Тоғбой Абдураззоқ:

Умр саргузаштлари  (янгиланган)

ИЗОҲДАН БОШЛАНГАН АСАР

 Сўз боши

Авваллари катта-кичик мақолалар  ёзиб турсам-да, насрий китоб ёзиш ҳаёлимга ҳам келмаган. Компьютерни эса муҳожиратда ўргандим. Ички кечинмаларимни компьютерга тушириб, тилимизни тушинадиган жаҳон аҳли билан интернет орқали алоқа боғланди ҳаётимда. Турли фикрдаги одамларнинг дунёқарашлари билан танишиб чиқдим.

Комментлар ёздим ўзгаларнинг мақолаларидан таъсирланиб. Айниқса, Дилмурод Худойқул деган муҳожирнинг ёзган мақолалари диққатимни ўзига тортди. Тўғри сўз, иймон-эътиқодли хақиқий диссидент. У ўз мақолаларида ҳокимиятни ноқонуний эгаллаб турган сурбет кимсаларга қарши виждонли кишларни амалий курашга чақирди. Бу чақириқнинг нимаси ямон?

Кеч бўлса-да, шу фикрга келишдику ўзлари ҳам. Унга давр унинг узун сақолига осилишиб олиб, нималар дейишмади. Айрим мухолифат саркарларининг ҳам уни кўрса алергияси қўзий бошлади ва ниҳоят уни очиқ матбуотдан четлатишди. Асарлари чоп этилмай қолди. Шу сабаб унинг тарафини олиб, унга қарши ёзилган мақолалар остига ўзимнинг изоҳли комментларимни ёзишга мажбур бўлдим. Улардан бири “Ҳурматлий биродар…” деб бошланувчи изоҳим эди. Бундай изоҳларим учун сайт муҳаррири Юсуф Расулнинг ўзи менга танбеҳ бериб, “ғийбат”ли изоҳлар ёзишдан кўра босиб ўтган ҳаётингиз ҳақида асар ёзсангиз друстроқмикан, деган маслахатни берди.

Ҳали бир тўхтамга келгунумча рақиблар менга қарши хужумга ўтди. Ўзлари ресторанда мен билан бирга улфатчилик қилишиб, сунг ташқарига чиққанда бир тиловат қилиб беринг, деб мажбурлашди. Мен нодон уларнинг қистови билан Худодан паноҳ тилаб тиловат қилдим. Орадан ҳафта ўтар-ўтмас “Янги дунё” сайтида Торонтода ўзбеклар учрашуви бўлди”, деган сарлавҳа остида катта бир мақола босилиб чиқди. Мақолада икки юз ўзбекнинг Канада ҳукумати вакиллари билан учрашуви баён қилинган эди. Бу менга алам қилди. Жар ёқасига бориб қолганда ёрдамимдан фойдаланганлар атайлаб мени таклиф этишмаганлигини сездим. Қолаверса, Торонтонинг ўзида жами йигирматача ўзбек яшайди. Қолганлари кимлар бўлиши мумкин? Суриштирдим. Аён бўлдики уларнинг орасида афғон ўзбеклари, рус ва украинлардан иборат юздан ортиқ киши қатнашган. Биздаги мухолифат аъзолари эса ташабускорларнинг ҳурмати учун бир оз ўтириб, йиғинни тарк этишган. Асосий чақириқ: Биз сиёсат билан шуғулланмаймиз…”, шиори остида бўлган. Сиёсат билан шуғулланмасанг Торонтода нима қилябсан, деган савол туғилади айримларига.

Мақола  остига ёзган танқидий изоҳимга  Муҳаммад Расул номи остида бир пасткаш фирибгарнинг жавобини олдим. У мени ичиб олиб, қуръон тиловат қилишда айиблаган эди. Эй номард, ўзинг чақириб, ўзинг ичирдинг. Ўзинг қистадинг тиловат қилиб беринг деб. Бу зот хақиқий инсон қиёфасидаги шайтон бўлиб, зиммасига юклатилган топшириқни адо этмоқда ҳозир ҳам. Ҳамма айиб ўзимда. Унга ўзим яқинлашдим… “Бошинга не бало келса бировданмас, ўзингдан кўр”. Шу сўзларни ёзар эканман таниқли журналис Турғунбекнинг Қозонга яқинлашсанг қораси юқади, ҳаромийга яқинлашсанг ҳаромийлиги…” деган мақоласи ёдимга тушди. Хақ гап… Ўта хушёр одамларгина Ҳаётда бахтли ва мустаққил бўлиб яшаши мумкин. Акс холда ҳаромийлар пойлаб, ўз домига тортадики, адашган ит каби сарсон бўласан ҳаёт сўқмоқларида.

Менга қарши ёзилган изоҳларга билдирган жавобларим “Янги дунё” томонидан инобатга олинмади. Аксинча, бутун чоп этилган асарларим сайтдан олиб ташланди. Бу аранг тетапоя бўлиб, адабиёт майдонига йўрғалаган мендай кекса бир мажруҳга берилган қаттиқ зарба эди. Бундай қобих ишни  ўзини дўст тутиб, аёғингга болта урадиган қалби қўтир кимсаларгина қилиши мумкин.

Тўғри, тан олиш керакки  Юсуф Расулни менга кўрсатган беминнат ёрдамидан кўз юма олмайман. У мени адабиёт майдонига етаклади. “Исёнкор”, ҳамда “Янги дунё” сайтларида шеърий машиқларимни қизиқиш билан ёритиб борди. Бироқ, шунга қарамай ўз фаолиятида мустаққил эмаслигини кўрсатиб қўйди. “Янги дунё” МХҲ малайларига қарам эканлигини ўзи ҳам тан олди яқинда. МХҲга хизмат қилувчи  кимсалар анойи  эмас. Ундайлар хохлаган вақтида хохлаган сайтга хужум уюштириши мумкин. Уюштирябди ҳам. Начора, кимдир яхшилик қилиб ўтишга ҳаракат қилади. Кимдир ёмонлик…

Ўша кунлари аросат кўчасида қолиб, Юсуф Расулга аччиқ хақиқатни  баён этган холда хат ёздим “Жаноб Юсуф Расулга очиқ хат” сарловҳаси остида. У хатимни эълон қилмагандан кейин Муҳаммад Солиҳ Абутовнинг “Таянч” сайтига ташладим. Худога шукур, хақиқат бор экан! Босиб чиқарди. Сўнг асарларимни сақланиб туришини сўраб, “Туронзамин” сайтига мурожат қилдим. Сайт асосчиси Жахонгир Муҳаммад яхши асарлар учун сайти доим очиқ эканлигини билдириб, жавоб хатини ёзди. Ташвишланманг, асарларингизни олиб ташлашса, ўзимиз топиб қайта тиклаймиз, деган сўзлари чўкиб бораётган кўнглимга ёруғлик ташлади. Ростини айтганда ўшангача замондош сайти борлигидан беҳабар эдим. Журналист Ризо Обидга нисбатан салбий муносабатда бўлганман негадир. Кунларнинг бирида унинг сайтига дуч келдим тасодифан. Қай кўз билан қарайки яхши одамлар қаторида суратим турибди. Хайрон бўлдим. Мен уни ёмонлаб юрсам, у мени яхшилар қаторига қўшиб қўйибди. Юрагим ларзага келди. Кечирим сўраб унга хат ёздим. Ҳеч қиси йўқ, тушунмочиликлар бўлиб туради, муҳожирликда яшаётган аламзодалармиз. Улар бизни ёмонлаб сўкади, биз ҳам уларни сўкиб аламдан чиқамиз. Яхши кунлар келса яна ҳаммамиз биттамиз. Ҳамма гиналар унитилади. Ўртада хақиқат қолади халос, деган мазмундаги жавобни олдим. Ризо Обиднинг самимий сўзларидан руҳланиб туркум шеърларимни юбордим сайтингизда сақланг деб. Шеърий машиқларим унга ёқди шекили “Замондош”да эълон қила бошлади. Мен унга миннатдорчилигимни билдирдим skype орқали. Суҳбатларнинг бирида насрий асар устида ўзингизни бир синаб кўринг, оз-оздан ёзиб борсангиз бир китоб бўлиб қолади, деб менга далда берди.

Унинг таклифидан илҳомланиб, босиб ўтган ҳаётим хақида китоб  ёзишга ўтирдим. Ўтирдиму қандай бошлашни билмай, ўйланиб қолдим. Ниятим ёлғон қўшмай фақат хақиқатни акс эттириш эди. Аввал бисмиллодан бошладим. Бисмиллони айтдиму, уни ёзишни эп кўрмадим. Сўнг ёзувда акс эттирмасам-да, ёлғон сўзлардан паноҳ тилаб, ўша Дилмурод Худойқулни ҳимоя қилиб ёзган изоҳимни давом эттирдим. Қисқа вақт ичида биринчи бўлимни ёзиб, Ризо Обид диққатига ҳовала қилганимда, бошланиши яхши деди у. Бир оз сарловҳа устида бош қотириб, келишган холда Умр саргузаштлари, деб номладик. Ва ниҳоят Аллоҳнинг қудрати билан бошланган иш ниҳоясига етди. Асарда номлари келтирилган қахрамонлар ўз номи билан аталди. Шу сабаб адаш исмлар учраб туради. Китоб ҳаёли эмас, ҳаётий. Ҳаётдаги воқеликни қандай бўлса, шундайлигича кўчиришга ҳаракат қилдим.

Шуни ҳам айтиш керакки  эълон қилинаётган асар тўсиқларга дуч келди. Айрим бобларига ким  томондандир крес қўйганини гувоҳи бўлдик. Икки боби эса ўз-ўзидан йўқолиб қолди. Сайтга хужум бошланди. Бу орада Юсуф Расулнинг таклифига учиб, замондошдан аразлаб, “Янги дунё”га кўчдим. Дастлаб “Янги дунё” муҳлислари қизиқиш била ўқиб боришди. Минглаб одамларнинг кириб чиққанлигини гувоҳи бўлдик. Муҳаррир билан алоқамиз кундан кунга яхшиланиб борди. Бироқ “кўз тегди” шекили бир миёрда эълон қилинаётган асар “димланиб” қолди. Сабабини суриштириб Юсуфжонга ёзган хатларим жавобсиз қолдирилди.

ЎХҲнинг иккинчи қурултойида  Намоз Нормўмин ҳамда Муҳаммад Солиҳ  Абутов жаноблари билан учрашиб, асаримни ёритиб беришини сўрадим. Улар рози бўлишди-ю, аммо ваъдасида туришмади. Сабабини сўраганимда Намоз Нормўмин ғуж-ғуж хато деган жавобни берди. Абутов эса “ёзманг бизга, кераги йўқ!”—деган жавоб билан чекланди.

Аросат саҳросида қолган камина яна ўша қадрдон “Замондош”га қайтишга мажбур бўлди. Ризо Обид илтимосимни инобатга олиб, “Сарсон бўлган асар” номи остида ушбу асарни қайта ёрита бошлади. Албатта, мендай қайсар зотнинг инжиқликларига чидаб, асарнинг китоб даражасига кўтарган Ризо Обидга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Ўйлайманки, ҳар бир ўқувчи асар билан танишиб чиқиб, ўз фикр мулоҳазасини қолдиради, деган умидда Тоғбой Абдураззоқ.

Б И Р И Н Ч И   Б  Ў Л И М

Ҳурматли биродар, мен  сизга насиҳат қилмокчи эмас эдим. Аммо сабрим тугади. Ортиқча чидай олмайман. Сизда давлат берган олимлик хужжати бор. Шу сабаб бўлса керак ўзгача фикрловчи кишиларга ўз нуқтайи назарингиздан туриб ташхис қуясиз.  Фикрингизга қарши чиққанларга, хатто тўғри маслахат берганларга ҳам у аклий носоғлом, қолаверса, унинг узун соқоли бор, Тохир Йўлдошга ўхшайди, деган сўзлар билан мазаҳ қиласиз. Унутманг, зулумга қарши кураш жиҳотдир. Жиҳод эса парз. Жиҳотни ният қилмасликнинг ўзи мунофиқклик аломатидир. Соқол ўстириш  биз мусулмонлар учун суннат. Суннатга амал килиш ҳар бир мусулмон учун вожиб деб ўйлайман. Қолаверса, бу виждон эркинлигига ҳам киради. Коммунистларнинг отаси бўлмиш Маркс, Энгельс, Ленинларнинг ҳам соқоли бўлган. Кўриб турибсиз, Европа ва Амеркада ҳеч кимнинг хижоб, ҳамда соқол билан иши йўқ. Унутманг, жамики олам, жумладан ер курраси ягона Аллоҳнинг мулки, Хеч кимнинг хақи йўқ, соқолли мусулмон Европада нима қилиб юрибди, дейишга. Бу ҳолат бир ватангодони бошқа бир бахил ватангадо томонидан таъқиб қилинишига ўхшайди.
Эҳтимол сўрарсиз, қайси мадрасани тугатгансан, деб. Диний мактабда ўқимаганман. Яқин аждодларим ҳам мадрасса кўрмаган. Ғирт саводсиз оилада тавалуд топганман. Отамнинг олтимиш ёшда тилаб олган биринчи фарзандиман. Унинг қисмати тақдир таққазоси билан таҳликада ўтган. Юртимизда рўй берган миллий озадлик ҳаракати отамнинг навқирон ҳаётини четлаб ўта олмаган. У босмачилар ҳаракати фаолларидан бири бўлиб, Қазоқ қўрвоши, мулла Абдураззоқ , Холжўра, Ўктам, Даврон, Узоқбой каби маҳалладошлар билан Қизил босқинчиларга қарши узоқ йиллар жиҳод қилганини отамнинг ўзидан, ҳамда бошқа маҳалла оқсоқалларидан кўплаб эшитганман. Шу сабаб у бир неча бор қамалган, НКВД таъқиби остида қочиб юрган. 1941-1945 йиллардаги уруш йилларида эса Кемеровага рабочий баталионга сафарбар қилинган. Сўнг, ўзидан ўттиз ёш кичик онамга уйланганлиги ҳикоя қилинади…

1947 йил баҳорда тугулганлигим  айтилади. Болалигим эсимда. Мендан  кейин укам Эргаш, Эргашдан  кейин эса Рислиқой исмли синглим  бўлган. Афсуски бу синглим уч  ёшга етиб-етмай биз билан жудолашди. Сўнгра, 1954 йилнинг ёзида синглим Умида таваллуд топди. Эргаш ва Умиданинг туғилган куни аниқ эмас. Уларга бошланғич синиф ўқитувчиси Жалолидин Ваҳобов ёрдамида гувоҳнома ёздириб олишган. Умиданинг туғилган вақтини шунчаки эслайман. Ўшанда ёз эди. Мадаминжонларнинг эшиги олдида, катта кўчада яланг аёқ болалар билан ўйнаётсам онам чақириб қолди. Мен унинг ёнига бормаслигимни айтдим. Шунга қарамай орадан икки саот ўтар-ўтмас уйга кириб келдим. Онам сўримизда йўргакланган бир гўдакка термулган холда ёнбошлаб ётар эди.
—Қаердан топдинг  буни?—дедим қизиқиб.
—Осмондан лайлак ташлаб кетди. Чиройлими?..
—Эее..е, нимаси чиройли? Сап-сариқку!—дедим бурнимни жийириб.
—Нимага чақирсам келмадинг? Яхшиямки Эргаш бор, Турди энани  чақириб чиқди кичкина болам  бечора…
Мажбуран мактабга жалб қилишган мени. Болалигимдан мактабни кўрсам юрагим орқамга тортиб кетар  эди. Системали мактабга қатнаб билим  олишдан кўра, отамнинг ёнида эмин эркин ўйнаб юришни хуш кўрардим. На чора, мажбурий система. Болаликданоқ эркимизга давлат томонидан тўсиқ қўйилган.Эл қатори мактабга борсамда, саводим кеч чиқди. Учинчи синифни тугатай деганда хижжалаб ўқишни аранг ўрганганман. Ҳарфларни бир-бирига уриштириб сўз чиқарсамда, нима деганимни ўзим тушунмас эдим. Ўқитувчи ўртоқЎринов “тушунмасанг ҳам ўқийвер, ўқийвер”, дегандан кейин нимани кўрсам бир қатор ўқиб қўйишга одатландим. Менга қараганда синфдошларим зуккороқ эди. Айниқса, Собир ўқиш китобидан “Кавказ асираси” қиссасини ўқиб менга мароқ билан ҳикоя қилиб берар эдики, гўёки воқеликда ўзи ҳам қатнашаётганга ўхшаб кетарди. Кунларнинг бирида мен ҳам шу асарни ўқиётиб, бирданига ўзимни тушунаётганлигимни ҳис қилдим. Ҳазина топиб олгандай сюниб кетдим. Шундан кейингина ўқишга бўлган иштиёқ кучайиб борган. Ҳа, фақат ўқишга бўлган иштиёқ, ёзувга эмас. Шу сабаб хозиргача хатим бадхат, математикадан бехабар, хатокорман.
Ҳа биродар, шундай, қишлоқда туғилиб, қишлоқда вояга етдим. Биласиз, қишлоқ ҳаёти пахта билан боғлик. Буни қишлоқда ўсиб улғайган менга  ўхшашларгина тушунади. Ўша даврда бошланғич синфларни пахтага мажбур қилмасада, бизга ўхшаш камбағал оилаларда ота-оналарнинг ўзи болаларини пахта теримига мажбур қилишган. Айниқса,  онам 50 йилларнинг ўрталарида баъзан алдаб, баъзида эса дўқ-пўписа билан  мактабдан сўнг пахта теришга зўрлаган. Акс холда яшаш учун зарур бўлган буғдой, ҳамда чой-чақа учун керакли пулни топиш амру маҳол эди.
Пахта терими декбр охиригача  давом этган кунларни эслайман. Албатта, кеч куз ва қиш кунлари узиб келтирилган кўсаклар сандал устига тўкилиб, ярим тунгача чувилган. Осма фонар шуласи остида пинакка кетиб қолмаслигимиз учун онам “Орзигул” ва “Ёрил тош” эртакларини ҳар тунда қайта-қайта айтавериб чарчамаган. Колхоз омбарида қаровулчилик қилган отам ҳам баъзида келиб, кўсак чувишга ёрдам берган. У қизиқарли, қисқа латифаларни айтиб бизни кулдириш билан бирга  ҳар биримиз билан ҳазиллашиб чиқарди. Унинг бори биз учун катта бир дунё, ҳаммамизни оғушига  тортган кенг бағри эса биз учун шоирлар шеьрларида мадҳ этилган Ватан эди.
Мен, ҳамда  укам  ва синглим отамни сенсираб  чақиришга ўрганганмиз. У ҳар биримиз билан ўзининг тенгдошидай муомалада бўлган. Бизлар ҳам у билан ўз тенгдошимиздек ҳазил қилганмиз. Ўша давр кунларининг бирида бошланғич мактабни тугатиб, ўрта мактабда ўқишни давом эттирганимда Қадимги Дунё тарихи фани муаллими одам зотининг маймундан пайдо бўлганлиги ҳақида қизиқарли ҳикоя қилиб берди. Одамларни Худо яратмай, маймундан келиб чиққанлигимиз, мени бошқалар қатори ҳайратга солди. Худо йўқ, Худо одамларни эмас, одамлар Худони яратиб олган, деган мазмундаги гапларини мактабдан келибоқ отамга сўзлай кетдим.
—Қани айтчи, одамни ким  яратган?—деган савол билан мурожат  қилдим унга.
У менга ажабтовур  бир қараш қилди-да, сўнг деди:
—Бизларни йўқ ердан  бор қилган Худонинг ўзи! Билдингми?
—Йўқ, сен адашябсан, одамзод одамсимон маймунлардан яралган. Билдингми?!
—Сенга ким айтди  бу гапни?
—Мана, китобни кўрябсанми, рус олимлари ёзган!—деб унга “Қадимги дунё тарихи” деб номланган китобни курсатдим.
—Ҳимммм…—деди-да, қўлидаги эгов билан болтани эговлаётиб бироз  жимиб кетди…—Тўғри…,—деди бир оз ўйланиб.
Энди тушинибди, деб  ўзимча тассаввур қилган эдим, бирдан гапини жиддийроқ қилиб яна давом  этди,—Ўша китоб ёзган олимларингни ўзи маймундан тарқаганлиги кўриниб  турибди… Ҳе, сенга ўргатган муалимингни  ҳам…, йўқол,кўзимга кўринма!
Бирдан чўчиб тушдим. Ҳеч бунақа қаттиқ гап эшитмаган  эдим отамдан. Ҳар қандй ҳазилимни  кўтарган отамнинг феъли бошқача  эди ўша кун. Буни мен кейинчалик тушиниб етганман. Чунки ўша даврнинг сунами бўронлари ўз гирдобига тортиб улгурган эди мени…
Ўрта мактабда ўқишни кўпчилик қатори дала ишларидан ажралмаган ҳолда олиб борганман. Феврал ойининг дастлабки кунларидан бошлабоқ, колхоз ишлари жонлана бошларди. Ўшанда биринчи қиладиган ишимиз уйма-уй юриб, аҳолининг уйида тўпланган гўнгларни замбарга солиб, кўчага олиб чикиб тўплаш эди. Асосан бундай ишларни колхознинг ҳар бир бригада бўлимларида аёллар ва бизга ўхшаш беш-ўнта камбағал оиланинг болалари бажарган. Албатта  қўлида бешилик билан бита-иккта катта ёшдаги эркак киши навбатма навбат замбарларга гўнг солиб туришган. Эссимда, ўша даврлар бизларга олтимиш ёшлар атрофидаги оқ соқол Турсун пайтова билан ўттиз ёшлар чамасидаги Йўлдош чўлоқ навбатма-навбат гўнг солиб беришган. Қолган эркаклар эса кўча ариқларини, ҳамда пахта далаларини кесиб ўтган завурларни чопишга жалб қилинган. Бажарилган иш эса “меҳнат”, деб аталган иш ўлчови билан белгиланган. Кимдир бир яримта меҳнатга, яна кимлардир биттадан меҳнатга, бизга ўхшаш болалар эса яримтадан меҳнатга ишлашимиз мумкин эди. Тўпланган меҳнатларнинг натижаси йил оҳирида эълон қилиниб, фолан колхозда битта меҳнат даромади фолан сўмга тўғри келди, деб хақ белгиланган. Колхоз раҳбарлари йилда бир келтирилган даромад ҳақида колхозчиларга ҳисоб бериб борган. Бу умумий ҳисобат мажлиси  деб аталган.
Кейинги йилларда қандай эканлигини билмайману, эллигинчи йилнинг ўрталари, ҳамда, олтимишинчи йилларнинг биринчи ярмида районимизда йиллик ҳисобат мажлислари март ойи давомида  ўтказилган. Ўша давр тили билан айтилган “отчёт мажлис” ёки “умумий ҳисобат мажлис”и хақида гап тарқалиши биланоқ , биз болалар ва ўсмирлар яйраб кетганмиз. Сабаби мажлис куни байрамга айланар эди. Шаҳардан артистлар келиб, концертлар берилар,  дашт қозанларда ошлар пиширилиб, мажлисдан сўнг ҳар бир бригада аъзоларига катта-катта тоғораларга солиб, бўлинар эди. Ош атрофида турган ёши улуғ одам “Бисмилло”…. дейиши билан томом, ош устига тўрғалган гўштни улгурган олар эди, улгурмаган йўқ!.. Албатта, иштаҳо билан оч қоринга ейилган ош ширин туюлган.
Артистлар иштирокидаги концерт ўша йиллари ососан очиқ майдонда,  ҳаво бузуқ кунлари эса, Ҳакимбек мингбошидан қолган катта Оқ масжидда намойиш қилинган. Аввал масжид бўлган бу бино катта колхознинг ишонган кулиби эди. Унинг баланд деворларида ашадий даҳрийлар бўлмиш Маркс, Энгелс, Ленин, Сталин ҳамда, Совет давлати арбобларининг ҳайбатли расмлари савлат тўкиб турган.
Фаоллар эски кўрпа тўшакларни симлар билан чирмаб, катта бир  тўп ясашган. Сўнг уни киросинга  анча вақт пишиб қўйишиб,  очиқ майдоннинг ўртасидан  тортиб ўтилган симга  осишиб ёқишган. Катта машъаладан иборат бўлган алов чор атрофни ёритиб, муҳлисларга ҳузир баҳш этар эди. Машъала остидаги киросинли челакдан бир киши аланга пасайганда ёнилғи қуйиб турган. Даврада артистлар турли мақомларда жозибали жилваланиб, одамлар диққатини ўзига тортишга интилган. Айрим жуфтлик ижросидаги (дуэт) қўшиқлар ҳали-ҳали қулоғим остида эшитилиб тургандай:
Маша севар Омонни,
Неколай Сорахонни… Ёки  бўлмаса:

—Пулинг бўлса тегаман,
—Мен ҳам сени оламан!
—Пулинг бор?
—Пулим бор!..
Айниқса, санъаткор нотиқнинг  болаларни севиш ва асраш ҳақидаги сўзлари томошабинлар диққатини ўзига тортиб, йиғлатиб юборган. Мен ҳам ўксиниб болалигимга ачинар эдим ўшанда. Етимликни ҳавас қилганман баъзида. Тўғри-да, етим бўлсанг “детдом”га топширишади. Бир биринг билан қўл ушлашиб қўшиқ айтасан. Мол боқмайсан, колхоз ишларига қатнашмайсан… Фақат ўқийсан халос. Оппоққина чайшаблар солиб безатилган кравотларда маза қилиб ухлайсан. Маданий ҳаёт!.. Яна нима керак? Бу хақда бизга Олим раиснинг ташқисида яшайдиган қирим татар йигит Эрнес сўзлаб берган эди.
Кошкийди, онам ҳам келганда шу гапларни эшитиб, менга меҳрибон бўлармиди, деган фикрлар ҳаёлимдан ўтган ўша пайтлар. Чунки болалигимда деярли ҳар куни онамнинг калтагига дуч келганман. Сабаби ўз айбини тушиниб етмаган нодон ва нотавон, бебош бола эдим.
Эсимда, етти ёшларда  бўлсам керак, отамни ёнида ухлаб  ётиб уйғониб кетдим. Ира-шира тонг отаётган пайт. Уйқудаги отамни қучоқладим. Бирдан яктагининг чўнтагидаги бир  сиқим тугунга қўлим тегди. Пул  бўлса керак, деган ҳёлда секин  токчадаги қайчини олиб, чўнтак холтасини авайлаб кесдим. Сўнг, сездирмай ўрнимдан турдим-да, қўшни қишлоқ Сувюлдуз тамонга йўл олдим.  Уйга қайтишдан беҳабар ҳурсанд эдим. Чўнтакда бир сиқим пул бор, нима ғамим бор. Сувюлдузда қуёш чиққандан то асргача тенгдош болалар билан ўйнадим. Турли қанд қурсларни сотиб олиб, маза қилиб едим ва атрофимдаги болаларга улашдим. Кун асрга яқинлашиб қолганда Дамин исмли бола:
—Тоғ, ана бувинг келди!—дея катта кучада отамнинг яктагини ёпиниб турган онамни кўрсатди.
Қўрққанимдан турган жойимда қотиб қолдим. Энди нима қиламан?!.. Қочсаммикан?..  Агар ушлаб олса тиригим қолмайди, деган ҳаёлда қочишга энди шайланаётган эдим, бирдан онам:
—Таавоой!… Вой шўримиз  қуриди болам!.. Энанг ўлиб қолди! Қўлимдан ушла, ҳозир йиқилиб тушаман!..—деб йиғлаб юборди. Бирдан сесканиб кетдим. Биттагина энам бор эди. У ҳам бўлса онамнинг онаси. У доимо бошка набираларига қараганда менга меҳрибон эди. Наҳотки ўлиб қолди… наҳот!.. Йуқ, бу мумкин эмас, деган ҳаёлда югуриб бориб, қўлидан ушлаганимни биламан халос. Меҳнатда қотган омбирдек қўллар ўз исканжасига олди… Лекин энам ўлмаган эди. Мен эса одатдагидек тегишли “насибамни” олдим ўшанда…

…Раққосаларнинг ўйини ҳамда, киши кўнглини қитиқловчи халқ лапарлари ўтирганларни хайратга солиб қичқиртирарди:
Омон омонееей
Қоши камон эй!..
.  .   .   .  .  .

Паааризотўўўй, паааризотўўўй, (паризот эй, демоқчи Тамарахоним.)
Деразангдан қўл узатай…

“Жуп бўсииин!.. Дўўўст!!!  …акангни  едингу!” деган шахвоний қичқириқлар  даврани тутиб кетарди. Бунинг устига устак айрим кишилар белидан белбоғини ечиб, олдига ёзар эдида, ўйнаётган раққосани имлаб чақириб, белбоғи устида чўккалаб ўйнаб беришни таклиф қиларди. Албатта раққоса ҳар бир муҳлисни истагини бажо келтирган. Чунки уларнинг вазифаси халкни ҳурсанд қилиш эди. Ўша даврдаги одамлар ҳозирги замондошларга қараганда Қўшиқ, куй, санъатга ўчроқ бўлган демяан. Тўрт киши кўчадан ўтиб кетаётиб ҳам қўшиқ айтишариди ҳаммаси жўр бўлиб. Кечалари ҳам:

Ҳавохон кимнинг қизи,
Ўртоқ Сталиннинг қизи.
Қўлида  тилла саот
Московга  борган Ҳавохон…

Мен қоранғида қўрқиб айтябди,  деб ўйлар эдим. Чойхона, гузарларда ҳам шу хол. Хофизлар қўлига ликоф ёки дўпписини олиб ҳиргойи қилишарди:

Жон Москвам пойитахтим
Салом сенга Хоразимдан.
Қувончим  сен ўзинг бахтим
Салом сенга Хоразимдан.

Пахтазорда эса пахта тераётган  қизларнинг қўшиқлари баралла янграган:

Қаро  кўзли севар ёрим

Сўзла жонимей қайдан келдинг…
Ушбу кўнгилни қитиқловчи Султонпошша Раҳимованинг қўшиғи ҳалигача қулоғим остида.

Оқшом сенга сирим баён айлайин, айлайин,
Ёрнинг  гули келди, ўзи келмади ёрим келмади…

Ростини айтганда ўша  аёлни ғойибона севиб қолган эдим, ўзим бола бўлсам-да. Отам эса Зайнаб Полвонова ижросидаги қўшиқларни ёқтирган. Онам кино-театр ва турли шаклдаги базимларга боришни ёқтирмаса-да, ўзига хос табиий овозга эга бўлган биз туғулмай туриб. Ўша даврда санъат марказидан уни излаб келган маданият арбобларининг таклифларини қаттиян рад этганлигини ҳикоя қилиб берган бизларга онамнинг ўзи. Бу тўғрида Жакбар  акадан ҳам эшитган эдим. Биз талаб қилганда айтиб берган айрим қўшиқлари хотирамда қолди халос:

Қора сочим ўсиб қошимга тушди,
Кўп савдолар менинг бошимга тушди ё, дўст ёр эй…

Ёки:  Победанинг йўлидан  рўмолча топиб олдим,
Топиб олди деманглар червонга сотиб олдим
Гулёрахон, бўйларингдан гулёр…
Қисқаси қўшиқлар ҳар  даврда ўз изини қолдириб келган…

…Умумий ҳисобат мажлисидан ҳафта ўтар-ўтмас, хақдорлар йиллик даромад хакларини олишга шошилар, асосан, беш-ўн қоплаб буғдой, озгина пул, асал, қўй, бузоқ каби чорва махсулотлар билан кифояланар эди. Ўша даврларда колхозларда пахтачилик билан бирга, боғдорчилик, пиллачилик, айниқса чорвачилик яхши ривожланганлигини эслайман. Қўй ва қора моллар қўшни қирғизистоннинг Олай минтақасида ёз бўйи боқилиб, қишда эса колхоз фермаларига олиб келинган. Юзлаб туялар колхознинг ўзида боқилган. Қисқаси колхоз бой эди. Лекин, бу бой колхозда  қилган мехнатимизга яраша хақ чиққанини эслай олмайман. Аксинча, ҳар йили қарзимиз бор экан, деган гапни онам такрорлар эди. Шунга қарамай катта-кичик кетмон судраб далага қатнаганмиз. Ер текислаганмиз, трактор хайдай олмаган қирғоқларни кетмонлаб чопиб чиққанмиз. Ерларни теккислаш учун ўша даврда хозиргидай техниканинг ўзи бўлмаган. Темир ғилдиракли кичик трактор кесилган катта дарахтни орқасига боғлаб судраб, ерни мола қилиб текислаган. Катта ёшдаги ўсмир йигитларни оғирроқ бўлсин, деб мола устига чиқариб қўйишган. Молада юрганларга бир яримтадан меҳнат ёзилган. Базида катталар етишмаганда бизга ўхшаш ўсмир болаларни ҳам молага чиқишга буюрганлар. Моланинг қанчалик ҳавфли эканига қорамасдан биз болаларга “маза” эди. Бутун баданимиз чангга беланган холда лой тупириб уйга қайтганмиз. Албатта, ўша даврда молага чиқиб жароҳат олганлар бўлган. Афсуски ўша даврдаги ўта соддалигимизни бугун сезиб турибман. Яъни мола устига яна бир темир ёки оғирроқ ёғочни бойлаб, судраш колхоз фаолларининг ҳаёлига келмаган экан.
Ерлар текисланиб чигитлар экилган. Кенг майдонларга квадрат уялаб чигит экишни биринчи бўлиб колхозимизнинг ўша даврдаги аграноми Антон исмли киши ихтиро қилган дейишади.  У ўз велосипедида бутун колхозимиз бригадаларини ҳар куни бир мартадан кезиб чиқишга улгурган. Чигитлар униб чиққандан сўнг, аёллар эгатма эгат юриб, ғўза кўринмаган жойларга ёнига осиб олган қовоғидан чигит олиб, қайта экишган.Болалигимда пақирга чигит солиб, қовағида чигити тугаган аёлларга чигит, баъзида сув етказиб берганман. Сувлар эса тўғри ариқдан олиниб истимол қилинган тиндирилмай. Чунки тиндиришга вакт йўқ эди. Шундай қилиб ягана, сўнг ғўза чопиғи ишлари бирин кетин давом этиб борган. Меҳнат эрта тонгдан кун ботгунча давом этган. Чарчаш нималигини билмаганмиз. Билсак-да, дам олишга хақимиз йўқ эди. Июн, июл ва август ойларида далада ётганмиз.  Дастлабки вақтларда мени мажбур қилмасада ўзим ихтиёрий кўрпа тўшагимни олиб келиб, далада ётиб меҳнат қилганман. Аёллар дала шийпони ичида, эркаклар эса  шийпон олдидаги сўлим, очиқ майднодаги сўриларда ухлашган. Ош ёки шўрвадан иборат кечки овқат пиширилган.  Овқатдан сўнг, қизлар пақир чалиб, қўшиқ айтиб ўйинга тушган. Сўнг саот 11 ларда биргадир буюруғи билан уйқуга кетганмиз. Катта ёшдаги сувчи эркаклар эса қўлида тошфонар билан тун бўйи ғўзаларга сув тараш билан машғул эди.
Биргадирнинг қистови  билан тонг саҳар аранг уйқудан  турардик. Уйқусраган холда кетмонни қўлга олиб, бўлиб берилган миёрдаги ғўзаларимизни чопиқ қилишга киришганмиз. Катта ёшдагиларга бу иш бир оз осан бўлишига қарамасдан мен учун азоб бўлган. Жазирама иссиқда тегирмон бошидаги ариқ томон тез-тез югуриб, оқаётган сувдан дўппимни тўлдириб ичиб, яна ғўза чопишга машғул бўлганман. Энг маза иш хисобчи ва бригадир, ҳамда аравакашники эди. Хисобчининг Қораш исмли ити эса доимо салқинда, арава остида маза қилиб мизғиб ётарди. Ушанда ўзимга ўзим, худога нола қилиб, жавлиганим  ҳалигача эссимда:
—Эй худо, ҳеч бўлмаса мени ит қилиб яратганингда ҳам яхши бўлармиди!..
Август ойларига келиб  иш енгиллаган. Ғўза чопиғидан бўшаб  “Анжан”сойдан сув суриш вазифасини биз каби ўсмирлар осан бажарган. Бу вазифани ўзига хос гашти бўлиб, велосипедда Айрончи, Толмозар, Поласон қишлоқлари орқали ўтган ариқни то Қўшариққача назорат қилиб, сув хайдаб юрганмиз. Сув дорвозалари олдида тунаганмиз. Август ойининг охирлари, сентябр ойининг бошларига келиб пахта очилган. Пахта очилиши билан яна мактаб, мактабдан сўнг эса яна пахта. Бир икки ҳафта утар ўтмас ёппасига ҳамма “пахта фронти”га сафарбар қилинган.
Пахта терими  мавсуми давр маддоҳлари тили  билан айтганда “фронт” деб  аталишини ҳамма билади. Теримдан  бош тортиш ёзилмаган қонунларга  кўра жиноят саналган. Пахта терими мавсумида тўй-марака қилиш, меҳмон кутиш, кўча кўйда сайр қилиб юриш қатиян ман этилган. Шанба, якшанбадан иборат дам олиш кунлари ҳам. Аксинча бу кунларда йўловчи ташувчи жамики автобуслар шаҳарликларни қишлоқ пахтазорларига, пахта теримига олиб келишга сафарбар қилинган. Оммавий ахборат воситаларининг ҳаммаси терим мавсумини ёритишга хизмат қилишган. Тонналаб пахта терган илғор теримчилар фаолияти ёлғон сафсаталар билан тулдириб борилган. Оммавий социалистик мусобақа авж олиб, тез кунларда зиммадаги пахта планини бажариш долзарб вазифа саналган . “Ўлик нари, трик бери!” деган қишлоқча шиор ҳукм сурган.
Болалигимдан тортиб то эллик тўрт ёшгача бўлган умрим  мабойнида ҳаётим пахта билан  боғлик бўлганлиги сабабли пахта  ишининг қийинчиликларини бутунвужудим билан халигача ҳис қилиб турибман. Босиб ўтган ҳаётий тажрибам туфайли шу хулосага келдимки, пахта—ўзбекларни ва бошқа қардош Марказий Осё халқларини ихтиёрий зулм остида ушлаб турган кўзга кўринмас қуллик занжиридир.  Чунки, эрталабдан кечгача чаноқларга кўз тикиб, уни териб олишга югурган қўллар, ҳамда ерга қараб букилган беллар инсон саломатлигига зиён етказиш билан бир қаторда, кишининг фикрлаш қобилятини сусайтиради. Бир миёрдаги доимий самарасиз ҳаракат қўрқоқлик ва итоаткорликни юзага келтиради. Ундаги қаршилик курсатиш қобиляти аста-секин йўкалиб боради. Бора бора қўл аёғини боғлаб турган қуллик занжирларига меҳр қўйа бошлайди.
Эсимда, 80-йилларнинг бошларида  бир тенгдош Камолдин исмли бригада  бошлиғи менга йиғлаб ҳасрат қилган эди қўшни ҳамкасби хақида:
—Қаранг дўстим, Саттаровда инсоф йўқ экан. Кечаги кун менинг еримга ўғирлигча ўтиб, пахта тераётган икки аъзосини ушлаб олдим. Сўнг икковини олдимга солган холада Саттаровнинг шийпонига бориб, манавуларинга сиёсат қилиб қўй, менинг еримдан теришмасин,—десам,—у менга: «Ҳа пахтенга…», —деса бўладими! Қаранг, оппоқ пахтага шундай дедия! Оқариб, пес бўлиб кетишдан қўрқмайдимикан? Мени пахтамгая!… Ҳали кўраман сени…
Албатта, бу манқуртликнинг бир кўриниши. Лекин шунга қорамай ўзлигини йўқотмаган довюраклар ҳам онда сонда учраб турган. 60-йилларнинг бошларида Тожи ака, деган бир ҳамқишлоғим колхозда ишлашдан бош тортиб, супургифурушлик билан шуғуллана бошлайди. Маҳалладаги беш, ўнта ўсмир болага супурги боғлатиб, уларни нақд пул билан таминлайди. Қисқа вақт ичида, бир оз пулга эга бўлгандан кейин ташландиқ бир тегирмонни таъмирлаб ишга туширади. Вақтики ўша 1962-1964 йилларда рўй берган очарчилик сабаб, тегирмонга ғалла ташувчиларнинг сони ортди. Одамларнинг йўли яқин бўлди. Тожи аканинг кўпчиликка фойдаси тега бошлади. Унинг бу фаолияти маҳаллий хкумдорларнинг ғашига тегиши табиий эди. Шундай бўлди ҳам. «Ноқонуний хатти-ҳаракати» туфайли унинг устидан жинойи иш қўзғатилди. Суд куни маҳалла фаоллари капиллик қилишиб, уни қамоққа тушишдан сақлаб қолишмоқчи бўлишди. Улар бирма бир сўз олишиб, Тожи акани ҳимоя қилга ўтишди: Тоживой яхши бола, тегирмон юргизиш билан бирга ғўза чопиғига ҳам ёрдам бериб туради, деган сўзлар билан суд ҳакамига гап уқтиришади. Ҳакам кўнади ва одамларни ишончини оқлайсанми, деб охирги сўзни унга беради. У чуқур нафас олиб, ҳаммага бир ажабтавур назар ташлаб шундай дейди:
—Ҳимоя қилганларингиз учун минг рахмат ҳам қишлоқларим! Ўртоқ  судья, ва бошқа каттаконлар! Шуни билиб  қўйинглар, колхоз даласига чиқ-май-ман!. Қўлингиздан келганини қилинг! Замбаракка солиб отганда ҳам, хатто кулим ғўзани ичига тушмайди, билиб қўйинглар!
Ҳа биродар, Тожи аканинг  бу гаплари хозиргача қишлоқ аҳлини хайратга солиб келади. Хўп, демасдан тўғри сўзни айтиб, уч йил ўтириб чиқди. Ўзику ўтиб кетди, лекин унинг гаплари жасорат рамзи бўлиб қолди. Бизлар ҳам шундай ўткинчимиз. Жасадларимиз чириб кетади. ХАҚ ГАП эса қолади, агар биз уни айтган бўлсак. Ҳар битта айтган ва ёзган сўзимиз учун жавобгармиз тарих олдида.

Таҳририятдан: Шоир ва адиб Тоғбой Абдураззоқнинг ушбу асари билан  тўлалигича сайтимизнинг “Рунклар” бўлимида: Тоғбой Абдураззоқ: Умр саргузаштлари пешлавҳаси орқали ўқишингиз мумкин.

Шунингдек, Рукнлар бўлимида:

 Тоғбой Абдураззоқ,
Тоғбой Абдураззоқ: Армонга айланган орзулар

Тоғбой Абдураззоқ: Ўзбекман

дея номланган пешлавҳалар орқали турли йилларда шоир ва адиб ижод этган насрий ва назмий асарларидан баҳраманд бўлишингиз мумкин.

Zamondosh.com

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.