Дилмурод Саййид:Ой йиғлаган оқшом

(Криминал-фожиавий ҳикоя)
Гиёҳвандлик иллати ва асоратлари, айниқса, «игна учидаги ажал» героиннинг касофат-лари хусусида алоҳида изоҳга ҳожат йўқ! НАРКОМАНИЯ сўзи таржимада: «нарке» – онгнинг тундлашуви; «мания» – ўчлик деган маъноларни англатади. Булардан энг хавфлиси ва бедаво-си гиёҳвандлик эритмасини инъекция шаклида шприц орқали томирига юборадиган нарко-манлардир. Бундайларни «ТИРИК МУРДА» дейдилар. Ундай кимсаларда инсонга хос фазилат-ларнинг бирортаси мавжуд эмас. Ўз аёли, синглиси ва, ҳатто қизига қўшмачилик қилишдан; ўз отаси, ака-укасига хиёнатдан тоймайди бундай кимсалар. Бу тоифа учун ягона муқаддас нарса – ГЕРОИН!

— Гапир, тўғрисини айт, билагузукни нима қилдинг? Қайси ўйнашингга бериб юбординг, гапир? — Замира ғазабдан бўғриққанича оғироёқ келинини юзи демай, кўзи демай қўшқўллаб тўхтовсиз муштларди.
— Покиза бир қўли билан бошини, иккинчи қўли билан қорнини ҳимоялашга уринар, лекин суяги йўғон қайнонанинг мушт залвори анча кучли эди. Келин чўккалаганча қайнонанинг оёқларидан қучоқлаб олди-ю. Ёлвора бошлади:
— Ишонинг, аяжон, худо ҳақи ишонинг, мен ҳеч қандай билагузукни олганим ҳам, кўрганим ҳам йўқ.
Ғазаб олови бойлик ҳирси билан қоришиб, Замиранинг инсоний фикрлаш қобилиятини куйдириб ташлаганди. Уни келинининг оҳу ноласи ҳам, ҳомиладорлиги ҳам қизиқтирмасди.
— Билагузук қани, айт, яшашни истасанг, тўғрисини гапир, мегажин, — баттар авжига чиқди қайнона.
— Нега ишонмайсиз, аяжон, ҳомилам ҳақ-ҳурмати ишонинг, аяжон, мен…
Покиза илтижосини тугата олмади. Замира бор оғирлиги билан ўзини унинг устига ташлаб, босиб тушди.
— Ўзингни ҳам, ичингдаги итваччангни ҳам эзиб ташлайман сен таги пастнинг!
Келиннинг зору нолиши фалакка етдими, ҳайтовур шу вақт девор қўшни аёл чиқиб қолди. Ҳовли юзида юмалашиб ётган қайнона-келинга кўзи тушди-ю, бир лаҳза тўхталди. Сўнг:
— Вой шўрим, бу нима жиннилик, ахир, у ҳомиладор-ку… — деганча югуриб келиб Замиранинг билагига ёпишди. Жон ҳолатда тортганди, қайнона чалқанчасига ағдарилди. Қўшни аёл келиннинг қўлтиғидан тутиб, авайлаб ўзига тортди, кейин суяб, туриб олишига кўмаклашди.
— Ҳе, башаринг қурсин, ёсуман, — деди ўрнидан турган Замирага нафрат билан ўқрайиб, — нари тур!
Қўшни аёл Покизани авайлаб бир қўли билан қўлтиғидан, иккинчи қўли билан белидан тутиб, ётоқхонага кирди. Келинни ўрнига ётқизиб, сочиқ ҳўллаб келди. Покизанинг мушт зарбидан ёрилган лабини, ёноқларини, бўйнида қотган қонларини артди. Пешонасига сочиқни босди. Яна ҳовлига чиқиб, айвон четида турган чойнакни олиб қайтди. Келин титраб-қақшаб икки-уч хўплам илиқ чой ичди.
— Ҳаҳ қўлинг сингур, жодугар, — ҳовли томонга қараб қарғанди қўшни аёл, — қўлгинанг синсин-а, сен бўҳча-қўнғизнинг.
Замира маҳаллада фақат шу қўшниси Нозимадан ҳайиқарди. Тўғрисўз, чўрткесар бу аёл билан ҳатто анча-мунча эр-йигитлар ҳам ўйлашиб гаплашар эдилар.
— Нозима хола, — деди Покиза кўзларида ёш билан ҳазин овозда, — сиз эшитинг, худо ҳаққи, аям йўқотган билагузукни мен олганим йўқ, худо ҳаққи!
Қўшни аёл чиқиб кета туриб Замирага ғазаб билан тикилди:
— Эшитиб ол, молпараст, худо кўрсатмасин, агар Покизага бир гап бўлса, нафақат онангни, етти пуштингни учқўрғондан кўрсатаман!
Замира индамади. Айни чоғда гап ташлаш оловга мой қўйиш билан баробар эканини сезиб, бир сўз айтмади…
* * *
Покиза ота-онасидан эрта етим қолганди. Аксига олиб, она томон қариндошлари бошқа республикада, бу ерда отасининг ёлғиз синглиси бор эди. Ака хотираси учун жиянини шу аммаси олиб кетди. Покиза аммасининг оддийгина, анча камхарж рўзғорли оиласига еттинчи фарзанд бўлди.
14 ёшидан ўқишни тўхтатди. Аммасининг ёнида юриб, чоғроққина ошхонада идиш ювиша бошлади. Шу зайлда уч йилдан ортиқ идиш ювиб, ошхонада сабзи, пиёз, картошка артиб юрди. Жуссаси кичикроқ бўлса-да, ҳусни бир жаҳон Покиза ҳатто ошхонанинг кирланган, жомакор-халатида ҳам гулгун кўриниб, бўй етди. Ўша кунларда институтда сиртдан ўқийдиган бир йигит Покизага тикилиб туриб, шундай гап қотди:
Сиз ўн бешинчи асрда Хиротда ҳам яшаган бўлсангиз керак.
Қиз бу сирли эътирофдан ҳайратланиб, саволомуз қараб қолди. Йигит кулимсираб изоҳ берди:
— Алишер Навоий ҳазратлари ўз форсий ғазалларидан бирида шундай деганлар:
Нэгор-э турку тожэкам кўнад сад хонэ вайрона
Ба-дон мэжгон-э тожэконаву чэшмон-э туркона!
Яъни:
«Турку тожик нигорим айлагай юз уйни вайрона —
Ўшал тожикча киприклар, ўшал, кўзлар-ла туркона!»
Сизни ҳар кўрганимда бу байт ёдимга келаверади ва назаримда, сиз ўн бешинчи асрда яшагансиз-у, улуғ шоир бу изҳорни айнан сизга қараб ёзгандек туюлади.
Йигит ҳар куни келар, чой ичиб ўтирган кишидек баъзан соатлаб кетмасди.
Етимлик, устига устак фақирона шароиту идиш ювувчилик иши Покизани руҳан сиқиб, анча одамови қилиб қўйганди. Қиз имкони қадар ўзи сезиб-сезмай одамлардан тортиниб юришга ҳаракат қилар ва кўпинча шунга эришарди ҳам. Шу орада ошхона хўжайини кенжа ўғлини уйлантирди. Тўй куни ошхона ишчилари оҳорли оқ халату бош кийимда хизматда турдилар. Покиза ҳам тўй бошланганидан қўлида патнис тутиб, қудалар ўтирган уйга хизматда бўлди: чой, овқат ташиди, бўшаган идишларни олиб кетиб, ювиб берди. Қиз ҳар жиҳатдан ўз номига мувофиқ эди. Лекин ҳалолу табиатан тортинчоқ одамнинг бу ўркаuмонанд ташвишли дунёда тинчгина яшаши қийин. Айниқса, қиз бола, боз устига, етим бўлса! Ошхона хўжайинининг уйидаги тўйдан сўнг уч ёки тўрт кун ўтганди. Қандайдир меҳмонлар келишлари сабабли аммаси ишга чиқмади. Шу куни қиз икки киши учун ишлади. Иш тугар арафасида ошхона хўжайини чақиртирди.
— Мана буни аммангга бер, — деди белидан боғлиқ бир даста пулни узатиб, — ҳозир эшик олдига чиқсанг, сариқ «жигули» турибди, рўзғор учун озроқ ул-бул ортилган, уни ҳам аммангга олиб бор.
Табиатан бўйсунувчан Покиза «хўп бўлади»ни икки-уч қайта айтиб, чиқиб кетди. Аммаси кутиб ўтирган экан чоғи, хуш-хандон қаршилади. Қиз одатига кўра кийимини алмаштириб, юз-қўлини ювгач, емакхонага кирди. Хона ўртасидаги тўкин дастурхонни кўриб, ҳайрон қолди. Ўн йилдан ортиқ яшаганb бу оилада ҳали бундай тўкинликка дуч келмаганди. Бир пиёладан чой ичилиб, бир ликопчадан қазили норин ейилди, сўнг поччаси томоқ қириб, ўрнидан қўзғалди, болалари ҳам эргашди. Хонада қиз билан аммаси қолдилар.
— Ол, қизим сомсадан егин, жуда мазали бўлган экан, — мулозамат қилди аммаси.
— Еяпман, амма, — деди Покиза, кейин оҳиста сўради, — меҳмонлар келишдими, кимлар?
Аммаси бироз жим қолди, салфетка-сочиқни гоҳ ёйиб, гоҳ тахлаб, секин жавоб қайтарди:
— Меҳмонларми, қизим, келишди. Яхши одамлар экан, сенга келишибди.
— Менга? — ҳайратланди қиз.
— Ҳа, қизим, сенга келишибди совчи бўлиб. Ёлғиз ўғил экан, институтда ўқиркан, отасиз ўсган экан йигит бояқиш…
«Совчи» сўзидан бир қалқиб тушган Покиза «институтда ўқиркан»ни эшитиб, беихтиёр ҳаяжонланди. Хаёлига шеър ўқиб берган йигит келди: ўз хаёлидан ўзи қизариб уялганидан тили калимага келмай қолди.
— Энди қизим, бу нарса Одам Атодан мерос. Худога шукр, эс-ҳуши бутун, келишган қизсан. Келганлар тушунган одамлар экан, ҳатто истасанг, техникумда ўқитишар ҳам экан. Йигит сени анчадан бери кўриб кузатиб юраркану, ўзинг билан гаплашишга тортинаркан. Бу ҳам унинг фазилати. Хуллас, йўқ дея олмадим. Патир синдирдик. Юзимни ерга қаратма, қизим. Сени яхши жойга узатиб, акам раҳматлининг арвоҳини шод қилай!
Амманинг кўзларидан ёш сизди. Отасини эслаб, беихтиёр Покизанинг ҳам кўнгли бўшашиб, кўзига ёш келди.
Гарчи патир синдирилган бўлса-да, таомилга кўра бўлғуси келин-куёвларни учраштиришди. Келишув бўйича улар кўришиб, ЗАГСга ариза беришлари керак эди. Покиза билан аммаси бирга чиқди. Айтилган вақт ва белгиланган жойда қиз бўлғуси умр йўлдошини илк бор кўрди.
— Ҳув анави куёвимиз, — деди аммаси боши билан ирғаб бронза ранг «Нексия»га суяниб турган йигитни кўрсатиб, – ёнидагиси у куни бизнинг уйга келган холаси.
— Йигитга кўзи тушдию, Покиза тўхтаб қолди. Қиз негадир Навоийдан байт ўқиган йигитни эслади ва хаёлидан ўтказди: «У эмас-ку!..»
Сардор Покизани ўша тўй куни кўрган ва ёқтириб қолганди. Онасининг мўлжалидаги қизларни рад этиб, шу қизга уйланишини айтиб, гапида туриб олди. Кайвони Замиранинг ўғлига қилган панду насиҳатлари, ҳатто ота арвоҳини ўртага қўйиши ҳам кор қилмади.
— Гап тамом, ая, — деди Сардор, — мен шу қизга уйланаман, насиҳатни туғилажак неварангизга асраб қўйинг.
«Феъли туққанига маълум» — ўғилнинг гапи шу маҳалгача иккита бўлмаганди. Она чор-ночор розилик берди. Ошхона хўжайини Замиранинг эски таниши, ёшликдаги жазмани эди.
— Гап йўқ, — деди аёлнинг оҳини эшитиб, — лекин «посудамой»чини келин қилиш… Қандай бўларкин? Дўст-душман дегандек…
— Бўлди қилинг, эговмисиз?! Кўнгли кетибди, майли, 3-4 ой давр сурсин, буёҚи бир гап бўлар. Менинг ҳам ташлаб қўйган обрўйим йўқ…
— Бир айтдим-да…
— Ким-ким, сиз айтмай қўяқолинг, ўзингиз ҳам тирикчиликни фаррошдан бошлагансиз… Ҳозиргингиз адашмасам тўртинчиси, иккинчингизни «карночистка»дан топгандингиз.
Хўжайин жим бўлди. Замира эса гапни якунлади.
— Ўғлим бир яйраб олсин, кейин битта тагли-зотлигини топиш иш эмас. Сиз буёғини тезлаштиринг!
Тўй кутилгандек дабдабали эмас, эл қатори ўтди. Ҳатто келинга қўйилган сарполарнинг асосийлари — қимматлари омонат экан, ҳафта ўтмай эгалари олиб кетишди. Шу орада «омонат итальян этиги»нинг эгаси ҳам келди. Покиза дастурхон тузаб, ошхонада овқатга уннади. Ҳеч кутилмаганда қайнонасининг гапи қучоғига чалинди.
— Ўргилай, Сарвара бону, нима, мен аҳмоқманми тагзоти номаълум бир етимга ёнимдан сарпо қилиб, — гап уқтирарди қайнонаси меҳмон аёлга, — бу нарсалар эл кўзига эди, айланай.
Этик эгаси инсофли экан, бу гапни маъқулламади:
— Қўйинг эгачи, тахтини эмас, бахтини берсин. Келинингиз ойдеккина, одоби ҳам ҳуснидан камга ўхшамайди. Сардорбек хотин танлашда янглишмаган, диди бор экан. Бу нарсаларнинг ҳаммаси топилади. Ана, Маъмура отин нима бўлди, тагли-зотли деб, ўғлига прокурорнинг қизини келин қилганди. Сарпони-ку айтмай, ўзингиз кўргансиз. Оқибат, мақталган келин қиз чиқмади. Ҳам молига куйди, ҳам обрўйига… Ношукр бўлманг, Замира бегим!
Сарвара овқат пишгунча ўтирмади. Омонатини олди-ю, иши шошилинч эканини айтиб жўнаб қолди.
Қайнонаси айтган гапдан Покизанинг хўрлиги келди. Ётоқхонага кириб, ичи-ичидан эзилиб йиғлади. Қанча ётди-билмади. Ташқаридан қайнонасининг шанғиллаши уни хушига келтирди.
— Юки енгил эшак ётағон бўлади, дейишган. Бу келин ётағонмижоз чиқди. Келганига ҳафта-ўн кун бўлмай, бошқоронғи хотиндай ухлайди.
Покиза шоша-пиша югуриб чиқди. Ҳовлида қоғоз халта қўлтиқлаган эри онасининг гапига бепарво турарди. Салом берганча эрининг қўлидагини олиб, айвон томон одимлади. Юриб бораётиб хаёлидан бир ўй кечди: «Қизиқ, Сардор акам жуда ғалатида, қачон қараса, маст одамдек кўзлари қизарган, унча-мунча гапга парво ҳам қилмайди. Лекин шу … баъзан ҳеч кимдан тортинмай қашиниб ўтиришлари ғалати. Яна оғзида сигарет, гоҳо мудраб қоладилар. Ё ишлари оғирмикан? Йўғ-ей…»
Шу зайл орадан беш ой ўтди. Покиза юкли бўлган. Сардор эса кескин ўзгарган — қандайдир баджаҳл, гап уқмас… Айниқса, эрталаблари титраб-қақшаб, арзир-арзимасга сўкиниб, дуч келган нарсани отиб қоладиган одат чиқарганди. Покиза бир куни:
— Сардор ака, асабларингиз толиққанми-ей, шифокорга қаратиб кўринг, ўзим бирга бораман, — дедию, балога қолди.
Безовталаниб, титраб ўтирган эри сапчиб турдию, Покизани зарб билан урди. Нима гаплигини англаб етгунича яна кетма-кет мушт еди. Ўшанда уч ойлик келин эди. Айнан ўша воқеадан кейин яна беш-олти марта калтакланди. Лекин ичига ютди. Нима қилсин, осмон- узоқ, ер- қаттиқ!
Бир ҳафта олдин фианит кўзли зираги йўқолганди. Роса излади, тополмади. Эрига айтганди, Сардор қорнини қашиганча кўзларини ҳам очмай, лоқайд жавоб қилди:
— Бирор жойга қўйгандирсан, чиқиб қолар, топилмаса бошқасини олиб бераман.
Эри узоқ қашинди, қўшқўллаб бошини, ияги остини, баданию оёқларининг тагигача қашиди. Кейин пешонаси тиззасига теккудек бўлиб, хуриллаганча ухлаб қолди.
«Нима бало, қичима бўлганми? » — ўйлади Покиза. У фақат ўй билан чекланарди, холос…
Бугун эса билагузук — қайнонасининг Амир Олимхон даврида ясалган мерос билагузуги йўқ!
Калтак зарбидан танаси, туҳмату хўрликдан қалби жароҳатланган Покиза ҳам алам, ҳам хўрлик исканжасида тўшакдан туролмай қолди. Тун ярмидан ўтганда кўнгли айниб, безовталиги кучайди. Бир амаллаб ўрнидан турганди, боши айланиб, чўккалаб қолди. Кейин аста эмаклаб эшикдан чиқиб ҳовлига йўналди. Саҳндаги гулзор четига етар-етмас қайт қилиб юборди. Кетма-кет ўхчиди, яна қусди. Шу вақт айвон чироғи ёқилиб, қайнонаси кўринди:
— Ҳа таги паст ўғривачча, қоронғуда билагузукни кўмган ерингни тополмаяпсанми?
Замира эс-ҳушини буткул ғазаб қўлига тутқазган, хонадонига лойиқ бўлмаган етим келинга нисбатан нафрати эса ғазаб ўтига керосиндек куч берарди.
Покиза бошини хиёл кўтарсада, қаддини тиклай олмади. Нимадир демоқчи бўлди, лекин ўхчиқ йўл бермади. Бу орада қайнона калхатдек унинг тепасига келиб олганди:
— Гапир, билагузук қаерда?
— Аяжон, худо… Худо ҳақ…
Покиза гапиришга улгурмай, ўхчиқ тутиб қайт қилди. Кутилмаганда дарвоза тақиллади. Замира аввал тек қотди, кейин йўлакка шошилди.
— Ким у?
— Очинг, ая!
Сардорнинг овозини таниб, зулфинни туширди, сўнг қулфни очди. Кўзлари ярим юмуқ ўғил ичкарига кириб, икки-уч қадам юргач, таққа тўхтади.
— Иййя, бу нима янгилик? — сўради қўлини Покиза тарафга бигиз қилиб.
— Ўвв бола, танлаб-танлаб топган тозингга айт, яхшиликча билагузукни берсин, йўқса бурда-бурда қилиб ташлайман бу таги пастни, — деб ўғлини силталади Замира.
— Нима, билагузукингни… Билагузугингизни олибдими? — Сардор қизариб, қисилган кўзларини Покизага қаратди.
— Олса гўрга эди-я, ўғирлаб, йўқ қилган бу жувон ўлгур. Амир Олимхон даврида ясалган, ҳозир камида 20 минг доллар турадиган мерос билагузук!
«Йигирма минг доллар»ни эшитган Сардор бир зум анграйиб қолди. Кейин бирдан хотинига ташланиб, тепкилай кетди. Покиза юзтубан ётиб қолган, фақат «Эй худо!» деб зорланарди.
Сардор аёвсиз тепкиларди.
— Энди бир-икки кун оч қолдирсак, билагузук топилади, — деди хансираганча тепкилашдан тўхтаб.
Онага бу гап маъқул келди. Икковлашиб ҳушсиз ётган Покизани ҳужрага судраб бордилар. Кейин ҳужрага киритиб, устидан қулфлаб қўйишди…
Бу бешафқат воқеа юз берган тунда қўшни аёл Нозима уйда йўқ эди. Кундузги жанжалдан сўнг бетоб ётган синглисини кўргани қўшни туманга кетганди. Эрталаб қайтди. Кун пешиндан ўтганда Замиранинг дарвозасини қоқди. Кундузлари доим очиқ бўлгучи эшик ичкаридан қулфланганди.
— Ким у? — Замиранинг овози эшитилди.
— Мен, оч-ей эшигингни, — деди Нозима.
Ичкарига киргач, қисқагина сўрашиб:
— Хамир тахта билан ўқловингни бер, бизники чирк босиб кетибди, — деб кулди.
Замира шоша-пиша ўқлов-тахтани олиб чиқди.
— Покиза кўринмайдими? — сўради Нозима.
Замира бироз каловландию, мужмал жавоб қайтарди:
— Ҳа, шу… кетганди, поччасими касал экан… кеча кечқурун кетганди…
Замиридаги безовталик, олазарак қараш, айниқса, ҳужра томонга кўз ташлаб каловланиши Нозиманинг хавотирини кучайтирди.
Уйига қайтдию, кўп ўйлаб ўтирмай дўконга югурди. У ердан милицияга телефон қилиб, шубҳаю тахминларини айтди.
Орадан ўн дақиқача ўтиб, туман ИИБнинг ходимлари етиб келишди…
Покиза тирик, лекин аянчли бир аҳволда эди. Шошилинч «жонлантириш бўлими»га ётқизишди, лекин вақт ўтганди. Бегуноҳ келин шифохонада бир неча сониягагина ҳушига келди. Ва шу сонияларда Аллоҳнинг бандалари ҳузурида ҳам ўз-ўзига оқлов сўзларини айтиб улгурди.
— Аяжон, худо ҳақи, мен олганим йўқ билагузукни, худо шоҳид!.. — деган сўзлари Покизанинг ҳаёт билан видолашуви бўлди.
Бир нуқтага тикилганча очиқ қотган кўзларнинг кенгайган қорачиқларида ҳаётга тўймаган аёл билан ёруғ дунё юзини кўришдан буткул умидини узган бир парча эт — ҳомиланинг армонли сиймоси муҳрланиб қолгандек эди гўё…
* * *
ТЕРГОВ ҳибсхонасида аъзойи бадани қақшаб, ғужанак бўлиб қолган Сардор фақат бир нарсани ўйларди:
«20 минг доллар, билагузук, йигирма минг доллар-а! Ҳа мараз, барийга бор-йўғи беш грамм берди… Қани энди ҳозир уч точка раствор бўлсайди…»
Сардор инграб ўрнидан турди. Бурнининг тўхтовсиз оқиши, яна ичкетарлик икки кунда уни адо қилганди.
Камерадагилардан бири гап қотди:
—Ҳа, хумор қилаяптими?
Жавоб ўрнига ҳожат жойидан қаттиқ инграш эшитилди…
Прокуратура терговчиси эринмаган хилидан экан. Навбатдаги сўроқда Сардор жазавага тушиб қолди:
— Начальник, хоҳласанг сўй, хоҳласанг ос, лекин тўрт-беш кун тинч қўй, хумордан чиқиб олай. Бўлмаса ўлиб қоламан.
Терговчи пинагини бузмади.
— Билагузук қаерда?
— Барийгага героинга алмашдим, беш граммга… Вой жоним-ей…
— Ўша героинфуруш барийганинг манзилини айт!
Сардор жавоб ўрнига ғужанак бўлиб ётиб олди. Сўнг инграб, типирчилай бошлади.
Терговчи шифокор чақиртирди. Шифокор келгач, Сардорга деди:
— Агар манзилини айтсанг, тинчлантирувчи укол оласан.
— Бешинчи микрорайон… Уй номерини билмайман, бир қўли йўқ, лақаби «Герой».
Уколдан кейин бироз енгил тортган Сардорни камерага олиб кетишди. Терговчи вақтни ўтказмай прокурорга кириб тинтув учун ордер олиб чиққач тезкор гуруҳ «Герой»нинг изига тушди.
— Билагузук қандай кўринишда эди? — сўради терговчи Замирадан икки нафар холис иштирокида.
Аёл ҳуд-беҳуд, чала-ярим бўлса-да, таърифлаб берди. Терговчи стол устига бир неча фотосурат ташлади.
— Қаранг-чи, шу суратларда борми билагузугингиз?
Замира адашмай бир суратни кўрсатди. Терговчи сейфдан билагузукни олди. Аёл довдираган кўйи ҳайрат аралаш сўради:
— Вой, худди ўзи, топилибди-да, қаерда экан?
Терговчи баённома тўлдириб, холислар имзо чекишгач, саволга жавоб қайтарди:
— Ҳозир биласиз, қаерда эканини.
Навбатчи милиционер Сардорни олиб кирди. Тергов жараёни мўлжалланганидан кўра тезроқ тугалланди.
«Айблаш фикри» кутилаётган кунларнинг бирида Сардор ҳожатхонага кирди, бироз ўтиб икки-уч қайта ингради.
— Яна хумор тутиб, ломка бошланди, шекилли, — деди маҳбуслардан кимдир.
Орадан ўн дақиқа ўтса-да, Сардор чиқавермади. Камерадошлардан бири бетоқатланди.:
— Бўла қолсанг-чи, чўкиб кетдингми?
Жавоб бўлмагач, ичкарига мўралади. Бирдан:
— Мужики, анави томи кетган ўзини кесиб ташлабди, — деб бақирди.
Дарҳол навбатчини чақиришди, кетма-кет шифокор келди.
— Тирик, — деди шифокор, — уч еридан кесибди: қорни, билагининг икки жойидан.
Сардорни икки кун даовлашди, сўнг беш сутка карцер билан «сийлашди».
У мўлжални тамоман йўқотганди. Унинг қаршисида икки йўл турарди: ё руҳий касал деган ташхисни олиш, ёки ўз жонига қасд қилиш.
Карцерга тушган куни тундаёқ бошини бетон деворга зарб билан урди. Учинчи ё тўртинчи зарб урилишдан сўнг юз-кўзи қонга беланиб, беҳуш йиқилди. Изолятор назоратчиси шифокорни чақиртирди. Охир-оқибат қайтадан текшириш учун ёпиқ турдаги руҳий касалхонага жўнатадиган бўлишди.
Иккинчи ва биринчи қаватлар оралиғида Сардор зинадан тушаётиб, ўзини боши билан ташлади. Шифокор етиб келганида бошидан оққан қон Сардорнинг очиқ қолган кўзларида қотиб улгурганди…
Ўғлининг ўлганини Замира суд куни билди. Бир нуқтага тикилиб турганича узоқ сукутга чўмди. Кейин бирдан бор овози билан беўхшов кула бошлади:
— Йа-ҳҳа-ҳа-ҳа, Сардор… Ҳ-ҳа-ҳа-ҳа… Ўғлим Сардор, кел, топилди билагузук, кел Покизани… Йа-ҳҳа-ҳа-ҳа… чақир хотинингни, топилди қурмағур билагузук…
Судлов ҳайъати бир соатча кутди. Замира гоҳ кулар, гоҳ йиғлар, гоҳ яхши сўзлар айтар, гоҳ қарғанарди. Ноилож, шифокорга мурожаат қилдилар.
Қарийб ярим йиллик муолажа ва махсус тиббий текширувдан сўнг Замира ёпиқ турдаги руҳий касалхонада қолдирилди.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Dilmurod Sayyid. Bookmark the permalink.