Долзарб мавзу

Абдусалом Эргашев Ўш воқеалари, ислом ва демократия ҳақида

Ислом ва демократия, албатта, бирга мавжуд бўлиши мумкин. Бағрикенглик, яъни толерантлик демократиянинг ҳам, Исломнинг ҳам асосий тамойилларидан-ку.

Менга келсак, мен демократик Ўзбекистонда мусулмон ўлароқ яшашни орзу қиламан.

BBCUzbek.com ўқувчиларининг саволларига фарғоналик инсон ҳуқуқлари фаоли Абдусалом Эргашев жавоб беради.

Абдусалом Эргашев 1948 йил 1 октябрда туғилган.

Фарғона вилоятининг Чимён қишлоғидаги 12-ўрта мактабни битириб, Фарғона педагогика институтининг рус тили ва адабиёти факултетига ўқишга кирган.

1969 йилда 4-босқич талабаси экан, ўзининг айтишича, “антисовет пропагандаси” учун комсомолдан ўчирилиб, ўқишдан ҳайдалади.

Ўша йилнинг ўзида “ашаддий безорилик” айби билан 3 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Зангиотадаги умумий тартибдаги қамоқда ўтирган.

1972 йилда озодликка чиққач, Фарғона вилоят партия қўмитаси нашри бўлган “Коммуна” рўзномасига ишга кириб, аввалига корректор, кейин таржимон бўлиб ишлаган.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолияти рўзномада ишлаб юрган кезлари, фуқароларнинг шикоят ва мурожаатларидан бошланганини айтади.

1980-йиллар охири, 1990-йиллар бошларида мухолифатдаги “Бирлик” халқ ҳаракати ва “Эрк” демократик партияси сафларида бўлган.

1996 йилдан ҳозирги кунга қадар норасмий Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилотининг аъзоси.

Муҳтарам Абдусалом ака, бундан икки йил аввал Жанубий Қирғизистонда ўзбекларга қарши геноцид бўлганлиги сизга маълум. Бунинг асоратидан ўзбеклар ҳанузгача азият чекаётгани ҳам маълумми?. Ҳуқуқ фаоли сифатида сизнинг миллатдошингиз бўлган қирғизистонлик ўзбекларга нима қила олдингиз шу кунгача?. Ҳеч бўлмаганда, мазлум ҳамкасбингиз Азимжон Асқаров учун?. Одилжон Маҳдумий, Ўш.

Абдусалом Эргашев: Қирғизистондаги ўзбекларга қарши бошланган фитналарнинг дастлабки кунидан, яъни 2010 йил июн ойининг бошларидан бу борада мен бозорқўрғонлик яқин дўстим ва ҳамкасабам Азимжон Асқаров билан тинимсиз алоқада булиб турганман. Айниқса, Жалолободдаги Ўзбек миллий университетига ҳужум бошланган кунлардан бошлаб ҳам Азимжон билан, ҳам у орқали Қодиржон Ботиров билан тез-тез телефонда боғланиб, воқеалар тафсилотига асосланган хабарларни халқаро ташкилотларга, Тошкентдаги АҚШ ва Буюк Британия элчихоналари ҳамда HRCA рассылкаси бўйича ҳамкасбларимга етказиб турганман. Ўш шаҳрида ўзбекларга қарши қирғин арафасидан бошлаб, ўшлик ҳамкасбим Изатулла Раҳматуллаев ва қирғиз миллатига мансуб ҳуқуқ ҳимоячиси Акилбек Ташбулатовлар орқали вазиятдан хабардор бўлиб туриб, бу ҳақдаги маълумотларни жамоатчиликка етказиб турилди. Ўзбекистонга Қирғизистон жанубидан қочоқ ўзбеклар ўта бошлаган кунлари мен андижонлик ҳамкасбларим билан бирга қочоқлар лагерларидан жалолободлик Мунаввар Мамадалиева, яна жалолободлик ҳамкасабам Феруза Тошпўлатова ҳамда Жалолободдаги ўзбек диаспорасининг бир неча вакилларини топиб, суҳбатлашиб кқўлдан келган ёрдамни бердик ва ўта муҳим маълумотлар ва видеолавҳаларни олиб, тарқатдик. Бу пайтда Азимжон Асқаров ҳали озодликда, Уйғурканал чегара чизиги у ёғида эди. Афсус, у жойда кўплаб қочоқ эркаклар бор эди, уларга Ўзбекистонга ўтишга рухсат берилмаётганди. Ўша кунлар давомида Андижон шифохоналарида даволанаётган кўплаб қирғизистонлик ўзбеклар билан кўришдик ва бу ҳақдаги маълумотларни тарқатдик. Азимжон Асқаров қамоққа олинган дастлабки кунлардан унинг оила-аъзолари билан доимий алоқада бўлиб турдим, унинг оиласига қирғиз милиционерлари қуролли босқин уюштирганини ҳам жамоатчиликка маълум қилдим. Азимжон Асқаровнинг ўғли Азизбек билан доимий алоқада бўлиб, у билан бирга Азимжоннинг тақдири борасида кўплаб халқаро ташкилотлар билан мулоқотда бўлдик. Қирғизистонлик ўзбекларнинг ҳозирги аҳволи ҳақида мен ўзим Қирғизистон ичида қолган Шоҳимардон қишлоғида туғилган инсон ўлароқ, бевосита танишман. Туйларга-ку, ўтишнинг иложичи йўқ, лекин дафн маросимлари боис Шоҳимардонга ўтишга мажбур бўлган кунларим Марказий Осиёда етакчиликка лойиқ бўлган Ўзбекистондек мамлакатнинг фуқароларига қирғиз чегарачиси-ю, миршабидан тортиб, оддий фуқаросигача қандай муомалада бўлаётганлиги Қирғизистон ичидаги ўзбеклар не аҳволдалигини изоҳсиз намоён қилиб турибди. Ҳар галги сафарим таассуротлари, албатта, беиз кетаётгани йўқ.
2010 йил 10 июнидан бошлаб, бир неча кунгача мен яқиндан таниган қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари Азиза Абдурасулова ҳамда Толекан Исмоиловага тинимсиз телефон қилдим, лекин телефонни кўтармадилар. Бир ҳафталар ўтгач, Толекан Исмоиловадан ҳақорат билан бошланган СМС олдим, унда ҳақоратдан ташқари, мен мамлакатда йўқ эдим, эндигина сафардан келдим, деган сўзлар бор эди, холос. Азимжон Асқаров қамоққа олиниши заҳоти бу хабарни Жалолободдаги “Справедливость” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбарига (Азимжон раҳбарлигидаги “Воздух” ташкилоти бу ташкилот билан коалицияда эди), ходимаси Бахтихонга телефон қилиб, Азимжонни қамоқхонада зиёрат қилишларини илтимос қилдим. Азимжонга қийноқ қўлламасликка эришиш мақсадида, чунки “Справедливость” тергов изоляторлари ва жазони ўташ муассасаларига кириб, мониторинг олиб бориш ҳуқуқига эга эди ўша пайтларда. Азимжон Аскаров билан у Бозорқўрғон ва Сузоқ ички ишлар бўлимлари вақтинчалик ушлаб туриш изоляторларида, Жалолобод тергов изоляторида ва умрбод жазони ўташ колониясида бўлган пайтларида у билан менчалик кўп телефон мулоқотида бўлиб, унинг аҳволи ҳақида халқаро ташкилотларни хабардор қилиб турган одам бўлмаса керак. Азимжоннинг ўғли Азизбек бундан мустасно. Марказий Осиёда “демократия ороли”деб иддао қилинган мамлакатнинг зиёлилари, фуқаролик жамияти аъзолари ҳасад ва миллатчилик сабаби билангина бошқа миллатга мансуб бегуноҳ одамларни ўлдириб, заиф ва ожиз аёлларини зўрлаб, на гўдак, на ногирону кексаларини аямай қатл қилган қотилларини қаҳрамон, деб билганлари тубанликнинг ифодаси эмасми?. 1989 йилда Фарғонадаги месхет туркларига нисбатан амалга оширилган қонли воқеаларда ўзбекнинг бирорта зиёлиси ўзбекдан чиққан бирон қотилнинг ёнини олгани эсимда йўқ. Бутун бир мамлакат, бутун бир миллат ўшанда қотилларни ўз номи билан атаганди.

Ассалому алайкум. Мен асли фарғоналикман. Ҳозир АҚШда истиқомат қиламан. Фарғонада Президент Каримовнинг қайнсинглиси Тамара Акбарованинг бизнес империяси ҳақида кўп эшитамиз. Сиз ҳеч бу аёл билан тўқнаш келганмисиз? Оддий фуқаролар шикоят қилишганми?. Иккинчи саволим-мухолифат ва сафларидан чиқиб кетишингизга нима сабаб бўлган?. Яна бир савол- Ислом ва демократия биргаликда мавжуд бўлиши мумкинми?. Раҳмат. Жон Хуберт.

Абдусалом Эргашев: Президентнинг қайнсинглиси билан ҳеч рўбарў келмаганман. Унга қарашли “Азия” меҳмонхонасини кенгайтириш жараёнида меҳмонхона теварагидаги уйлардан кўчирилган фуқаролар шикоят билан келишган. Шикоят тўланадиган товон пулининг рози бўлиш даражасида эмаслигида эди.

Иккинчи саволингизга келсак, мен мухолифат сафларидан чиққан-чиқмаганлик ҳақида ҳеч қандай на расмий ва на норасмий баёнот бермаганман. 90-йилларнинг охиридан бошлаб Ўзбекистонда сиёсий курашдан кўра, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш долзарброқ бўлиб қолганлигини англаб етгач, мен фаолиятимнинг аксарият қисмини кўпроқ шу йўналишга кўчиришга ҳаракат қилдим. Менинг бу қарорим ҳеч бир ташкилот, ҳаракат, партия ёки уларнинг бирор бир лидерига эътироз сифатида қабул қилингани ҳам йўқ. Шу боис мухолифатдаги сафдошларимнинг бирортаси билан ҳам алоқаларимни совуқлаштирганим ҳам йўқ, йўқотганим ҳам йўқ.

Ислом ва демократия, албатта, бирга мавжуд бўлиши мумкин. Бағрикенглик, яъни толерантлик демократиянинг ҳам, Исломнинг ҳам асосий тамойилларидан-ку. Менга келсак, мен демократик Ўзбекистонда мусулмон ўлароқ яшашни орзу қиламан. Куни кеча матбуотда дунё халқларининг қайси динга ёки анъаналарга мансублиги ҳақида маълумот эълон килинди. Шунга кўра, демократик йўналишдаги мамлакатлар сирасига кирадиган ўлкалар аҳолисининг катта кўпчилигини у ёки бу динга ишонувчилар ташкил этар экан. Дунёдаги бошқа динлар демократик тизим билан яшай олар экан, нега энди инсонпарварликни бошқа динлардан кам тарғиб қилмайдиган Ислом дини демократия билан ҳамоханг бўлолмас экан?.

Ассалому алайкум Абдусалом ака, Ўзбекистонда бугун инсон ҳуқуқларини фаол ҳимоя қилиб, ҳукуматнинг таъқиб ва тазйиқларига учрамаслик мумкинми?. Ўз тажрибангизда шундай нарса булганми?. Жавоб учун олдиндан раҳмат!. Баҳромжон.

Абдусалом Эргашев: Ўзбекистонда бугун инсон ҳуқуқларини фаол ҳимоя қилиб, таъқиб-тазйиқларсиз яшаш мумкин, фақат ҳукуматни, аниқроғи, ҳукуматдаги баъзиларнинг ғашини келтирмайдиган масалалардагина фаолият кўрсатсангиз. Масалан, муҳожирлар ҳуқуқлари, одам савдоси қурбонлари, оиладаги зўравонлик ва ҳоказолар. Мамлакат ичкарисида қолаётган менинг кам сонли сафдошларимнинг аксарияти инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида етакчи саналган анча-мунча таниқли ҳуқуқ ҳимоячиларидан кам фаолият кўрсатаётгани йўқ. Улар ҳаёт тақозоси билан фаолиятларини аввалги ҳамкасабалари фаолиятидан анчагина ўзгартириб олишган. Мамлакатдаги ҳамкасбларимнинг кўпчилиги амалга оширган бирон-бир ишини пиар қилиб, дунёга жар солишмаяпти. Улар принципларининг асосини инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, одамлар муаммосини ечиш саналади, бу ишлар ҳақида бутун дунёга жар солиш эмас.

Яна бир савол- Араб баҳори Ўзбекистонга ҳам келади, деб уйлайсизми?. Баҳромжон, Россия

Абдусалом Эргашев: Араб баҳорига ўхшаган баҳорлар келишига инсон факторидан кўра, вазият кўпроқ сабабчи бўлади. Жамият тараққиётидаги ҳар бир революцион ёки эволюцион ўзгаришлар амалга ошиши учун маълум бир шартлар юзага келиши лозим. Бу савол ҳуқуқ ҳимоячиси учун эмас, кўпроқ жамиятшуносга тааллуқли менимча…

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA. Bookmark the permalink.