“Туронзамин” почтасидан

НЕГА ХОРАЗМДА ПАХТА МАВСУМИ ТУГАМАЯПТИ?

10 ноябр куни Хоразм вилоятида пахта терим мавсумига ёппасига сафарбарлик эълон қилинганига 65 кун бўлган бўлсада оммавий сафарбарлик хануз тугамади. Бу йил пахта хосили яхши бўлгани республикада терим мавсуми узайиб кетишига сабаб бўлди. Аммо Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида теримчилар хануз ёппасига далаларда қолаётгани ва оммавий сафарбарлик мавсумининг тугамагани бу вилоятрлардаги иккита йирик пахта тозалаш заводларида катта миқдорда пахта хосили ёниб кетгани билан боғлиқдек кўринади.

Аслида Хоразм вилоятида далаларда пахта қолмаган бўлсада терим мавсумига бархам берилмаётганининг бошқа сабаби бор. Маълумки бу йил пахта йиғим-теримига мактаб болалаларини жалб қилмаслик борасида қатъий кўрсатма берилди. Натижада республика миқёсида бюджет ташкилотлари ишчиларнинг деярли хаммасини теримга оммавий сафарбар қилинди. Бу билан бирга махаллий хокимликларга бюджет ташкилотларида банд бўлмаган ахолининг хам имкон қадар катта қисмини теримга жалб қилиш кўрсатмаси берилди. Хамма имкониятдан ўз манфаатлари учун фойдаланишга уринадиган хокимят вакиллари бўлса теримга чиқишни истамаган оила вакиллари учун кундалик “бадал” тўлаш сиёсатини ишлаб чиқишди. Вилоят хокимининг шахсий кўрсатмаси асосида махалла фуқоролар йиғини раисларига ўз махаллаларидаги хар бир оиладан пахта теримига камида бир кишини чиқариш ёки бундай имконияти бўлмаган ёки теримга чиқишни истамаган оилалардан кунига 15 минг сўм миқдорида бадал ундириши талаби қўйилди.

Хоразм вилояти хокимлигининг бу сиёсати асосида кунига 15 минг сўм бадал тўлаш имкони йўқ оилалар албатта кимнидир теримга чиқаришга мажбур бўлаётган бўлсаларда пахтадан қолиш учун пул тўлаётганларнинг салмоғи теримчилардан анча катта. Чунки махалла фуқаролар йиғини раислари кимдан пул ундириш осон эканини яхши билишади. Улар ахолидан ташқари махалла худудида фаолият юритаётган хамма тадбиркорларга ўз ишчиларнинг тенг яримини пахта теримига чиқариш ёки уларнинг хар бири учун кунига 15 минг сўмдан йиғиб бериш талаби қўйишди. Дастлабки кунларда бадал тўлашдан бош тортишга харакат қилган тадбиркорларга эса махаллий хокимят вакиллари туман МХХ ходимлари ва солиқ инспекторлари орқали босим ўтқазишди. Натижада теримнинг биринчи хафтасида тадбиркорлардан пул йиғиш учун кўчама-кўча юришга мажбур бўлган махалла фуқаролари раисларига бадални тадбиркорларнинг ўзлари келтириб берадиган бўлишди.

Махалла раислари бу пулларнинг кичик қисмини ўзлаштириб туман ёки шахар хокимларига, улар эса ўз улушларини олиб қолган холда вилоят хокиминг биринчи ўринбосари Шакаржон Хўжаниёзовага шахсан топширишади. Афтидан прокурорлик маслаги сохиби бўлган вилоят хокими бу ишга ўзининг шахсан аралашмаётганини “исботлаш” учун мазкур амалиётни юрғизишни ўринбосари ва яқин қариндоши Шакаржон Хўжаниёзовага топширган. Хўжаниёзова учун эса бундай катта нақт пул тушимига шериклик қилиш яхши имконият саналади ва у бу вазифани бажонидил ортиғи билан уддаламоқда.

Вилоятда 2007 йилда 228,5 минг хонадан рўйхатга олинган бўлса 2008 йилга келиб бу кўрсаткич 233,5 мингга етган. Демак 2012 йилга келиб мазкур кўрсаткич 250 минг хонадонга яқинлашган. Вилоят хокимятининг янги акциясида 5% хонадонлар доимий “иштирок” этаётгани фараз қилинса хам пахтага чиқмаганлик учун кунлик йиғилаётган миқдор 187.5 миллион сўмни ташкил этади.

Бу кўрсаткич хали тадбиркорлардан терим мавсумида ўз фаолиятларини давом қилдириш учун ундирилаётган суммани ўз ичига олмайди. Мўмай даромаддан илхомланган вилоят рахбарлари хатто бозорда савдо қилаётган савдогарни хам теримга чиқмаганлик учун бадал тўлашга мажбур қилишмоқда. Бу борада Урганч шахар хокими кўрсатмаси билан ишлаётган Урганч Марказий Бозори бозорқўми етакчилик қилмоқда. Бу пулларни дарғазаб халқдан йиғиш катта мехнат талаб қилиб, баъзан кўнгилсиз холлар хам учраб турипди. Шунинг учун вилоят рахбарияти қуйи рахбарлар томинидан ўзлаштириб қолинадиган 10-15% миқдорга кўз юмишга мажбур бўлишмоқда.

Гурлан пахта заводида вужудга келган ёнғиндан кейин вилоят рахбариятига Бош вазир томонидан реал пахта теримини ошириш кўрсатмаси берилди. Шунинг учун вилоят хокими президентнинг вилоятга ташрифи тугаши биланоқ теримдан озод қилиш учун бадални 15 минг сўмдан 20 минг сўмга чиқариш тўғрисида кўрсатма берди. Бу амалиёт теримчилар сонига катта таъсир қилмаган бўласада 20 минг сўм бадални тўплашга маъсул бўлган махалла котиблари ва посбонлари билан норози ахоли ўртасида жанжал чиқиш холатлари тез-тез кузатилмоқда. Аммо вилоят рахбарияти бунга кўз юмишга мажбур, чунки теримга чиқмаганлардан уларнинг чўнтагига тушаётган “даромад” аввалгисидан хам ошди. Баъзи хисобларга кўра шахсан вилоят рахбарига теримга чиқмаганлардан тўплаб берилаётган миқдорнинг 100 минг АҚШ долларидан (курс бўйича 200 миллион сўмдан) хам кўплиги айтилади. Бу амалиёт вилоятда яна бир муаммога йўл очаётган бўлса, бошқа мухим муаммони хал қилишга хисса қўшмоқда.

Гап шундаки пахта мавсуми бошланганидан бери вилоят банклари Марказий Банкдан фуқароларга доллар сотиш учун оладиган квотани оширишга мажбур бўлишди. Бунинг пахта мавсуми, аниқроғи ахолининг теримга чиқолмагани учун бадал тўлаш сиёсати билан тўғридан-тўғри алоқаси бор. Туман хокимлари ўз худудларидаги банк филиалларига кеча махалла фаоллари тўплаб келтирган нақт пулларни етқазиб беришади. Банк мутасаддилари бу пулларни давлат курси бўйича АҚШ долларига алмаштириб хокимларга қайтаришади. Мазкур амалиёт натижасида қора бозордаги курсдан фарқ сабаб хокимлар катта фойда кўришмоқда. Аммо Россиядаги оила аъзоси юборган пулларни вақтида ололмаётган оддий халқ янада жабр кўрмоқда. Баъзи филиалларда доллар танқислиги сабаб Россиядан келган пул жўнатмаларини бериш бир ойгача кечикиб қолган.

Ўз навбатида оддий халқдан ундирилган норасмий солиқнинг валютага айрибошлаш мақсадида банкларга тушум қилинётгани теримчиларга ўз вақтида терим пули бериш муаммосига ечим бўлмоқда. Шу ўринда баъзи хусусий банкларнинг марказий рахбарлари Хоразм вилоятларидаги филиалларига талаб қилинган миқдорда доллар етқазиб беришдан бош тортишгани сабаб банк филиаллари ва махаллий хокимлар ўртасидаа низолар чиқмоқда. Бунга мисол сифатида Урганч шахар хокимининг Хамкорбанк Урганч бўлими рахбарини фаоллар мажлисида қаттиқ хақоратлагани ва қаматиш билан тахдид қилганини келтириш мумкин.

Шу ўринда вилоят МХХга фуқаро ва тадбиркорлардан тушаётган шикоятлар сони хам кундан кунга ортиб бормоқда. Хатто вилоятда бир махалла котибининг теримга чиқмаганлик учун пул йиғаётган пайтда қўлга олингани тўғрисида миш-миш пайдо бўлган. Бунга қарамасдан прокуратура ва МХХ мазкур сиёсатга кўз юмаётгани вилоят рахбарияти олиб бораётган мазкур сиёсатга уларнинг хам шерик эканини билдиради. Республика прокуратурасидан чиққан вилоят хокими учун вилоят прокурорининг тизгинини қўлда ушлаш оддий иш. Шунингдек унинг вилоят МХХ бошлиғини билан иккаласи хам Тошкентда ишлаган йиллардан бери оилавий борди-келди қиладиган яқин дўст экани маълум.

Демак вилоят хокимигига пахта йиғим теримидек мамлакат учун стратегик амалиёт жараёнида хам оддий халқдан ноқонуний йўл билан йирик миқдорда нақт пул ундириш сиёсатини юрғазиш хеч қандай муаммо туғдирмайди. Пахта режасининг тўлмагани ва теримнинг чўзилиб кетиши эса аксинча уларнинг тегирмонига сув қуяди. Агар имкони бўлганида вилоят рахбарияти пахта мавсумини чигит қадаладиган бахорнинг ўрталаригача давом қилдириб кунига камида 100 минг доллар даромад кўриб юришади. Оддий халқ эса ёки далада қолмаган пахтани териш учун совуқда оч-нахор саргардон бўлмоқда, ёки вилоят хокимининг “оқилона” сиёсатига хисса қўшиб нақт пул тўлашга мажбур бўлмоқда.

Шу ўринда пахта етиштиришдан махаллий рахбарларга келадиган ноқонуний даромад миқдорининг бу қадар катталиги хам хукуматнинг пахтага асосланган иқтисодий сиёсатдан воз кечолмаслигига сабаб бўлаётганини алохида такидлаш жоиз. Бунинг хаммаси оддий халқ хисобига, унга янада зуғум қилиш йўли билан амалга оширилиши бўлса хеч кимни қизиқтирмайди. Чунки адолатни таъминлагш учун маъсул бўлганларнинг ўзлари хам мазкур сиёсатнинг асосий бўғини, энг катта манфаатдорларидан биридир. Худди прокуратура тизимларидан вилоят хокимлигига келтирилган Пўлат Бобожонов каби.

Темурмалик Ҳайдаров.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Tahlil. Bookmark the permalink.