Диктатура ўйинлари

Жосусга айланиб қолманг!

САВОЛ: Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчилиги ватандошлар билан алоқалар ўрнатиб, уларни ватан учун хизматга сафарбар қилишга киришгани ҳақида ўқиб қолдим. Уларга ёрдам ҳам беради деган гаплар пайдо бўлди. Шу ҳақда бирор нарса биласизми?(Акмал).

ЖАВОБ: Билганим шуки, бирорта давлат бугунга қадар мамлакатни тарк этиб, ўзга юртнинг фуқаролигини олганларга самимий ёрдам берган эмас. Аксинча ёрдам бериш алдови билан улардан фойдаланган, жосуслар етиштирган, ўзига келадиган хавфни бартараф этган. Бу шундай бўлган ва бугун ҳам шундай.

Жуда кўп давлат раҳбарининг-айниқса, диктаторларнинг-хориждаги ватандошларни назоратга олиш учун махсус фондлари бўлади. Бу фонддаги маблағларни разведка идоралари, элчихоналар ва турли жамиятлар орқали ишга солади. Буни “лоббичилик” дейишлари мумкин, буни кўмак дейишлари мумкин, лекин аслида бу ўша мамлакат раҳбариятининг мақсадларини амалга ошириш учун ўйлаб топилган тузоқдир.

Бу қандай мақсадлар бўлиши мумкин?
1.Ўзининг собиқ фуқаролари яшайдиган мамлакатда обрў-эътиборини кўтариш.
2.Собиқ фуқаролари орасидаги гаплардан хабардор бўлиб туриш.
3.Ватандошларидан келиши мумкин бўлган хавфнинг олдини олиш.
4. Ватандошлар орасида жосуслар етиштириш ва ҳоказо.

Ҳозир Каримов режими ҳам бу мақсадларга каттагина маблағ ажратган. Кимлардир бу маблағнинг “ҳидига маст бўлиб” информация тўплашлари, ватанимга деб жосуслик қилишлари, махсус сайтлар очиб диссидентларга, сиёсий қочқинларга қарши курашишлари ва манфур пропаганданинг қулига айланишлари мумкин. Аммо бунинг охир-оқибати яхшилик билан тугамайди.

Бу ишга боши билан кириб кетган одамлар ўзлари яшаб турган мамлакатнинг махсус хизматлари томонидан назоратда бўладилар. Қармоқ ташлаб қўйилади ва керакли пайтда бу тортилиши турган гап. Вақти-вақти билан АҚШда ўнлаб ёки йигирматалаб руслар Россияга жосуслик қилишда айбланиб қўлга олинганлари ҳақида ўқиб қоламиз. Бир кун келиб ўзбекистонликлар орасидан ҳам шундайлари чиқиб қолса, ажабланмайман.

Ўзбекистоннинг ўзида ўз халқига адолат билан, самимий ёрдам бермаган ҳукумат хориждагиларга чин дилдан ёрдам қиладими? Мантиқни ўзингиз топинг.

Жаҳонгир Муҳаммад
jahonnoma.com

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, jahonnoma. Bookmark the permalink.