Нуқтаи назар

Ўтмаган кунлар
Бир мажлисда ИАК бутун дунёни қамраб олган инқирозни маълум маънода тан олибди ва ҳатто бунга қарши мажлис ўтказибдимуш. Гапнинг очиғи бундай мажлисдан менинг хабарим йўқ, аммо Вазирлар маҳкамасида йиллик ҳисоботга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтганини биламан. Унда чиндан ҳам ИАК дунёдаги ҳукмрон инқироз Ўзбекистонга ҳам ўз таъсирини ўтказишини айтиб ўтди. Аммо, бир нарсани англашингизни истардим, яъни унинг гапини айнан тушунмаслик керак.

Сўнгги кунларга қадар Ўзбекистон ҳукумати айтиб келган ягона таъкид, бу инқироз Ўзбекистонга таъсир қилмаслиги ҳақда бўлди, тўғрими? Аммо Вазирлар маҳкамасидаги йиғилиш пайти эса аксинча, таъсир этишини айтди. Нега бундай деди, агар йиғилишни диққат билан кузатган бўлсангиз, Каримов бу йил Ўзбекистонга нечаям миллиард долларлик сармоя киритилишини ваъда қилди. Бу билан президент йиғилганларга ишора қилдики, сармоядан умид қилмаларинг, у оила улуши, зеро бу йил инқироз Ўзбекистонга ҳам таъсир қилади, демак тегишли чоралар кўрилиши зарур, демоқчи бўлди.

Мамлакат аслида 22 йилдан буён инқироз ичида яшайди, унга шу қадар кўникиб кетганки, янгиси келиб қўшиладими йўқми деярли фарқи йўқ. Масалан бир ойда бир марта аранг гўшт ейдиган оилалар учун инқирознинг оғир енгиллигининг фарқи йўқда. Барибир ўша ҳаммом, ўша тоз. Нега Ўзбекистон катталари инқирознинг аёнлигини била туриб ҳам деярли қимирламаётганига келсак, бу борада реал ишлаб турган механизм бор ва амалдорлар айни механизм туфайли вазиятни ўнглашга умид қилишмоқда. Қандай механизм дейсизми? Жуда ҳам оддий, ҳамма жойда ишчилар сони қисқартирилса, бизда аҳоли сони қисқартирилади, бошқа жойларда ишлаб чиқариш ҳажми камайтирилса, бизда туғилиш камайтирилади, бўлди.

Ахир ейман дегувчи қанча кам бўлса инқироз шунча енгил ўтишини истаган иқтисодчи сизга исботлаб бериши аёнку.

Яна қайтараман ўзбеклар 22 йилдан бери ваҳима ичида яшайди, улар учун янги, бўлиши мумкин, эҳтимолий ваҳима у қадар қўрқинчли эмас. Аксинча ҳаммаси зўр бўлиб кетса ташвиш уйғотиши мумкин, нега энди бундай бўлди экан, деб. Ҳатто ваҳимага ҳам кўникиш мумкинлигини биз исботлаб бўлдик, ваҳима бизда ҳатто ҳислат даражасига кўтарилиб улгурди. Ҳеч нарса гапирилмаганига келсак, унга ҳам 22 йил тўлди, биз йигирма икки йилдан бери ҳеч нарса гапирмаймиз, ҳукумат ҳам бундан ҳурсанд, халқ ҳам. Ўзига хос келишувда бу. Гапирмаслик ҳам бизда хислат даражасига етди. Қайтанига биров гапириб юборса, бўлиб ҳам ҳўв минбардан туриб, у ҳолда ваҳимани кўраверинг…

Яна инқироз масаласига қайтсак. Биринчидан, инқироз борасида ташвишланувчи қатлам Ўзбекистонда у қадар катта қатламни ташкил этмайди, ва уларнинг аксари маълум аъзолари билан (ёки бошқа жойлари билан) ҳукумат теппасидаги раҳнамоларига эга. Қолаверса бу қатлам асосий қатламни ташкил этувчи 22 йилдан буён инқироз ичидаги халқдан шу қадар аниқ равшан ажралиб олганки, натижада уларни инқироз унчалик ташвишга қўймайди.

Энди баъзилар башорат қилган кўтарилиш пайтида ўзбек мардикорларига эҳтиёж пайдо бўлиши туфайли, юзага келувчи вазият ҳақидаги таҳминларингизга келсак. Қизиқ, “гастер”лар юборган пуллар эвазига “Ўзб”даги ҳаёт гуллаб кетганини ҳеч кўрмаган эканман. Аслида бу кўрсаткич ҳам бироз кўзбўяш учун чиқарилган. Яъни мардикорлар уйига жўнатаётган пуллар бир неча миллионларни ташкил этишию, бу пуллар эвазига улар ҳашаматли ҳаётни таъминлаши ҳақидаги чўпчакларни назарда тутябман.

Тўғри ташқарида юрган беш миллионга яқин юртдошимизнинг ҳар бири 1 рублдан жўнатган тақдирида ҳам кўпмас-каммас нақ беш миллион рубл келаётган бўлади, аммо ўша беш миллион етиб келадиган жойда яна 27 миллион оч ўтирипти ва ишонинг беш миллиондан келган рубл йигирма етти миллион тарафидан икки секунда еб тугатилади, так что гуллаб яшнаш масаласи тоза баҳсли масала.

Қолаверса миллионлар ҳар ойда эмас, бир йилда умумий ҳисобда, ёки бир неча ойда умумий ҳисобда шундай бўлиши мумкин. Ҳатто шундай бўлганда ҳам, айтайлик битта хонадонда иккита фарзанд бор дейлик, ундан ташқари шўрлик гастарбайтернинг узоқ-яқин қариндошлари бор, оиласи ҳар ойда тўлайдиган тўловлар, кундалик харажатлар… йўқ, гуллатиб юбориш учун шўрликлар ойига миллион рубл жўнатса ҳам етмайди…

Кимдир ўтмаган кунлар йўқ деган экан. Бор, бор бўлганда йилларга уланиб кетган.

Темурмалик Ҳайдаров.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.