Таҳлил

 “КРИШАЛАР”НИНГ ЯНГИЛАНИШИ

Ўзбекистонда ҳар қандай муваффақиятли бизнеснинг орқасида бирор катта амалдор туриши ҳеч кимга сир эмас. Шу сабабдан бирор катта амалдорнинг ишдан олиниши “тасоддифан” қайсидир гуркираб ривожланаётган бизнеснинг ёпилиши билан бир вақтга тўғри келиб қолади. Тошкентдаги “Каллисто” клинникасининг ёпилиши ҳам ўша “тасоддифлар” силсиласининг давомидир.

Мамлакатимиз тадбиркорлик фаолияти олиб боришга қўйилган тўсиқлар, солиқ ва мажбурий тўловларнинг юқорилиги каби салбий кўрсаткичларда дунё етакчиларидан хисобланади. Қолаверса оддий “якка тадбиркор”дан тортиб йирик қўшма корхоналаргача ҳаммасидан мажбурий тўловлардан ташқари “мажбурий-ихтиёрий” хомийлик қилиш ҳам талаб этилади.

Мамлакатдаги юридик субъектларнинг барчаси давлат дастурларини амалга оширишнинг объектига айлантирилган. Марказий Осиёда тенги йўқ хисобланадиган “Бунёдкор” стадионини қуриш учун хомийлик қилган корхоналарнинг кўпчилиги кейинги бир неча йил ичида ишчиларига ойлик маошларини ўз вақтида тўлай олмайдиган ахволга келиб қолишган. Бундай хомийликлар туфайли касодга учраётган корхоналарнинг минглаб мисолларини келтириш мумкин.

2013 йил учун “ОАВ ва матбуот тизимидаги ислохатларни янада чуқурлаштиришни янада жадаллаштиришга тубдан ўзгартиришлар киритиш” дастури ишлаб чиқилган бўлса керакки бу йил тадбиркорлар қатори фермер хўжаликлари учун ҳам камида ўнта марказий газеталарга обуна бўлиш мажбурияти юклатилди. Махаллий хокимликларнинг махаллий дастурларини амалга ошириш учун ундирадиган маблағлари марказ талаби билан ундириладиган “ихтиёрий” тўловлардан ошса ошадики кам эмас.

Бунинг устига кундан-кунга ортиб бораётган Гулнора Каримова номи билан боғлаб ўтқазилаётган “хомийлик” тадбирларини молиялаштириш ҳам махаллий хокимликлар зиммасига юклатилган. Хокимлар бу маблағларни чўнтакларидан тўлашмаслигини эса айниқса тадбиркорлар яхши билишади.

Шудай шароитда муваффақиятли тадбиркорлик фаолияти билан фақатгина “кришаси” бор корхоналар шуғуллана олишлари табиий холдир. Албатта йирик амалдорлар ўз яқинларининг номларида бирор бизнес бўлишини олдини олишади. Хатто Гулнора Каримова ҳам маблағларининг катта қисмини атрофидаги гумашталари номига расмийлаштириб қўйган давлатда ҳеч қайси амалдор ўз яқинларининг бизнес билан шуғулланишига “йўл қўя олмайди”.

Бошқаларининг бизнесини ўз номларидан юритиш кези келганда қанчалик қимматга тушишини айниқса бугун хамма “гумашталар” яҳши тушиниб бормоқдалар. Аммо тирикчилик учун Россияга мардикорликка кетиш ёки Ўзбекистонда бирор бизнеснинг “номинал” рахбари бўлиш ўртасидаги танловда кўпчилик иккинчи вариантни танлайди.

Охирги пайтларда юқори эшалондаги рахбарларнинг тез-тез алмаштирилаётгани юргизилаётган муваффақиятли бизнеслар орқасида кимлар тургани борасидаги саволларга ҳам қисман ойдинлик киритмоқда.

Яқинда ораларида Олий мажлис спикери ҳам бўлган бир гурух рахбарларга оид бизнеслар рўйхати эълон қилинди. Бу юқори мансабдорларнинг бирор бизнес билан тўғридан-тўғри алоқаси борлигини исботлаб бермаган бўлса ҳам мазкур хабар мамлакатда коррупция ва иқтисодий махинацияларнинг бошида энг йирик амалдорлар турганини хукумат тан олганидан далолат беради.

Энди “Каллисто” клинникасининг ёпилиши ва умуман ўтган йилда хусусий соғлиқни сақлаш муассасаларига очилган ёппасига хужум хақида тўхталсак. Маълумки мамлакатнинг энг малакали кардиологи Равшан Қурбонов Республика ихтисослашган кардиология марказининг директори бўлиш билан бирга яқин вақтгача президент Каримовнинг шахсий шифокорларидан бири хам эди.

Аммо Каримов соғлигидаги муаммоларнинг жиддийлашгани ва Равшан Қурбонов олиб борган муолажаларнинг самара бермагани унинг ўрнига Дўрмон қароргохига Хиндистондан ёш ва малакали кардиолог олиб келинишига сабаб бўлди. “Каттанинг доктори” мақомида юрган кезларида пойтахтдаги хусусий клинникаларнинг “кришаси”га айланган Равшан Қурбонов энди бу клинникаларни турли текширув ва “иқтисодий босимлар”дан сақлаб қололмади. Натижада бир куннинг ўзида Тошкент шахридаги деярли барча хусусий клинникаларга рейдлар амалга ошириб, бу клинникаларда юридик тил билан айтганда “қатор камчиликларга рўй қўйилаётгани” аниқланди.

Хусусий клинникаларда камчиликлар борлигини ҳеч ким инкор этмайди, аммо бу камчиликлар йиллар давомида “маълум бўлмасдан” бир кунда ўртага чиққани фақат бир нарсадан, бу клинникаларнинг “кришаси” ишга ярамай қолганидан далолат берарди. Илгари Каримов билан тез-тез кўришиб турадиган Равшан Қурбонов бунинг олдини олмаслигини таъминлаш мақсадида рейдлар бошланишидан олдин у рахбарлик қилаётган марказда унинг шогирди бўлган ва иқтидорли хисобланган ёш шифокор пора олаётганда МХХ ходимлари томонидан қўлга олинди.

Натижада Равшан Қурбоновни президент девони орқали клинникаларга амалга ошириш тайёрланаётган рейдларга халақит қилмаслиги учун “тили қисиқ” қилиб қўйилди. Иши судга оширилган иқтидорли шифокор бўлса бу ўйиннинг қурбонига айланди. Бугун Ўзбекистонда пул олмайдиган шифокор йўқлигини ким ҳам билмайди дейсиз? Давлат тайинлаган ойлик бир ой давомида рўзғор тебратиш нарроқда турсин беш кунга ҳам етмаслиги хаммага аён.

Ёпилган клинникалар соҳиблари умумий миқдори миллиардлаб сўмлик жарималар тўлаш билан бирга энди МХХдаги мулозимлари қаноти остида фаолият юритиш ва уларга чўтал тўлаб туришга ҳам мажбур қилиндилар. Ноилож шифокорлорнинг бунга кўнишдан бошқа иложлари йўқ эди. “Каллисто” клинникаси ўша рейдлар силсиласида тафтиш қилинмаган бўлсада унга ҳам ёпилиш навбати келгани катталардан яна кимнингдир ишдан кетгани билан боғлиқлигига шубха йўқ.

Демак “Каллисто”чиларнинг МХХдаги янги “кришалари” билан музокараклари давом қилаётган бўлса керак. Лекин бугунгача ҳеч қандай структуранинг текширишга тиши ўтмаган хусусий тиббиёт муассасалари ҳам бор. “MDS-Service” ва “Федорович” клинникалари бугунгача бирор марта текширилмаган. Демак уларга “кришалик” қилаётганлар жуда кучли амалдорлар ва хозирча ўз жойларида қолмоқдалар. Лекин бугун жамиятда мафия ўрнини эгаллаган МХХ уларни ҳам ўз қарамоғига олиш учун тадбирлар режалаштираётганига шубха йўқ. Албатта бу клинникалар Каримовлар оиласига қарашли бўлмаса.

Оддий халқ учун бўлса бу клинникаларда олиб борилаётган ноқонуний фаолиятларнинг фош этилишидан ҳеч қандай наф йўқ. Аксинча янги “хомийлар” илгаригисидан ҳам кўпроқ чўтал сўраш билан бирга бюджетга мажбурий тўловларни тўлаб қўйишни ҳам талаб қилишади. Оқибатда халққа кўрсатилаётган хизматнинг нархи ошиб, пировард натижада доимгидек халққа зиён бўлади.

Темурмалик Ҳайдаров, Тошкент, “Туронзамин” учун.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Tahlil. Bookmark the permalink.