Дилмурод САЙЙИД: Тиланчининг дуоси

ШАҲНОЗА метродан тушиб, чиқиш эшиги томон йўналди. Ташқарига чиқаётиб бир рус қизининг зинапояда ўтирган тиланчига садақа берганига кўзи тушди. Гарчи ўнг томонга бурилиши керак бўлса-да, тўғрига — тиланчи тарафга юрди. Жетон олганида қайтган ўн сўмликдан бирини чўнтагидан чиқариб, бошини қуйи эгганича нималарнидир пичирлаб ўтирган тиланчига яқин келди ва кирланиб кетган рўмолча устига ташлади. Тиланчи ўтириш ҳолатини ўзгартирмай — боши эгик, бироз чайқалган кўйи дуо қилди:
— Аллоҳ сизга мингни берсин!
Бу орада икки одимгина узоқлашган Шаҳноза дуони эшитди. Юриб кетаётиб, негадир дуони тўлдирилган ҳолда овоз чиқармай такрорлади: “Сиз менга бирни бердингиз, Худо сизга минг қилиб қайтарсин!”
Аёл бирдан тўхтади, ортига бурилиб, йигирма қадамча нарида қолган тиланчига қаради. Аксига олиб, у орқа ўгирган ҳолда метронинг чиқиш эшикларига юз тутиб ўтирарди.
“Овози танишдек, — ўйлади аёл, — таниш овоз… Кимнингдир овозига жуда ўхшар экан?!.”
Аёл эслашга уриниб, тиланчи томонга тикилиб қолди. Ногаҳон ток ургандек сесканиб кетди: “Йўғ-ей, … у эмасдир!”
Лекин қизиқиш ҳисси кучлилик қилди — ортига қайтди. Негадир оёқлари тортмайгина юра бош-лади. Ўн қадамча юриб тўхтади. Ички бир овоз унга: “Борма, ортингга қайт!”— дерди. Бироқ қизи-қиш ҳисси овоздан зўр чиқди. Шаҳноза тиланчига қарамай, зинадан тушиб, метрога кирди. Икки эшик оралиғида тўхтаб, тиланчи томонга ўгирилди. Кутилмаганда бир милиционер келиб, тиланчини ҳайдай бошлади:
— Сенга учинчи марта айтаяпман, ярим соат олдин ҳам огоҳлантиргандим. Йўқоласанми бу ердан ё обориб тиқиб қўяйми?
Тиланчи бошини кўтариб, “қўлингдан бошқа нима ҳам келарди қамашдан бўлак!” дегандек аламли бир қаради-ю, шошилмай рўмолчасини йиғиштира бошлади. Шаҳноза ҳам шу лаҳзада унинг юзини аниқ кўрди: “Ё, тавба, худди ўзи!”
Ўн дақиқа аввал ўн сўмлик тангани Шаҳноза собиқ эрига садақа қилганди.
Аёл уйига қандай етиб келганини билмади. Тиланчининг дуоси хаёлидан кетмас эди:
“АЛЛОҲ СИЗГА МИНГНИ БЕРСИН!”
Инсон табиатан шундай ҳилқатки, умрининг ўт-олов фаслида ҳар қандай қилмишини тўғри деб баҳолайди. Аммо Вақт номли аёвсиз ҳакам бор!
Шаҳноза хона чироғини ёқишни ҳам унутиб, диванга оғир чўкканича секингина шивирлади:
— Аллоҳ сизга мингни берсин!
Оҳиста чиққан ўз овозидан ўзи чўчиб кетди. Шу пайт устма-уст чалинган эшик қўнғироғи юрагини ёргудек бўлди. Оёқ учида бориб:
— Ким? — деди қандайдир титроқ овозда.
— Очинг опа, Гулнозман!
Қизининг товушидан жони жойига тушгандек бўлди. Қизи ҳам кирибоқ, одатига кўра уни қучоқлаб олди.
— Вой, опа, нега титраяпсиз, рангингиз ҳам қандайдир оқарганми-ей, тобингиз қочдими? — сўради қизи саломни ҳам унутиб.
— Билмасам… — мужмал жавоб қайтарди Шаҳноза кўзини олиб қочиб, — негадир…
Бирор жўяли гап келмаганидан ортига бурилди.
— Ҳеч бўлмаса, чироқни ёқиб ўтирмайсизми? — деди қизи танбеҳ оҳангида.
Аёл эшитмади. Унинг миясида тиланчилик қилиб ўтирган собиқ эрининг дуоси бонг урарди:
“АЛЛОҲ СИЗГА МИНГНИ БЕРСИН!”
* * *
БИР ҳафта олдин ён қўшниси “Мушкулкушод” ўтказганди. Шу йиғинда нариги кўчада яшовчи Заҳро Шаҳнозани «чақиб олди». Чаққанда ҳам ёмон чақди — нақ юрагига тегди!
— Манзурабону, — деди Заҳро уй эгасига, — мовлияту мушкулкушодлар сабаб ишингиз барор чопиб, этгану қилган эҳсонингиз даргоҳига қабул бўлиб, худога шукр, эрингиз ичишни ташлади. Уч қиз чиқардингиз, ҳаммаси ўзидан тиниб, тушган ерида палахмон тошидек қотди.
Кейин чимирилиб Шаҳнозага қаради:
— Сиз ҳам яратганга таваккул қилиб, Шаҳнозбону, мундоқ беш-ўн кайвонини йиғиб, мушкулкушодми ё пари дастурхонми қилсангиз, ёмон бўлмасди. Зора қизингиз эри билан ярашиб кетса! Яна ажабмаски, ўн йил олдин этак силкиб кетган эрингиз ҳам қайтиб келса… Ҳар нима бўлганда ҳам эркаги бор уйнинг файзи бўлак-да, унча-бунча «қинғир» гап остонадан киролмайди.
«Ҳаҳ, ипирисқи, у куни қарз сўраб чиққанида бермагандим. Ўшанинг аламини олаяпти ер юткур!» — дея хаёлидан ўтказди аёл.
Заҳро ҳам унинг ғужанак бўлиб қолганини кўриб, сиқувни кучайтирди:
—Кичик синглимнинг эри Шаҳнозани ташлаб кетган эри билан қамоқда бирга бўлган экан,—деди «ташлаб кетган»га алоҳида урғу бериб, — ўша жойларда ҳам заифларни қўллаб, анча-мунча одамга ёрдами тегибди. Ҳатто синглимнинг эрига ҳам яхшилик қилган экан.
— Ўзи ҳам ёмон одам эмасди билишимча, ўргилай Заҳробону, — деб қувватлади яна бир қўшни.
— Айтадилар-ку, оповси, «Эрни эр қиладиган ҳам, қора ер қиладиган ҳам хотин!» деб. Эр қиламан дегани Манзурабонуга ўхшаб, ўз ҳаловатидан кечиб, тош келса — синдиради, сув келса — симиради. Ер қиламан дегани эса…
Уй эгаси Заҳронинг гапини бўлиб, Шаҳнозани маломатдан қутқарди:
— Эгачилар, қўйинглар шунақа оилавий можароларни, хотин-қизлар кенгашида эмассизлар-ку, ахир!
Кейин тўрда қўр тўкиб ўтирган отинойига юзланди:
— Отин ойи, ояти карималардан тафсир қилиб беринг!
Заҳро барибир сўнгги «ўқ»ни отиб қолди:
— Эрнинг устидан мелисага, қозига борадиган хотинларга сўров бордир қиёматда, шундан гапиринг, отин ойи!
Заҳро шундай деб ёнидан яхлит мингталик чиқариб, хонтахта четига қўйди. Шаҳноза эса, беихтиёр ўрнидан туриб, эшикка йўналди…
* * *
БУГУНГИ кўргани бир ҳафта олдинги гап-сўзлар билан қоришиб, миясига бигиздек санчиларди.
Шаҳнозани виждон азоби қийнаяпти, дейиш нотўғри бўлар. Чунки ўз манфаатини ўйлайдиган кимсада бундай туйғунинг бўлиши гумон! Бошқа фазилатлар кейинроқ ҳам шаклланиши мумкиндир, аммо ВИЖДОН она қорнидан бирга тушмаса, одамнинг ёши ўтгач, туғилмаслиги аниқ!
Шаҳноза ярим тунгача бетоқат ётди, кейин ухлаб қолди. Бу синоатни кўрингки, уйқуси уйғоқлигидан баттар оғир кечди. У туш кўрди:
Кайвони Заҳро ёнида ўша кунги отин ойи! Отиннинг ўнг қўлида қандайдир китоб. Заҳро бўлса, кўча бошланишида туриб олиб, бор овози билан гапираётганмиш:
— Ҳой хотинлар, мен Шаҳнозанинг эрини кўрдим. Бояқиш увадага ўралиб, метрога кириш зинасида тиланиб ўтирибди. Унинг шу аҳволга тушиб қолишига Шаҳноза сабабчи!
Аёллар «гурр» этиб Шаҳнозага ўгирилдилар. Кўрсаткич бармоқларини бигиз қилиб ўқталишди. Шаҳноза қочмоқчи бўлганди, Манзура йўлини тўсди:
— Шаҳноз, — деди қўлларини қанот қилиб ёйганича, — Заҳробегим аччиқ гапирадию, очиқ гапиради. Мен эрим билан ўттиз йил яшаб, шундан йигирма йилини ҳақ-ноҳақ сўкишлар остида ўтказдим. Лекин бирор марта мелиса у ёқда турсин, ҳатто ўз отамга, ака-укамга арз қилиб бормаганман. «Чиққан қиз чиғириқдан ташқари», деганлар!
— Ўзи-ку ўзи, — гапни илиб кетди Заҳро, — яна қизини ҳам олиб келиб ўтирибди. Бу кетишнинг оқибати хайрли кўринмаяпти…
Отин ойи китоб тутган қўлини баланд кўтарганди, ҳамма жимиб қолди.
— Шаҳноза эгачи, — деб гап бошлади вазмин оҳангда, — бир банданинг таназзулини, тиланчи-ликка юз тутишини сира истамагандирсиз балки. Бироқ бу нохушликларда сизнинг ҳам хатойингиз бордир! Эшитишимча, ўзингиз кўриб-билиб теккан экансиз. Лекин «ўйиндан ўт чиқариб», қаматиб юборибсиз. Дейлик, эрингиз нодонлик қилиб, шайтоннинг измига кетгандир. Аммо сиз ҳам Худодан қўрқмагансиз! У-ку, сизга қилган ситами учун бу дунёдаёқ жазосини топибди, лекин ОХИРАТ ҳам бор! «Эрнинг дуоси мустажоб, агар-чи у золим бўлса ҳам!» деб ёзилган. Ишонмасангиз, мана ўқиб кўринг!
Шаҳноза чўчиб уйғониб кетди. Собиқ эри — тиланчининг дуоси ярқ этиб хаёлидан ўтди:
— АЛЛОҲ СИЗГА МИНГНИ БЕРСИН!
Ҳолсизланган аёл ёстиқни қучганича йиғлаб юборди. У тиланиб ўтирган собиқ эрининг аҳволига ачиниб йиғлармиди ёки Худодан қўрқибми, ўзи ҳам билмас эди…
ТОШКЕНТ

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Dilmurod Sayyid. Bookmark the permalink.