Таҳлил

ИЖТИМОИЙ ТАНГЛИК ВА ИЖТИМОИЙ ПОРТЛАШ ХАҚИДА

Яқинда The Elliott School of International Affairs томонидан нашр қилинган “Араб қўзғолонлари сценарийси Жанубий Евросиёда хам содир бўладими? Озарбайжон, Ўзбекистон ва Тожикистонга солиштирма назар” номли инглиз тилидаги хисоботи эълон қилинди. Хисоботда мазкур мамлакатларда революцион сиёсий ўзгаришлар содир бўлмаслиги аммо маълум муддат ичида тадрижий сиёсий қайта шаклланишлар амалга ошиши хулоса қилинади. Ғарб олимлари томонидан иккиламчи маълумотларга асосланиб олиб борилган изланишлар натижаси бўлган бу тахлил энг камида Ўзбекистон учун етарлича қучур тахлил хисобланмайди. Бу ёзувда юқорида тилга олинган хисобот хулосасини Ўзбекистон нуқтаи назаридан кўриб чиқсак.

Таҳлилга дохил тутилган пост-совет мамлакатларида иқтисодий ўсиш ва ижтимоий ахволни “араб бахори” жараёнлари жунбушга келтирган мамлакатлар кўрсаткичлари билан солиштирар экан муаллифлар хукумат томонидан эълон қилинган иккиламчи статистик маълумотларга таянишади. Холбуки пост-совет худудида ва хусусан Ўзбекистонда қўшиб ёзиш ва кўзбўямачилик омилларининг қабул қилиб бўлмас даражада юқори эканини улар инобатга олишмайди. Шундай экан ижтимоий тенглик ва адолат хақида Ўзбекистон борасида қилган фаразлари воқеъликни умуман акс эттирмайди ва тахлил натижаларини сўров остига қўяди.

Афсуски Ўзбекистонда хақиқий ижтимоий танглик даражасини кузатиб бориш имконсиз бўлиши билан бирга хукумат нуқтаи-назарида бу иш кераксиз ёки бефойда жараёндир. Ижтимоий танглик кўрсаткичининг нақадар мухим кўрсаткич экани ва бу кўрсаткични кузатиб бориб керакли чора-тадбирлар амалга ошимаслик нималарга олиб келиши мумкинлигини Ўзбекистон хукумати балки вақти келиб кўриб-билиб олар. Бугун ижтимоий танглик борасида Фуқаролик Жамияти Институти филиаллари ва хокимиятлар томонидан МХХ рахнамолигида тайёрланаётган хисоботлар хеч қандай мохиятга эга эмаслигини улар асосида кўрилаётган чора-тадбирлар ва бу тадбирлар бераётган резонансдан билиб олса бўлади. Аммо тахлилимизнинг мақсади бу бўлмагани учун асосий мақсадга қайтсак.

Араб қўзғолонларини бошдан кечирган мамлакатлардаги ижтимоий ахвол билан Ўзбекистондаги ижтимоий ахволни таққослаш учун муаллифлар БТМ томонидан қабул қилинган қашшоқлик индекси бўйича бу мамлакатлардаги қашшоқ ва қашшоқ бўлмаган фуқаролар нисбатини солиштиради. Гап шундаки 2000 йилларгача аксарият пост-совет худудлари сингари Ўзбекистонда хам БМТ изоҳига кўра “қашшоқ” бўлган фуқаролар умумий ахолининг 80%гача бўлган қисмини ташкил этарди. Ўша пайтда мутахасисларнинг асосий “вазифаси” қашшоқликни махаллий одамлар қандай қабул қилишлари, қачон ўзлари ёки атрофдагиларни қашшоқ деб қарашлари борасида изланиш бўларди. Бу билан улар БТМ изоҳига кўра қашшоқлик тушунчасининг пост-совет худудида етарлича воқеъликни акс эттирмаслигини очиб беришга ҳаракат қилишарди.

Бугунга келиб ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари етарлича хилма-хиллашиб кетган пост-совет худудида хам қашшоқлик кўрсаткичи ижтимоий холатни акс эттирадиган “яроқли” инструмент хисобланмайди. Чунки ижтимоий холат, хусусан ижтимоий тангликга тўғридан тўғри таъсир қиладиган адолат мезони умуман таъминланмаган. Аксинча, адолатни таъминлашга маъсул бўлган институтлар хукумат томонидан жамиятни бўйсундириш воситаси сифатида кенг қўлланилади. Натижда ижтимоий танглик даражасини белгилаб берувчи мувозанат ўзгариб, жамиятда қашшоқлик даражаси пасайиши ижтимоий холатга адолат ва тенгхуқуқлилик қадар катта таъсир қилмай қўйган.

Жамиятда адолат ва тенгхуқуқлиликнинг таъминланганлиги хам нисбий тушунча бўлиб уни хам тўғридан тўғри ўлчашнинг имкони йўқ. Амалда миллий даромаднинг қайта тақсимланишини тахлил қилиш орқали қандайдир хулосалар чиқариш мумкин. Афсуски Ўзбекистонда бунинг учун лозим статистик маълумотлар юритилмайди (ёки юритилса хам сир сақланади).

Шундай экан бугун Ўзбекистонда ижтимоий танглик нақадар юқори экани ва ижтимоий портлаш эхтимоли нақадар юқорилигини хеч ким айтиб беролмайди. Аммо шуниси аниқки мамлакатда ижтимоий танглик кишиларни бугун баъзи “мухолифат” лидерлари чин дилдан истаётгани каби “озодлик ва адолат учун ўлим билан юзлашиш”га бошлайдиган даражага сезиларли яқинлашган. Бу гипотезамни кўпчилик, хусусан яқин йилларда Ўзбекистондаги ижтимоий ахволни ўз кўзи билан кўрмаганлар инкор қилиши мумкин. Чунки уларда мавжуд маълумотлар хар доимгидек “филтрланган” манбаалардан олинган маълумотлар хисобланади ва воқеъликнинг салбий томонларини умуман акс эттирмайди. Хўш, ижтимоий танглик қачон ижтимоий портлаш келтириб чиқариши мумкин?

БУГУНГИ БОШҚАРУВ ВА УНИНГ ТАХЛИКАСИ

Охирги йилларда мамлакатда коррупция шу даражага бориб етдики, у сиёсий барқарорликнинг умуртқа поғонасига айланди. Хар бир рахбарга ўзи ўтирган лавозимида коррупцияга аралашишга йўл қўйиб берилади ёки камдан-кам холларда хатто мажбур хам қилинади. Бу коррупцион амалиётлар 7 дан 70 яшаргача хаммага кундек равшан бўлсада уларга нисбатан хеч қандай чора кўрилмайди. Бу ҳол режим истаган даража ва миқёсда ўз хизмат вазифасини суеистеъмол қилиб юқорининг талабларини сўзсиз бажаришни уддалай олган муддатча давом этаверди. Юқорининг кундан кунга мураккаблашиб бораётган талабларини бажаролмаган куни эса маъсул амалдорнинг порахўрлиги, хизмат вазифасини суеистеъмол қилгани ва давлат мулкини талон тарож қилгани “ўртага чиқади”.

“Балиқ бошидан сасийди” тамойилига мувофиқ бу “компроматлар билан амалдорларни тизгинлаш” занжири энг юқорига, шахсан президент Каримовга ёки энг камида унинг қизи, бугунги кунда мамлакатнинг де-факто сохибаси Гулнорагача бориб тақалади. Бош вазир ва ундан ўрнак олган хар қадай қуйи амалдор ўтказадиган мажлисларнинг ягона тамойили “Буйруқ шундай, бажарасан ёки қаматаман” кўринишини касб этади. Субординация мукаммал йўлга қўйилган Ўзбекистонда қуйи амалдорлар юқоридан олган талабларини айнан олган шаклида ўз қўли остидагиларга “етқазади”. Битмасдан “битган” қилиб очилаётган стадионлар, режа тўлмасдан нишонланаётган хосил байрамлари юқори поғонадаги амалдорлар қарор олишда реалликка эмас кўзбўямачиликка асосланган сиёсат юритишининг далилидир. Уларнинг пировард мақсадлари халқ фаровонлиги учун бирор ишни амалга ошириш эмас бор йўғи қоғозларда акс этадиган, “Бажардик, битти!” кўринишида хисоботлар тайёрлашдир.

Ана энди компроматларга асосланган “сиёсий барқарорлик”нинг ижтимоий тангликка қандай алоқаси бўлиши хақида фикр юритсак. Биринчидан реал имкониятлар инобатга олинмасдан кундан кунга оширилиб бораётган талаблар фақат ва фақат оддий халқнинг гарданига тушмоқда. Бунёдкор стадионинг битиши хам, жойларда “бош ислохатчи-давлат” томонидан амалга оширилаётган капитал қурилиш ва таъмирлашлар хам хамма-хаммасининг асосий манбаи “хомийлар” бўлиб қолмоқда. Аслида йиллик 8-9% ЯММ ўсишига эришаётган давлат хатто хаётий ҳисобланган таълим ва соғлиқни сақлаш каби дастурларни амалга оширишга хам қурби етмай, давомий бу дастурларни бюджет хисобидан молиялаштиришни камайтиришга мажбур бўлиб қелмоқда. Шундай вазиятда Гулноранинг охирги 2 йилда хаддан ошиб кетган “хотамтойлиги” хам ўрта поғона амалдорлари учун етарлича оғир юкга айланган. Долзарб мақсадли дастурларни уддалаш имконсиз бўлган даврда иқтисодни ёппасига “гуркиратиб ривожлантириш” учун 2013 йилда ЯММ 8%га ўсиши тўғрисида башорат ҳам эълон қилинди ва шубхасиз бу қоғозларда бажарилади.

Буларнинг хаммаси эскириб битаётган инфраструктура, хатто Тошкентда хам барбод ахволга келиб бўлган йўллар, йилдан-йилга пасайиб бораётган электр ва газ таъминоти, мустақиллик йилларида деярли нолга яқинлаштириб ташланган саноатлашганлик ва кичик бизнес ва тадбиркорликни ўласи ахволда бўғаётган “ижтимоий химоя” ниқоби ортидаги мажбурий хомийликлар фонида кўрилса оддий халқнинг гарданидаги юк янада оғирлашиши маълум бўлади. Бир мисол, Гулнора Каримованинг табдирига 20 та телевизор олиш учун махаллий тадбиркорликларга “солиқ” солган хокимлар ўзлари ўзлаштирадиган улушларини хам унутмайдилар. Натижада қуйи қатлам вакиллари гарданидаги юк оғирлашса юқорироқ қатлам вакиллари аксинча бундан ўз хиссаларини чиқариб олган хисобланадилар. Занжир реакцияси то хамма юк халқнинг гарданига бориб тақаладиган холгача давом этади.

Агар ўтган йилларда юз берганида ижтимоий портлаш энг аввал айнан “халқ фаровонлиги” ниқоби остида амалга оширилаётган, аслида кўзбўямачилик ва халқни эзишдан бошқа нарса бўлмаган “доно юртбошимизнинг оқилона сиёсати”га нисбатан ортиб бораётган норозиликлар туфайли юзага келиши мумкин эди. Турли сабабларга кўра бундай норозиликлар аллақачон жойларда кичик миқёсда бўлиб зудлик билан норозиларга янада қаттиқроқ зулум қилиш билан бостирилган. Фикримча уларнинг кенг миқёсга чиқарилиши учун марказлашган, ягона лидер ёки танилган гурух томонидан бошқариладиган мухолифатнинг актив ҳаракати лозимдир. Бугун бу вазифани бажаришни хеч ким хатто даъво хам қилолмайди. Назаримда хозирги “даъвогарлар” фақат Каримовдан кейин Гулнора президентликка келтирилиши оммавий қаршиликга сабаб бўлади деган умидда ва бу имкониятдан фойдаланиш учун фурсат пойлашмоқда.

Бугун ижтимоий портлашга туртки бўлиши мумкин бўлган бир неча омиллар бор. Булардан энг эхтимоли каттаси ташқи таъсир – яни Россиянинг ташкилотчилиги асосида Каримов режимига хизмат қилаётган баъзи тузилмаларни оғдириш йўли билан ижтимоий портлашни “келтириб чиқариш” имкониятидир. Бундай ижтимоий портлаш эхтимоли катта бўлмасада, кундан-кунга Россия билан муносабатларнинг таранглашуви бу вариантни кунимиздаги энг реалликка яқин вариант қилиб қўйган.

Ижтимоий портлашга сабаб бўлиши мумкин бўлган яна бир омил ОАВлар, хусусан Озодлик радиоси орқали ошкора норозиликка чақирувларнинг самара бериши эхтимолидир. Аммо бутун мухолифат ичида бўлгани каби ўзбек тилидаги хорижий ОАВларда хам МХХнинг назорати етарлича кучли. Айни сабабдан бу каби уринишлар амалга оширилса хам бу катта эхтимол билан революцияга чақиришга “тақлид” бўлади ва бугун ўзини жуда актив қилиб кўрсатаётган бирор ҳаракат рахнамолигида Озодлик орқали чақириқлар мамлакатда кичик миқёсда резонанс беради. Натижа эса олдингидай бўлади – хаммага бу каби ҳаракатларга қўшилишнинг салбий томонлари хақида “дарс” бериб қўйилади. Яни яна бир карра алданган оддий одамлар аъзият чекади. Шу сабабдан бу вариант менинг нуқтаи назаримдан энг исталмаган вариантдир.

ИЧКИ ТЎНТАРИШ ЭХТИМОЛИ

Мамлакатда ўзгаришлар бўлишининг яна бир эхтимоли борки, уни хам назардан четда қолдириб бўлмайди. Бу Каримов ва Гулноранинг бугунга кунга келиб қуюшқондан чиқиб кетган “Ўзим хон қўланкам майдон” сиёсатидан безор бўлган юқори поғона амалдорларнинг Каримов ва оиласини ўртадан супуриб ташлаб бошқарувни қўлга олиши эхтимолидир. Бу имкониятни Кремл ташаббуси билан МХХ ижросида амалга ошириш эхтимоли хам мавжуд. Агар бундай ўзгариш бўлса мамлакатда барқарорликни сақлашнинг ягона йўли Каримов ва оиласидан “интиқом олиш” ва Каримовлар сиёсатидаги хатоларни ошкор қилиб уларни тузатишга киришиш бўлади. Ана шундагина бугун энг юқори даражада сақланиб қолаётган ижтимоий тангликни юмшатишга эришилади.

Юқорада тилга олинган охирги эхтимол, айниқса унинг Кремл рахнамолигида амалга оширилиши варианти бугун Каримовларни хам ўйлашга мажбур қилиб қўйган. Шу сабабдан Каримов чапани тилда айтганда “тупурган тупугини ялаб” МТС активларини давлат фойдасига мусодара қилиш қароридан қайтди. Бунга бир сабаб Каримовлар оиласининг хориждаги, хусусан Россиядаги мол-мулкига тинмасдан бўлаётган тажовузлар бўлган бўлиши мумкин. Аммо Каримовлар мол-мулкларининг асосий қисмини Россияда сақлашнинг нима оқибатларга олиб келишини яхши билишган ва у ерда катта миқдорда маблағ бириктиришмаган деган фикрдаман. Демак Каримовни бугун Кремл мамлакатда амалга ошириши мумкин бўлган тўнтариш чўчтиб қўйган. Вақти келиб Каримов ўз тизгинини Путиннинг қўлига топширса хам ажаб эмас. Бунинг учун эса Кремлдан Гулноранинг ворислигига рози бўлиш талаб этилади. Бу эса ўз навбатида ижтимоий тангликни юмшатмайди ва мамлакатда барибир революцион ўзгаришлар бўлишига олиб келади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак бугун иккиламчи маълумотларга асосланиб мамлакатда ижтимоий портлашлар рўй бермайди деган хулосага келиш тўғри бўлмайди. Мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий жараёнлар шу қадар мураккаб ва пародаксалки, воқеалар ривожини башорат қилишнинг деярли имкони йўқ. Шунга қарамасдан ижтимоий тангликнинг ғарб олимлари томонидан хулоса қилинаётган даражадан анча юқори эканини ишонч билан айтиш мумкин.

Ўктам Худоёров,

Тошкентдан “Туронзамин” учун.

Эскиртма: Ўқувчилардан  “х” ва “ҳ” лар каби “хато”ларим учун узр сўрайман. Бунинг сабаблари бор.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Tahlil. Bookmark the permalink.