Бугуннинг “ватанпарвар”лари

Фозилбеков ким эди?

Оламдан ўтган одам ҳақида ҳам ҳақиқат айтилиши керак. Агар у халққа зулм қилган бўлса, ўлганда уни мақташ бугунги авлодни ва тарихни алдашдир. Каримов режимининг малайи Исмат Хушев  ватанпарвар деб тарифлаётган марҳум Адҳам Фозилбеков(Худо гуноҳларини кечирсин) ҳақида бундан 18 йил бурун қуйидагилар ёзилганди׃

ФОЗИЛБЕКОВ ҲАМ КЕТДИ

Ўзбекистон Президенти Тошкент шаҳар ҳокими Адҳам Фозилбековни ишдан олди.

Адҳам Фозилбеков. У ким эди?

Илгари Тошкент шаҳар коммунистлар партиясининг, сўнг номигагина ўзгарган Халқ демократик партиясининг Тошкент шаҳар қўмитаси биринчи котиби бўлиб ишлаган бу одам ўзини президентнинг энг яқин, энг садоқатли одамларидан бири деб биларди.

Ўзбекистон телевидениесини кўриб борганлар уни доим Президент ёнида кўришар, қучоқлашиб қўшқўллашиб туришганини кўп гапиришарди. Адҳам Фозилбеков ана шу кайфиятни йўқотмаслик учун бутун маҳоратини ишга солди. Ва Ўзбекистон Бош қонунида эътироф этилмаган бўлсада Президентни Тошкент шаҳрида ҳоким сайлови ўтказишга кўндирди. Умумхалқ сайлови давомида Президент ҳам, ҳукумат машинаси ҳам унга ишлади. Сайловга ундан бошқа одамнинг номзоди қўйилмади. Кўпчилик тошкентликлар кўринишидан жуда мулойим, аммо коммунистик партия ўйинларидан анча хабардор бу одамни исташмасада, у ҳоким бўлди.

Юқоридан инъом этилган бу тортиқни оқлаш учун у 1992 йил 16 январда Тошкент шаҳрида талабаларни ўққа тутишга раҳбарлик қилди. Сўнг, Олий Кенгашнинг 7 сессиясида Президентнинг камчиликларини айтган, ўзининг шогирди ва энг яқин сафдоши Ўзбекистон халқ депутати, Фрунзе туман ҳокими Шуҳрат Нусратовни ҳатто сессияга киритмасдан ишдан олди. Лаёқатсиз аммо ҳар қандай қабиҳ ишга тайёр, Президентга ёқадиган кишиларни эса катта лавозимларга тайинлади. Масалан, раҳбарлик фазилатидан йироқ, умрини кайфу сафода ўтказиб юрган Шавкат Мирзиёевни Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлигига ўтказди.

Юзма-юз гаплашганда ўзини самимий кўрсатишга уринган Адҳам Фозилбеков сиртидан мухолифатга қарши ўт очиб, ўзини Президентга яқин қилиб кўрсатиш мақсадини кўзлади. Президент ҳам унга ишонди ва унинг билан кўп иш қилишга улгурди.

Қўрқоқлик, ҳақиқатни очиқ айтолмаслик, хушомад ва қулларча кўр-кўрона иш битириш ҳар қандай кадрни охир-оқибатда шарманда қилади. Коммунистик режим даврида илдиз отган ва бугун яна ҳам кенгроқ қулоч ёйган бир одат бор. Юртга эмас, раҳбарга, энг биринчи раҳбарга хизмат қилиш. Адҳам Фозилбеков ана шу мактабга содиқ бўлиб қолди. Ҳеч қачон қоқилмайман, йиқилмайман, деб ўйлади. Бу эса унинг катта хатоси эди.

Бугун Ўзбекистондаги аксарият кадрлар худди ана шундай фикрдалар ва ҳатто йўлда эканликларини тан олгилари келмайди. Ёнларидаги сафдошларининг такдири ҳам уларга сабоқ бўлмаётгани кишини ажаблантиради.

Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси, олим Бахтиёр Назаров ғайриинсоний ҳаракатларни кўриб, билиб халқни алдашга, Президентни севишга ундади. Жон-жаҳди билан ҳаракат қилди. Аммо ишдан қувилди.

Вазирлар маҳкамаси раиси муовини, шоир Эркин Самандаров миллатни ёлғон ва алдовларга кўникишга ўргатиш йўлини яратди. Ўзи шу йўлнинг қурбони бўлди. Президент уни ишдан ҳайдади….

Бу ўйин вилоятларда ҳам айни кўринишда давом этмокда. Барча вилоят ҳокимлари ҳам ана шу ўйиннинг ташкилотчиси, ижрочиси бўла туриб унга енгилдилар. Энг ачинарлиси бугун ҳам Президент шу одамларни чақириб, мансаб, вазифа берса, улар яна хушомад, мадҳияни бошлаб юборадилар ва ҳар қандай қабиҳ, қонунсиз топшириқларни бажараверадилар.

Кадрлар билан ишлашда доим ана шу жиҳат назарда тутилган.

Бугунги раҳбариятдагиларнинг аксарияти иш жойларида Президент қўнғироғини кутиб ўтириш билан вақт ўтказадилар.

Имкони топилган жойда уни мақтайдилар ва хушомадгўйлик қиладилар, ўзларини бебурд қилиб қўядилар.

Бу кадрларни айбламоқчи эмасман. Улар шундай ҳам қийнокда. Виждон азоби ёндирмокда уларни. Фақат уларнинг такдири бошқаларга дарс бўлмагани ўйлатади мени.

АЛ-ҚИССА: Бобур Мирзо дейдиларки: «Борарга не манзил муяссар, турарга не давлат муқаррар!» Сен буни англаган кун дунёда кўп нарсалар ўзгаради.

1994 йил, март.

Жаҳонгир Муҳаммад.

“Ўзлигим” китобидан.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, jahonnoma, JM. Bookmark the permalink.