Тарихий-замонавий роман

Жаҳонгир Муҳаммад: “ҚИЁМАТ КУНИ”

-3-

Бруклин. Океан шоҳ кўчаси.

-Қимирлама, отаман!

Зарб билан эшикни синдириб ичкарига кириб келаётган саноқсиз полиция ходимларининг ҳар бири ана шундай деб бақирар эди.

Энди ўртага қўйилган паловга қўл узатган йигитларнинг ранг-қутлари учиб кетди. Лаблари титраб, бир сўз айтолмай қолдилар. Полициячилар эса уларнинг ҳар бирини силтаб, юзи билан ерга ётқизар ва қўлларини орқага қилиб кишанлар, кейин оёқларини икки томонга очиб, бошдан оёқ текшириб чиқарди.

Бир зумда 9 нафар ўзбекнинг ҳаммаси ана шундай тинтувдан ўтди.

Йигитлар ҳатто ердан бошларини кўтара олмас эдилар. Чунки ҳар бирларининг бошини биттадан ёки иккитадан полициячи босиб турарди. Қимирлайман десалар, полициячининг тиззаси билан биқинларига туртишидан кейин миқ этмай қолардилар.

-Ёнларида ҳеч нарса йўқ.Тоза!-деди тинтувни тугатган полициячи.

-Атрофни текширларинг, қуролларни топларинг!-дея буйруқ берди раҳбари.

Бошларига фазогирларга ўхшаб махсус қалпоқ кийиб олган полициячилар бир зумда ҳамма ёқни ағдар-тўнтар қилиб ташлашди. Ҳатто лаганлардаги ошларнинг ичи ҳам қараб кўрилди.

“Ошхонада ҳеч нарса йўқ. Тоза!”

“Ётоқда ҳеч нарса йўқ. Тоза!”

Аскарлар каби кийинган полициячилар худди аскарлардек бошлиқларига ҳисоб берардилар.

Агар бу ҳолатни кузатиб турсангиз, хаёлингиздан “Нима булар тозаликни текширишмоқдами?” деган ўй ўтиши аниқ.

Хуллас, ҳаммаёқ текшириб чиқилгач, ерда чалқанча ётган ўзбекларни тортқилаб, турғазишди. Уларнинг орасида инглиз тилини яхши биладигани йўқ эди. Шунинг учун ҳам саволларга ҳар ким калласига келган гап билан жавоб қиларди.

Полициячиларнинг бошлиғи уларга׃

-Ҳужжатларингиз қаерда?- деди.

Ўзбеклар бошларини эгиб туравердилар.

-АҚШга қандай қилиб келгансизлар, қаердан келгансизлар?

-…

-Қуролларингиз қани, қаерга яширдингизлар?

-…

Бошлиқ бирорта саволига ҳам жавоб ололмагач׃

-Сизларни террористик ҳаракатни планлаштириш айби билан қамоққа оламиз. Адвокатларингизга телефон қилишларингиз мумкин. Қолган ҳақ-ҳуқуқларингизни муҳожирлар идорасининг вакили таржимон ёрдамида баён этади,-деди.

Ташқарида катта шоҳ йўл бекитилган. Ўнлаб машиналар чироқларини липиллатиб турарди. Тўққиз қаватли уйнинг атрофи тўла ўраб олинган. Телевидение мухбирлари “фавқулодда воқеа жойидан”, дея жонли репортаж олиб борятилар..

Улардан бири׃

-Бизга маълум бўлишича, бу бинода Покистондан эканлиги тахмин қилинаётган йигирмадан зиёд киши тўпланиб, қаергадир ҳужум қилишга тайёргарлик кўришаётганда қўлга олиндилар. Бу жой халқаро Кеннеди аэропортига олиб борадиган ҳалқа йўлга яқин эканлигини айтсак, шубҳалар бежиз эмаслиги ойдинлашади. Бизнинг манбаларимиз уларнинг орасида бир рус бўлгани ва у ҳамма гапни айтиб турганини билдирди. Уларнинг телефон суҳбатлари ҳам ёзиб олингани ва бугун ҳамма бу ерга қурол билан келгани учун шошилинч амалиёт ўтказилган,-деди.

Бир зумдан кейин полиция сўзловчиси мухбирлар олдига келди׃

-Ҳозирча саволларингизга жавоб бера олмайман. Фақат шуни айтишим мумкин-ки, 9 кишини ушладик. Улар тил билмайдилар ва уларнинг Ўзбекистондан ва Қирғизистон жанубидан эканликлари маълум. Биз уларни кузатмоқчи, улар ҳақидаги маълумотларни батафсил текширмоқчи эдик, аммо фавқулодда ҳол туфайли ушлашга қарор қилдик.

-Қуроллар топилдими, бомба бор экан-ми?

-Йўқ, ҳеч қандай қурол топилган эмас. Текширувлар давом этмоқда. Муҳожирлар идорасининг вакиллари иш бошладилар. Таржимонлар чақиртирилди. Ҳозирча бошқа гап йўқ. Агар ораларида АҚШ фуқаролари бўлса, белгиланган муддатда  суд ҳузурига олиб чиқиладилар. Бўлмаса, муҳожират идораси билан ҳамкорликда ишлаймиз.

Ҳалиги мухбир дарҳол полиция ходимига тескари туриб, камерага қараганча гапира бошлади׃

-Олдин гумон қилинганларнинг Покистондан эканлиги айтилганди. Мана энди расман маълум бўлдики, улар Ўзбекистон ва Қирғизистон жанубидан эканлар. Ўзбекистон… Собиқ Совет Иттифоқидан ажралиб чиққан мамлакат. Бу мамлакатнинг “Ўзбекистон Исломий ҳаракати” деган террористик ташкилоти бор ва бу ташкилот АҚШ Давлат департаментининг террористлар рўйхатига киритилган. Ўзбекистон яқингача АҚШ билан терроризмга қарши курашда ҳамкор эди. Лекин бу мамлакатнинг президенти АҚШни ўзига душман деб эълон қилди ва бизнинг ҳарбий базамизни қувиб чиқармоқда. Ана шуларнинг ҳаммасини бир жойга қўядиган бўлсак, масала жиддий ва  айтиш керакки, катта талофатнинг олди олинган бўлиши мумкин…

Шу пайт ичкаридан бошларига қора халта кийгизилган ўзбекларни олиб чиқиб, махсус машиналарга миндира бошлашди.

Бир йигит зинадан пастга оёғини қўяётганда тиззаси букилиб кетди ва икки томонидан тутиб келаётган полициячиларнинг қўлидан чиқиб кетиб, бетон устига йиқилди. Бир зумда ҳамма ёқ ур-йиқит бўлиб кетди. Автомат-милтиқларнинг шақар-шуқури… Полициячиларнинг шовқин сурони…

Деразалардан мўралаётган одамлар ҳам бир зумда ичкари хоналарга қочиб қолишди. Отишма юз берса, визиллаб учган ўқ “сен кимсан” деб сўрамайди-да.

Мухбирлар йигит йиқилган томонга югуриб бормоқчи бўлдилар, аммо полиция ходимлари уларни ушлаб қолдилар ва орқага қайтардилар.

Бўлаётган воқеаларни бир четда кузатиб турган Сергей иш бу қадар катталашиб кетишини хаёлига келтирмаган эканми ҳузунга ботганди.

Тўққиз киши ушланган уйда асли Худойберди ва Сергей туришарди. Улар бу ерда бир неча йил бирга яшашган. Кейин Саиджон қўшилди. Бу катта шаҳарда киши бир ўзи ижарада турса жуда қиммат. Уч-тўрт киши бўлиб туришса, ижара ҳақини орада тақсимлашади ва ишлаб-топганларидан тежаш мумкин.

Саиджон АҚШга келгач, иш қидириб асли бухоролик бир яҳудий билан танишиб қолди. Худойберди унинг қўлида ишлаб, унга тегишли уйда ижарада турар экан. Саиджон бирданига ҳам иш, ҳам турар жой, ҳам дўст топди. Бу ерда ҳамма мардикорларнинг уйида битта эски телевизор бўлиб фақат русча кўрсатади. Аслида чарчаб келиб, телевизор кўришга тоқат қолмайди. Лекин шанба кунлари яҳудий хўжайинлари ўзи ишламайди, бошқаларни ҳам ишлатмайди. Шу баҳонада уларга ҳам дам олиш. Шундай пайтда телевизор асқотади.

Бир куни Андижон воқеалари тарихига бағишланган дастурни бериб қолди.

-Ифлос Путин,  қонга беланган халқни эмас, қўли қон диктаторни ҳимоя қилди,-деди Худойберди.

-Каримовнинг ҳам хотини урусда, шунинг учун Путин ўзиникини ҳимоя қилди,-деди Саиджон.

Гап қизиб, урус ва ўзбек масаласига боғланиб кетди. Сергей ва Саиджон тортиша бошладилар.

-Руслар ҳам куйиб ўтирибди бу Путиннинг дастидан,-деди Сергей Саиджоннинг гапига норози бир оҳангда.

-Агар куйиб ўтирган бўлишса, уни қўллашадими? Руслар миллатчи бўлиб кетдилар, Путин улардан бири, ана  ҳамма ёқни скинҳедлар босди. Москвага борган ўзбекни “қора танли” деб сўкадиган бўлдилар.

-Унақа бўлса, Ўзбекистонда русларга осонми? СССР парчалангандан кейин ўзбек миллатчилари уларга кун беришмаган эди-ку! Ўшанда сайловларда “Йўқолсин уруслар” деб бақиришган. Ирқчилик қилишганди.

-Бекор айтибсан, ҳеч қачон русларга қарши  ирқчилик қилинмаган. Сайловларда қатнашган икки номзоднинг ҳам хотини урус бўлса-ю, қандай қилиб улар урусларга қарши гапирардилар. Бундай ўйлаброқ гапир.

-Сизларда хотин дегани қул билан баравар. Урусларга уйланиб уларни ҳам чўри қилиб олишган. Бечоралар ғинг дея олмайдилар.

-Шукур қилишсин, сенга ўхшаган алкашга теккандан кўра ўзбекка тегиб одам бўлиб юришибди.

-Сенларни асли ким одам қилган? Агар бизлар бўлмасак, қўйсизлар. Айниқса, Саид сен жим ўтир! Қирғизлар 1990 йилда сизларни қирганда Ўзбекистон ёрдамга келмаганди, ўшанда руслар сизларни қутқазганди. Бўлмаса, қирғизлар сизларни бутунлай қириб ташларди. Қирғизлар бўри. Сизлар эса қўй. Қўй ҳеч қачон бўрига қарши чиқа олмайди. Руслар эса овчи. Ана шу овчи сени қутқазиб қолган, билдингми?

– Агар биз қўй бўлсак, сизлар овчи эмас, асли ботқоқда яшаган чўчқа бўлгансизлар,-дея бақирди Худойберди. Сергей энди унга юзланди׃

-Сен бу ерда итнинг кейинги оёғи бўлиб юргандинг. Мен сенга ҳужжат қилиб бердим ва энди одам бўлдинг, Қўқонда қолган болаларингга пул юбориб турибсан. Бўлмаса топганинг Макдоналсга ҳам етмай юраверардинг.

-Сен текинга ҳужжат қилиб бердинг-ми? Ота-бобонг ҳам текинга иш қилмаган. Мамлакатимиз олтинларини, бойликларини ташиб кетишган. Россияни бизнинг ҳисобимизга тиклагансизлар.

-Бекор айтибсан, бутун Ўзбекистонни биз қуриб берганмиз…

Жаҳли чиқиб, қизариб кетган Саиджон гапга аралашди׃

-Сенлар илон ёғини ялагансизлар. Ҳамма вақт қонимизни ичиб келдингизлар. Мана мен ўзим радиодан эшитгандим, Андижонда ҳокимликни эгаллаб турганлар тинмай ”Путин келсин” дейишганди. Нега бундай дейди? Қани айтчи? Шунинг ўзи ҳам бу воқеаларни уруслар уюштирганини кўрсатади.

-Бўлмаса Грузия, Қирғизистонга ўхшаб ботқоққа ботардинглар. Раҳмат деларинг, Путин келажакларингни қутқариб берибди.

-Йўқ! Унга Ўзбекистонни Америкадан узоқлаштириш керак бўлган. Шунинг учун бу қонли воқеани ташкил қилган.

-Америка… Американг нима қилиб берди?

-Нонини еб ўтирибсанку!-қўли билан дастурхонни кўрсатди Сергей.

-Ишламасам ермидим?-жавоб қилди Худойберди.

-Ўзбекистонда ишласак ҳам нон йўқ. Россияда ишласак ҳам нонимизни бутун беришмайди, дер эдинг. Энди Америка ёмон бўлиб қолдими?

-Америка ёмон эмас. Лекин сенлар ёмон?

-Сенга нонни Америка эмас, руслар ва яҳудийлар бермоқда. Уларнинг қўлида ишлаб пул топаяпсан.

-Америка ана шундай турли миллатлардан ташкил топган. Руслар, яҳудийлар биздан олдинроқ келишган. Биз ҳам ўзимизни тиклаб олсак, бошқаларга нон берамиз. Бу ернинг сиёсати бу.-дея гап қўшди Саиджон бироз жаҳлдан тушиб. У баҳс жанжалга айланиб кетишидан қўрқди. Чунки визасининг муддати ўтиб қолгани ёдига тушди. Бунинг устига бу гапларни иш берувчи эшитиб қолса, тўрваларини елкаларига осиб қўйиши мумкин. Лекин Сергейнинг паст келиш нияти йўқ эди׃

-Сенлар бировга нон бераман дегунча ўлиб, чириб кетасанлар.  Шунинг учун индамай руснинг оёғини ўпиб юраверларинг.

-Қўлимда бўлса биринчи галда ўша Путинни ўлдирар эдим. Афсуски, қўлимда эмас,-деди Худойберди ҳам ундан қолмасликка ҳаракат қилиб.

-Қўлингдан келмайди! Гапдан бошқа нарсага ярамайсан! Ош пиширишни, сомса пиширишни биласан фақат! Қара, ичиб ўтирган ароғинг ҳам русники! Сенларда  мана шу ахлатга кетадиган ошдан бошқа нима бор ўзи?

Ўзини тийолмаган Худойберди Сергейнинг бу гапига чидай олмади ва унинг башарсига мушт тортиб юборди. Бир зум эсанкираб қолган Сергей бир сакраб Худойбердини босиб олиб ура бошлаганди орага Саиджон ҳам қўшилди ва икковлашиб Сергейнинг башарасини қонга белашди.

Сергей ҳаммомга ўтиб, юзини совуқ сув билан ювдида ташқарига чиқиб кетди.

-Нотўғри қилдим,-деди Худойберди.-Бу уйнинг ижара қоғозлари унинг номига расмийлаштирилган. Машина ҳам унинг номида. Бизга иш берган одам ҳам аслида унинг ошнаси.

-Шунинг учун бу аблаҳга тиз чўкамиз-ми? Жуда бўлмаса, бошқа жой топамиз. Лекин полицияни бошлаб келса-чи? Менинг ишим чатоқ бўлади, депорт қилиб юборишади,-деб хомуш тортди Саиджон.

-Юраги йўқ. Агар шуни истаса ана телефон, 9-11 га сим қоққан бўларди. Биз-ку озроқ ичганмиз, у қачондан бери сипқориб ётибди…

Ўша кун Сергей ташқарига чиқиб,  дарахт остида сигарет тутатиб ўтирганди соқоллари ўсиб кетган, жулдур кийимли бир киши унинг ёнига келиб׃

-Соат неча бўлди?-деб сўради.

-Соатим йўқ!

-Ана қўлингда ялтираб турибди-ку, нега ёлғон гапирсан?

Хуллас, иккаласи айтишиб қолишди ва ҳалиги киши Сергейни ёқасидан тутган эдики, қаердандир полиция пайдо бўлди.

Сергей ҳалиги одамни гадой деб ўйлаганди, лекин у наркотик сотувчи экан. Уни ушлаб, бироз гандираклаб турган Сергейни ҳам сўроқ қилишди. У пайтдан фойдаланиб қолмоқчи бўлдими ёки қутулиб кетиш учунми׃

-Менинг муҳим маълумотим бор, терроризм бўйича. Фақат ФТБга айтаман,-деди.

-Бизнинг Федерал текширув идорасидан кам жойимиз йўқ,-дейишса ҳам у кўнмади.

Уни олиб кетишди ва бир киши билан учраштиришди.

-Менинг уйимда иккита ўзбек туради. Биттаси Қирғизистондан. Жанубидан. Улар Путинни ўлдиришмоқчи. Кейинги ой Путин бу ерга келганда, унга суиқасд қилишмоқчи.

-Қуроллари борми?

-Улардан бири олийгоҳда биохимияни  битирган. Бир неча йил фармацевтика соҳасида ишлаган. Иккинчиси эса, Ўшда эканлигида Эронга бориб келган. Ўзбекистон Исломий ҳаракати бошлиғи билан учрашган. Мен уларни оддий  муҳожирлар деб ўйлагандим. Аммо фикрлари бузуқ экан. Шуни айтиш учун телефон қилишга чиққан эдим, бу одам билан учрашиб қолдик.

-Улар диндорми?

-Кўрнишидан йўқ. Мачитга боришмайди. Аммо уйда яширинча намоз ўқишади. Интернетда мусуломон сайтларга  постинглар ёзишади.

-Кимлар билан учрашадилар?

-Танишлари кўп?

-Арабларми?

-Уларни ажратиб бўлмайди. Тез-тез тўпланиб туришади.

-Бизда сен айтган гапдан бошқа нарса йўқ ва бу билан “дело” қила олмаймиз. Бунинг устига ичгансан. Лекин бу гапни жиддий олмасдан ҳам иложимиз йўқ…

Сергейга ҳеч нарса бўлмагандек уйга қайтишни ва икки ўзбекни кузатишни буюришди. Агар Саиджон ва Худойбердининг ёнида қурол ёки портлатгичлар кўрса, дарҳол хабар қилишни айтишди.

Сергей ярим тунда ҳеч нарса бўлмагандек кириб келди. Саиджон ва Худойберди ухлаб қолишган экан. Уйғониб ишга отланишганда, ундан кечирим сўраган бўлдилар ва ҳаётлари олдингидек давом этаверди.

Бир куни Саиджон׃

-Бир ҳафтдан кейин туғилган куним.  Бу ерда анча ўзбеклар билан танишиб қолдим, уларни ҳафта охири меҳмонга таклиф қилсам майлими,-деб қолди.

-Уйга эмас, ресторанга таклиф қил. Ана “Сармиш” бизга яқин. Шу ерга чақир. Бу ерда одат. Туғилган кунга келган одам ўзи учун ўзи пул тўлайди. Сенга оғирлиги тушмайди,-деди Худойберди.

-Буни биламан. Бориб ресторан билан гаплашсам “одам боши юз доллардан бўлади деди”. Олти-етти хил овқат, кабоб, салатлару ичкилиги билан. Лекин ўн киши келса, минг доллар кетади. Бу ерга чақирсам, 200 доллар билан иш битади. Қолган пул ёнга. Бирданига мўмайгина пул пайдо бўлади қўлингда. “Ресторанга тўла!” одатини “Ўзимга тўла!” одатига айлантирай дедимда…

Хуллас, танишларини уйга чақирадиган бўлишди. Бу аламини ичига ютиб юрган Сергей учун қўл келиб қолди. Ҳаммаси ҳужжатсиз муҳожирлар ва энди бу ўзбекларнинг онасини кўрсатаман, деб ўйлади.

У қўшнисининг уйига кириб,  ўзига берилган телефонга сим қоқди׃

-Уларнинг ҳаммаси тўпланишган. Келиб текширишларинг мумкин,-деди.

-Балки шунчаки зиёфатлари бордур?

-Йўқ, ҳаммаси қуроли билан келган,-деди Сергей.

-Қуролларини кўрдингми?

-Ҳа…

Сергей қисқа вақтда юз берган ва мана энди ҳамма ёқни алғов-далғов қилиб юборган аҳмоқлигининг охири нима бўлишини ўйлаб, бир четда турган эди, ёнига уни тергов қилган ва визит картасини берган киши келди׃

-Ҳамкорлик қилганинг учун раҳмат. Ҳали бу раҳматни юқори даражаларда ҳам сенга айтишади. Бугунгача шерикларингни текшириб кўрдик. Биттасининг ижтимоий хавфсизлик картаси сохта экан. Солиқ тўлашдан ҳам қочиб юрган. Чет элга пул юбориб туришган.  Шерикларингдан бири эса, бу ерда қонунсиз яшамоқда экан. У Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг фаоли. Буни Ўзбекистон ҳукумати ҳам тасдиқлади. Акаси қамоқда экан. Лекин сен айтган қуроллар топилмади. Улар тилни билишмас экан. Сен ҳам биз билан юрсанг, таржимонлик қиласан,-деди.

Сергей сохта ҳужжат ҳақида эшитиб, юраги орқага тортиб кетди. Чунки  Худойбердини Тамара исмли аёлга юзлаштирган ва  бунинг учун ундан пул олган эдида. Нима қилишини билмай׃

-Мен уларнинг тилини тушунмайман,-деди.

-Унда уларнинг режаларини қаёқдан билдинг?

-Улар менинг тилимда гаплаша оладилар… Ана менинг компютеримни текшириб кўринглар, улар мусулмон сайтлар билан алоқа қиладилар…

-Албатта, текширамиз. Лекин барибир сен биз билан боришинг керак! Бу иш катта қозонда қайнай бошлади. Сен билан бу ҳақда бошқа гапирмасликни келишган эдик, лекин медиага нега айтдинг?

-Мен айтганим йўқ, қўшним бу ерда чиқадиган русча газетада ишлайди. Бугун унинг уйидан сизларга телефон қилгандим….

Саиджон шу воқеадан кейин  депорт қилинувчилар уйига тушиб қолиб, у ердан менга сим қоққанди. У Қирғизистон фуқароси бўлса ҳам Ўзбекистонга  депорт қилиш ҳақида гап бўлган. У уйимизга меҳмон бўлиб келганда бу воқелар ҳақида ҳикоя қилиб бераркан, пешанасидаги учта ажиндан бири шундан кейин пайдо бўлган бўлса керак, деб ўйлагандим.

МУХТАСАР МАЪЛУМОТ

2010 йил, 11-июн. Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тўплаган маълумотига кўра¸ 10 июн тундан бугун тушгача Ўшда қонли тўқнашувларда ҳалок бўлганлар сони 23 кишига етган.

Кечқурун соат еттига бориб бу рақам 46 кишига етгани маълум қилинди.

Қирғиз ҳарбийлари шаҳардаги вазиятни назорат қилмаяптилар.

Фурқат қишлоғида Ўш шаҳар кенгаши депутати Асқар Шокиров ўлдирилган.

“Ўш Тв”, “Мезон”, “Пирамида” ва “ДДД” телеканаллари фаолияти тўхтатилган.

Ўшда Давлат филармонияси,  Ўзбек академик театри, “ЎшТв” бинолари, “Меркурий”,“Алфаиз” кафелари, “Олой” меҳмонхонаси, “Мукаррам” савдо марказлари ёнмоқда…

Қорасув ва Аравон туманларида тунги соат иккидан бошлаб коммендантлик соати жорий қилинди…

(ДАВОМИ БОР)

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Qiyomat kuni. Bookmark the permalink.