Таҳлил

КАРИМОВЧА ИҚТИСОДИЙ СИЁСАТНИНГ ЯНГИ ҚИРРАЛАРИ

21 йилдан ортиқ даврда қанчалик бозор иқтисодиётига жадаллик билан ўтаётгандек кўринишга ҳаракат қилмайлик Ўзбекистон жаҳонда бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида инқирозга юз тутган ва эркин иқтисод борасида энг қолоқ давлат бўлиб қолмоқда. Афсуски бозор қонунлари 4 йил олдин президент Ислом Каримов томонидан тўла бозор иқтисодиётига ўтиб бўлингани тўғрисида берилган баёнотни ҳам инобатга олмасдан мамлакатни янада чуқурроқ инқирозга судрамоқда.

Бугун хорижий валюта айрибошлашда қора бозор ва расмий курс ўртасидаги фарқ яратиб бундан ўзи манфаатланадиган, янада аниқроқ айтилса халқнинг пешона тери билан топган хорижий валютасини ҳам ўз манфаатлари йўлида қардсизлантириб берадиган бошқа давлат дунёда йўқ. Гўдаклар меҳнатидан фойдаланиб пахта етиштириб сотадиган, халқини қаҳратон қишда газсиз қолдириб хорижга газ сотадиган хукумат ҳам фақат биттадир. Бу мисолларга мамлакат миқёсида сунъий ёнилғи маҳсулотлари танқислиги муаммоси вужудга келтирилаётганини ҳам қўшсак хукуматнинг ягона мақсади халқни эзиш эвазига даромад кўриш эканини англаб етамиз.

Қишлоқ хўжалиги соҳаси аҳолини иш билан таъминлаётган асосий йўналиш бўлиб қолар экан, ёнилғи махсулотлари тақчиллиги оқибатида дизел ёнилғисининг нархи сунъий равишда жаҳон бозоридан 2 бараваргача қимматлашиб, бир литри учун 4-5 минг сўмгача чиқариб қўйилгани мамлакат фермерлари иқтисодий ҳаётида етарлича муаммолар туғдирмоқда. Бензин тақчиллиги сабаб аҳоли шахсий автомобилларини табиий газ билан юргизиш учун камида 500 доллардан қўшимча харажат қилишга мажбур бўлмоқда. Бу ўз навбатида табиий газнинг ички истеъмоли ошишига ва хатто Тошкент шахрида хам уй хўжаликларига табиий газ етказиб беришда чекловлар жорий қилинишга олиб келмоқда.

Глобал молиявий инқироз асносида истеъмол даражаси пасайиб кетгани сабабли барча автомобил ишлаб чиқарувчилар ўзлари ишлаб чиқарган автомобилларни сотиш учун қатор маркетинг стратегиялари жорий қилишга мажбур бўлишган. Харидор илинжида кимдир нархларни арзонлаштираётган бўлса бошқалар узоқ йиллик кафолатланган бепул хизмат кўрсатишни йўлга қўймоқда. Бундай пайтда рақобатбардош бўла олиш учун даромадни минималлаштириб харидор мамнуниятини максималлаштириш талаб этилади.

Ўзбекистонда бўлса хукуматининг коррупцияга асосланган сиёсати натижасида автомобил саноати сохаси ҳам барбод ахволга келиб қолган. Хорижий автомобилларни импорт қилишни чеклаш ва ички бозорда ўз автомобилларига жаҳон бозоридан 2 бараваргача қиммат нархлар белгилаш йўли билан автосаноатни оёқда тутишга эришаётган хукумат хорижга автомобил сотиш борасида муваффақиятсизликларга учрамоқда. Хорижда автомобилларини ички бозордан сезиларли арзон нархларда таклиф қилаётган бўлишига қарамасдан унинг махсулотлари ўз рақобатчилариникидан харидорсизлиги билан ажралиб қолмоқда.

Россияда ўзбек автомобиллари савдосининг қисқараётгани асносида хукумат янги бозорлар очиш имкониятларини қидирмоқда. Шу ўринда ўз автомобилларини бозор қонунлари асосида сота олмаётгани учун хукумат экспорт қилаётган автомобилларини сотишни хам хорижий хамкорлари бўйнига юклашга уринмоқда. Айни сабабдан Каримов бошлиқ бир неча “иқтисодчилар” томонидан автомобилларини нефт махсулотларига айрибошлаш режаси ишлаб чиқилган.

Ички бозорда нефтга бўлган талабни сунъий равишда минималлаштиришга эришган хукумат учун йилига 3-4 миллион тонна нефт махсулоти етарли хисобланади. Бу кўрсаткич АҚШ учун 2, Хитой учун 5 кунга етарли миқдор хисобланади. Шундай кичик миқдор бўлишига қарамасдан ички бозорни импорт асосида таъминланмаётганининг сабаби юқорида айтилганидек нефт импорт қилиш асносида хорижга ўзининг рақобатбардош бўлмаган автомобилларини хам сотиб қолиш иштиёқидир. Бу доимгидек оддий халқ учун ва айниқса фермерлар учун кундан-кунга каттароқ муаммоларни келтириб чиқармоқда. Аммо хукумат учун унинг калтабин сиёсатининг оддий халққа қандай зиён келтираётгани табиийки хеч қандай ахамият касб этмайди. Асосийси коррупцион саноат тизимида ишлаб чиқарган автомобилларни экспорт қилишга эришса бўлгани.

Юқорида келтирилган таклиф билан сентябр ойидан бери Қозоғистон, Туркманистон ва Озарбойжон республикаларига ташриф буюрган президент Каримов хеч қандай натижага эриша олмади. Чунки бу мамлакатларда айни автомобиллар бошқа ишлаб чиқарувчилар томонидан арзонроқ ва қулайроқ асосларда таклиф этилмоқда. Ўзбекистонлик иқтисодчилар учун бу рақобатчилар билан рақобатлашиш ортиқча ташвиш. Чунки улар нефт махсулотларини қулай шарт-шароитлар асосида импорт қилиш муаммоси устида бош қотиришмоқда. Мамлакатда-ку хамма жараёнларни “планлаштириш” асосига ўтқазиб бўлишди, аммо чет эллик хамкорлар билан бу борада муаммоларга душ келмоқдалар. Афтидан мамлакатда ёнилғи махсулотларига талабнинг қондирилиши хукумат шартларига рози бўладиган хамкор топилгунча ёки бу хукумат алмашгунча давом этади.

Айни пайтда вилоятларда йил бошидан бери давом этаётган ёнилғи танқислиги муаммоси энди Тошкент шахрига хам етиб келди. Бу қандайдир ижтимоий муаммолар келтириб чиқариши мумкинлиги хақида хам бош қотиришнинг вақти эмас кўринади. Акс холда Европа эмбарго жорий қилганидан бери нефтни қаерга сотишини билмай қийналаётган Эрон ёки Ўзбекистонга етарлича нефт етказиб берищ салохиятига эга яқин қўшнилар билан муаммони дархол хал қилса бўларди. Бу ерда гап муаммонинг қачон хал қилинишида эмас, унинг қандай хал қилинишида бўлиб қолмоқда. Халқнинг аъзият чекаётгани бўлса Каримов учун умуман аҳамиятсиз масала.

Буни “Уздунробита” корхонаси устидан кетаётган суд жараёнининг номаълум муддатга қолдирилганида хам кўриш мумкин. Кремлнинг кўринмас ричаглари орқали қилган босими асосида дастлабки қарорини ўзгартиришга мажбур бўлган Каримов аламини кимдан ва қандай олишни билмаяпти. Шундай пайтда суднинг тўхтатиб турилишидан бошқа ечим топилмаган кўринади. Каримов учун 9 миллион ахолининг “Уздунробита” хизматни тўхтатгани учун зарар кўраётгани ахамиятсиз. Унинг учун энг мухими қандай қилиб Гулнора хорижда қўлдан бераётган мол-мулкларни қайтариб олиш ёки ўрнини тўлдиришдек масала турганда халқнинг зарари хақида хеч қандай гап бўлиши мумкин эмас. Ахир Ўзбекистонда халқ фаровонлиги халқнинг ахволига қараб эмас Каримовнинг истаклари асосида тайёрланган хисоботларга қараб белгиланади. Йиллик 8% ЯИМ ўсиши ва 15% фаровонлик ортишига эришдик деб хисобот беришади – вассалом! Жаҳон бозоридаги нархдан 2 баравар қиммат дизел ёнилғиси олаётган фермер хам, 1000 доллар пора бериб олган автомобилига соатлаб километрлик навбатларда кутиб 10 литргина бензин ололган хайдовчи хам телефонлар ишламаётгани сабабли савдоси тўхтаб қолган тадбиркор хам “Ана, ўсиш бор эканку, бошқасига чидаймиз” деб яшайверади. Катта эхтимол билан кейинга хисоботлар Гулноранинг хохиш-иштиёқларига кўра тайёрланади. Демак иқтисодий ўсиш хам халқ фаровонлиги хам Каримов давридан анча ошади. Чунки эндиликда тўйларда хам қўшиқ куйлашни бошлаган Гулнора отасидан фарқли ўлароқ на халқ муаммолари хақида нада планлаштир хақида хеч нарса билмайди.

Темурмалик Ҳайдаров,
Тошкент, “Туронзамин” учун.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Tahlil. Bookmark the permalink.