Жаҳонгир Муҳаммад

Мирсаидов ҳақидаги хотиралар

3. Қўрқув фактори

Иқтисод фанлари доктори Шукрулло Мирсаидовнинг Бош вазирликка келиши масаласига бевосита аралашиб қолганман. Олий Кенгашнинг 1990 йил март ойидаги сессиясида Каримов Министрлар Совети раислигига (Бош вазир-ЖМ) шу вазифада ишлаб турган Мираҳмад Мирқосимовни тавсия қилди.

У пайтда қайта қуриш, ошкоралик шамоллари бизга ҳам етиб келган ва Олий Кенгаш ҳокимиятнинг кучли бўғинига айланиш учун оёққа турганди. Ҳар бир масала катта баҳслар, тортишувлар билангина ҳал бўларди.

Биз депутатлар Паркентда халққа қарши қурол ишлатилганидан (Бу ҳақда “ИАК” да ўқишингиз мумкин-ЖМ) ғазабда эдик. СССР миқёсида тўполонларни бостириш учун генерал Шаталин бошчилигида махсус ҳарбий қўшин тузилганди. Ислом Каримов ана шу қўшинни ёрдамга чақирган.

Қўшиннинг бир бўлинмаси Паркентга яқин жойда турган ва воқеаларга аралашиш учун ҳукуматдан ёзма равишда изн сўраган. Мирқосимов ярим тунда ўша жойга борган. Унга Ислом Каримов телефон қилиб, ҳарбийларга ҳужжат имзолаб беришни ва эрталаб Паркент марказига танкларни олиб кириш лозимлигини айтган. Тошкент вилоятилик депутатлардан бири бунга гувоҳ бўлган. Биз бу ҳақда сессиядан олдин Мирқосимовдан сўрасак, у ким телефон қилганини яширди. Continue reading