Таҳлил

ЎЗБЕКИСТОН: БУГУН ВА ЭРТАГА
КАРИМОВ ФЕНОМЕНИ
2013 йил январ ойининг охирида Ислом Каримов ўзининг 75 ёшини нишонлайди, сентябр ойида бўлса мамлакатимиз мустақилликга эришганига 22 йил тўлади. Шубхасиз Каримов мутлоқ ҳукмронлик қилган бу давр тарихда қатор иқтисодий ва сиёсий беқарорликлар билан эсга олинади. Аммо шундай омиллар борки, улар нафақат Каримов хукмронлиги даврида, балки Каримовдан кейин у яратган “сиёсий машина” фаолият олиб борадиган даврда ҳам ўзгармасдан қолаверади. Афтидан Каримов режими ва унинг барқарорлигини таъминловчи бу омиллар бир-бири билан симбиотик таъсирга эга – яъни Каримов режими даврида бу омиллар ўзгармайди ва аксинча, бу омилларнинг сақланиб қолиши Каримов режимининг узоқроқ хаётда қолишига хизмат қилади. Бу ерда Каримов режими ўрнатган ёки воз кечмаган, бугунгача ўз долзарблигини йўқотмаган омиллар хақида ўз билганларимни қайд этишга қарор қилдим. Мазкур рўйхатни давом эттириш ва энг асосийси уларни бартараф этиш борасидаги мулохаза юритишни сизнинг хумкмингизга ҳавола қиламан.
ЎЗБЕК ТИЛИНИНГ ЎРНИ
Мустақиллигимиздан икки йил олдин қабул қилинган “Ўзбек тили тўғрисидаги” қонунимизга қарамасдан Каримов режими рус тилида иш юритиш сиёсатидан ҳеч қачон воз кечгани йўқ. Мустақилликдан кейин кам сонли сиёсатчилар рус тилига қарши исён сифатида ўзбек тилида иш юритишни жорий қилишга ҳаракат қилган бўлсаларда, режим иш юритиш тилини ўзгартиришдан кўра бундай “ўзгача фикрловчилар”дан фориғ бўлишни афзал билди.
Қолаверса “лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтиш жараёни” номи остида янги авлодни оммавий саводсизлаштириш кампанияси олиб борди. Натижада бугунга келиб олий таълим муассасаларида таълим олиш ёшига етган, дастлабки таълимни лотин алифбосига асосланган ёзувда олган ёшлар совет таълим тизими асосида таълим олган авлод вакилларидан бир неча карра саводсизликлари билан ажралиб қолдилар. Мазкур сиёсат туфайли янги авлод нафақат рус тилидаги бадиий адабиётлар билан, балки совет Ўзбекистонидан мерос олганимиз кирилл алифбосида ёзилган ўз маданий-маърифий меросимиз билан танишишдан хам қисман маҳрум қилиндилар. Давлат ишлари рус тилида юритиладиган, рус тили совет давридагидан ҳам кўпроқ “элита” тили ҳолига келтирилган режим учун айнан манашу керак эди. Энди режим ўз хизматига фақат аристократларни – советлар сингдирган зеҳниятдан воз кечмаганларни осонлик билан танлаб олади. Оддий халқ бўлса рус тилида икки оғиз гапира олмаслиги етмаганидек Россияда қуллик қилишга мажбур этилади.
Россия ва русийзабонлар яхшироқ тирикчилик қилиши мумкин бўлган Қозоғистонга ёппасига миграция авж олганига ҳам 10-12 йил бўлди. Ёппасига миграция бошланганида энди мактабга борган ёшлар бу йил “ўрта махсус маълумотли қул” даражасини олиб Россия томон равона бўлишди. Аммо бу муддат ичида маориф тизимида рус тилини ўқитишга эътибор кучайтирилиши ўрнига аксинча сусайтирилди.
Ўз иш фаолиятини рус тилида юргизадиган, фарзандлари ўзбек тилида исмини ҳам айта олмайдиган режим дахолари бўлса оддий халқнинг на рус тилини нада умуман бирор тилни билишидан манфаатдор эмас. Уларга қолса оддий халқ бутунлай саводсиз бўлса – аёллар ва болалар пахтани теришса, эркаклар миллион-миллионлик гуруҳларда Россияга иш қидириб кетишса айни муддао.
Каримов режими оёқда қолар экан хукуматнинг тилга бўлган муносабати ўзгармайди. Худди тилимизга бўлган ўз муносабатимиз ўзгармагунча бу режим ўзгармагани каби. Тилимиз бу умумий муаммоларимизни ўртага қўядиган, уларга ечим излайдиган воситамиздир. Бундай воситадан фойдаланишни Каримов режими имкон топса қонун билан тақиқлаган бўларди.
ПАХТА ЯККАХОКИМЛИГИ
Юқорида такидланганидек пахта яккахокимлиги ҳам Каримов режимини оёқда сақлаб қолиш учун сув ва ҳаводек зарур. Пахта стратегик хом-ашё. Даромадбоплик борасида ҳам жуда паст даромадли экин хисобланмайди. Аммо Каримов режими пахта етиштиришни ўзининг асосий даромад манбааси қилиш билан бирга уни оддий халқни қул қилиш воситасига ҳам айлантирган. Акс холда етиштирган хом-ашёни сотиш хуқуқини фермерларнинг ўзларига бериб уларнинг даромадидан ундирадиган солиқ билан чекланса мамлакатда бугун бордек кўрсатилгаётган “фермерлар синфи” хақиқатдан ҳам шаклланган, айнан далада мехнат қилиб пахта етиштирган аҳолининг даромадлари ошиб, фаровонлиги яхшиланган бўларди. Аммо халқ фаровонлигининг ошиши Каримов режими юритаётган сиёсатга умуман зиддир. Акс холда оддий халққа қонунан ажратгани, хорижга сотган пахтадан оладиган даромадининг бир мисқолини ҳам махаллий хокимлар томонидан таланишига, пахтани етиштирган дехқон мехнати учун фақат “терим пули” ва гўзапоягина олишига йўл қўйиб бермаган бўларди.
Қолаверса етиштирилган пахта толасини катта қисмини хом-ашё сифатида экспорт қилгандан ярим тайёр, хатто тайёр махсулот холида экспорт қилиш имкониятларимиз ҳам етарли. Бунинг учун бугун касодга учратилиб талон-тарож қилинган ип йигирув ва тикувчилик фабрикаларимиз негизида замонавий корхоналар ташкил қилиш талаб этилади. Аммо бунинг учун мазкур корхоналар қайта ишлаш учун оладиган хар тонна пахта толаси учун мамлакатдаги юқори мансабдорларга, хусусан Гулнора Каримовага ўз ойликларидан чўтал бериб туришлари керак. Гулнорахон бўлса сўмда олинадиган, яна бўлиб-бўлиб бериладиган порадан кўра бирданига хорижий ширкатлари хисобига тушадиган юз миллионлаган долларларни афзал биладилар. Шундай экан пахта сиёсати ҳам мамлакатимиз дехқони тақдирига ёзилган узун йиллик қисматлигича қолаверади. Каримов режими оёқда қолар экан пахта сиёсати халқни қулликда ушлашнинг, бошқача айтганда “Ё далага чиқиб ишла ёки Россияга кетиб ишла” сиёсатининг негизини ташкил этади. Халққа аталган бир мисқол терим пулига ҳам шериклик қиладиган махаллий амалдорлар бўлса бу сиёсатни янада кенгроқ тарғиб қилиш учун ҳеч қандай разилликдан қайтишмайди.
ЭНЕРГЕТИК БЎХРОН
Режим тайёрлаган хисоботларда йилдан-йилга “гуркираб” ривожланаётган иқтисодимизнинг акси ўлароқ 10-12 йил олдин чет қишлоқларда бошланган энергия тақчиллиги йиллар давомида бўхронга айланиб бу йил пойтахт Тошкентни ҳам забт этди. Баъзи тахлилчилар хукумат иқтисодий ўсишни табиий газни аҳолига сотмасдан экспорт қилаётгани хисобига қўлга киритмоқда деб таъкидлашади. Агар шундай бўлганида ҳам мамлакатда ишлаб чиқарилаётган газнинг 60-70% қисмини экспорт қилиш имконини берадиган қувурлар тизими мавжуд бўлмаса керак. Чунки бугунга келиб газ таъминотидаги камомад камида йилига 60%ни ташкил этмоқда ва марказий шахарларда ҳам доимий чекловлар жорий қилинишига сабаб бўлмоқда.
Каримов режимининг оддий халқни қул қилишга асосланган сиёсат юритишини инобатга олиб энергетик бўхронни ҳам мазкур сиёсатнинг бир қисми сифатида қараса бўлади. Бугунга келиб 10 йилдан бери табиий газ умуман етқазиб берилмаётган худудларда ҳам табиий газдан йирик қарздорлик мавжуд. Табиий газ деярли етқазиб берилмаётган худудларда қарздорлик қаердан пайдо бўлаётгани хақида махаллий ахоли изланиш олиб бориши ва муаммонинг мохиятини англаб етиши зарур. Аммо шуниси аниқки, энергетик бўхронга қарамасдан режим халқни қарздор қилиб қўйиш билан “Олдин қарзингизни тўлаб қўйинглар, кейин газ ва электр бўлади” дейиши учун замин хозирланмоқда. Албатта энергия таъминотида етишмовчиликлар бутун дунёдаги каби бизда хам бўлиши мумкин, аммо бу муаммони ечишдан кўра режим доимгидек “Ўзларинг айбдорсанлар” деган позицияга ўтиб олгани унинг асл башарасини очиб беради.
2001 йилда Ўзбекистон Фанлар Академиясининг ўша пайтдаги директори, академик Беҳзод Йўлдошев мамлакатда энергетик бўхронни олдини олишнинг ягона йўли атом энергитикасига ўтиш эканини такидлаган ва Тошкент шахрида Ўзбекистонда атом электростанциялари барпо этишга бағишланган илмий-амалий конференция ташкил этган эди. Афсуски конференциянинг 3- кунида Каримовга етқазилган бу хабар оқибатида конференция тарқатиб юборилган ва Беҳзод Йўлдошев Ўзбекистондан хайдаб солинди. Бугун у киши АҚШнинг етакчи университетларидан бирида лаборатория мудири сифатида фаолият юритмоқда. Ўзбекистонда бўлса у киши ўн йиллар олдин огоҳлантирганидек энергетик бўхрон хукм сурмоқда.
Каримов режими хақиқатдан ҳам халқ фаровонлгини ўйлаганида дунё борасида тан олиган олимни хайдаб солмасдан ундан муаммони ечишда фойдаланган бўларди. Бугун Нурсултон Назарбоев Қозоғистон равнақи учун миллионлаган долларларга етакчи маслаҳатчилар, хусусан Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блейрни ҳам ёллаган бир пайтда Каримов ўз атрофидаги нуфузли олимларни қувиб солгани унинг пировард мақсади халқни қул қилишдан бошқа нарса эмаслигининг исботидир. Газ тақчиллигига қарамасдан ахолининг қарздорлиги йилдан-йилга ошиб бораётганини эса унинг сиёсати нафақат халқни қул қилиш, балки тахқирлашга йўналтирилган сиёсат эканидан бошқа нима билан изохлаш мумкин?
Энди Каримов “Обод турмуш йили” деб эълон қилган 2013 йилда бу сиёсат ўзгаради, энергетик бўхронга барҳам берилади дейилса ишонасизми? Каримов режими энергетик бўхронга энди истаса ҳам барҳам бера олмайди. Чунки ўз вақтида олимлар таклифини рад қилиб айнан энергетик бўхронга сабаб бўладиган сиёсатни шахсан Каримовнинг ўзи танлаган эди. Шунинг учун Каримов режими даврида халқ истеъмол қилмаган газ ва электрига қарздор бўлишга тайёрланавериши керак.
“ФУНДАМЕНТАЛ ЎЗГАРИШЛАРГА ТАЙЁРГАРЛИК ЙИЛИ” ёки “ДЕМОКРАТИЯНИНГ ЯНГИ ЎЙИНЛАРИ”
Каримов иқтидорининг муваффақияти кўп бор таъкидланганидек ўзига ўриндош бўлиши мумкин бўлган шахсларни йўқотиш ва бирор кишини ворис сифатида “бармоқ билан кўрсатмаслик”га асосланган эди. Бундан унинг атрофидагилар ҳам етарлича унумли фойдаланишар, уни супер изоляцияда сақлаб “Каримов номи билан” сиёсат юрғазишдан жуда манфаатдор эдилар. Аммо бундай изоляцияланган шароитда кексайган Каримов қатор муаммолар билан юзма-юз қолмоқда. Бугун унинг олдида ёки уни изоляцияга олганлар томонидан тўнтарилиш ёки диктаторлик борасидагина ўзидан анча кучли бўлган қизига тахтни топшириш вариантлари қолган холос.
Бу холда Каримовнинг танлови табиийки Гулнорани ворис сифатида қолдириш бўлади. Шу ўринда “Агар Каримов Гулнорани ўрнига қолдирмоқчи бўлса уни аллақачон бирор вазифага тайинлаб унга шароит яратиб берган бўлар эди” деган иддаолар ҳам ўринли. Аммо шуни ҳам инобатга олиш керакки на Гулнора Ислом Каримовни изоляцияга олган гурух қўлида бирор лавозим эгаллашга кўнади, на бу гурух Гулнорани ўз қарамоғига олиб ўз бошига муаммо очишдан манфаатдор. Иккала томоннинг ҳам эътирози туфайли Гулнора бугун ўзи яратган “Фонд Форум” оролининг ягона маликаси вазифасида қолмоқда. Уни фақат расмий равишда 1-мақомга келиш қониқтиради. На кун тартибининг, на шахсий салоҳиятининг тайини бўлган бу хонимчани қўл остига олиб, расман рахбар, де-факто қўғирчоқ бўлиб ишлаш бўлса Каримов атрофидагилар учун энг камида ўз каръераларининг ниҳояси хисобланади. Шундай экан икки томоннинг муштарак келишуви асосида Гулнорани бирдан президентликка олиб келиш ва Каримов хаётдалиги пайтида уни отаси орқали бошқариб туриш режим дахолари учун энг ёмон ечимларнинг энг манфаатлисидир.
Аммо Каримовнинг куни кеча қилган “Фундаментал ўзгаришларга тайёргарлик” борасидаги баёноти Каримов атрофидаги “йирик балиқлар”ни уйқусини ўғирлагани ҳам рост. Чунки Гулнора бирдан “Гули” бренди остида ўзи тиккан “демократ” тўнини кийиши ва қайсидир Эндрю Стролейнлар талабига биноан муаммоларни ўрганиш асносида баъзи йирик балиқларни тўрга илинтириши, шу йўл билан мамлакатда “демократия” спектаклининг янги сахнасини очиб бериши мумкин. Бу холда йиллар давомида тўпланиб қолган ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий муаммоларнинг “айбдори” ҳам топилиб, Каримовлар сулоласи уларга нисбатан кучли “жанг” бошлайди. Бу эса Гулноранинг сайлов кампанияси учун козир вазифасини ўтаб, тўлақонли муваффақиятни таъминлайди. Масалан Шавкат Мирзиёев ва у томонидан турли вазифаларга келтирилган амалдорлар занжири “диктатура” тимсоли сифатида сиёсий сахнада очиқчасига “линч” қилинади.
Гулнора президентликка келтирилгач бу театрлаштирилган сахналарда кейинги сайловларгача танаффус эълон қилиниб M&TVA тақдирлаш маросимлари давом эттирилаверади. Бу муддатда “янги Мирзиёев”лар клани шаклланишига ва уларнинг сидқидилдан Гулнора манфаатлари учун юқорида тилга олинган “Каримов машинаси”ни юрғизишига қўйиб берилади. Шу тариқа театрлаштирилган сахналар занжири остида кичик демократ Ислом Каримовча ҳам тахтга келтирилади. Президент Каримовнинг йиллардир такрорлаб келаётгани, мухолифатнинг асосий қисми хали ҳам тушуниб етмагани ўзбекча демократия тушунчасининг негизини манашу фундаментал ўзгаришлар очиқлаб беради.
Каримов режими оёқда экан мухолифат наздида тушуниладиган хақиқий демократия мамлакатнинг ёнига ҳам яқинлаша олмайди. Саводсизлаштирилган халқ пахта даласидан чарчаб келиб суйган хонанда ва актёрларини хозирча “Фонд Форум маликаси”, кейинчалик президент Гулнора билан ўпишиб бир-бирларини табриклаётганини телевизор орқали кўриб хурсанд бўлиб юраверади. Бу борада оммавий ахборот воситаларига алоҳида вазифа юкланади.
ИНФОРМАЦИОН БЛОКАДА
2013 йилдан эътиборан мамлакатда иккита янги телеканал ишга тушгани эълон қилинди. Тошкент шахридан бошқа жойларда ҳеч ким бу каналларни кўра олмаётган бўлсада, бу каналлар очилиши муносабати билан Россиянинг нисбатан бетараф хисобланган иккита канали мамлакат миқёсида тўсиб қўйилди. Балки яқин орада янги “Маънавият канали” барча хонадонларга кириб борар ва халқимизнинг “янада маънавиятли” бўлишига ўз хиссасини қўшишни бошлар. Аммо ҳеч шубхасиз унинг информацион чанқоғини қондириш воситалари чекланиши бу билан тугамайди. 2013 йилда хаво мавжларидан олиб ташланадиган каналлар сони ўнга яқин бўлиб, йил давомидан улар бирин-кетин тўсиб борилади. Кейинги йил учун тўсиладиган каналлар рўйхати эса бугун узатилаётган каналларда ёритилаётган мавзулар мохиятидан келиб чиқиб тузиб борилмоқда.
Бугун хорижий нашлар, хусусан интернет воситасида ётиритиладиган ОАВларни тўсиш билан бирга улар билан ҳамкорлик қиладиган кишилар таъқиб остига олинмоқда. Чунки бугун катта информацион оқимни тўсишдан кўра бу ОАВларга янгиликлар етиб боришини бартараф этиш самарали усул хисобланади. Махсус хизматлар томонидан “жойлардаги мухбирлар”га қарши курашни янги босқичга чиқариш бўйича ишлаб чиқилган дастур мавжуд. Яъни бу мухбирларни аниқлашда “қалбаки мухбирлар”дан фойдаланиш режаси ишлаб чиқилган. Бу режага кўра бир муддат хорижий ОАВлар билан “ҳамкорлик” қилган қалбаки мухбирлар ўзларининг ҳамкасблари борасида қизиқиб, улар билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилиш иштиёқини билдиришади. Режа муваффақияти бўлса маъсуллар ишончини оқлай олишга боғлиқ бўлади.
Бу борада “Фундаментал ўзгаришларга тайёргарлик дастури” доирасида мамлакат ичкарисидан мухим ахборотларни “сиздириш” орқали ҳам юқоридаги дастурга хизмат қилиш ҳамда хорижий ОАВлар маъсулларининг ишончига киришга эришиш мумкин бўлади. Жойлардаги хақиқий мухбирларга дархол чора кўрилмасдан “хаддидан ошмаганлар”ни юқоридаги дастур доирасида фойдаланиш учун йўналтириб туриш ҳам мумкин бўлади. Ғишт қолипдан кўчиб “дастур” нихоясига етгач “ватан хоинлари” билан хисоб-китоб тўғирлаб қўйилади.
Каримов режими жорий қилган ҳеч қандай мантиқий қоидаларга тўғри келмайдиган информацион блокада сиёсатига қарши курашишнинг асосий воситаса бўлса хар бир салоҳиятли киши учун ўз имконияти доирасида жойлардаги муаммолар тўғрисида хабарлар бериб боришни тўғри йўлга қўйиши хисобланади. Каримов режими бор экан хорижий ОАВлар ва интернет манбаалари халқ информацион чанқоғини қондириш ва уларни хақиқатдан воқиф қилишнинг ягона йўли бўлиб қолаверади. Гулноранинг тахтга келтирилиши учун олиб борилиши режалаштирилган “демократия” ўйинида иштирок этиш, бу ўйинларни жиддий қабул қилиш бўлса иштирокчиларга қисқа муддатли шон-шухратдан кейин аянчли тақдирнигина ваъда қила олади.
“ДАРС БЕРИШ” СИЁСАТИ
Каримов иқтидорга келганидан бери унга ошкора қарши чиққанларнинг давомли аянчли тақдир билан юзлашганларини кўрамиз. Аммо бугунга келиб режим ўзига садоқат билан хизмат қилганларни хам тахқирлаши мумкинлигини ўрганмоқдамиз. Миродил Жалолов, Бехзод Ахмедов ва Абдулла Ориповлар бунинг яққол мисолларидирлар. Бугун берилаётган “дарслар”нинг моҳияти ўзгармоқда ва режим ўзига содиқларни хам тинмасдан “огоҳлантириб” туриш сиёсатига ўтмоқда. Гарчи бу сиёсатнинг оддий халқ билан тўғридан-тўғри алоқаси бўлмасада, яқин келажакда Гулнора бу сиёсатни отасидан хам қаттол йўл билан амалга ошира бошлайди. Қўркитиш, таъқиб ва таъзийқлар, намоишкорона жазога махкум этишлар янги босқичга чиқарилади. Бу жараёнлар “ички иш” хисоблансада режим наздида мухожирлар алохида таҳдид касб этади. Уларнинг хориждаги фаолиятларини назорат қилиш имкониятлари МХХ учун жуда чекланган.
Шу ўринда хорижий ахборот воситаларининг мазкур дарс бериш сиёсатига тўлақонли жалб қилиниш режаси борасида ҳам тўхталиб ўтиш лозим. Москвада Ўзбекистон МХХ ходимлари томонидан қўлга олинган Наманганлик йигитлардан бирининг тергов изоляторида ўз жонига қасд қилгани ва мархум жасадининг мамлакатга олиб келингани хақидаги хабар кўпчилик наздида Ўзбекистон хукумати учун салбий аҳамиятга эга хабар хисобланади. Аммо хукумат учун бу хабарнинг хорижий ОАВларда тарқалиши айни муддаодир. Хукумат ўзбекларни дунёнинг қай бурчагида бўлса ҳам таъқиб остида эканини намойиш қилишнинг бундан самарали бошқа йўлини тополмаган бўларди. Бу фожеали ходиса учун Ички ва Ташқи Ишлар Вазирликлари бирор раддия бериш билан чекланишади. Хибсга олинган йигитлар, хусусан ўн гулидан бир гули ҳам очилмасдан режим қурбонига айланган йигитнинг хақиқатдан айбдор ёки йўқлигини балки охиратдагина билармиз, Аммо бу амалиётнинг таъсири бутун мухожирлар учун ибратлик дарс хисобланади. Афсуски мазкур дарсдан хақиқатдан ҳам чиқариш лозим бўлган хулосалар мавжуд. Ота-боболаримиз уқтирганидек эҳтиёткорлик ҳеч қачон зарар қилмайди.
Каримов режими бўлса бундан кейин оёқда қолиши учун ўз қаттол сиёсатини давом эттириб янада кўпроқ қурбонлар беришга мажбур бўлади. Башар Ассад Сурияни бугун қай ахволга солганини кўриб турибмиз. Аммо Гулнора Ассаднинг холига тушиб қолса ундан фарқли ўлароқ халқ ўққа тутилаётган пайтида Депарделар билан бирор “Сити”сида базму-жамшид қилаётган бўлади.
ХУЛОСА

Каримов хукмронлиги даврида ўзгармайдиган омиллар сифатида тилга олганимиз ўзбек тилининг ўрни, пахта яккахокимлиги, энергетик бўхрон муаммоси, фундаментал ўзгаришлар ниқоби остида демократик жараёнлар имитациясининг давом эттирилиши, информацион блокада ва қўрқитиш сиёсатининг узлуксиз жадаллаштирилиши бугун санашимиз мумкин бўлган омиллардан бир нечтасигина холос. Бу рўйхатни хар бир Ўзбекистонлик бемалол ўнлаган бошқа мисоллар билан давом эттира олади. Баъзилар бўлса бу муаммоларга прагматик ечимлар таклиф қилиш салохиятига ҳам эгалар. Мазкур жараёнга қизиққан ва қайғурганларни жим турмасликга чақираман. Устимизда юргизилаётган тахқирлаш сиёсатининг муваффақияти бизнинг сукутимиз билан боғлиқдир. Бугун Тошкент-Самарқанд йўлини тўсаётган аёллар фақатгина “Газ ва электр берилади” деган ваъдалар билан алданаётган эканлар демак халқ воқиф бўлиши лозим бўлган кўплаб муаммолар парда ортида қолиб кетмоқда. Бунинг қачонгача давом этишига режимдан кўра кўпроқ биз маъсулмиз.

Ўктам Худоёров, Тошкентдан, “Туронзамин” учун.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Tahlil. Bookmark the permalink.