Бугун Ёдгор Обид туғилган кун

“Мени хурсанд кўрмоқчи  бўлсангиз ёзганларимни ўқинг”

Дўсти қадрдонимиз-шоир ва адиб Ёдгор Обидни 15-декабр, туғилган куни билан шахсан қутлаган бўлсакда, эл-улус ҳузурида ҳам муборакбод этамиз. Адибга саломатлик, ижодий куч-қувват, узоқ умр тилаймиз.

“Мени хурсанд кўрмоқчи бўлсангиз ёзганларимни ўқинг” деган экан бир буюк шахс. Шунга амал қилиб, бугун Ёдгор Обиддан бир саҳифа ўқинг.

Ёдгор Обид׃ Поравонлик ва хоровонлик йиллари

Ўзбекистоннинг кейинги йигирма йиллик тарихига назар солсангиз, чиндан ҳам ажойиб, кутилмаган ҳодисаларга, воқеаларга дуч келасиз. Ундан аввалги йиллар, колхозлар даври ҳақида айтмайман. У даврлар – СССРнинг умумий тарихи билан боғлиқ. Шунчаки кўз ташласангиз, гўё кўп нарса ўзгармагандай. Аммо…
“Мустақиллик”ка эришилди. Ҳалқ бу мустақилликни ” Мустақуллик” деб қабул қилди.
Ана шу “Мустақуллик” йилларидан бирини ” Мустапрезидент” “АЁЛЛАР ЙИЛИ” деб эълон қилди. Ўша йилдан бошлаб ўзбек аёллари эмизикли болаларини ҳам уйда қолдириб, Мардикор бозорига кетмон кўтариб чиқишди. Бу – “БУЮК КЕЛАЖАК” йўлидаги чиндан ҳам буюк бурилиш, ҳодиса, воқеа эмасми? Ўзингиз тарихдан озми – кўпми, хабардорсиз, ўйлаб кўринг. Сўнгги минг йиллар орасининг қай даврида ўзбек аёли мардикорликка чиққан? Бу – буюк тарихий воқеа бўлмай, нима?

Орадан кўп ўтмай, ЁШЛАР ЙИЛИ эълон қилинди. Ҳудди ўша йилдан бошлаб тўрт – беш милион ёш – ёш йигитлар, ва ҳатто қиз – жувонлар ҳам иш ва бир бурда нон илинжида чет элларга чиқиб кетабошлади. Яъни, “БУЮК КЕЛАЖАК” сари…

Бошқа нима ҳам қилишсин! Сиз сайлаб қўйган хукумат ўз вазифасини шундан, яъни, одамларга иш жойлари ташкил қилиш, ҳалқ таъминотини, ҳаёт тарзини яхшилаш устида бош қотириш эмас, аксинча, ишсизликни кўпайтириш, Фаровонлик йўлларини излаш эмас, аксинча, ХОРОВОНЛИКни ошириш деб билса керак.
Назаримда, бу хукумат бошлиқлари ўзларининг ҳуқуқларигина эмас, вазифалари ҳам борлигини тасаввур қилолмайдилар.
Бу гапларни қўятурайлик.

Ҳарқалай, “БУЮК КЕЛАЖАК”КА, худога шукурки, ҳали тўла етиб борганимизча йўқ шекилли, бугунги кунда “президент” яна бир ҒОЯни ўртага ташлабди. Эмишки, келгуси йил – “ФАРОВОНЛИК” йили бўлармиш..
Худо кўрсатмасин!

Юқридаги мисоллардан бир ҳулосага келгандирсиз…
” Юртбоши”нгизнинг ўзбек тили бўйича саводи даражаси ҳаммага маълум. Шунинг учун, келинг, тафсилотга берилмай қўяқолайлик.
Битта – иккита ҳарф хато кетса, осмон узилиб, ерга тушмайди.
Балки, “ФАРОВОНЛИК” ни “ПОРАВОНЛИК” деб тушунишимиз керакдир…
Ундай дейдиган бўлсам, ПОРАВОНЛИК бошланганига анча бўлган ва ҳозирги кунларда авжига чиқиб, кундан – кунга ривожланиб бораябди. Янгилик эмас.
Ёки ” ХОРОВОНЛИК”дир? Ким билсин, юқоридаги сўз билан буниси ҳам аслида, бир – бири билан боғлиқ.

Ундай десам, “ХОРОВОНЛИК” тизими ҳам айни авжига чиқиб бўлган. Янгилик эмас.
Балки, мазкур БУЮК ЛОИҲАни ўртага ташлашдан мақсад – ҳар икки тушунчани бирлаштиришдан иборатдир…
Яна ким билади дейсиз…
Худонинг ўзи асрасин!

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.