Ўзбек тили муаммолари

Туркий тилнинг “темир” қонуни бор

Ҳеч бир тил ўз қобиғига ўралиб олиб ривожланган эмас. Ҳар қандай тил ҳам ўз ички имкониятлари орқали, ҳам хорижий тиллардан фойдаланиб тараққий этади.

Аммо хорижий тилнинг ҳар қандай таъсири миллий тилнинг ўзлигига путур етказмаган ҳолда амалга ошиши керак. Хўш, шу нуқтаи назардан қараганда, бугунги ўзбек тили чет сўз ёки шаклларнинг таъсирида шикаст топмаяпти, деб айта оламизми? Бу саволга муайян мисоллар ва уларнинг таҳлилисиз тўлиқ жавоб бериш – қийин, албатта.

Ўзбек тили тарихан тожик ва араб тилларидан кўп сўз олган. ХХ асрда эса рус тилининг таъсири кескин кучайди. Бошқа Ғарб тилларининг таъсири ҳам, асосан, рус тили орқали кечди. Аммо ўтган асрнинг охирги ўн йиллигидан бошлаб тилимизга инглиз ва ўзга Ғарб тилларининг тўғридан-тўғри таъсирида ҳам сўзлар кириб келди. Сўз бир тилдан иккинчисига шундайича, яъни соф ҳолда ўтмайди. У баъзан ўзининг турли шакллари билан кириб келади.

Шунинг учун ҳар бир сўзнинг бир тилдан иккинчи тилга ўтиши муайян муаммоларни пайдо қилади.Бу муаммолар эса икки тилнинг ўзаро “келишуви” асосида ҳал қилинади. Унақасига ҳам, бунақасига ҳам масала қабул қилаётган тил зарарига ҳал этилмаслиги керак. Оммавий ахборот воситалари материалларини таҳлил этган ҳолда айтиш мумкинки, тилимизда айнан ана шу хорижий лисонлардан кириб келган сўзлар ва улар билан боғлиқ шаклларни ишлатишда кўпдан-кўп хатоларга йўл қўйиляпти. “Фан номзоди”, “фан доктори” тушунчалари ўзбек тилида русчанинг таъсирида пайдо бўлган.

Рус тилида “кандидат филологических наук”, “кандидат юридических наук” бир қолипдаги бирикмалар ҳисобланади. Бунда “филологических” ва “юридических” сўзлари сифат тарзида келган. Аммо ўзбекчага бу икки тушунчани икки хил қоидага асосан таржима қилганмиз: а) “филологических наук” бирикмаси аслидагидек сифатловчи-сифатланмишга эмас, “филология фанлари” деган аниқловчи-аниқланмишга айлантирилган, назарий жиҳатдан “филологик фанлар номзоди” дейиш ҳам мумкин эди; б) “юридических наук” бирикмаси аслидагидек “юридик фанлар” деган сифатловчи-сифатланмиш тарзида таржима қилинган, чунки “юридика фанлари” дейишнинг имкони йўқ. Аммо кўпчилик – тайёр қолипларни ўзлаштиришга, имкон қадар шаклларда бир хиллик бўлишига мойил.

Шунинг учун ҳам хатога йўл қўйилаверади. Матбуотда “юридик фанлари номзоди” (“Моҳият”, 2010 йил, 10 декабр) дегандек бир ортиқча “и” билан ёзишларга дуч келаверамиз. “Миллий академик театрида” (“Ҳуррият”, 2007.01.07) бирикмасида ҳам худди шундай хатога йўл қўйилган, ундаги эгалик қўшимчаси (-и) – ортиқча; “Ҳақиқатан” деган кириш сўзимиз бор. Лекин “чиндан”, “ростдан” деган шаклларимиз ҳам мавжуд-да.

Кейинги икки сўзда ўзбек тилидаги чиқиш келишиги қўшимчаси қўшилган. “Ҳақиқатан” десак, сўзи ҳам, қўшимчаси ҳам тамоман арабчадан айнан ўтган бўлади. Келишиб олинганки,“ҳақиқа- тан” шакли – маъқул. Чунки “табиатан”, “дафъатан”, “моҳиятан”, “зотан”, “аслан” деган кўплаб шу шаклдаги сўзларимиз ҳам бор-да. Шунга қарамасдан, “ҳақиқатдан ҳам” деб хато ишлатиш давом этаётибди (“Ҳуррият”, 2010 йил, 15 декабр). Табиатда бўлгани каби, тилда ҳам зараркунандалар учрайди. “Зараркунанда” сўзи “зарар етказувчи”, “халақит қилувчи”, “зиён келтирувчи” деган маъноларни англатади.

Тил амалиётида ана шундай зараркунандаларга кўп дуч келаётганимиз кишини ташвишга солади. “Тилимизнинг зараркунандалари” деганда адабий тил меъёрларининг турли шакллардаги бузилишини кўзда тутиш керак. Тилимиздаги зараркунандалар оммавий ахборот воситалари материалларида ҳамда диний мутахассисларнинг ёзма ва оғзаки нутқида кўпроқ учраяпти. Тилимиздаги зараркунандаларни, шартли равишда, қуйидаги тоифаларга бўлиш мумкин:

– талаффуз меъёрларининг бузилиши;

– сўз ясовчи ёки сўз ўзгартирувчи қўшимчаларнинг бузиб ишлатилиши;

– сўзларни асл маъносидан келиб чиқмаган ҳолда қўллаш;

– ҳозир ишлатилмай, эскириб қолган сўзларни истеъмолга киритиш орқали одамларни чалғитиш;

– муайян сўзни тагматн (контекст) мазмунига мос келмайдиган маънодоши (синоними) билан алмаштирган ҳолда ишлатиш;

– ўзбек тилида фақат ибора таркибидагина келадиган сўзни мустақил сўз сифатида бузиб қўллаш;

– сўзларни тегишли шахс қўшимчасини бузган ҳолда ишлатиш ва ҳоказо. Тилимизнинг оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлардаги бузилишлари кўпайиб боряпти. Бу бузилишларнинг бир қисми бевосита хорижий тиллардан кириб келган сўз ва шаклларни қўллашда рўй бераётир.

Ҳозир тилимизда “маориф” сўзи йўқ, чунки бундай тизим расман “таълим” ёки “халқ таълими” дейиладиган бўлган, аммо айрим газеталарда “маориф” сўзи ҳамон “халқ таълими” маъносида ишлатиляпти (“Мулкдор”, 2006.09.06). “Гап бўлиши мумкин эмас” деган ибора, аслида, “нет слов” (ёки “не может быть слов”) иборасининг калькаси сифатида пайдо бўлган. Бироқ ифодалайдиган маъноси жиҳатидан у билан ўзимиздаги “гап-сўз бўлмоқ” ибораси ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Кўплар биринчиси ўрнига ҳам иккинчисини ишлатаверади: “Тамом!” – деган фикр ўтди йигитнинг хаёлидан. – Гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Маҳзуна бу! Аммо…” (Абдунаби Ҳамро. Вақт дарёси. Ҳикоялар. Т.: “Ўзбекистон” нашриёти. 2009. 130-бет). “Гап бўлиши мумкин эмас” дегани – “бўлди”, “тамом”, “шубҳасиз” дегани. “Гап-сўз бўлиши мумкин эмас” дегани “бу ҳақда майда-чуйда ғийбат-иғво гаплар тарқалмайди”, дегани.

Туркий тилнинг “темир” қонунига биноан, дона сондан кейинги от, албатта, бирликда келади: “10 та мактаб”, “500 та трактор”, “40.000 та қути”. Ўринсиз равишда шу отларга “-лар” кўплик қўшимчасини қўшиш – хато. Афсуски, бундай хатога йўл қўядиганлар бундай хатога йўл қўймайдиганлардан кўра кўп. Бу хато, асли, ҳинд-европа оиласига мансуб тиллардан таржима орқали пайдо бўлган. “Юрак”, “қалб”, “дил”, “кўнгил” сўзлари – ўзаро маънодош (яъни синоним). Бу қатордаги “қалб” сўзи – арабчадан, “дил” эса тожикчадан бизга ўтган. Лекин бу тўрт сўздаги ўзаро маънодошлик зинҳор-базинҳор бирининг ўрнига иккинчисини қўллайвериш имконини бермайди. Бинобарин, “Кўнглим қонатдинг” (“Оила ва жамият”, 2007.18.01) деб бўлмайди. Юрак қонаши мумкин, кўнгил қонамайди-ку. Дил – оғрийди; кўнгил – қолади, чўкади; юрак – дош бермайди, ўйнайди, қонайди; қалб – дарз кетади, ларзага келади ва ҳоказо.

Билиш керакки, чет тилдан кирган сўз шу тилнинг ўзидаги маънодошининг барча вазифаларини бажаришни бўйнига олавермайди. “Она тили” сўз бирикмаси ҳам тилимизда русча “родной язык” бирикмасини таржима қилиш орқали ХХ асрда пайдо бўлган. “Родной” сифатининг ўзаги – “родить”. Агар сўзма-сўз ўгирсак, “туғишган тил”, “туғилгандаги тил” деган маъно чиқади. Кимдир таржимага ижодий ёндашиб, тўғри ечим топиб, “она тили” деб ўгирган.

Аммо бу энди бирликдаги учинчи шахсда турибди. Шунинг учун, ўзбек тили табиатига кўра, унга бирликдаги биринчи шахснинг қўшимчасини қўшиб, “она тилим” дейиш – хато. Чунки “она тили” деганда қаратқич келишигининг “нинг” қўшимчаси бор, фақат у акс этмаяпти, холос. “Она тилим” десак, “онамнинг тилим” бўлиб қолади. Ишлатаверамиз, хато билан ишимиз йўқ. Буни баъзиларнинг “Адабиёт газетамиз” деб гапириши ёки ёзишида ҳам кўрамиз. Ҳолбуки, учинчи шахсда “Адабиёт газетаси” дейиш мумкин, уни биринчи шахсга олиб бўлмайди. “Она тили” бирикмаси “она сути” билан бир хил шаклга эга. “Она сутим” деб бўлмагани каби, “она тилим” дейиш ҳам тўғри эмас. “Она қизим” дейиш – бошқа масала.

Чунки бу ерда асл бирикма “она қиз”. “Она Ватан”ни ҳам биринчи шахсга бўйсундириш мумкин – “она Ватаним” тарзида. “Она тили”нинг ўзи учинчи шахсда, “онанинг тили”. Шу муаммони ичдан сезгани учун ҳам Абдулла Қаҳҳор “она тилиси” деб, икки карра эгалик қўшимчаси билан ишлатган: “Кўпгина оилаларда болалар ўз она тилисини мутлақо билмайди. …Баъзи бир оилаларда бола ўз она тилисида гапиргани номус қилади!” (“Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, 2007.19.01). “Мисра” ва “сатр” сўзлари тилимизга арабчадан кириб келган. Шеърий матн ҳақида гап кетаётган бўлса, уларни бемалол бир-бирининг ўрнида ишлатаверса, бўлади. Насрий матнда ҳам, назмий матнда ҳам бир қаторни “сатр” дейиш ҳам мумкин. Лекин “мисра” сўзи “сатр” билан тенг кучга эга эмас.

Чунки “мисра” фақат шеърдаги бир қаторнигина англатади. Шунинг учун таҳририятга келган хатлар таҳлилига бағишланган мақолага “Мисраларда акс этган кўнгил кечинмалари” деб сарлавҳа қўйишнинг ҳеч иложи йўқ эди (“Маърифат”, 2007.15.08). Ўзбек тилида “рўёб” сўзи бор. У фақат “рўёбга чиқмоқ” иборасидагина келади, алоҳида сўз сифатида ишлатилмайди. Чунки у ўзи тожик тилидаги “рўи об” (яъни “сувнинг юзи”) сўз бирикмасидан иборат. Бизда иборанинг таркибий қисмига айланиб кетгани учун қисқартирилиб, “рўёб” тарзида қўшиб ёзилади. “Рўёб” сўзи “рўёбга чиқмоқ” иборасида учрагани учунгина 5 жилдли “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”га киритилган. Лекин унда фақат ана шу “рўёбга чиқмоқ” иборасининг учта маъносигина шарҳланган, холос: “1) юзага чиқмоқ, амалга ошмоқ; ушалмоқ. Иншоолло, шу кунларда халқнинг озодлиги учун жонини тиккан жадидларнинг эзгу ниятлари рўёбга чиқиб, уларнинг авлодлари мустақилликнинг гаштини сурмоқдалар. Газетадан.

Турмушда кишининг тузган режалари ҳамма вақт ҳам рўёбга чиқа бермас экан. О.Ёқубов. “Икки муҳаббат”; 2) намоён бўлмоқ, воқеланмоқ. Фикр тил материали базасидагина рўёбга чиқади; 3) айнан рўшноликка чиқмоқ қаранг рўшнолик. Боёқиш анча рўёбга чиқиб қолди. Ойбек, “Олтин водийдан шабадалар” (Ўзбек тилининг изоҳли луғати. 5 жилдли. 3-жилд. Т:. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти. 2007. 404-бет).

Шунга қарамасдан, “Орзулар рўёби йўлида” (“Туркистон”, 2008.19.11), “Олий мақсадимиз рўёби” (“Моҳият”, 2010.26.11) сарлавҳаларида ибора бузилиб, сунъий равишда “рўёб” деган от пайдо қилинган. Худди шундай хатони тилимиздаги “намоён бўлмоқ” иборасидан “намоён” сўзини юлиб олиб ишлатишда ҳам кўрамиз. Бу сўз – асли, форсий “намудан” (“кўринмоқ”) феълидан ясалган сифат. “Намоянда” сўзи ҳам шу сифатдан сифат ясаш орқали ҳосил этилган. Энди буни ўзбек тилида “Меҳнатларнинг намоёни” тарзида ишлатиб бўлмайди. Тилимизда ҳанузгача ҳал қилиб берилмаган шундай кўплаб масалалар ҳам борки, тилшунослик илми бундай муаммоларнинг қатъий ечимини топмагани учун хатоликлар ҳам келиб чиқяпти.

Бу муаммолар орасида бевосита хорижий тиллардан кирган сўз ва атамалар билан боғлиқ масалалар ҳам бор. Масалан, «Шаҳидлар хотираси», «Ёдгорлик мажмуи» деймиз. Яхши. Демак, бош сўз – “мажму”. Унга эгалик қўшимчасини қўшсак, “мажмуи” шакли ҳосил бўлади. Аммо кейинги жумлани “бу мажму” деб бошлаймизми? Бунинг иложи йўқ-да. Тил кўтармайди. Шунинг учун “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да ҳам “мажму” сўзининг бош келишикдаги шаклига тушадиган биронта мисол келтиришнинг иложи бўлмаган, бу сўзнинг фақат эгалик қўшимчаси билан ишлатилган шакли намуна қилиб берилган (Ўзбек тилининг изоҳли луғати. 5 жилдли. 2-жилд. Т:. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти. 2006. 523-бет). Бош сўзни “мажмуа” деб олсак, тўғри бўлади. Фақат энди эгалик қўшимчасини қўшганда “мажмуаси” деб ишлатишни унутмасак, бас.

Хуллас, тилимиздаги хорижий сўзлар билан боғлиқ бир талай муаммо мавжуд. Эски тилшунослигимизда “ғалати машҳур” деган тушунча бор. Бу нимани англатади? Тилдаги бир хато такрорлана-такрорлана, охири одамлар, яъни кўпчилик тарафидан фақат ана шу хато ҳолати тўғри деб қабул қилинадиган бўлиб кетади. Ана шуни “ғалати машҳур” дейишган.

Масалан, асли арабча бўлган “басир” сўзи “кўзи ўткир”, “кучли кўра оладиган”, “ўта зийрак” деган маъноларни билдиради. Аммо бизда у ҳозир “кўр” маъносини билдирадиган бўлиб кетган. Энди ўқувчи бу калимани эски ўзбек тилидаги манбаларда учратса, “ўткир кўзли” деб, ҳозирги ўзбек тилидаги манбада ўқиса, “кўр”, “сўқир” деб қабул қилиши керак. Охири, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да ҳам ана шундай бир-бирига зид икки маъносини қайд этишга мажбур бўлинди (Қаранг: Ўзбек тилининг изоҳли луғати. 5 жилдли. 1-жилд. Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти. 2006. 174-бет). Бу эса тил учун яхши ҳодиса ҳисобланмайди. Ҳеч бир тил ғалати машҳурларнинг кўпайиб кетишидан манфаатдор эмас.

Тилимизнинг тозалиги, ундаги муаммоларнинг оқилона ечимларини топиш учун курашиш керак. “Нутқ маданияти” деймизми, “амалий тилшунослик” деймизми, ҳаттоки, “тил тан- қидчилиги” деймизми, бундан қатъи назар, тилшунослигимизда жараёнга бевосита таъсир ўтказиб турадиган шундай бир соҳани ривожлантиришга катта эҳтиёж бор. Тилшуносларимиз – адабий тил ҳимояси учун бел боғлаши, бунинг учун оммавий ахборот воситалари хизматидан унумли фойдаланиши зарур. Акс ҳолда, хатолар типиклашиб, тобора оммалашиб кетаверади. Кейин бу жараённи тўхтатиб қолишнинг ҳам, орқага қайтаришнинг ҳам иложи бўлмай қолади.

Султонмурод Олим,

Филологи фанлари номзоди.

Мақола “Карвон қўнғироғи”да чоп этилган.

%d bloggers like this: