“Туронзамин” почтасидан

Қаерда яшашингиздан қатъий назар оила аъзоларингиз билан соғу саломат яшашингизни тилаб қоламиз

Ёшлигимизда янги йилни келишини катта байрам сифатида нишонлар эдик.Ҳеч ким янги йилда қандайдир ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар бўлишини орзу ҳам қилмас эдик, кутмас эдик ҳам. Бундан яҳши ҳаёт кечириш мумкин эмас деб билардик.Чунки бизлар ўзимизни дунёдаги энг бахтли кишилар деб хисоблар ва бунга қаттиқ ишонар эдик ҳам.Бир-биримизга янги йилда фақат шахсий, оилавий хаётимизда омадлар ёр бўлишини тилар эдик холос. Келажагимиз мустахкамланган, давлатимиз дунёдаги энг қудратли давлат эканини хис этиб яшар эдик.

Гарбачёв сиёсати кўзимизни очди.

Қарасак, дунёда биздан ҳам яхшироқ, фаровонроқ яшаётган халқлар бор экан. Бизлар эса, ёлғонга чув тушиб юрган, ҳуқуқлари паймол бўлаётган мазлум кишилар эканмиз. Биз қудратли деб мақтаниб юрган давлатимиз эса, бегуноҳ кишиларни қирғин қилган, дунёда биринчи бўлиб концлагерларни барпо этган авторетар давлат экан. Энди бизлар бир-биримизни янги йил билан табриклаганда ривожланган мамлакатларда эркин, ҳур яшаётган одамларга ўхшаб яшашни орзу қилиб тилаклар билдира бошладик.

Лекин, мана 6-7 йил бўлаяпдики, одамлар яна эски ҳолига қайтди.Ҳеч нарсадан умид қилмай қўйди. Келажакка бўлган ишонч йўқолгандек. Энди одамлар янги йил билан бир-бирини табрикласа, юртда тинчлик бўлишини, кошона ҳовлиларда яшашини, чет эл машиналарида юришини, пули кўпайишини тилаб табриклайдиган бўлиб қолдилар. Одамлар Америка сингари ҳар томонлама ривожланган, буюк мамлакатлар ахолисидек яшагиси келса ҳам, булар ҳақида тилаклар билдирмай қўйдилар.

Сизлар билан бизларнинг эндиги вазифамиз, одамларни ҳудди қайта қуриш пайтларидагидек келажакка бўлган ишончини оширишдан иборатдир деб биламиз. Ўзбек халқи ҳам бошқа халқлар сингари ўз ҳуқуқларини тўла англаб етган, бунинг учун курашувчи халқ бўлишга ҳақлидир. 2013-йили шундай ҳайрли ишларда Сизларга омадлар ёр бўлишини, қаерда яшашингиздан қатъий назар оила аъзоларингиз билан соғу саломат яшашингизни тилаб қоламиз. Ёру дўстлар билан бирликда, бирдамликда яшаш доимо Сизлар билан бизларга насиб этсин.
Фарғона водийсида фаолият олиб бораётган инсон ҳуқуқлари фаоллари ва мухолифат вакиллари номидан:

НОСИР ЗОКИР ВА ЗОҲИДЖОН ЗОКИРОВЛАР.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.