Дилмурод САЙЙИД׃ Қизлоқнинг кўзлари

-Мани адам алкаш, бизани ташлаб кетган,-деди қизалоқ дабдурустдан. Кейин онасига қараганди, аёл мамнун жилмайиб қўйди.
Элёрга бу ҳолат ғайритабиий туюлди. Она-болани кузатиб қўйгач, уйига етгунча ўйланиб келди. Қизчанинг ҳазин овози қулоғига ўрнашиб, миясида акс-садо берарди: “МАНИ АДАМ АЛКАШ!..”
***
ЭЛЁР ҳаётда, айниқса, оилавий турмушида кўп ноҳақлиг-у оғирликларни бошдан кечирган бўлгани боис анча вақт сўққабош юрди. Кейин “одамлардек яшаш” фикри кучлилик қилиб, зимдан ўзига мувофиқ умр йўлдоши излай бошлади. Ва, асосан, газеталарда чоп этилаётган танишув эълон-ларини кузатиб борди. “Оғзи куйган”лиги сабаб айрим эълонлар матнини ўқиб, баъзан чуқур «уҳ” тортиб қўяр, собиқ хотинини эсга олиб: “Илк танишганимизда у ҳам шу эълонда ёзилгани каби гап-ларни айтганди…” деган ўй кечарди кўнглидан. Айнан эълонлар орқали уч нафар аёл билан танишди. Иккиси Элёрга маъқул бўлмади, бирига эса ўзи ёқмади.
Бир ярим ойча аввал Шоҳиданинг эълонини ўқиб қолди. Ўзи сезмаган ҳолда энтиккандек бўлди. “Олий маълумотли, пазанда, саришта… тўрт ёшли қизчаси бор, касби муаллима бўлган аёл…”
Элёр шундан кейин негадир эълон ўқиш одатини тўхтатди. Бир ҳафта ўтиб, йўллаган мактубига жавобан телефон бўлди. Кейин учрашдилар… Элёр Шоҳидани илк кўрганидаёқ хаёлидан шундай қиёсий фикрлар кечди:
“Худди «Ўткан кунлар”даги Зайнабнинг ўзи-я!”
Тўғриси, Элёр кўпчиликдан фарқли ўлароқ Кумушдан кўра Зайнаб ҳолига куюнарди. Орзу-ҳаваслар қурбони деб биларди Зайнабни…
Шоҳида билан иккинчи учрашувларида, гарчи Элёр сўрамаса ҳам, аёлнинг ўзи гап очиб қолди.
-Одамнинг боши нимагадир тегса, кўзи очилар экан, Элёр ака,-деди аёл сокин анҳордан кўз узмай,-лекин унда анча кеч бўларкан. Менимча, “ҳеч бўлмагандан кўра, кеч бўлгани” ҳам дуруст!
Элёр индамай эшитганча, сўзсиз – бош қимирлатиб, тасдиқ ишорасини билдирди.
-Эълон бериб, ким биландир танишиш етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган ҳол,-жилмайиб гапида давом этди аёл,-ўзимга ўзим айтаман, бўлар экан-ку оила масаласида ҳеч кимнинг кўнглига қарамай, ақлга суяниб йўл тутса! Эсиз, саккиз йил умрим шамолга кетди. Энг куядиганим, ўз яқинларимнинг орзу-ҳавас шамолига учди умримнинг саккиз йили.
Элёр Шоҳидага қаради. Унинг сиймосида Зайнабни кўрди.
“Менинг Кумушим йўқ, мен Отабек эмасман, сиз менинг хаёлимдаги Зайнабсиз, Шоҳида!”-деган ўй кечди кўнглидан. Ва шу топда аёлнинг қизчасини эслаб қолди:
-Шоҳидахон, ўтганни эслайвериш мияни толиқтириб қўяди, олдинга юравериш керак. Қизалоқ билан мени таништиришга шошилмаётганга ўхшайсиз?!
Аёл анҳорга тикилганча бироз жим қолди.
-Фақат якшанба кунлари олиб чиқишим мумкин, бошқа пайт боғчада бўлади,-деди йигитга ўгирилиб.
-Демак, индинга учрашар эканмиз-да,-деди Элёр.
-Фақат пешиндан кейин, негаки, якшанба аёллар учун кучайтирилган иш куни,-кулди Шоҳида,-ҳафта бўйи йиғилиб қолган рўзғор юмушлари – супур-сидир, кир ювиш дегандек.
Йигит маъқул ишорасини билдирди.
Якшанба куни соат тўртда “Мирзо Улуғбек боғи”га кираверишда кўришдилар. Элёр метродан чиқиб, уч-тўрт одим юрмаёқ она-болага кўзи тушди. Келишилган вақтга ўн дақиқача бор, лекин улар олдинроқ келишибди. Онасининг имоси билан қизча Элёр томон юрди. Қизалоқнинг нигоҳидан қандайдир ҳадик сезилиб турса-да, йигит буни бегонасираш деб тушунди. Қадамини тезлатиб, қизчага яқин борди-ю, кўтариб олди. Қизалоқдаги титроқ Элёрга ҳам ўтди.
-Мана бу сенга, Шоҳиста,-деди йигит ўзи билан олиб келган ўйинчоқ – момиқдек айиқчани қизчага тутқазиб. Қизалоқ онасига қаради. Аёлнинг ияк кўтариб қилган ишорасидан сўнг қизча ўйинчоқни олди. Шу орада Элёрга салом берган аёл қизига юзланди:
-Нима дейиш керак?
Қизчанинг овози жуда ҳазин эшитилди:
-Раҳмат.
Кейин учови боғ ичига киришди. Сайрни баланд чархпалакка чиқишдан бошладилар. Қизча ўйинчоғини бир қўллаб бағрига босганча, ердан кўзини узмай ўтирарди. Музқаймоқнинг ярмини онасининг зўри билан еди.
-Хафа бўлманг, Элёр ака,-деди хижолатомуз тарзда аёл,-отасининг ёввойи феъли-ю бешафқат ур-тўполонини кўравериб, қизим бояқиш қўрқоқ, одамови бўлиб қолган. Худо хоҳласа, ҳали келишиб кетасизлар. Ўзи жуда эсли, зийрак. Ҳалитдан анчагина ҳарфни танийди. Фақат ҳозир айтганимдек, сал зада бўлиб қолган.
Элёр беихтиёр қизчанинг юзига тикилди, сочларидан сийпади. Кейин авайлаб кўтариб, тиззасига олди. Қизалоқ худди карахт одамдек, қўлидаги айиқчани бағрига янада маҳкамроқ босганича ўтирарди.
“Соҳил қаҳвахонаси”да ҳам деярли гапирмади. Бир сих қийма кабобни ярим-ёрти еган бўлди, шунда ҳам онасининг қистови билан. Пиёлага қуйилган “Фанта”га қайрилиб ҳам қарамади. Кеч соат саккизларда уларни кузатиб, уйига қайтган Элёр креслога ҳорғин чўкканича, хаёлга берилди:
-“Бечора қизалоқ, оиладаги жанжаллар-у, ичкиликбоз отанинг ваҳший қилиқларидан жуда юрак олдириб қўйган кўринади. Шундан бўлса керак, мени кўргач, отасининг тўполонларини эслаб, қўрқиб кетди чамамда… Эй тавба, қандай одамлар бор-а!”
Келаси якшанбагача Элёр билан Шоҳида яна икки марта учрашишди. Ҳатто енгилгина қўлтиқлашиб, дўкон айланишди. Қизалоққа чиройли кўйлак харид қилдилар.
-Худо хоҳласа, якшанба куни олиб берган шу кўйлагингизни кийдириб чиқаман,-деди аёл жилмайиб, сўнг қўшиб қўйди,-совға қилган айиқчангизни жуда яхши кўриб қолган. Боғчадан келибоқ айиқчани кўтариб олади. Исм ҳам қўйиб олибди Полвонча, деб…
Элёрнинг кўксида қизчага нисбатан илиқлик кучайгандек бўлди: «Меҳрга зор, меҳрга!”
Якшанба куни яна “Мирзо Улуғбек боғи”га кираверишда учрашдилар. Ҳақиқатдан ҳам қизчада ўзгариш катта эди. Элёрни кўрибоқ чопқиллаб келди. Элёр ҳам уни дарҳол кўтариб олганди, бунга жавобан қизча ҳам унинг бўйнидан қучоқлади, лекин негадир онасига тез-тез қараб қўярди. Элёр бунга эътибор қилмади. Шоҳида йигитга салом бергач:
-Кўйлак ярашибди-а?-деди мамнун оҳангда.
-Раҳмат, чиройликан,-бийрон қўшилишди қизча.
Бу сафар музқаймоқни ҳам, нонсиз бўлса-да, бир сих кабобни ҳам охиригача еди, “Фанта” ҳам ичди. Ва ҳар гал онасига қараб қўярди…
Боғдан қайтишаётганда Элёр қизчани кўтариб олди. Чиқиш жойига яқинлашгандилар, ҳеч кутилмаганда:
-Мани адам алкаш, бизани ташлаб кетган,-деди қизалоқ дабдурустдан. Кейин онасига қараганди, аёл мамнун жилмайиб қўйди.
Элёр ярим тунгача ухлай олмади. Қулоғига ўрнашиб қолган сас – қизчанинг овози унинг ғафлат шуурини уйғотиб юборгандек эди: “Мани адам алкаш..!” Айнан шу ғайриоддий жумла Элёрни ақл билан фикр юритишга ундади. Негаки, қизча бу гапни ўта синиқ товушда айтганди, аммо унинг қўзлари… Элёр ўша дамдаги масъум нигоҳни эслади. Вужудида титроққа ўхшаш ниманидир ҳис қилди…
Орадан икки кун ўтиб, Шоҳида билан яна учрашдилар. Ўтган икки кун давомида Элёр аниқ қарорга келиб бўлганди.
Бир соатча хиёбон кезишди, қаҳва ичиб, бир кесимдан торт едилар.
-Соат тўртдан ўтибди,-деди Элёр кулимсираб,-бир таклиф бор.
Аёл хиёлгина сузилиб сўради:
-Қандай таклиф?
-Танишганимизга бир ойдан ошибди-ю, бирор марта суратга тушмабмиз, ё сурат олдиришни ёқтирмайсизми?
-Нега энди, суратга тушиш хоббиларимдан бири.
-Ундай бўлса, жуда соз. Фақат ҳар нарсанинг бутун бўлгани яхши.
Аёл ҳамон жилмайганча, Элёрга тикилиб турарди.
-Демоқчиманки, иккимиз тушсак, сурат тўлиқ бўлмайди. Ҳозир бориб Шоҳистани боғчасидан олсак-да, ишни бутун қилсак.
Аёл бирдан жиддий тортди.
-Ундай бўлса,-бироз жим қолгач, давом этди. –Ундай бўлса, якшанба куни тушайлик. Яхшилаб кийинтириб олиб чиқаман.
-Якшанбада ҳам тушаверамиз, бугун эса, дил кетди. “Йигитнинг сўзи сингунча…”, нима дедингиз?
Элёр эътирозга ўрин қолдирмаганди. Аёл ноилож рози бўлди. Боғчага яқин қолганда:
-Сиз шу ерда тура туринг, мен беш дақиқада олиб чиқаман,-деди аёл.
-Нега энди, бирга кираверамиз, ахир бола ўғирлагани келмаяпмиз-ку!-деди йигит.
Аёл яна ноилож қолди. Элёр боғчага келишда йўл-йўлакай бир неча шоколад харид қилганди. Кўчага чиқишгач, шоколаддан бирини тутқазиб, қизчани кўтариб олди. Аёл эса йигитнинг қўлтиғидан тутди. Бекатга етгунча қизалоқни эркалаб борди. Қизча мамнун шоколад ерди. Айни чоғда Элёр икки ўт орасида қолганди. Негаки, сўраши керак бўлган саволи қизчанинг чеҳрасидаги мамнунликни, кўзларидаги масъумликни чилпарчин этиши аниқ эди. Бироқ… Элёр ҳам ноилож! Икки соатлар чамаси хиёбон-у кўчаларни айландилар. Йигит қизчани гоҳ кўтариб, гоҳ етаклаб оларди. Ортиқ бу аҳволда юра олмаслигини тушунди. Қизчага бир кесик торт олиб берди. У тортни еб бўлгунича ўзи сигарет чекди. Ниҳоят… дастрўмолини чиқариб, қизалоқнинг ширали қўлчаларини, лабчалари-ю юзини арта туриб, секин сўради:
-Битта гап айтайми?
-Айтинг,-деди қизча Элёр томон бўй чўзиб.
Йигит унинг рўбарўсига чўккалаб, бағрига босди.
-Шоҳиста, мени яхши кўрасанми?
Қизалоқ қўлчаларини унинг елкасига қўйди.
-Ҳм-м, яхши кўраман.
Элёр бир ютинди-ю, юрагини тилимлагандек қийналиб, яна сўради:
-Ўзингни адангни-чи? Униям яхши кўрасанми?
Қизча жимгина бошини эгиб, кўрсаткич бармоқчасини иягига суртди. Сўнг бошини қимирлатиб, тасдиқ ишорасини билдирди.
-Шоҳиста,-деди қизалоқнинг кўзига тикилиб,-мен адангни кўрдим. Сени қидириб юрган экан. Олиб келиб берайми адангни?
Қизчанинг кўзларида шундай ўзгариш юз берганди-ки, Элёр тасвирлашга ожиз эди. Ва бирданига Элёрни қучоқлаб олди. Секингина, эшитилар-эшитилмас шивирлади:
-Қачон опкеласиз адамлани?
Элёр чидай олмади, ўз-ўзидан кўзларидан ёш қуйилеверди.
Қизалоқ ўз отасини қўмсаётганлигини, унинг учун ҳеч ким ўз ОТАсидек бўла олмаслигини Элёр бутун вужуди билан ҳис этиб турарди…
ТОШКЕНТ

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Dilmurod Sayyid. Bookmark the permalink.