Таҳлил

“ИШОНАВЕРИНГ” ИҚТИСОДИЙ СИЁСАТИ ёки ЁЛҒОН ЧЕКСИЗЛИККА ИНТИЛГАНДА

Халқаро Валюта Жамғармаси Ўзбекистонда 2013 йилда иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари олдинги йиллардагидек сақланиб қолишини башорат қилди. Хукумат ҳам ўз прогнозлари асосида 2013 йилда ЯИМ ўсиши 8%ни ташкил этишини эълон қилди. Хўш, бу башоратлар оддий ўзбеклар учун нимадан дарак беради?

Дунё миқёсида мамлакат бюджети кенг миқёсда сир сақланадиган кам сонли давлатларнинг бири Ўзбекистон бўлиб қолмоқда. Бор йўғи ЯИМ ва унинг ўсиш суратларигина эълон қилинадиган мамлакат учун мутаҳасислар бюджет кирим ва чиқимлари борасида фақат фаразлар қилиш билан чекланишга мажбурдирлар. Мамлакат қатор халқаро ташкилотларга аъзо бўлсада бу ташкилотларга иқтисодий кўрсаткичлари борасида хисобот бериб бориш мажбуриятларини деярли бажармаган.
Мактабгача тарбия муассасаларидан бошлаб янги авлодга “Менделеев даврий жадвалида мавжуд элементларнинг хаммасига бой бўлган ўлка” сифатида ўргатиладиган Ўзбекистоннинг бюджетида табиий ресурслар экспортидан келадиган даромад борасида ҳам ҳеч қандай маълумот йўқ. Дунёда олтин қазиб олиш борасида 4-ўринда экани иддао этиладиган Ўзбекистонда олтин экспортининг бюджетдаги улуши қанчалиги энг йирик давлат сириларидан бири хисобланади. Европа Иттифоқининг босимлари остида Россиянинг “Газпром” ширкати Марказий Осиё республикаларидан сотиб олаётган табиий газ учун қандай нарх белгилаганини ошкор қилиб бораётган бўлсада бу савдодан келадиган даромад борасида Ўзбекистон томонидан хеч нима билдирилмайди. Пахта хом-ашёси экспорти борасида хам хукуматнинг позицияси айнидир.

Етиштириладиган пахта хом-ашёсининг режаси олдиндан маълумлигига, бу хом-ашёдан ишлаб чиқариш мумкин бўлган пахта толасини ҳисоблаш муаммо туғдирмаслигига қарамасдан мазкур маълумот ҳам ҳеч қачон ошкор қилинган эмас. Чунки пахта толасининг нарҳи жаҳоннинг турли биржаларида йил давомида сезиларли ўзгариб туради.

Мамлактимизда пахта толаси сотиш хуқуқига эга субъектлар бу ҳосилни қайси биржаларда қай нисбатда сотгани ҳам сир сақланади. Қолаверса “Фючерс” шартномаси асосида хали ишлаб чиқарилмаган ҳосил учун шартномалар тузиш амалиёти пахта толаси учун қачон шартнома тузилганини ва бу пайтда толанинг айнан шу биржадаги нархи қанча бўлганини аниқ билишни талаб этади. Мазкур омиллар пахта хом-ашёсини сотиш борасида хисоб-китобларни олиб боришга тўсқинлик қилади ва ўртача 25-35% хатоликларга йўл қўйилишига сабаб бўлади. Олтин ва уран каби қазилма бойликларнинг экспорти борасидаги таҳминлар бўлса бундан хам чигалдир.

Чунки бу ресурслар халқаро биржаларга етиб боргунча камида 2 марта соҳта “етқазиб берувчи” фирмалар томонидан олди сотди қилинади. Аксарият холларда бу фирмалар Гулнора Каримовага тегишли пул ювиш билан шуғулланадиган ширкатлар бўлишини 2012 йил Ғарбий Европада бошлаган ва хануз давом этаётган молиявий махинациялар билан боғлиқ суриштирувлардан фактлар орқали билиб олмоқдамиз. Пахта экспорти жараёни ҳам пул ювиш муаммосидан фориғмас.

Бугун бироз ойдинлик киритиш мумкин бўлган маълумот бу хорижда мехнат қилаётган муҳожирларимизнинг мамлакатга банклар орқали юбораётган пул жўнатмалари тўғрисидаги маълумот бўлиб, уни ҳам Россия молия тизимлари эълон қилган хисоботлардан билишимиз мумкин. Аммо шуни ҳам эътибордан четда қолдирмаслик лозимки банк орқали юборилаётган пул жўнатмаларининг улуши Ўзбекистонга муҳожирлар юбораётган умумий миқдорининг тенг ярими ҳам бўлиши мумкин.

Сабаби кўпчилик муҳожирлар ишлаб топган пулларини яқинлари ёки ўзлари томонидан банклар иштирокисиз мамлакатга етқазилишини афзал билишади. Чунки Ўзбекистондаги мутасадди идоралар мамлакатга келаётган пул жўнатмалари устидан хам қаттиқ назорат ўрнатган бўлиб бу пулларнинг манбааси ва фойдаланиш мақсадлари хақида ҳам муҳожирлар оилаларини сўроққа тутиш холлари кўплаб учраб туради.

Айниқса савдо ёки шунга ўхшаш нисабатан юқори даромадли соҳаларда фаолият юритиб йирикроқ миқдорда даромад кўрадиган муҳожирлар банк орқали пул ўтказиш имкониятидан умуман фойдаланмасликлари хаммага маълум. Масаланинг мутасадди ташкилотлар эътиборини тортиш билан бирга жўнатилган пулларнинг жойлардаги банклар томонидан тўлаб беролмасдан узоқ кутишга сабаб бўладиган томони ҳам бордир.

Охирги 10 йилда тирикчилик илинжида иш излаб чет элларга кетётган Ўзбекистонликлар сони йиллик 2-3 миллион кишидан 5 миллион кишигача чиқди. Шундан тўрт миллион атрофида Россияга, бир миллионга яқини ривожланган давлатларга, колган озроқ қисми эса қўшни Қозоғистонга кетганлар хисобланади. Уларнинг таҳминан ярми бир йил ичида мамлакатга бир маротаба қайтиб келиб оиласи ва яқинлари билан дийдорлашиш имконига эга бўлсалар, қолган қисми бу имкониятдан ҳам маҳрумдирлар.

Ўзбекистондаги иқтисодий ўсишнинг асосий сабабларидан бири бўлган миграция жараёни қатор ижтимоий муаммоларни ҳам келтириб чиқараётгани сир эмас. Бу биринчи навбатда оилаларнинг эркак вакиллари айниқса уларнинг оилада бўлган ўрни беқиёс пайтда муҳожирликка кетишга мажбур бўлгани билан боғлиқдир. Ота дийдори ва янада муҳимроғи тарбиясисиз улғаяётган янги авлод, эрларисиз рўзғор юритаётган жувонлар учун иқтисодий барқарорликнинг ижтимоий “нарҳи” қанча эканини келажакда юзага келиши муқаррар бўлган кенг кўламли ижтимоий муаммолар орқали билиб олишга мажбур бўламиз.

Иккинчи ижтимоий муаммо муҳожирликга кетаётган фуқаролар асосий қисмини эркаклар ташкил этаётгани сабаб мамлакатда аҳоли жинсий нисбати кескин ўзгариб, айниқса қишлоқ жойларда 18-45 ёшлар ўртасидаги эркак ва аёллар нисбатини ўртача 1 еркак кишига 5-6 аёл тўғри келадиган даражагача етқазиб қўяётганидир.

Баъзи муҳожирликдаги эркаклар йилда бир маротаба бир ой давомида мамлакатга қайтиш имконига эгалар. Аммо аксарият муҳожирлар учун бунинг ҳам имкони бўлмайди. Шу сабаб эркак ва аёллар нисбатидаги кескин тафовутнинг доимийлиги таъминланиб, бу тафовут асосида келиб чиқадиган ижтимоий-маънавий муаммолар кўламини таъриф қилиб бўлмас даражада кенгайтириб бормоқда. Хорижда оиласи ва умр йўлдошидан олисда узоқ муддат тирикчилик қилишга маҳкум этилган эркакларнинг “шароит тақазоси билан” орттираётган турли бедаво касалликлари сабабли бу касалликларнинг мамлакатимизда ҳам кенг тарқалаётгани бўлса хукумат юрғизаётган “барқарор иқтисодий ўсиш” сиёсатининг энг оғир ижтимоий муаммосидир.

Юқорида тилга олинган муаммоларнинг аксариятини вақт ва оммавий ҳаракатлар ёрдамида ечиш мумкин бўлсада, иммиграция туфайли мамлакатда бедаво касалликлар, хусусан ОИТС (СПИД)нинг кенг тарқалиб бораётгани муаммосининг ечими йўқдир. (Шу ўринда тарбия, маданият ва урф-одатлар қолаверса диний нутқаи-назардан талқин талаб қиладиган мазкур муаммо борасида салоҳиятли кишиларни таҳлил олиб боришга чақираман).

Хукумат иқтисодий ўсиш олдинги суратларда давом этишини таъкидлар ва халқаро ташкилотлар буни тасдиқлар экан назаримда бу биргина фактдан далолат беради: Ўзбекистонликлар фаровонлигида хеч нарса ўзгармайди. Миллий даромад манбаалари кенг миқёсда сир сақланиб қолган холда хукумат билвосита ўзи юритаётган иқтисодий сиёсат туфайли фуқароларни муҳожирликга кетишга ундашда давом этаверади. Пахта хом-ашёси етиштириш ва айниқса жамиятнинг деярли хамма қатламларини қамраб олувчи халқни оммавий теримга жалб қилиш сиёсати ҳам янада юқорироқ суратлар билан давом эттирилади.

Яна, хар йили бўлгани каби камида бир маротаба минимал иш хақи, пенсия ва ижтимоий тўловлар 15-20% атрофида оширилиб бу фуқаролар ўртача харажатларининг камида 25-30% ошишига сабаб бўлади. Шу билан чекланиб қолмасдан “иқтисодий ўсишни таъминлаш мақсадида” баъзи давлат дастурлари харажатлари хам қисқартирилади. Бюджет тизимида бандлик бўйича улушлари катта бўлган таълим тизимида ходимларининг иш хақларини белгилаш меъёрларига аллақачон ўзгартиришлар киритилди.

Қолаверса нафақа миқдори баланд бўлган нафақахўрлар, хусусан ички ишлар тизимидан нафақага чиққанлар нафақаларини белгилаш жараёнига ҳам ўзгартиришлар киритилди. Бу борада жорий қилинаётган янги меъёрлар асосида фуқароларга тўланадиган нафақанинг миқдори камайтирилиши билан бирга, уларга “Сизга бугунгача тўлганган нафақалар миқдори белгиланган меъёрлардан баланд бўлган” иддаоси билан бир муддат нафақа тўланмай турилади, ёки нафақалар миқдори минималлаштирилади.

Шу аснода аҳолига етқазиб берилаётган электр, табиий газ ва ичимлик сув таъминотида юзага келаётган узулушлар ҳам давомий ортиб боради. Зотан табиий газ манбаасининг экспортидан кўпроқ манфаатдор бўлган хукумат аҳолига газ бериш даражасини йилдан-йилга камайтириб бормоқда. Бунинг устига табиий газ мамлакатда ишлаб чиқариладиган электр энергиясинг асосий манбаи ҳам хисобланади. Демак электр энергияси таъминотидаги узилишлар давомийлиги ҳам кескинлашади.

Қолаверса хукумат нақд пулга харид қилиш ўрнига бартер асосида нефт махсулотлари импорт қилишни афзал билиши ва буни ўзи истаган шароитлар асосида йўлга қўя олмагани сабаб охирги беш йил мобайнидан шахсий автомобиллар асосий қисмининг табиий газга ўтқазилиши ҳам табиий газга бўлган талабни кескин ошириб юбормоқда. Эндиликда транспорт воситаларига ёнилғи сифатида етқазиб бериладиган табиий газ миқдорининг ҳам давомий пасайиб боришини кузатишга мажбур бўламиз.

“Ривожлантириш” ва “ижтимоий ҳимоя”га йўналтирилган лойиҳалар миқёсида бўлса аксинча ўсиш кузатилишини хам башорат қилса бўлади. Чунки айнан шу лойихалар мамлакатда иқтисодий ўсиш ва ижтимоий ҳимояланганликнинг тимсоли сифатида олиб борилади ва кенг тарғиб этилади. Бир мисол 2012 йилга режалаштириб қуриб-битқазишнинг уддасидан чиқилмаган “Намунавий уйлар барпо этиш дастури”дир. Бу дастур 2013 йилда янада кенгроқ миқёсда давом эттирилади.

Ҳолбуки қишлоқ жойларида давлат лойиҳаси ва буюртмаси асосида қурилиб узоқ муддатлик кредит асосида сотилаётган мазкур уйларнинг нарҳи фуқаролар ўзлари қуриши мумкин бўлган уйлар нархидан уч баробаргача қиммат хисобланади. Аммо хукумат сўнгги 10 йил ичида уй жой қуриш учун ер майдонлари ажратиш жараёнини қонунан чеклаб ва хатто тақиқлаб қўйиш асосида мамлакатда янги уй-жойларга бўлган талабни сунъий оширишга эришди.

Энди даромад кўриш мақсадида ишлаб чиққан дастури асосида бу уйларни оддий халққа тан нархидан бир неча баробар қимматга сотмоқда. Ер майдони олиб уй қуриш имконидан маҳрум бўлган халқ мажбурият юзасидан мазкур манфаатсиз шартлар асосида тақдим қилинаётган уйларни узоқ муддатли кредитга олишга мажбур бўлмоқда.

Бу дастурга кўра ҳаридор ўзи олишни хохлаган уй нархига (фоизлари билан пировард нархи 80-100 миллион сўм ўртасида) шартнома имзолаб, бу миқдорнинг камида 25-30% қисмини уй қурилишга бошланишидан олдин тўлаб қўяди. Икки йил давомида уй-жойининг қурилишини кутишга мажбур бўлиш билан бирга шартнома асосида кўзда тутилган кредит фоизини ҳам тўлаб боради. Холбуки шу икки йилда тўлганган умумий миқдорига деярли айни кўрсаткич ва қулайликлага эга уй қуриш мумкинлигини хамма билади.

Аммо давлат ер майдони ажратмаслик билан оддий халққа бундай имконият яратиб бермайди. Турли “имкониятлари” кенг амалдорлар бундан мустасно эканини ҳам айтиб ўтиш жоиз.

“Ривожлантириш дастури” асосида шох кўчаларни қайта-қуриш, маданий обидалар ва хордиқ чиқариш масканлари барпо этиш ва реконструкция қилиш каби лойихалар учун хам олдингидай давлат бюджетидан ажратиладиган миқдор 20%дан ошмайи, қолган 80% харажатлар бўлса маҳаллий тадбиркорларнинг “қўнгилли хомийлиги” асосида қопланади.

Бу борада Жаҳон Банки томонидан Ўзбекистоннинг кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларига белгиланган солиқлар юзасидан дунёда энг баланд кўрсаткичларга эга экани борасида хисоботи юртимиздаги парадоксал “иқтисодий ўсиш” феноменини изохлашни янада қийинлаштиради. Гап шундаки кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари дунё миқёсида энг катта солиқлар тўлаш билан бирга доимий равишда хукуматнинг турли дастурлари учун “кўнгилли ҳомийлик” хам қилиб боришга мажбур бўлишади. Бунинг устига иқтисодий фаолият юритиш учун лозим бўладиган бюрократик босқичларнинг ҳар бири коррупцион йўл билан хал қилинишини ҳам қўшилса ўзбек тадбиркори хар қандай иқтисодий фаолиятдан зарар билан чиқаётгани маълум бўлиб қолади.

Яна бир мисол “ижтимоий ҳимоя дастурлари” жадаллашганининг иқтисодий ўсишга таъсири хисобланади. Эндиликда Гулнора Каримова раҳнамолигида ўтқазилаётган бу дастурларда иштирок этиш махаллий тадбиркорлар учун янада “мажбурий-ихтиёрий” бўлиб қолмоқда. Демак бундан кейин табдиркорлар учун мажбурий тўловлар миқдори ошиб боришидан ташқари Гулноранинг тадбирлари учун ҳам катта миқдорда хомийлик тўловлар тўлаб бориш талаб этилади.

Юртбошимиз мамлакатда йилдан-йилга ошиб бораётганини таъкидлаётган “янги ишчи ўринлари яратилиши” кўрсаткичи борасида ҳам тўхталсак. Шуни алоҳида такидлаш жоизки мамлакатда янги иш ўринлари асосан хизмат кўрсатиш ва савдо фаолияти билан боғлиқ тадбиркорлик субъектлари томонидан яратилмоқда. Охирги ўн йил ичида бюджет ташкилотларида банд бўлганларнинг камида 20% “сокращение”га тушгани, бу иш ўринларидаги қисқартиришларга хатто куч ишлартар тизимлари ва хукумат амалдорлари сонини қисқартириш орқали эришилганини хукумат манбаалари ҳам тан олишган.

Янги яратилаётган ва йиллик ўртача сони бир миллионга яқинлашиб қолган ишчи ўринлари турли мажбурий ва “ихтиёрий” тўловларни тўлай олмасдан касод бўлиб қайта шаккланаётган, асосини хизмат кўрсатишгина ташкил этадиган кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари томонидан вужудга келтирилмоқда. Давлат яширадиган статистикаларсиз хам одамлар яҳши билишадики, деярли ҳар бир тадбиркорлик субъекти 1-2 йил фаолият кўрсатгандан сўнг “банкротлик эълон қилиб” қайта шаклланиб олади.

Бу холда янги тадбиркорлик субектларига яратиб берилган солиқ имтиёзларидан фойдаланиш имкониятини қўлга киритиш билан бирга, улар қисқа фаолиятлари давомида йўл қўйган камчиликлар учун маъсулиятни ўз зиммаларидан соқит қилиб ҳам оладилар. Баъзи холларда тез-тез қайта шаклланишнинг яна бир жихати расман янги рахбар қилиб тайинланган киши мазкур бизнеснинг аслида кимга тегишли экани борасида аниқ маълумотлар олишни янада мужмаллаштиради.

Иш ўринлари борасида хулоса қилинадиган бўлса, назаримда президент Ислом Каримов бир миллион ишчи ўрини яратилгани хақида баёнот бериш билан ўзининг атрофидагилар томонидан алданётганини билмайди. Аслида бу иш ўринларининг камида 80%и қайта шаклланган тадбиркорлик субектларига тўғри келиб, йўқ бўлиб кетган ишчи ўринлари билан тафовути солиштирилса реал ўсиш эълон қилинаётган миқдорнинг 10-15%ига тўғри келиши маълум бўлиб қолади.

Демак бугунги иқтисодий ўсиш қайсидир маънода халқни ва қайсидир даражада эса президент Каримов ва у орқали хорижий кузатувчиларни алдаш учун юритиладиган статистик ўйинлар мажмуасидир. Чунки хукумат томонидан юргизилаётган иқтисодий сиёсат натижасида на оддий халқ фаровонлик даражасида, нада иқтисоднинг етакчи секторларида ҳеч қандай муҳим ўзгаришлар амалга ошмаяпти. Янада аниқроқ айтиладиган бўлса иқтисодий ўсиш фақат “Каримов бориб кўрадиган лойихалар” билан чекланиб қолар экан, оддий халқ кундан-кунга кўпроқ иқтисодий муаммоларга дуч келмоқда. У юзлашаётган ишсизлик, миграция, энергия таъминотидаги тақчилликлар, камайиб бораётган реал иш хақи ва ижтимоий тўловлар, кескин ошиб бораётган мажбурий ва “ихтиёрий” тўлов ва харажатлар иқтисодий сиёсатнинг мақсади хақиқий фаровонликни оширишга эмас статистик кўрсаткичларни манипуляция қилиш билан иқтисодий ўсишни иммитация қилишга йўналтирилганини билса бўлади.

2013 йил учун башорат қилинган иқтисодий ўсиш ҳам мохиятан бугунгача юргизилаётган иқтисодий сиёсатнинг мазмуний давоми хисобланади ва оддий ўзбек учун турмуш даражасининг пасайиб кетиши, фаровонликнинг ёмонлашуви янада одатий холга айланади. Мазкур иқтисодий сиёсатнинг афсус билан тилга олиш керак бўлган энг муҳим жихатларидан бири бўлса, юқорида такидланганидек хорижга ишчи кучи экспорт қилиш эвазига мамлакатда фожеали оқибатлар сари жадал етаклайдиган ижтимоий-ахлоқий муаммоларнинг чуқур илдиз отаётганидир.

Бу муаммолар жорий иқтисодий сиёсатнинг оддий халқ гарданига осаётган “билвосита” харажатларидир. Афсуски бу сиёсатнинг қатор салбий таъсирлари сингари “билвосита ижтимоий харажатлари” ҳам мазкур сиёсатни юритаётганлар хаётида ўз аксини топмайди. Демак бу сиёсат давом этаверади.

Темурмалик Ҳайдаров, Тошкент, “Туронзамин” учун.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Tahlil. Bookmark the permalink.