Шеърият

Дилмурод САЙЙИД: БЕВАФОЛИҚ СЕНГА ОДАТ ЎЛДИҒИН БИЛМАС ЭДИМ…»

ИШҚ МОТАМИ

Муҳаббатим ўгай гўдакдек

Камситилди, масхара бўлди.

Орзулару ишончлар тирик

Ва кафансиз ҳолда кўмилди.

Қалбим бўлди барига қабр,

Мум тишладим қилмай овоза.

Камситилган севгим ҳам охир-

Кўмилди жим ва бежаноза…

Мотам тутдим киймасдан қаро,

Юрак-бағрим силқиб эзилди.

Гўё очдан ўлгандек гадо —

Бахт шўрлик ҳам унсиз узилди!.. 15.02.2001.

“УШШОҚ”НИ ТИНГЛАБ…

«Қаро кўзум» оҳангига банди бўлиб

Томиримда ажиб туйғу оқиб борар.

Оҳ, қарокўз санам ёди дилни тилиб,

Вужудимни олов каби ёқиб борар.

Машшоқ танин гулоб ила ювар бўлса,

Мен май бирла дил ғуборин ювадирман.

Машшоқ юзда терни кўриб ўлар бўлса,

Мен гул юзин орзусида ўладирман.

«Қаро кўзум» оҳангидан ёниб бадан,

Юраккинам инграб-инграб қолмоқдадир.

Оҳ, қаро кўз санам, сенинг кўзларингдан

Маним бахтим ҳар лаҳза ранг олмоқдадир!.. 20.VI. 1992 й.

…ГА

Сендан айрилганим туш бўлсин, дея

Тангрига туну кун илтижо қилдим.

Ёр яна бағримга бош қўйсин, дея

Саждага бош урдим, зор — нидо қилдим.

Эвоҳки, ўтинчлар барчаси абас,

Илтижо, нолишлар бўлмади нажот.

Армонга дўндию бир ўтли ҳавас,

Меҳробга кўмилди илк севги, ҳайҳот!

Сен эса… Сен эса ҳамон ўшандоқ,

Ҳамон пойингдадир гўзаллик тахти.

Ҳамон бир бахт бўлиб турарсан чақноқ,

Фақат… Оҳ… энди бу — ЎЗГАНИНГ БАХТИ!.. 25.VIII. 1991

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Dilmurod Sayyid. Bookmark the permalink.