Зиндондаги адиб ижодидан

Дилмурод САЙЙИД:САККИЗЛИКЛАР
-1-
Сен томон йўл йўқдир, бўлмоғи гумон
Чунки у йўлкада тиғлар қадалган.
Гар оёқ боссам, оҳ, қон йиғлар товон,
Тиғларнинг нафаси кўкка қаралган.

Сен томон йўл йўқдир, бўлмоғи гумон
Чунки у йўлкада тиғлар кўмилган.
Бир марта ўтганман — қон йиғлаб товон
Тиғларнинг нафаси қонга чўмилган!.. 22.VI.1992.
-2-
Тушимга кирасан ҳар кеч бирдайин:
Нигоҳингда ўкинч, кўзларингда ёш.
Бир сўз гапирмайсан, биламан лекин
Сен мендан хафасан, хафа, қора қош!
Тушимга кирасан; зирқирар юрак,
Сенга термуламан, ҳар тун куяман.
Юзларингдан сийпаб ўнгимдагидек —
Тушда ҳам кўз ёшинг артиб қўяман!.. 17.XI.1991.
-3-
Кўз ёшлар қуюлса сиёҳга дўниб,
Киприкларим маним патқалам бўлар.
Қалбимнинг тубидан тошиб, юлқуниб
Дардларим қоғозга йиғлаб тўкилар:
«Бу кун Ҳижрон тиғи қалбимни ўйиб,
Надомат тошидан Эҳром қурмоқда.
Оҳ, нозик белингни бой бериб қўйиб —
Бармоқларим ғамнинг сочин ўрмоқда!..” XI.1991

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Dilmurod Sayyid. Bookmark the permalink.