Тарихий-замонавий роман

Жаҳонгир Муҳаммад׃ “ҚИЁМАТ КУНИ”

-1-

Тошкент. Оқсарой.

-Соиповни сен отдингми?-деди Каримов Иноятовга сим қоқиб.

-Йўқ, мен отганим йўқ!

-Биламан, сен отганинг йўқ! Лекин сени болаларинг отдими деяпман?

-Йўқ, улар ҳам мендан сўроқсиз бир иш қилмайдилар ва мен ҳам сиздан сўроқсиз бир иш қилмайман.

-Унда нега ҳаммаёқда ватаванг?

-Биласизку, душманларимизга баҳона керак.

-Ўша баҳонани ким берди уларга? Бугуннинг ўзи иккита хат олдим. Ҳатто мана америкаликлар ҳам келиб таранг қилишмоқда.

-У бола уларга ҳам ишлаган.

-У бола ким ўзи, биласанми уни?

-Ўрта миёна бир мухбир эди.  “Америка овози” билан ҳамкорлиқ қилган. Русларга ҳам ишлаган.

-Ўрта миёна бўлса унинг ўлими кимга керак бўлди? Нега бунча шовқин-сурон қилишмоқда?

-Ҳаммасини аниқлаб сизга ҳисоб бераман.

-Бўпти. Текшириб кўр, тағин бу ишни Усмонов қилмаган бўлсин? Унга “Нима бўлса ҳам атрофингни тинч сақла!” дегандим. У билан ҳам гаплашиб кўр!

Каримов телефонни қўйдида,  бир нарсаларни ёзаётган каби қоғоз чизиб ўтирган АҚШ элчисига юзланди׃

-Сиз ўзбекчани яхши тушунмаганингиз учун атайлаб русча гапирдим. Булар мендан яширин бирор иш қилмайдилар. Агар ўзбошимчалик қилишса, сизлардан бошпана олишларига тўғри келади…

Каримовга ўзининг бу гапи ёқиб кетдими, у жилмайиб қўйди. Унга қўшилиб элчи ҳам жилмайди. Кейин элчи яна дафтарига бир нарсаларни ёзган бўлди. Каримов эса унга изоҳ берди.

-Усмонов деганим Андижоннинг ҳокими. Яхши бола. Милициядан чиққан. У жойни бошқа одам эплолмайди. Лекин у ҳам менинг рухсатимсиз бир иш қилмайди. Буларнинг ҳаммаси ҳарбий интизомга, Бош қўмондонга бўйсунади. Сизларда ҳатто аскарлар ҳам Бош қўмондоннинг измисиз ҳаракат қилаверади. Бу эса мағлубиятга бошлайди.

Каримов гапни Ироқ ва Афғонистонга бурди. Бушни танқид қилган бўлди. Элчи индамай эшитди. Кейин Каримов׃

-Муҳим гаплар чиққанда тортинмай келиб туринг, – деб элчига суҳбатимиз тамом деган ишорани берди.

-Мен аслида президентимнинг ҳарбий база ҳақида…

Каримов элчининг гапини бўлди׃

-У масала битган. Ўтган замон ўтиб кетди. Китоб ёпилган. Бу ҳақда  қайта-қайта гаплашишнинг аҳамияти йўқ. Қандайдир журналистнинг ўлими билан тилимизни қисиқ қилишга уриниш ҳам яхши эмас. Мен қўлимни бундай нарсалар билан булғамайман. Сиз тажрибали дипломатсиз. Сизни ҳурмат қиламан, бундан кейин мен билан ҳар қандай масалада очиқча гаплашаверинг. Мен эркакчасига гаплашишни яхши кўраман. Агар мен кимнидир ўлдирадиган бўлсам, қўрқадиган жойим йўқ. Буни очиқ айтиб, қиламан. Ана, Россия ҳам буни қонунлаштирди. Мана, сизлар ҳам қилаяпсизлар-ку! Қўмондонингиз дунёнинг бошқа жойларида юрган одамларни ҳам ўлдиришга буйруқ бера олади. Агар биз ҳам кимнидир ўзимизга хавф деб топсак, буни очиқ айтамиз. Лекин шахсан мен ундайларни ўлдиришни уларни жазодан қутқазиб юбориш, деб ҳисоблайман. Менга қолса, мамлакатдан чиқариб юбораман. Қайтиб келмайдиган қилиб қўяман. Бу ҳам ўлим жазоси. Фақат жисмоний ўлим эмас, руҳий ўлим…

Элчи Каримовнинг гапларини миқ этмай эшитиб ўтирди ва сўнг назокат билан, қабул учун раҳматлар айтиб чиқиб кетди. Уни кузатиб қайтган вазир Норовга Каримов׃

-Қалай бопладимми?-дедим.

-Аммо гуноҳ қилиб қўйган боладек бош кўтаролмай қолди, бундан кейин ишини билиб қилади.

-Уларнинг қўлида бирор далил бормики мени муттаҳам қилмоқчи бўлди бу?

-Олди-қочди гаплардан бошқа нарса йўқ. Мен унга айтгандим, бундай гаплар билан очко ололмайсан деб…

-Бишкек билан гаплашдингми? Балки уларнинг ишидир бу? Биз базани чиқариб юборганимиздан бери ана у “Боқиманда” ўзини Вашингтоннинг одами ҳисоблаб қолди. Балки уларга козир ясаб бергандир?

-Унинг Қора Ойбек деган мафияси бор Ўшда. Шунинг болалари қилган бўлиши мумкин.

-Лекин нега шубҳа бизга тушди? Агар кучли журналист бўлмаса, булар орага кирармиди? Тўхта, у бола мен ҳақимда бирор нарса ёзган эмасми?

-Йўқ! Сизга қарши ҳеч нарса ёзган эмас. Америкадан 25 минг доллар олиб, “Сиёсат” деган газета чиқараётган экан. Чиққан сонларини кўриб чиқдим. Бор йўғи 5-6 та. Ҳаммаси ҳар ёқдан олинган кўчирмалар. Лекин бир марта чегарадан ўтаётганда бизникилар уни ушлаган. У чегарачилар билан бўлган гапларни яширинча ёзиб олиб, МХХга юклаб, радиога бериб юборган.

-Гапи тўғри-ку, чегарачилар ҳам МХХ…

-Балки шу нарса бизни айблашга сабаб бўлдимикан, дейман?!

-Манга қара! Сенга бир неча марта айтдим. МХХ билан душман бўлма, ҳамкорликда ишла! Гапни айлантириб, кесакни МХХнинг пайкалига отаяпсан-ку!  Агар МХХ аралашганда Иноятов билган бўларди. Сен ҳам билган бўлардинг. Мен ҳам билган бўлардим. Хуллас, нима бўлса ҳам йўқ жойдан яна битта қаҳрамон ясабсизлар. Ҳаммага айт. Миқ этишмасин. Жавоб ҳам беришмасин. Хайриддинга ҳам айтиб қўй. Интернетда ҳам бир нарса чиқмасин. Нима десангизлар ҳам уни машҳур қиласизлар. Бундай пайтда аксини қилиш керак, унутиш, унуттириш керак..

Норов чиқиб кетгач, Каримов бир лаҳза ўйланиб қолдида, қора телефондаги “Иноятов” деб ёзилган тугмани босди.

-Эшитаман, Ислом ака!

-Сенга “Ўшни яхшилаб ўрган, ўзбеклар орасидан болалар топ, у ерга ниҳолларингдан экиб ташла” дегандим. Шу нима бўлди?

-Айтганингиздек қилганман. Андижон воқеаларидан кейин экиб ташлаган ниҳоларимиз кўкариб қолди.

-Ҳисоботингни олиб кел-чи. Бир кўриб чиқайлик. Янги фикрлар пайдо бўлдида…

-Хўп, ҳозир борайинми?

-Яхшилаб ўйла, ҳар эҳтимол учун ёзиб қўйган ҳисоботингни қайта кўриб чиқ ва таклифларингни ҳам жамла, сенга бир ҳафта муҳлат.

Каримов тугмани қайта босиб алоқани ўчирдида, дераза томонга қаради. Осмонда қора булутлар кўринди.  Булутлар шишаётган балон каби “семириб” ҳаммаёқни қоплаётган эди. Наҳотки ёғади? Пахтанинг қолгани нима бўлади?

У столи устидан ниманидир қидирди. Тополмади. Кейин телефон дастасини кўтариб׃

-“Об-ҳаво”ни олиб кел,- деди!

Кейин яна ўйланиб қолди, хаёлига фавқулодда фикр келган одамдек тетикланди ва телефоннинг “Матлубов” деб ёзилган тугмасини босди.

-Ассалому алайкум! Лаббай, Ислом ака,-деган юмшоқ товуш эшитилди.

-Ва алайкум! Баҳодиржон, Ўшда бир журналистни отишибди. Иноятовга ҳам айтдим.  Сенга ҳам айтаяпман. Чунки бу ишни сен қотирасан, ука. Нима бўлса ҳам  “Уголовний розиск”дан чиққансан! Болаларингни ишга сол. Аниқла! Ким отди? Нима учун отди? Тезда шуни аниқлаб, жавобни столимнинг устига қўй. Америкаликлар баҳона қидиришмоқда. Жавоб уларнинг оғзига урадиган бўлсин.

-Бўлди Ислом ака! Гап йўқ! Айтганингиздай бўлади…

Мана шу гапга ҳам уч йилдан ошди. Каримов бугун Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарлари билан учрашувга ҳозирланар экан, “Қаердадир хато қилиб қўймайин”, дея “Қиёмат куни” амалиётининг бошидан охирига қадар эслашга уринаётганди. Лекин…

МУХТАСАР МАЪЛУМОТ

Алишер Соипов

1981 йилнинг 4 сентябирида туғилган.

Таниқли журналист Алишер Соипов 2007 йил 24 октябр куни Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида  отиб ўлдирилди.

26 ёшли Соипов “Америка овози” радиосининг ўзбек бўлими ҳамкори бўлган.  У шунингдек,  “Фергана.ру” ахборот агентлиги, “Озодлик” радиоси, Uznews.net. интернет саҳифаси билан ҳам ҳамкорлик қилган.

Қотиллик маҳаллий вақт билан кечки соат 19.30 да шаҳар марказида  юз берган.

Алишер Соипов Ўшдаги ўзбек тилида чоп этилаётган “Сиёсат” рўзномасининг асосчиси эди. У  ўзига нисбатан таҳдидлар бўлаётганини айтиб келган.

Уйланган, бир фарзанднинг отаси.

(ДАВОМИ БОР)

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA. Bookmark the permalink.