Жаҳонгир Муҳаммад

Мирсаидов ҳақидаги хотиралар

3. Қўрқув фактори

Иқтисод фанлари доктори Шукрулло Мирсаидовнинг Бош вазирликка келиши масаласига бевосита аралашиб қолганман. Олий Кенгашнинг 1990 йил март ойидаги сессиясида Каримов Министрлар Совети раислигига (Бош вазир-ЖМ) шу вазифада ишлаб турган Мираҳмад Мирқосимовни тавсия қилди.

У пайтда қайта қуриш, ошкоралик шамоллари бизга ҳам етиб келган ва Олий Кенгаш ҳокимиятнинг кучли бўғинига айланиш учун оёққа турганди. Ҳар бир масала катта баҳслар, тортишувлар билангина ҳал бўларди.

Биз депутатлар Паркентда халққа қарши қурол ишлатилганидан (Бу ҳақда “ИАК” да ўқишингиз мумкин-ЖМ) ғазабда эдик. СССР миқёсида тўполонларни бостириш учун генерал Шаталин бошчилигида махсус ҳарбий қўшин тузилганди. Ислом Каримов ана шу қўшинни ёрдамга чақирган.

Қўшиннинг бир бўлинмаси Паркентга яқин жойда турган ва воқеаларга аралашиш учун ҳукуматдан ёзма равишда изн сўраган. Мирқосимов ярим тунда ўша жойга борган. Унга Ислом Каримов телефон қилиб, ҳарбийларга ҳужжат имзолаб беришни ва эрталаб Паркент марказига танкларни олиб кириш лозимлигини айтган. Тошкент вилоятилик депутатлардан бири бунга гувоҳ бўлган. Биз бу ҳақда сессиядан олдин Мирқосимовдан сўрасак, у ким телефон қилганини яширди.

Шунинг учун у тасдиқланадиган пайтда шартта ўрнимдан турдимда унга:
-Паркентга ҳарбийларни олиб киришга ва оддий одамларни отишга ким рухсат берганди?-деб савол бердим.

Сессия жонли тарзда телевизордан кўрсатилаётган эди. Мирқосимов боши берк кўчага кириб қолди. Залда ғала-ғовур. Паркентлик бир депутат ўрнидан туриб, минбарга қараб юра бошлади. Каримов катта жанжал бошланиб кетишини сезди, шекилли, микрофонни ўзи томонга буриб:
-Менда битта таклиф бор, Бош вазирни алтернатив йўл билан сайлайлик, иккита номзод кўрсатайлик ва биттасини танлаб олинглар,- деди. Ваҳоланки, бир неча дақиқа олдин фақат Мирқосимов номзодинигина кўрсатган эди.

-Госпланнинг раиси Мирсаидовни ҳам тавсия қиламан, демократия бу, биттасини танлаб олинглар,-деди у.

Депутатлардан бири “Мирсаидов ҳақида фикрингизни ҳам очиқ айтинг” деб бақирди. Чунки у Мирқосимовни роса мақтаганди. Шундан кейин Каримов ўрнидан турдида сакраб-сакраб минбар ёнига келди. У Мирсаидовни “мард ва жасур, сўзида турадиган, тажрибали раҳбар, энг кучли иқтисодчи” деб мақтади.

Паркент ҳақидаги гаплар бир зумда ўртадан кўтарилди ва депутатлар ура-ура билан Мирсаидовни Бош вазирликка тасдиқладилар.

Каримов  ишсиз қолган Мирқосимовни Компартия қошида тузилган, барча текшир-текширларнинг бошида турадиган, ўша кездаги жуда кучли идора-Давлат Назорат Қўмитасига раис этиб тайинлади.

Шукр аканинг “Халқлар дўстлиги саройи” яқинида “штаб-квартираси” бор эди. Муҳим гаплар чиқса, ўша ерда учрашардик. У ишдан кетгандан кейин ҳам жуда кўп раҳбарлар маслаҳат олиш учун шу ерга келиб кетардилар.

Бир кун борсам, Мираҳмат ака ҳам ўша ерда. Илгари у “Совмин”га раис бўлган, Шукр ака эса унга ўринбосар ҳисобланган. Давлат планлаштириш қўмитаси раиси Бош вазир ўринбосари ҳисобланган. Мана энди у ишсиз Мирсаидовнинг уйида ўтирибди ва ундан маслаҳат олишга келган. Бир пайтлар Тошкент вилоятини ҳам бошқарган Мирқосимов Шукр аканинг айтганларига “хўп-хўп”лаб турганди.

Лекин кўп ўтмай бу уйга тез-тез қатнайдиган Мирқосимов ҳам, Адҳам Фозилбеков ҳам, Бахтиёр Ҳамидов ҳам… хуллас, Шукр аканинг маслаҳатлари билан муаммоларни ҳал этган бошқа раҳбарлар ҳам келмай қўйишди. Кимки у билан гаплашса, жазоланарди. Ҳатто Тошкент шаҳар ижроқўми раислиги пайтида туманларга тайинлаган кадрлари ҳам қувғинга олинди. Уларни ўғирлаб кетиб, қийнаш одатга айланди. Туманлардан бирида раҳбар, кейин Олий Кенгашда қўмита раиси бўлган Ҳалима Усмонова “Америка овози”га:
-Каримов сайланиши учун кўп югурганман. Аммо у мени Мирсаидовнинг одами, деб шу қадар қийнадики, ҳатто менга сув бермай, ўз сийдигимни ичиртирди,-дея юм-юм йиғлаб бошидан ўтганларни гапириб берганди.

Ҳалима Усмонова АҚШда бир неча марта юрак хуружига учради ва шу дард чангалида Айдаҳо штатида оламдан ўтди…

Мирсаидовнинг жуда кўп кадрлари ундан юз бурдилар. Уни ҳурмат қилиб, учрашиб турганлари Ҳалима Усмонова каби азобларга рўбарў қилиндилар. Нима учун? Кечагина уни мақтаб кўкларга кўтарган Каримов нега унга бунча душман бўлиб қолди. Китобларимда батафсил ёзилган бир воқеани қисман эслатсам, бунинг сабабини англаб оласиз.

Каримов Ошкоралик қўмитасида ўзининг устидан келган шикоятларни кўриб:
-Ҳе, бу нонкур халқнинг онасини…! – дея сўкканини Республика журналистлари билан учрашувда айтганимдан кейин “туҳматчи”га чиқиб қолдим. Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети текширув бошлатди ва бу ишни Ефимов, Мирқосимов назоратга олишди. Каримовнинг сўкканини бевосита эшитганлар – Мирзаолим Иброҳимов, Эркин Воҳидов, Эркин Хўжаев, Эркин Халилов ва бошқалар бунақа гапни “эшитмай қолганлари”ни ёзиб беришган. Шунда битта Мирсаидов ҳақиқатдан шундай гап бўлди, деб мени қутқазиб қолган.

Шукр аканинг “штаб-кавартира”сида ўтирганимизда Мирқосимов:
-Бор гапни ёзиб бермаганларида қамалиб кетардингиз, лекин ёзганларини ўқиб, жиннисии чиқиб қолганди,-деди Каримовни назарда тутиб.

Мирсаидов соддагина қилиб гапирарди:
-Ўзимдан ҳеч нарса қўшмаганманку, бор нарсани ёзиб бергандим, нега жинниси чиқиб қолади? Менга ҳам бақир-чақир қилган, лекин эшитмаганман,-деди.

Унинг учун ҳақиқатани айтиш оддий нарса эди. Мана шу нарса  ҳам Каримовни қўрқитган факторлардан биридир.

(ДАВОМИ БОР).

Жаҳонгир Маматов׃ “ИАК”

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Tarix saboqlari. Bookmark the permalink.