Савол-Жавоб

Вақтинг кетти, шахтинг кетти

САВОЛ: Америкада ҳар бир одам йилнинг бошида “Бу йил давомида қандайдир ишни қиламан”, деган қарор олар экан. Сир бўлмаса сиз қандай қарорлар олдингиз, ичида ватанга қайтиш қарори ҳам борми? (Шокир).

ЖАВОБ: Ҳақиқатдан ҳам Америкада йил бошида одамлар бу йил камроқ овқат ейман, кўпроқ спорт билан шуғулланаман, деган каби қарорлар олишади ва бир-икки ойда унутиб юборишади.

Мен ҳам бир қарор олдим, ҳозирча риоя қилиб турибман. Билмадим, кейин нима бўлади? У ҳам бўлса ўзбек тилидаги вебсайтларни ўқимаслик. Ҳаммасининг номини “Bookmark”дан ўчириб қўйдим. Бунинг сиёсий ёки сирли томони йўқ.

Сабаби эса бир қанча:
1.Ўзбекистон ҳукуматининг золим сиёсати хориждан туриб бошқарилаётган сайтларни мамлакат ичидаги манбаларидан бутунлай узиб қўйди. “Озодлик”, “Би-би-си”, “Америка овози” ёки бошқа сайтлар бўладими, ҳаммасининг манбалари айни. Ўзбекистонга оид кунлик хабарларни Ўзбекистон ичидан туриб бошқариладиган ёки Қирғизистон, Россия, Қозоғистон сайтларидан олишади. У ёқдан – бу ёқдан қўшиб шарҳлашади. Шундай экан, бу хабарларни асл манбасидан ўқилса, вақт тежалади. Дарвоқе, ўзбекча сайтларда хориждагиларнинг шарҳлари, фикр-мулоҳазаларини беришлари мумкин. Лекин хориждагиларнинг позициялари ва қай йўсинда фикр юритишлари, нима дейишлари 20 йил давомида аниқлашиб бўлди. Янги гап чиқиб қолса уни дарҳол электрон почталарга тарқатадиган беминнат хизматчилар бор.

2. Ҳозир китоблар четда қолиб, китоблар асосида яратилган сериаллар даври бўлди. Камина ҳам сериаллар муштарийси. АҚШ ТВларида менга ёқадиган сиёсий жанрдаги бир қанча сериаллар бор. Масалан, Вашингтонни ётқизиб-турғизган, керак бўлса, президентликка номзодни танлаш масаласидан Олий суд аъзоларини топишга, унча-бунча вазирларни ишдан силжитиб унча-бунчасини асраб қолган Жади Смит деган аёлнинг ҳаётига бағишланган “Можаро” сериалини кўраяман. Оқ уйдаги қора ишлар ҳақида кўп гаплар бор бу сериалда. Кейин, “Қасос” деган бир сериални кўраяман. Бу кўпроқ казо-казолар ва жиноят оламининг боқшарувни қўлга олиши ҳақида. Навбатдагиси эса, “Муҳим нуқта”. Бу ўта қийин ҳолатларда ҳам қўлида қуроли бўлган, асаби бузуқ, ўзини тута олмайдиган одамлар билан келишув, тоқатли бўлиш ҳақида. Ҳафтанинг чоршанба оқшомлари эса “Муҳташам юз йил” (“Муҳташам аср”) деб номланган турк сериалини кўраман. Бу Султон Сулаймон ҳарами ва халифаликнинг қилмишлари ҳақида.

3.Китоб ўқишни ҳам яхши кўраман. Бу ҳам вақт олади. Қолаверса оила, бола-чақа деган гаплар бор. Ўзбекчилик-тўй-томоша, маъракаларга бориш керак. Ўзбеклар асосан Нью Йоркда. Ҳафтада бўлмаса ҳам ҳафта ора боришга тўғри келмоқда. Ўзбекистонда ва хориждаги дўстлар-қариндошлар билан суҳбатлар ҳам соатларни бирин-кетин “йиқитади”.

4. Ўзбек тили ҳақида ҳам икки илмий китобни нашрга тайёрлаяпман.

Хуллас, ҳафтанинг ҳар куни, ҳар сонияси банд. Бунинг устига дунё хабарларини инглизча сайтлардан ўқийман ва Си-эн-эн каби халқаро ТВларнинг хабар дастурлари камида икки соатни “кемиради”. Шунингдек, долзарб фикрлар ёзиладиган жуда кўп халқаро сайтлар бор. Уларни қарайман ва истаганларимни ўқийман. Қолган вақтим ишимга, ижодимга кетади. Бошлаб қўйилган китобларни тугатишим керак.  Орада саволларга ҳам жавоб ёзиш вақт олади.

Мени сўкмаса ухлай олмайдиганлар, буҳтон тўқиб ҳукуматга яхши кўринадиганлар учун ҳам бу фурсат. Ёзиб қолинг, замон замон сизнинг замон!

Ҳозирча шундай. Янги йил қарори қисқа бўлади, дейдилар. Кўрамиз, қани қанчага чидаш мумкин? Агар пенсияга чиққунча чидай олсак, кейин бекорчиликни енгиш учун қарорни четга отсак ҳам бўлаверади.

Жаҳонгир Муҳаммад.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Савол сўқмоғи. Bookmark the permalink.