Таҳлил

aldarkusa2ЯНА “ИККИ КАРРА ИККИ” ХАҚИДА

Охирги кунларнинг энг қайноқ мавзуси бўлган “Исмат Хушев мавзуси”га мен хам аралашмай туролмадим. Ислом Каримовнинг пайтавасини қайтадан ялай бошлаган Исмат Хушев…ҳақида менда ҳам айтадиган гап бор.

Аслида унинг хориждан сиёсий бошпана олишини Каримовга мухолиф бўлгани билан боғлашнинг ўзи соддалик. Чунки ўзини “шоқол” деб биладиган одам учун “шер”нинг узоқ-яқиндалигининг фарқи йўқ, у “ялашни” давом қилдираверади. Бошқалар каби у хам вақт ўтган сари ватанга, яқинлари дийдорига ошиқмоқда. Шундай пайтда унга “тепадан” бунинг эвазига Ислом Каримовни мадх қилишдек осон вазифа топширилганда нега жим ўтирсин? Ахир Ислом акасини у чин дилдан хурмат қилади ва хеч қачон у хақда ёмон фикрда бўлган эмас. Шундай экан бу топшириқ унинг учун бор йўғи самимий фикрларини қоғозга тушириш имконидан бошқа нарса эмас.

Аммо Исмат Хушев ва унинг хаммаслаклари қанчалик уринишмасин ойни этак билан ёпиб бўлмайди. Ислом Каримов юритган ва яна бироз юритадиган сиёсат унинг қандай инсон эканини тарих олдида намоён қилиб бўлган. Собиқ коммунист, 25 йилдан бери тахтда қолаётган авторитар ва бир қатор халқаро ташкилотлар томонидан тан олинган “расмий” диктатор сифатида бутун дунё уни танийди. Халқини террорист қилиб кўрсатиб ғарбнинг дастагига эришаётган, юрғизётган пахта сиёсатига хар йили балки ўнлаб гўдаклар қурбон бериладиган “лидер”ни халқ хам яхши танийди. Охирги беш йил ичидаги қизларининг қуюшқонга сиғмайдиган ишлари эса ўлганнинг устига тепгандек бўлмоқда. Шундай экан ундан “миллатнинг отаси”, “хақиқий коммунист” “Ўзбекнинг Отатурки” каби қахрамон образлар яратишга уринаётганлар эртага Ислом Каримовдан кейинги даврда қандай бош кўтариб юришларини ўйлашлари лозим.

“ҚАХРАМОН”

Айнан Ислом Каримовнинг даврида ўзбек миллати миллат сифатида мисли кўрилмаган топталишларга учради. Бугун ўзбекнинг беш миллион эркаги рус ва қозоқнинг қулига айлантирилган, бутун дунё бўйлаб аёлларига “фохиша” деган тамға босилган. Мамлакатда ишсизлик даражаси тарихий жихатдан энг юқорилигидан пахтани тергани хатто Тошкент шахридаги шифокор ва ўқтувчилар далага хайдалган. Келтириб ўтганларим шунчаки хамир учидан патир. Бу гапларни дунё бўйлаб билмаган одамнинг ўзи йўқ. Шунинг учун гапни чўзишдан фойда йўқ. Куни кеча Нурсултон Назарбоев Қозоғистонда “Биринчи президент” байрамини тасис этди. Ўзбек учун бу байрам “Миллатнинг отаси” ўлган куни муносабати билан тасис этилса ажаб эмас. Зеро одамлар орасида “Дунё олимлари бархаётлик малҳами кашф қилишса бутун дунё хурсанд бўлармиш-у, ўзбеклар бу янгиликни хўрсиниб қарши олармиш” деган латифалар бежизга тўқилмаяпти. Ислом Каримов билан Исмат Хушевдан бошқа хамма, хатто Гулнора Каримова хам қачон “ўша кунлар” келаркан деб интизорлик билан кутиб яшаяпти.

Каримовни Сталинга таққослаб “Ўзбекистоннинг Хрущёви ким бўлади?” деяётганлар хам бор. Черчил такидлаганидек собиқ иттифоқни Лениндан омоч билан қабул қилиб олиб атом бомбаси билан ташлаб кетган, “Улуғ ватан уруши”да Гитлерни тор-мор келтирган Сталин билан Каримовни тенглаштиришга уриниш нақадар бемаънилигини бу иддаони қилаётганлар тушуниб етмаса хам керак. Ўғлини фронтнинг энг олд сафларига жойлаштириб асир тушганида немис генералига алмаштиришдан бош тортган Сталин қаерда-ю, мамлакат бойликларини чет элга ташиб бўлгани етмагандек энди кўнгилхушлиги учун дунё “юлдузларини” мамлакатга ташиётган қизларини жиловлай олмаган Каримов қаерда? Агар фақат ГУЛАГни Жаслиққа кўчириб, ўзгача фикрловчиларни энг камида уй қамоғида сақлаётгани, минглаб одамлар у юритаётган сиёсат сабабли қирилиб кетаётганини дунёдан яшира олгани учун Сталинга ўхшатишаётган бўлса уларнинг иддаоларида қисман жон бор. Аммо амалга келганида қўшни давлатлар рахбарларини менсимасдан оёқ учида кўрсатиб 20 йилдан кейин уларга ялиниб хам ишини битқазолмаётган Каримовни фашистларни тор-мор қилган Сталин билан барибир тенглаштириб бўлмайди.

Умуман олганда собиқ иттифоқ даврида энг ёмон тақдир эгалари рахбарларнинг фарзандлари бўлишарди. Улар оталарининг амали дастидан доим оддий одамлар орасида мехнат қилар аммо хеч қачон оддий одамлардек яшай олмасдилар. Улар учун бир кун мамлакат отарчиларини йиғиб текинга кўнгил хушлашса эртаси миллионлаб долларга дунё отарчиларини йиғиб базму-жамшид қилиш, бугун махаллий тадбиркорларни талашса эртаси хорижий сармоядорларни чув тушириш тўғрисида хатто ўйлаш хам мумкин эмасди. Айнан шунинг учун хам Лениннинг коммунизм утопияси хануз оддий халқ наздида адолатли тизим сифатида сақланиб қолмоқда. Айнан шунинг учун Каримов халққа “жонини хатарга қўйиб олиб бергани” иддао қилинадиган миллий мустақиллик оддий одамлар томонидан зарда билан “мустақуллик” дея талқин қилинади.

Бугун оилавий босимлар асосида нихоят Гулнорани ворисликка тайинлашга қатъий қарор қилгани илгари сурилаётган Каримов ўз хаётидаги энг катта хатосини қилмоқда. Бу қарори мамлакатни муаққақ беқарорлик сари етаклайдиган ягона қадамдир. Отасининг соясида амалга оширадигани рекет ва базму-жамшидлардан бошқа нарсани эплай олмаслигини бир неча бор исботлаган Гулнора мамлакатни қисқа муддатда “Zeromax” ёки “Tikilant” каби касод қилади. Кейин ёки Башар Ассад каби халқни ёппасига қирғин қила бошлайди, ёки Женевасига қочиб базму-жамшидни ўша томонда давом қилдиради.

Чунки бугун Каримовга садоқат билан хизмат қилаётган Мирзиёев, Азимов ва Иноятовлар хам Каримовдан кейин барқарорликни сақлаш ва халқ ишончини қозонишнинг ягона йўли у юргизган сиёсат камчиликларини “ошкор қилиб ташлаш” эканини яҳши билишади. Улар хар йили миллионта иш ўрни “яратиш” учун Каримовча сиёсат икки миллион иш ўрнини касод қилаётганини, шунинг учун мухожирлар сони йилдан-йилга ошиб бораётганини тан олишга мажбур бўладилар. Хар йили эришилаётган 7-8%лик Каримовча “иқтисодий ўсиш” газ ва электрни халққа бермасдан кўпроқ экспорт қилиш эвазига, йилдан-йилга ошиб бораётган солиқ ва мажбурий тўловлар хисобига “эришилганини” тан олмай қутила олмасликларини улар яхши англашади.

Аммо анашу холда хам Каримовни ишонч билан химоя қиладиган бир киши бўлади – Исмат Хушев. Чунки у Каримовнинг рухидан хам кўрқади. Ўн минг чақирим нарида, мутлоқ озодликда бўлса хам садоқатини изхор қилиб туришга эхтиёж сезади. Бундайларни афсуски хеч қандай йўл билан ўзгартириб бўлмайди. Маддохлик ва тилёғламачилик инсоннинг фитратига сингиб кетса ундан қутилишнинг чораси йўқ. Икки карра икки қаерда бўлмасин тўртлигича қолаверади. Уни “беш” бўлади деб умидвор бўлганлар буни тушуниб етишлари фурсати етган.

Ўктам Худоёров.

%d bloggers like this: