Боймирза Ҳайит таваллудининг 95 йиллиги

Туркистоннинг мустақилликка қовушадиган пайти қачон бўлади?

Шуларга қарамай Радио Либерти (“Озодлик” радиоси)нинг раҳбарияти 1978-йил кузида ўз нашрларида “Туркистон” ўрнига “Ўрта Осиё ва Қозоғистон” таъбирини қўлланиш мажбуриятини ўртага қўйди.

Туркларнинг бешиги сифатида қабул қилинган Туркистон бу кун Ўрта Осиё ва Қозоғистон деб юритилмоқда ва 4 миллион квадрат километрли тупроқлари билан Совет Иттифоқи ҳудудининг 20 фоизини ташкил  этмоқда. 15 иттифоқдош жумҳуриятдан 5 таси (Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон) Туркистондир.

Туркистон, маълумки, дунёнинг муҳим сивилизатсия марказларидан ҳисобланади. Бу ўлка 1925-йилдан бери Совет терминологиясида “Ўрта Осиё ва Қозоғистон” бўлиб қолди. Совет идора органлари бу ўлканинг исмини рад этиб, туркистонликлар орасида миллатга мансублик онгини йўққа айлантириш ниятида зўр бериб “Туркистон” номининг қўлланилишига қаршилик қилдилар.

Одамни ҳайратлантирувчи ва янглиш бир шаклда, баъзан ғарблик тадқиқотчилар ҳам 1950-йилдан буён совет таъбири бўлган “Ўрта Осиё”ни қўлламоқдалар. Шу тариқа ғарб афкори умумиясида  ва Ислом оламида “Туркистон” калимасининг унутилишига ҳисса қўшиб, совет нуқтаи назарига хизмат қилмоқдалар.

Туркистон бутун Ўрта Осиёни юзага келтирмоқда, фақат Ўрта Осиё тупроқлари ичида бўлмоқда. Дунё қомусларида (масалан: Америка энсиклопедияси, Британия энсиклопедияси, Брокҳаус энсиклопедияси ва бошқаларда) бу ўлка жўғрофий жиҳатдан очиқ-ойдин суратда “Туркистон” сифатида зикр этилмоқда.

АҚШ Конгрессининг 1959-йил июл ойида қабул қилинган “Асир Миллатлар Ҳафтаси” номли қонунида ҳам аён суратда “Туркистон” исмининг қўлланилиши диққатни ўзига тортади.

Шуларга қарамай Радио Либерти (“Озодлик” радиоси)нинг раҳбарияти 1978-йил кузида ўз нашрларида “Туркистон” ўрнига “Ўрта Осиё ва Қозоғистон” таъбирини қўлланиш мажбуриятини ўртага қўйди.

Шундай қилиб, жуда катта обрўга эга бўлган Америка ташкилоти, АҚШ Конгрессида қабул қилинган қонунга зид иш қилди. Агар Ғарбда, совет терминологиясида Ўрта Осиё (“Сентрал Асиа”) атамаси ўрнига “Туркистон”ни қўлласайдик ва ўзимизни совет таъсиридан ҳимоя қилиб, бу ўлканинг миллий борлиги ва шахсиятини рад этмасайдик, фойдалироқ ва одилроқ бўлардик.

Бу кун Туркистонда яшаётган 42 миллион инсондан 32 миллиондан ортиғини турк ва мусулмон бўлган ўзбеклар, қозоқлар, қирғизлар, туркманлар, қорақалпоқлар, уйғурлар, татарлар, озарбайжонлар ва тожиклар ташкил қилмоқда. Булардан қолган халқ эса рус мустамлакачилари (идора персоналлари, аскарий персонал) ва бу минтақага жойлаштирилган украинлар, белоруслар, эстонлар, литваликлар, олмонлар ва корейслардир.

Умуман, маълумки, Туркистоннинг бу кунги тупроқлари 1715–1897-йиллар орасида Россия томонидан одим-одим ишғол этилгандир. Шунга қарамай, Бухоро ва Хева давлатлари Чор Русияси замонида ич ишларида мустақилликларини сақлаб қолгандилар. Фақат бу давлатлар ҳам 1920-йилда совет тажовузи оқибатида “Бухоро ва Хева совет Халқ Жумҳуриятлари” ўлароқ эълон этилдилар. Совет ҳукумати бу икки давлатнинг мустақиллик ҳақларини музокаралар чоғида қабул этган эди. Аммо 1924-йилда совет ҳукумати бир уруш оператсияси йўли билан бу икки давлатнинг чегараларида ёйилиб ва таҳдид этиб, давлат борлиқларига барҳам бериб, амалда тупроқларини ҳам ўзига қарам қилди.

Совет Иттифоқининг идора кучлари, Туркистоннинг дунё сиёсатидаги ва стратегик аҳамиятини халқлардан яширмоқдалар. Биз бу ҳолни хусусан қуйидаги соҳаларда кўряпмиз.

Туркистон Осиё ва Оврупо орасида боғланиш бунёд етган кўприкдир

Туркистон Татар-Бошқирдистон, Сибирия, Мўғулистон, Хитой (Хитой ҳокимиятидаги Шарқий Туркистон билан), Ҳиндистон, Покистон, Эрон ва Кавказия билан муштарак чегаралари бўлган жўғрофий бир макондир. Туркистонга қўшни бўлган бу ўлкаларнинг катталиги 33 миллион квадрат километрга тўғри келади. Бу ўлкалар Туркистоннинг 4 миллион квадрат километрлик юз ўлчови билан биргаликда жуда катта жуғрофий минтақа еканлиги шак-шубҳасиздир.

Туркистон ва унга қўшни бўлган ўлкалар маданий, иқтисодий ва диний нуқтаи назардан бир-бирлари билан мустаҳкам боғлиқдирлар.

Туркистондан Оврупога ва Ўрта Шарқ ўлкаларига қулай ва қисқа йўллардан бориш-боғланиш мумкин.

Масалан, Москва Туркистон чегарасидан ҳаво йўли ила 1000 км, Краков – Украина 770 км, Ростов – Дон 711 км, Арзрум, – Туркия 1010 км, Бағдод – Ироқ 1210 км, Теҳрон – Ерон 640 км, Кобул – Афғонистон 290 км узоқликдадир.

Рақамлардан ҳам англашиладики, Туркистоннинг Оврупо, Ўрта Шарқ ва Ич Осиё билан боғланиш имконлари жуда қулайдир. Бундай бир геополитик минтақа узра жойлашган Туркистон Совет Иттифоқига ҳар турли ташаббуслар имконини бермоқда.

Туркистон Совет Иттифоқининг бебаҳо ҳарбий истеҳкомидир

Совет Иттифоқи Туркистонда қўшни ўлкаларга қарши икки ҳарбий округига эга. Туркистондаги Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон Совет Жумҳуриятлари орқали Ўрта Шарқ, Ҳиндистон ва Покистон давлатлари ва Ўрта Осиёдаги Қозоғистон, Қирғизистон Совет жумҳуриятлари орқали Хитой ва Мўғулистон давлатлари контрол қилиб борилади, керак бўлганда ижро этиладиган ҳарбий оператсиялар шу икки ҳарбий округ томонидан планлаштирилади ва амалга оширилади.

Ҳар икки ҳарбий округ ҳам энг замонавий қуроллар билан таъминланган бўлиб, совет ҳарбий идораси томонидан ҳам ҳамлакорлик кучи жуда юксак баҳоланмоқда.

Бу икки аскарий қўмондонлик айни замонда Шарқда кўтарилиши мумкин бўлган масалаларга қарши совет аскарий идорасининг стратегик ва тактик жиҳатдан илк планлаштириш марказлари бўлиб қабул қилинмоқда.

Туркистон, Ўрта Шарқ, Ич Осиё, Оврупога қарши совет планлари ва амалга оширадиган тадбирлари жиҳатидан ҳам етакчи куч сифатида саналмоқда.

Бутун дунё жамоатчилиги, 1979-йил декабр ойидан буён Совет Иттифоқининг Афғонистонга қилган урушининг Туркистондаги ҳарбий округ томонидан планлаштирилганини яхши билиб олди. Туркистон геополитик  ва табиий жўғрофияси ҳолатига кўра (жуда кенг ва ранг-баранг майдон эканлиги: саҳролар, водийлар, жарлар, тоғлар) атом бомбаси, ракеталар, учоқларнинг эҳтиёт қисмлари каби совет уруш воситалари ва Совет Армиясининг едириб-ичирилиши учун керакли бўлган маҳсулотларни сақлай олувчи асосий омбор бўлиб диққатни тортмоқдалар. Совет Иттифоқи ракеталарини ўт олдирувчи ва ҳаракатга солувчи майдон ҳам Туркистоннинг Бойқўнғир шаҳрида жойлашгандир.

Совет Иттифоқи керак ҳолларда эҳтиёжи бўлган уруш материалларини Туркистонда созлаб (ўнглаб) олиш имконига ҳам эгадир. Сталин 1943-йилда сўзлаган бир нутқида ўз фикрини изоҳлаб: “Ўрта Осиё Совет Жумҳуриятлари ва Қозоғистон (яъни Туркистон) Қизил Армиянинг енг муҳим қурол омбори бўлганини” маълум қилган эди. Биз, бошқа совет нашридан ҳам 1942-йилда Совет Иттифоқининг бутун тупроқларида фойдаланилган ҳарбий материал Иккинчи жаҳон урушидан олдин Туркистонда тайёр қилиб қўйилганлигини ўргандик. Бундан ҳам, Совет Иттифоқи керакли ҳолларда Совет Армиясининг эҳтиёжи бўлган бутун ҳарбий материлалини Туркистонда созлаб олиш имконига ега, деган маъно чиқмоқдадир. Туркистондаги совет қуролли кучларининг Ўрта Шарқдаги бутун ўлкалардан кучли еканлиги очиқ-равшандир.

Туркистон Совет Иттифоқининг хом-ашё базасидир

Афкор оламга маълумки, Туркистон советларнинг энг қимматли хом ашё базасидир, буни советларнинг ўзи ҳам бир неча бора эътироф этганлар. Совет индустриясининг хом моддага бўлган эҳтиёжини қоплашда бу ўлка ҳал қилувчи рол ўйнамоқда.

Бу ҳақда “Бу кунги Туркистоннинг сиёсий ва сотсиал манзаралари” номли мақоламизнинг бир бобида баҳс юритгандик. Бу ердаги гапларга қўшимча қилиб шуни айтиш мумкинки, Туркистонда яна ниҳоятда бой запасга эга бўлган уран, олтин, кумуш ва платина конлари мавжуддир. Бир совет газетасида Туркистоннинг бой қазилма бойликларига мисол қилиб шундай маълумот берилган: “Қозоғистон Совет Жумҳуриятида ҳар йили 120-130 миллион тоннага яқин темир, 100 миллион тонна нефт ва 35 миллион тонна пўлат олинади”.

Туркистоннинг ер ости манбалари нормал бир шаклда Совет Иттифоқининг бутун эҳтиёжларини қоплайди.

Туркистоннинг зироат бойликлари ҳам кенг бир суратда маълум бўлмоқда. Совет Иттифоқидаги бутун пахта ҳосилининг 95 фоизи, мева маҳсулотларининг 60 фоизи, каноп ҳосилининг 100 фоизи, пилланинг 75 фоизи, гуручнинг 65 фоизи, каучукнинг 100 фоизи, қоракўлнинг 100 фоизи Туркистонда тайёрланмоқда. Туркистон айни замонда Совет Иттифоқининг учинчи катта ҳубубот ётоғидир. Туркистоннинг иқтисодий бойликлари Совет Иттифоқига дунёнинг иқтисодий сиёсатида бир супер куч бўлиб ўз сўзига ега бўлиш имконини беради. Туркистоннинг иқтисодий бойликлари бўлмасайди, Совет Иттифоқининг еришган муваффақиятларига эришуви тўгрисида гап ҳам бўлолмасди.

Туркистон Шарқда коммунизмнинг таъсир марказидир

Туркистон коммунизмнинг Шарқдаги энг илғор қуролли кучи бўлиб майдонга чиқиши керак, деган тушунчаси, совет идорасининг қуйидаги ғоялари коммунизмнинг Шарқда ёйилиши борасида Туркистоннинг ўйнаган ролини тўла-тўкис намоён этмоқда.:

“Туркистон Шарқда ғояларимизнинг таъсир марказидир”;

“Туркистон коммунистик инқилоб микробини Шарқдаги ёювчиси бўлиши керак”;

“Туркистон тарихда Осиёнинг Оврупога очилган эшиги ролини ўйнаган. Ҳозир эса Оврупо учун (Русия учун деб тушунаверинг) Осиёга очилган эшик ролини ўйнаши керак”;

“Шарқ халқлари келажакда сотсиализм ва коммунизмдан қочиб қутулолмайдилар”.

Совет Иттифоқининг Шарқ сиёсатида Туркистон қандай масалаларда керак бўлиши ва янада аниқроғи Шарқда коммунизмнинг ёйилишига хизмат қилиши зарурлиги мавзуида совет идорасининг бундан бошқа яна бир қанча кўрсатмалари бордир.

Кенг жамоатчиликка маълумки, советлар коммунизмни Шарқда (айниқса, Ўрта Шарқда) тарқатиш учун олис масофаларга қўл узатганлар. Бу ерда мисол тариқасида совет ибораси бўлган “Тошкент руҳи”нинг туғилишини кўрсатиб ўтиш ўринли бўлар эди. Осиё, Африка ва Жанубий Америка ўлкалари учун 50-йиллари Туркистонда ташкил қилинган халқаро конференсия ва симпозиумларда Туркистоннинг оз ривожланган мамлакатлар учун “Совет системасининг мўжиза модели” сифатида тақдим этилганини ва кам ривожланаётган мамлакатларда кўпгина тарафдор ва симпатия қозонилганини эслайлик. Аслида Совет Русияси ҳокимияти остида эзилиб ётган Туркистон гўё ривожланган машъал жумҳурият сифатида кўрсатилиб, у орқали советлар тарафидан Ислом ўлкаларида қанчадан-қанча тарғибот олиб борилганини унутиб бўлмайди.

Совет Русияси Афғонистонни ишғол этгандан кейин, коммунизм аввал Русиядан Туркистонга киритилганлиги ва қурол кучи билан ўрнатилганлиги ойдинлашиб қолди. Коммунизм бу сафар айни ўша методлар билан Афғонистонда иш олиб бормоқда. Бу орада 20000 дан ортиқ туркистонлининг Ўрта Шарқ ўлкаларида совет мутахассислари сифатида иш кўрганлиги ва советларнинг обрўсини орттириш мақсади билан қўлланганлиги ҳам қайд етишга арзигулик бир хусусдир.

Совет рус империализмининг миллий мустақиллик масалаларидаги афсоналари ва буларнинг Шарқдаги таъсирлари дунё аҳлига маълумдир.

Руслар томонидан икки марта забт этилган Туркистон (биринчиси чоризм даврида, иккинчиси Совет Русияси замонида) мустамлака сифатида миллий борлиғини давом эттиришга, инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва ҳурриятларидан баҳраманд бўлишга ҳақли эмасдир.

Туркистон Москванинг жуда кескин ва қаттиқ контроли остида қолган. Совет Иттифоқи Туркистонни босиб ушлаб туриш учун қўлидан келган ҳар нарсани қилган. Шунга қарамай, Туркистон ҳақли равишда мустақиллик истагидан ҳеч қачон воз кечмаган. Биз бу ҳақиқатни 1918–1934-йиллар орасида (1923-йилгача жуда кенг миқёсда) олиб борилган миллий-озодик урушларидан, совет маданияти остида яшаётган туркистонлиларнинг миллий маданиятлари, урф ва одатларини сақлаб қолиш учун олиб борган курашларидан, ислом динининг коммунизмга қарши олиб бораётган кураши таъсирларидан ва ниҳоят, туркистонлиларнинг Иккинчи жаҳон уруши пайтидаги курашларидан тушуниб олишимиз мумкин.

Бу кун Афғонистонда сиғинди бўлиб яшаётган минг-минглаган туркистонлиларнинг (ўзбек, туркман ва тожик) совет ёйилмачилигига (совет аскарлари ва ғояларининг Афғонистонга зўравонлик билан киритилиши ва у йерларда ўрнашиб қолиб кетишга интилиши назарда тутилмоқда) қарши афғон муҳожирлари билан бирга енг олдинги сафларда урушганлари ҳар бир киши билиши лозим бўлган ҳақиқатдир.

Айни чоқда, Совет Армиясининг Афғонистонга  киритилиши асносида совет сафларидаги туркистонли аскарларнинг  Афғонистонга қарши жанг қилишга рози бўлмаганлари ҳам аён бўлди. Советлар шу сабабли мусулмон ва турк бўлган бу совет ватандошларини жабҳадан қайтармоққа мажбур бўлгандилар. Мана шуларнинг ҳаммасидан, коммунизм туркистонлилардан содиқ совет ватандошларни бунёдга келтириш имконига ега бўлолмаган, деган ҳақиқат келиб чиқади.

Туркистонда мустақиллик курашининг бошланиши дунё сиёсати ва хусусан, Ўрта Шарқ сиёсатида ғарбли кучларга ва шарқдаги мусулмон ўлкаларга қимматли бир стратегик позитсия олиб берди. Туркистоннинг миллий мустақиллика қовушишини талаб қилувчи асосий иш шундан иборатки, енг олдин Туркистонда миллий шуурнинг катта куч касб етишига еришиш керак. Фақат шундан кейингина Туркистон муаммоларини ҳал етиш мавзуи билан шуғулланиш мумкин бўлади. Ғарбли кучлар ва ислом ўлкалари Туркистон миллий мустақиллигини таъмин етиш йўлида муштарак дўстлар бўлиб биргаликда курашмоқлари лозим. Мустақил Туркистон давлатининг қурилиши – Русия ва Хитойнинг бир-биридан ажралишини, Ўрта Шарқда совет таъсирининг тугатилишини, шундагина Ўрта Шарқ ўлкаларининг бехавотир яшашлари мумкинлигини англаб йетмоқ керак. Фақат шундагина Туркистон Шарқда, ислом оламига ва ҳур дунёга очилади ва ҳур дунё ҳам Туркистон экономикасига боғлана олади. Фақат шундагина Туркистоннинг миллий борлиғи таъмин етилади.

Туркистон мустақиллигини талаб этиш асло Совет Иттифоқининг ички ишларига аралашиш деб баҳоланмаслиги керак. Совет Конститутсияси шаклан бўлса-да, Совет Жумҳуриятларига хоҳлаганлари тақдирда СССРдан чиқиш ҳуқуқини берган. Байналмилал принсиплар ўрин олган декларатсияларда, масалан, Бирлашган Миллатларнинг 14-декабр 1960-йилда эълон қилинган “Мустамлакачилик ва миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқлари” номли декларатсия ва 19-декабр, 1968-йили қабул этилган “Миллатлараро пакт”, “Маданий ҳуқуқлар” билан боғлиқ декларатсияда “Туркистоннинг миллий борлиғини ҳимоя қилиш ҳуқуқи ва инсон ҳуқуқлари” рад этилмагандир. Дунё тарихида биринчи марта 1959-йилда АҚШ Конгресси қабул қилган  “Асир Миллатлар Ҳафтаси” қонунида Туркистон ҳам асир миллатлар орасида саналгандир. Бу қонун мустақиллик талабларини ўртага қўйиш учун бебаҳо бир маънавий манба бўла олади. 1965-йил май ойида Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида ўтган “Дунё мусулмонлари бирлиги” халқаро йиғилишида Туркистон билан алоқадор бўлган қарорлар қабул қилинган.

Бирлашган Миллатлар Бош Ассамблеяси йиғилишларида “колониализм”га оид олиб борилган муҳокамаларда Туркистонда рус колониализмига барҳам бериш ва бу ўлканинг миллий мустақилликка қовуштирилиши мавзуларида байналмилал чиқиш фурсатлари бўлди. Юксак тараққий этган миллатлардан инглиз тамсилчиси 26-ноябр 1962-йилда бўлган Бош Ассамблея йиғилишида сўзга чиқиб, жумладан қуйидаги очиқ гапларни ўртага қўйди:

“Айни тарихларда мустақил Марказий Осиё давлатларининг ўз маданиятлари билан бирга руслар томонидан мустамлака қилинганлиги ҳаммага маълум. Сўнгра Қозоқ давлати 1854-йилда рус бўйинтуруғига кирди. 1876-йилда Туркистондаги уч ўзбек давлатининг ишғоли тугалланди. 1880-йилда бутун Туркманистон Русия ҳокимияти остига кирди. Ўртача ҳисоб билан айтганда бир аср кейин, 1957-йилда Гана, 1960-йилда Нигерия мустақилликка қовушдилар. Ўрта Осиё тупроқлари (Туркистон)нинг мустақилликка қовушадиган пайти қачон бўлади?”

Сўралиши керак бўлган асил сўроқ шудир. Совет ҳукумати бу саволга бу кунгача жавоб бермади. Лекин Бирлашган Миллатларга аъзо ҳеч бир ўлка Совет Иттифоқидан, бу саволга қачон жавоб бўлади, деб сўрагани йўқ. Шу сабабли савол ҳамон жавобсизлигича турибди. Дунё афкори умумияси “Совет ўрта Осиёси” (“Туркистон”) қачон мустақиллигига қовушади, саволини беришга, Москвадан бу борада бир жавоб олишга, берилажак жавобни муҳокама қилишга ва бу йўлда Туркистоннинг мустақиллиги учун тайинли бир кунни белгилашга ҳақлидир.

1984

https://turonzamin.org/2011/06/05/meros-4/

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Tarix saboqlari. Bookmark the permalink.