Таҳлил

ТАХТ УЧУН ИЗОЛЯЦИЯЛАНГАН КУРАШ
Ўзбекистонда Ислом Каримов номи шу қадар қутлуғлаштирилганки, жамиятнинг асосий қисми Каримовни оддий халқнинг хаётидан деярли бехабар, хукм сураётган адолатсизликлар ундан яширилади деб ўйлашади. Мамлакат ичидарисида “информацион қобиқни сунъий йўл билан ёриб чиққанлар” – булар асосан зиёлилар ва албатта “информацион қобиқни табиий йўл билан ёриб чиққанлар” – мухожирлар, шу жумладан мухолифатчилар хам Каримов хамма нарсани билади, лекин бепарволик билан ўзини билмагандек кўрсатишга ҳаракат қилади деб хисоблашади.

Гап шундаки бугунга келиб хар иккала гурух қарашларида хам жон бор. Каримов фаолиятининг бошидан тўлалигича интригаларга асосланган сиёсат юритмоқда. У хатто ўзига энг яқин бўлган одамлар билан ҳам ҳеч қачон самимий бўлмаган. Уларни вазифага тайинлаш чоғида хузурига чақариб гаплашади, ишонч билдиради, хатто баъзан қучоқлаб хам қўяди. Аммо ишдан олиш жараёнини айни даврда ўзига “энг яқин киши” мақомига чиқариб қўйгани инсон орқали амалга оширади. Йиллардир бу вазифани Шавкат Мирзиёев ва Зелимхон Хайдаровлар амалга оширишади. Ишдан олган кишилари билан учрашиб гаплашишдан қочади. Хатто вилоят хокими каби ўрта даражали амалдорларни ишдан олганда хам аксарият холларда ишдан олинаётган амалдорлар “навбатдан ташқари сессия”да хозир бўлишмайди. Ўзини ўзи изоляциялаши Каримовнинг характерига ҳос бўлсада бундан унинг атрофидаги “энг яқин одамлар”, хусусан Зелимхон Хайдаров ва Шавкат Мирзиёевлар унумли фойдаланадилар.

Соғлиғи ёмонлашиб, кексайгани учун янада парваришталаб бўлиб қолгани бу кунларда Каримов билан тўғридан-тўғри мулоқот қила оладиган амалдорлар сони 7-8 кишини ташкил этада. Қизиғи шундаки “энг яқин одам” мақомидагилар хам Каримов билан фақат ижобий масалалар хақида гаплаша оладилар, уларга хам салбий янгиликлар ва муаммолар, хусусан сиёсий махбуслар ва коррупция каби Ўзбекистон халқаро миқёсда энг ёмон ахволда қолаётган муаммолар хақида гапириш тақиқланади. Масаланинг яна бир томони шундаки Каримов ўзига энг яқин инсонларни хам бир-бирига гиж-гижлаб қўяди. Шу аснода улар бир-бирини қоралаш мақсадидагина қарши томоннинг камчилиги хисобланадиган муаммоларни Каримовга етқазишади. Баъзилар Каримов интернетдаги Ўзбекистон билан боғлиқ саҳифаларни мунтазам кузатиб боришини, шу сабабдан унинг деярли хамма муаммолардан хабари борлигини иддао қилишсада бунинг учун асосли далиллари йўқ.

Каримов мамлакат ичидаги масалаларни бугун Зелимхон Хайдаров, Шавкат Мирзиёев, Рустам Азимов каби бир неча кишиларга тўлалигича топшириб қўйган. Президент хавфсизлик хизмати ва МХХдаги махсус гурух уларнинг Каримов вужудга келтирган сиёсатдан оғмаган холда фаолият юритишлари ва албатта нима қилмасин Гулноранинг мушугига “пишт” демасликлари учун маъсул хисобланишади. Вазифанинг Гулнорага тегишли қисми Гулнора АҚШдан қайтгач Татъяна Каримова ва Зелимхон Хайдаров томонидан киритилган, аммо бу вазифа бугун Ислом Каримовнинг хам тасдиғидан ўтган ва сарой аҳлининг асосий мақсадига айланган.

“ДУШМАНЛАР ИТТИФОҚИ”
Шавкат Мирзиёев ва Рустам Азимовнинг оралари нақадар бузуқлиги борасида фақат миш-мишлардан биламиз. Шуниси аниқки Вазирлар Махкамасида бир-бирига рўбарў бўлмаслик учун икки эшикдан – Шавкат Мирзиёев асосий киришдан, Рустам Азимов бинонинг ён томондаги эшигидан фойдаланишади. Шундай бўлсада улар ёрдамчилари орқали ўз фаолиятларини мунтазам мувофиқлаштириб туришади. Бу хамкорлик айниқса Ислом Каримовни хурсанд қилмайдиган, иккаласига ҳам маъсулият юклайдиган муаммо чиққанида авжига чиқади. Улар бу борада хатто телефон орқали маслахатлашиб, қандай чоралар кўришни ва “ота”га нима дейишни келишиб олишади.

Охирги пайтларда эса уларнинг умумий муаммолари Гулнора Каримованинг куракда турмайдиган “фаолиятлари” билан боғлиқ бўлиб қолган. Гап шундаки Гулнора уларнинг иккаласигина кураш олиб бораётган тахт учун ворислигини эълон қилиш билан бирга халқаро майдонда хукуматни обрўсизлантирадиган ишларни хам амалга оширмоқда. Уздунробитанинг ёпилиши, Беҳзод Аҳмедовнинг қочиб кетиши, Европада Гулнора Каримовага нисбатан очилган жиноий ишлар юзасидан келаётган халақаро талабномаларга жавоб бериш ва Россия билан совуқлашган муносабатлар ортидан минтақада яккаланиб қолиш масалаларида на Мирзиёев нада Азимов бир ечим топа олади. Энг оддий ечим Гулнорани одил суд хукмига топшириб унинг қилмишларини ошкор қилиб ташлашдир. Шубхасиз бу ечим хар иккаласи учун ҳам энг исталган ечимдир. Албатта Ислом Каримов хукмронлиги даврида бу чорани қўллаш иккаласи учун хам имконсиздир.

Аммо Ислом Каримов тахтни Гулнорага топшириб кетиши билан бир-бирига душман бўлган иккилик унга қарши кураш бошласа ажаб эмас. Шундоқ хам мамлакат миқёсида Шавкат Мирзиёев энг таъсирли амалдор бўлса халқаро сахнада Рустам Азимов Ислом Каримовга энг муносиб ворис хисобланади. Манашу икки омил уларни ички ва ташқи дастак асосида Гулнорадан фориғ бўлишларига ёрдам бера олади.

Куни кеча Рустам Азимов АҚШдаги баъзи гурухлар томонидан Ўзбекистоннинг энг лойиқ бўлғуси президенти сифатида эълон қилинди. Кундан-кунга ёмонлашаётган мавқейига қарамасдан Гулнора ҳам Фонд-Форум йиғилишида бунга жавобан президент бўлиш амбициялари хақида илк бор баёнот берди. Бу халқаро доираларда Гулнора учун янада салбий оқибатлара олиб келади ва унга қарши олиб борилаётган кампанянинг янги босқичга чиқарилишига туртки бўлади.

Гулнора бўлса изоляцияда қолаётган отаси билан ўз фаолиятларини келишиб, мувофиқлаштириб боролмайди. Аксинча онаси орқали отасига зуғум ўтқазишда, ўз манфаатларини илгари суришни талаб этишда давом эттираверади. Қолаверса изоляцияланган Каримов ва Гулнора гурух сифатида якка эмаслар. Уларнинг орқасида Мирзиёев ва Азимовдан ҳам оғир тош босадиган Зелимхон Хайдаров ва Татъяна Акбаровна тандеми бор. Зотан манашуларнинг босими остидагина Каримов бугун Гулнорани мамлакатда ўзидан хам олдинги позициядаги шахс мақомига келтириб қўйди. Бу гурух бугунчалик Гулноранинг манфаатлари йўлида Азимов ёки Мирзиёевлардан бирининг ёки ҳар иккаласининг ҳам майдондан четлаштирилишига эришиши мумкин. Бу холда Гулнорани тахтга олиб келиш муқаррарлашиши билан бирга мамлакатда сиёсий-иқтисодий хаётнинг жарга қулаши хам қочилмас бўлиб қолади. Айни сабабдан Зелимхон Хайдаровни ўзига оғдириб олган Татъяна Акбаровна ва синглиси Тамаралар омилини ҳам унутмаслик лозим.

ТАТЪЯНА ВА ТАМАРА АКБАРОВНАЛАРНИНГ РОЛИ
Сиёсий сахнада умуман ўрни йўқ деб хисобланадиган Татъяна Каримова хам аслида эрига Зелимхон Хайдаров билан бирга катта таъсир кўрсата олади. Масалан Фарғона водийси ва Хоразм вилоятида катта таъсирга эга синглиги Тамара Акбаровна опаси Татъяна Каримова орқали ўнлаб сенатор ва депутатлар тайинлатган (жараёнга “сайлов” номи берилган бўлсада депутат ва сенаторлар “сийлов” орқали тайинланади). Қолаверса улар вилоят даражасигача хокимлар тайинлатишга ҳам эришишган. Андижон вилоятнинг бугунги хокими хам айнан Тамара Акбаровна билан яқин алоқада экани айтилади.

Бугун Гулнора ва Лола Каримовалар холалар Тамара билан келишмай қолишгани иддао қилинмоқда, аммо Тамара Акбаровнанинг Ўзбекистонда экани ва бемалол хорижий сафарларга бориб келаётгани бунинг аксини кўрсатади. Демак гурух изоляциядаги Каримовга таъсир ўтқазишда давом этмоқда. Буни Гулноранинг хорижга чиқолмайдиган сиёсий тангликда қолганига қарамасдан мамлакатда очиқчасига хукумат учун кураш олиб бораётганидан ҳам билса бўлади.

Шу ўринда Гулноранинг сиёсий курашда ҳам ақл бовор қилмас даражада ахмоқона ишларга қўл ура олишини инобатга олиш жоиз. Масалан бир йилча олдин қўшиқчи Озода Нурсаидова сенсацион баёнот билан чиқиб Шавкат Мирзиёев ва унинг раҳнамолигидаги МХХ гуруҳи Озодадан турли ноқонуний мақсадларда фойдаланганини иддао қилган эди. Мамлакатдаги 2-одам ва МХХ томон отилган бу тошлар Озода Нурсаидова учун ўз жонига қасд қилишни англатиши ҳам иддао қилинганди. Буни қарангки Озода Нурсаидова, гарчи камнамо бўлиб қолган бўлсада, хеч қандай муаммога дуч келмади. Яна тасоддифни қарангки куни кеча Гулнора ўтқазган Фонд-Форум онлайн конференциясида Гулнора билан бирга президумдан жой олди. Бу билан у олдинроқ қилган иддаолари ортида ким турганини ҳам ошкор қилиб қўйди.

Агар керак бўлиб қолса Гулнора Шавкат Мирзиёев ёки бошқа оппонентларини, шу жумладан МХХ тизимидагиларни ҳам бу йўл билан “супуриб” ташлай олишини таҳмин қилса керак. Унинг таҳминлари қанчалик реалликка яқинлигини эса вақт кўрсатади. Шуниси аниқки бу хонимча ўз манфаатлари йўлида ҳеч кимни аямайди. Шу хақиқатни англаб етганлар ундан узоқроқ туришлари керак. Хозирча эса Зелимхон Хайдаров маслаҳатлари билан Татъяна Акбаровна уни сал бўлсада қуюшқондан чиқиб кетмасликка мажбур қилиб турипти.

ХУЛОСА
Бу курашлар иқтисодий-сиёсий майдоннинг асосий мавзусига айлангани учун мамлакат бўхрон сари дадил одимлаётгани эътибордан четда қолмоқда. Изоляцияланган Каримов эса афтидан хақиқий аҳволдан етарлича хабардор эмас. Бугун бюджет ташкилотларининг маошлар бўйича қарздорлиги ошиб, хатто кучишлатар тизимлар ходимларига берилаётган маошлар ҳам ўз вақтидан кечиктириб бериладиган ахволга келиб қолган. Натижада режимга фақат барқарор ойлиги учун сидқидилдан хизмат қилаётган бу тизим ходимлари ўртасида ҳам норозилик кайфиятлари пайдо бўлган. Асосий муаммолар четда қолиб интригаларга асосланган курашни давом эттираверар экан, режим ўзи суянган кучишлатар тизимлар билан низоли вазиятга келиб қолиши мумкин. Бунинг оқибатлари нима бўлишини эса таҳмин хам қилиб бўлмайди.

Ўктам Худоёров.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.