Шеърият

Дилмурод Саййид׃САДОҚАТ ЙИҚИЛДИ ИШҚ МАЙДОНИДА…

Ассалом алайкум, дорнинг оғочи! (“Кунтуғмиш” достонидан).

Садоқат йиқилди Ишқ майдонида

Тиллога бурканди ваъдалар тожи.

Бир сўз қолди ғариб Дил имконида:

“Ассалом алайкум, дорнинг оғочи!”

Вафони ўлдириб, кўмдик кафансиз,

Қабрни беркитди зеб-зийнат тоши.

Жаноза ўрнида айтилди шансиз:

“Ассалом алайкум, дорнинг оғочи!”

Йиғлади Лайлининг ҳабаш арвоҳи,

Сингди ерга ордан Шириннинг лоши.

Сен қолдинг Ошиқнинг ёлғиз додхоҳи:

“Ассалом алайкум, дорнинг оғочи!”

Танамни осарман сенга мен фақат,

Аммо Руҳим… Унинг йўқдир иложи.

Вужуд узра тинмай айтар саловат

То қиёмат қадар Руҳ қалдирғочи:

“Ассалом алайкум, дорнинг оғочи!” 04.04.04 й.

ҒАЗАЛ

Найлайин дарду ситам айлаб дилим қон йиғлатур,

Гоҳ алам, гоҳи хаёл, гоҳида армон йиғлатур.

Мен уни жоним дея кўксимга жо этган эдим,

Оқибат қийнаб таним, қалбимни ул жон йиғлатур

Кўзларимда ёш эмаским, бевафонинг заҳми бу,

Ваъда деб берган эди, ул лафзи ёлғон йиғлатур.

Бу жунун саҳросида кўнглим адашқон йўлчидек,

Ноумидлиғ бир томон, бир ёнда ҳижрон йиғлатур.

Етмагай нолишларим қаттиқ эрур ер кўкси ҳам,

Ҳам баландлик кўргазиб бошимға осмон йиғлатур.

Йиғламоқдин хийра бўлди кўзларим гавҳарлари,

Ҳолим маломат этиб ул чашми фаттон йиғлатур.

Бемуродлиғ ёзмиш экан гарчи номим Дилмурод,

Ойнинг ўн беши — алам, ўн беши — армон йиғлатур!

IV. 2003

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Dilmurod Sayyid. Bookmark the permalink.