошқаларга эрмак топилди…

Икки ҳафта ўтиб, Шоҳруҳни ёпиқ тартибдаги муассасага жўнатишди. Чамаси уч ойдан кейин порахўр судья Абдуловга 12 йил жазо тайинланганини эшитди. Худди бу муддатни Шоҳруҳга белгиланган 15 йилдан кесиб, Абдуловга беришгандек ҳис этди ўзини…

Ойлаб зах-бетон камераларда ўтириш, айниқса, отувга ҳукм қилингандаги қаттиқ сиқишлар, маҳкумликнинг очин-тўқин ҳаёти ўз ишини қилди — Шоҳруҳ ўпка силига йўлиқди. Бу вақтда у эндигина қаттиқ тартибдаги очиқ колония — зонага ўтказилганди. Қоидага кўра, йилда икки марта маҳкумлар рентгендан ўтказилар эди. Ўндан ортиқ маҳкум қатори Шоҳруҳ ҳам «Сангород» деб аталувчи маҳбуслар шифохонасига жўнатилди.

— Илжанов, — деди лейтенант кийимидаги врач, — анави турганлар ёнига бор. Ҳозир МОПга ўтиб, рентгенгга тушасан.

Муассасанинг сил касалликларидан бошқа ҳудуди шундай аталар, у ерда нисбатан енгил бемор маҳкумлар даволанар эди.

Рентгендан қайтаётиб, ўтиш йўлагида қандайдир капитан билан гаплашиб турган жуда таниш башарага кўзи тушди. Ўз корпусига кираётганида эслади: «судья Абдулов-ку!»

Маҳкумлар либоси ва «чепчик» дейилувчи бош кийимидаги собиқ судья бу ҳаёт чиғириғида анча эзилган шекилли, Шоҳруҳ тили билан айтганда, бус-бутун пингвиндан ўсмай қолган тюленчага айланибди.

Бир ҳафта ўтиб, ўзига қўйилган ташхисни билиб олди: ГДУ-1, форма «Б», БК минус! Шоҳруҳ бу қандай жард эканини яхши тушунар эди. Кун бўйи карахт юрди. Йўқ, ўзини ўйламас, балки Наргизанинг ташвишини қиларди.

«Ўзимдан совутишим шарт, — дерди Шоҳруҳ. — Совутишим шарт. Бу касаллик, яна ўн йилдан ортиқ муддат елкамда. Шунинг беш йилини ҳам ўташга умрим етмаса керак энди. Наргиза вақтини ўтказмай турмушга чиқиши зарур. Мен унинг бахтига тугун бўлишим… Йўқ, асло!»

Кейинги ҳафта Шоҳруҳни учрашувга чақиришди. Икки қатор сим тўр тортилган, фақат бақириб гаплашишга мўлжалланган учрашув хонасида одам анча сийрак эди. Симтўрларнинг у томонида онаси ва Наргиза, бу томонида Шоҳруҳ. Бир-бирларига анча вақт сўзсиз қараб қолдилар.

— Нега хомушсиз? — сўради қиз ҳайратланиб.

Шоҳруҳ бироз каловланиб тургач, ўқрайиб олди. Кейин дадил ва совуқ оҳангда жавоб қайтарди:

— Етар «мушук-сичқон» ўйнаганимиз. Сен фалокатни деб отилиб кетишимга бир баҳя қолди. Турган-битганинг шумқадам, офат сенинг! Энди силга йўлиқдим. Менинг бошимга тушган бу балоларга сен, фақат сен сабабчисан. Сендан нафратланаман, сендан ҳазар қиламан. Бошқа мени излаб келма, агар келсанг, ўзимни ўлдираман, уволим ҳам сенга бўлади. Унут мени, йўқол! Йўқол деяпман, фалокат, йўқол кўзимдан, йўқол! Тупурдим сенга, йўқол!..

Шоҳруҳ ўзи ҳам кутмаган ҳолда жазавага тушди, кўзлари олайиб, оғзидан кўпик чиқиб кетди. Қаттиқ шовқиндан учрашув хонаси нозири ёшгина сержант аёл эшикни очди-ю, врачни чақирди. Йўлакда турган икки назоратчи, врач ва ёрдамчи маҳкум учрашув хонасига кириб, симтўрни чангаллаб олганича «йўқол, тупурдим, фалокат!» деб бақираётган Шоҳруҳни куч билан тортқилаб ташқарига олиб чиқишди. Шоҳруҳ ҳамон бор овози билан бақирар эди:

— Йўқол, фалокат, тупурдим сенга, йўқол!

Наргиза аксинча — бир сўз гапирмади. Шашқатор оқаётган кўзёшларини ҳам яширмади. Шоҳруҳнинг онасини қўлтиқлаганича кўчага чиқди. Етти ухлаб тушига кирмаган бу воқеадан онаизор ҳам карахтланиб қолганди.

Наргиза озод бўлгач, бир кеча ота-онасининг уйида ётди. Эртасидан бошлаб шу кунгача Шоҳруҳ-нинг уйида яшаётган эди. Кўрган-билган, эшитган барчаси қизга хайрихоҳ бўлар, кексалар ҳар кўрганда дуо қилишарди.

Уйга келгач, муштипар онанинг тоби қочди. «Тез ёрдам» врачлари биринчи кўмакчи кўрсатишди-ю, зудлик билан шифохонага олиб боришди. Онани кардиология бўлимига жойлаштиргач, Наргиза ўз ота уйига йўл олди. Йўл-йўлакай турли таблеткалардан харид қилди. Собиқ синфдоши ишлаётган дорихо-нага кириб, уйқу таблеткалари ҳам олди.

Уйига етгач, одими яна секинлашди. Эшикдан кирибоқ, онасига дуч келди. Ичкари уйдан келин-ойиси гўдагини кўтариб чиқиб қолди.

— Рангингда ранг, жонингда ҳол қолмабди-ку, болам, — деди онаси кўзларига ёш олиб, — Озиб кетганингни-чи?!. Қачонгача бу аҳволда юрмоқчисан? Ўшанга илакишиб, бир фалокатга йўлиқдинг, турмага тушдинг!

Наргиза «фалокат» сўзидан қалқиб кетди. Ўзи сезмаган ҳолда онасига қаттиқ тиниқиб қолди. Лекин ҳеч нима айтмади. Бир соатлар чамаси ўтирган бўлди-ю, кейин ўз хонасига йўналди.

Тунги соат ўн бирларда отаси келди. Ота-онасининг ҳовлидаги гапи қизга аниқ эшитилиб турар эди.

— Наргизангиз келган, қаттиқ толиққан шекилли, кириб ётиб олди, — деди онаси.

— Майли, хотин, майли. Тиниқиб дам олсин. Сен ҳам кўп куюнаверма.

— Шунчалик ҳам бемеҳрмисиз? Кўчадан эргашиб келмаган, ўз қизингиз. Наҳотки келажаги ташвишга солмаса? Ҳемириси йўқ чалаетимнинг касрига қолиб, фалокатга йўлиқди. Яна фалокатинг ўзингга ургур ўшанинг касофатидан қутулолмай юрибди. Сизнинг эса парвойингизга келмайди!

— Нима қил дейсан, хотин?

— Ҳали у фалокат у ёқдан чиқадими ё йўқми, Худо билади. Чиқишидан чиқмаси аниқроқ. Бу ёғини сўрасангиз, келинимизнинг иккинчи акаси бор-ку, хотини ўлган, қудалар шунга сўрашяпти Наргизани…

— Қизингга айтдингми?

— Йўқ, лекин эрталаб айтаман.

— Кўнмайди, эсингни йиғ, хотин!

— Кўнадими-йўқми, мени қизиқтирмайди. Фақат сиз кўнсангиз бўлди!

— Мен нимага кўнишим керак?

— Сал қаттиқроқ бўласиз. Яъни эрталаб мен гапираман. Агар қизингиз терслик қилса, сиз аралашасиз. «Оқ қиламан!» десангиз бас. Шу гапимга кўнинг!

Отаси ғудраниб-ғудраниб, ичкарига юрди. Наргиза тамоман карахтланиб қолган эди. Шу ҳоли аста-секин оёққа турди. Пайпасланиб бориб, стол устидан сумкасини олди. Харид қилган таблеткаларини чиқариб, диванга ташлади. Кейин ўта оҳиста юриб, даҳлизга чиқди. Даҳлиздан ҳовлига, ундан ошхонага ўтиб, бир банка сув олиб қайтди. Диванга ўтирган кўйи таблекаларни аралашига кафтига солиб, майиз ошалагандек оғзига тиқар ва ютоқиб сув ичарди…

ҲАДИС:

«Икки қози дўзахда-ю, бир қози жаннатдадир; Ҳақиқатни билиб, ҳаққоний ҳукм қилган қози жаннатдадир. Ҳақиқатни билиб туриб, қасддан жабр қилган қози билан ҳақиқатни билмай туриб ҳукм қилган қози дўзахдадир!»

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Dilmurod Sayyid. Bookmark the permalink.