“МАЛИКАИ-ДИЛОЗОР”НИНГ ЯНГИ ЎЙИНЛАРИ

Куни кеча Гулнора Каримова twitterда Бўхронларни ўрганиш халқаро гурухи вакили Эндрю Стролайнга Ўзбекистонда қийноқлар масаласини ўрганишни ваъда қилди. Бу аллақачон айрим ахборот воситалари томонидан сенсацион янгилик сифатида ётирилмоқда хам. Шу ўринда бу ахборот воситаларида туғилмаган табиий саволларни ўртага қўйсак.

Энг аввало Ўзбекистонда суд, хуқуқ-тартибот ва тергов органлари мустақил хисобланишини назардан четда қолдирмаслик лозим. Бу хатто президент хам уларнинг фаолиятларига аралашиш хуқуқига эга эмаслигини англатади. Балки Гулнора Каримова Эндрю Стролайн томонидан тақдим қилинган “изоляцияланган фактлар”ни шунчаки ўрганиб, танишиб чиқмоқчидир? Аммо дастлаб бу ишни ким сифатида амалга оширмоқчилигини очиқлаши даркор. Чунки унинг бугунги кунда қандай мавқега эга эканини хеч ким билмайди.

Буни бугун сенсация сифатида тақдим қилинган Гулнора Каримованинг интернетдаги Yandex қидирув тизимида исми энг кўп қидирилаётган Ўзбекистонлик сифатида отасидан хам ўзиб кетгани факти фонида кўрилса уйда қолиб зерикаётган хонимчанинг янги ўйинлар бошлагани эхтимоли билан боғлаш керакдир? Чунки охирги пайтларда бир қатор қора рўйхатларда кўпчиликни ортда қолдиришга улгурган Гулнора учун уйидан чиқмаган холда ўз номини оқлашга, ўзидан янги қахрамон ясашга эхтиёж мавжуд.

Гулнора ўз номини янги рўйхатларнинг бошига ташиш учун амалга ошираётгани “инсон хуқуқлари масаласига бефарқ бўлмаган хонимча” ўйинида янги хатоларга йўл қўймоқда. Назаримда у мамлакатда ўзига хамма нарса мумкин эканини, у истаса хатто инсон хуқуқлари масаласидаги отасининг қарорларини хам бекор қилиши мумкинлигини исботламоқчидек. Балки эртага яна ўша ахборот воситаларида унинг номини отасининг қарорларини бекор қилиб инсон хуқуқларини таъминлаш масаласида ижобий ўзгаришлар қилган “Ўзбекистондаги энг таъсирли шахс” сифатида кўрармиз? Лекин юқорида такидлаганимдек бу ишларни у мамлакатда қай мавқедаги мутасадди сифатида амалга оширади? У Ўзбекистонда республика тизими тугаб қироллик бошланганини, ўзининг тан олинган “малика” эканини шу йўл билан дунёга билдириб қўймоқчими? Ахир нодавлат ташкилот бўлган “Фонд Форум” рахбари сифатида унинг суд ва хуқуқ-тартибот органлари фаолиятига аралашиш хуқуқи мавжуд эмаску. Атрофида буни унга тушунтира олишга журъати етадиган инсон борми?

Масаланинг яна бир томони бугун хуқуқлари поймол этилган деб тақдим этилганларнинг кимлар эканидадир. Чунки асосан диний эътиқоди туфайли судланганларнинг хуқуқлари энг кўп поймол этилади. Каримов режими уларни мавжуд “конституцион тизим” учун хавф сифатида кўради ва кундалик ибодатлари учун хам уларни энг камида озодликдан махрум қилиб муқаррар жазога махкум этади. Бундай амалиёт билан нафақат диний радикал ва фундаменталистларнинг режимга хавф туғдиришини бартараф этади, балки ўзининг содиқ хизматчиларига хам хиёнат нима билан якунланиши борасида намойишкорона “дарс” бериб боради. Демак қийноқларга асосланган хуқуқ-тартибот тизими қайсидир маънода бугунги хукумат барқарорлигини таъминлашнинг асосий воситаларидан бири саналади.

Каримова хонимнинг бу сиёсатга аралашиши икки хил оқибатларга олиб келиши мумкин. Биринчи холда отасининг режимига тахдид туғдираётганликда айбланиб қийноққа махкум қилинганларни қўллаб қувватлаётгани сабабли отаси унга хам радикалларнинг химоячиси сифатида қора тамға бостиради. Иккинчи холда эса отасининг шундоқ хам беқарорлик сари дадил одимлаётган режимининг асоси бўлган қийноқлар сиёсатини яроқсиз холда келтириб режимнинг зудлик билан емирилишига сабаб бўлади.

Бугун юритаётган ахмоқона иқтисодий сиёсати туфайли энг даромадли хисобланадиган энергетика тизимида банд ўн минглаган ишчиларига хам ойлик маошларини етқазиб беролмасдан танг ахволда қолган режим учун куч ишлатар тизимларга берилаётган “имтиёзларнинг” кўлами мухим ахамият касб этади. Улар ўзларига берилган чексиз имкониятлар соясида режимни оёқда тутиш учун жавлон уриб хизмат қилмоқдалар. Улар қийноқлардан нафақат режимга қарши бўлганларни жазолаш учун, балки ўзлари учун мўмай даромад олиш воситаси сифатида хам кенг кўламда фойдаланишмоқда.

Инсон хуқуқлари масаласини ўрганиш асносида хуқуқ-тартиботчиларга берилган қонунда кўзда тутилмаган “имтиёзларни” чегаралаш билан Гулнора отасининг режимига шу имтиёзлар туфайли сидқидилдан хизмат қилаётган хуқуқ-тартиботчиларнинг хам қахрига учраши мумкин. Агар хуқуқ-тартиботчилари хам ойлик маошларини кеч олиш билан бирга қўшимча даромаддан махрум бўлишса мамлакатда беқарорлик келиб чиқишининг олдини олиб бўлмай қолади. Зотан Каримов режимига энг катта хавфни айнан режимни химоялаш учун чексиз имкониятлар тақдим қилгани кучишлатар тизимлар туғдиришади. Уларнинг қахрига учраш режим учун жуда қимматга тушишини режим лидерлари яхши билишади ва бу факт билан доим хисоблашиб келишади.

Демак Гулноранинг қийноқлар масаласини қандай ўрганиши ва Эндрю Стролайнга қандай жавоб бериши мамлакат келажагида баъзи масалаларга ойдинлик киритишини тахмин қилса бўлади. Ўзбекистондан чиқолмай қолгани сабаб зериккан хонимчанинг хар куни янги ўйинлар бошлаётгани ўзбек халқидан хам олдин Каримов режимига қимматга тушиши туган гап. Режим бунга йўл қўйиб бериш ёки бермаслиги масаласи эса Гулноранинг сиёсий келажаги борасида янги хулосалар чиқаришга имкон беради. Демак натижаларни кутамиз.

Аммо бу ўйинларнинг яна бир томони борки уни хам кўздан қочирмаслик зарур. Юқорида Гулнорани икки хол кутишини тахмин қилдик. Аммо жуда кичик эхтимоли мавжуд учинчи хол хам бор. Бу оддий зерикишдан бошланган twitterдаги ўйин учун хос бўлмаган эхтимолдир. Охирги пайтларда Каримов режимига сиёсий махбусларни озод қилиш борасида кучли босимлар ўтқазилмоқда. Бу босимлар натижаси ўлароқ Эврил Турон ва Дилмурод Саййид каби сиёсий махбусларнинг озод қилиниши эхтимоли хақида гапирилмоқда. Агар бу рост бўлса Гулнора бу жараёндан ўз хиссасини олишни кўзлаётган бўлса хам ажаб эмас. Гулнора отасининг душманларини озод қилган “хақиқий демоқрат” сифатижа ғарбнинг эътиборини қозониши ва отасидан кейин ислохатлар ваъда қила оладиган ворис сифатида “керакли доираларнинг” назарига тушишни қўзлаган бўлиши хам мумкин. Аммо ёши қирқни ургани билан ялло қилиб яшашдан бошқа хунар кўрсатолмаган хонимча учун бу сценарийни лойиқ кўролмаяпман.

Ўктам Худоёров.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Tahlil. Bookmark the permalink.