Сатира: Нофизийдан нома

Юлдуз Ибрагимовна…

(Эксклусив суҳбат)

Байрамдан олдин Юлдуз Ибрагимовнани “Сайёд сити”дан пресс-конфренция бериб, чиқиб келаётганда кўриб қолдим.
-Юлдуз Ибрагимовна, узр кечикиб қолдим, саволларим бор эди…
-Мажлисга кечиксанг майли, концертга кечикмагин, ҳов бола, билдингми? Қанақа саволларинг бор эди?
-Саволларим политический…
-Ман Туркиядан политический оганим йўқ. Ман ватан хоини эмасман! Ман ватан хоинларига қарши шеър ёзган ва ашула қиб айтган Юлдуз бўламан! Ман бошқа жойдан ҳам политический оганим йўқ! Мани ватаним Ўзбекистон, билдингми?
-Билдим? Лекин шу ватанингиздаги қора халқнинг…
-Агар халқим қора бўлса мен оқ Юлдуз эмас, мен ҳам қора Юлдузман, билдингми?
-Билдим. Мана шу яқинда президент аппарати…
-Манга қара, мен фифти-фифти қиламан ишларни, эллик-эллик. Мани президент-мризидент билан ишим йўқ. Лекин битта бошга битта ўлим. Ҳеч кимдан, ҳеч нарсадан қўрқмайман. Ана у куни минг кишилик тўйда “Аппарат расво”, “Аппарат бузилган”, “Бунақа аппаратни мажақлаб ташлаш керак” деган гапларни очиқ айтдим. Мингта одам гувоҳ! Ишонмасанг, аппаратчигимни топиб ундан сўра. Тўйга эски аппаратни олиб боргани учун ишдан қувганман.
-Қизингиз…
-Неварамни отини Султон Сулаймон деб қўйдим. Агар кўнглимда бошқа гап бўлганда бошқа исм берардим. Худойим шайтон-жинларга ҳоким қиб қўйган Сулаймоннинг исмини танлашимнинг ўзи бўмайди. Бу менинг курашим, бу менинг исёним.
-Исён дедингиз, “Гулисан” қўшиғида ҳам…
-Ҳа, у қўшиқда ҳам “исён” деганман. Халқим қишнинг остида қолган, деганман. Буни ҳамма айтолмайди. Қирғизларга ҳам ҳамма гапни мен айтганман. Аввалига қарашмади. Кейин аппаратга ҳам керак бўганда эслаб қолишди.
-Шундай зўр овозингиз билан сизга маддоҳлик…
-Биласанми, маддоҳлик нима дегани? Тарихга қара-чи кимлар маддоҳ бўлмаган? Пошшо бор жойда ҳамма вақт маддоҳ бўган. Худо бор жойда ҳамма вақт маддоҳ бўган.
-Худо дедингиз. Бир пайтлар ҳижобга киргандингиз…
-Мен бу дунёда энг ёмон кўрадиган нарса бу одамлар гапираётганда уларнинг сўзини бўлишдир. Оғзингдан битта гап чиқмасдан гапни бўладиган одам просто айтганда никтодир!
-Музикачингиз Фуатнинг қоши ва сочи…
-Фуатни эрим Мансурбек топган. Непонято кто он? Ўзбекчани ҳам билмайди, ўзбекча музикани ҳам. Лекин ўргатаяпман. Охири бориб-бориб ўзбек бўлади.
-2013…
-2013 энди бошланди. Бу Юлдуз йили. Фолбинлар шундай деб турибди.
-Модел қизлар…
-Ўзбек санъатини модел қизлар босиб олди. Вазифам санъатни улардан тозалаш.
-Лекин Гулнора ҳам модел қиз…
-Қайси Гулнора? Ман мажлисдан чиққунча янгиси чиқдими?
-Мен эскисини…
-Эркак киши эски гапларни эсламайди. Халқимизнинг шу одати менга ёқмайди. Бу унга нима фойда беради? Бераман деса Худо ақллига ҳам, тентакка ҳам талант беради. Мана менга ҳам берган, унга ҳам! Меники овозимда, уники бошқа жойида.
-Саволларим…
-Саволларингни бундан кейин ёзиб, админим Шоҳруҳбекка кўрсат, мен энди официалний одамман.
-Тағин депутат бўлдингизми?
-Депутат нимаси? Депутатлик нордивоннинг пастки қисми. Ман орқага қайтмайман. Олдинга қарайман. Всё в переди! Томга чиқиш керак! Манга криша керак! Мақсад шу, билдингми?
-Концертингиз қачон?
-“Дружба народ”нинг калити кимда бўлса ўшaндан сўра!
-Калит манда эди, Юлдуз Ибрагимовна…
-Гапни шундан бошламайсизми, окажон. Юлдуз Ибрагимовна деманг, Юлдуз денг. Сизга ҳам битта атаган қўшиғим бор, исмингиз нима эди?

Нофизий.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Nofiziy. Bookmark the permalink.