Жаҳонгир Муҳаммад

Ялтада. Жаҳонгир Муҳаммад Бобомурод Ҳамдамов ва бошқалар билан.

Ялтада. Жаҳонгир Муҳаммад Бобомурод Ҳамдамов ва бошқалар билан.

Мирсаидов ҳақидаги хотиралар

2.“Боғидилкушо”

Президентнинг миллий масалалар бўйича маслаҳатчиси Шохобиддин Зиёмов ва каминани Украинага Ислом Каримовнинг ўзи юборди.

-Қрим татарларни Ўзбекистондан кўчирамиз ва бунинг пулини Украинанинг бўйнига қўйишимиз керак. Сизлар бориб Украина билан имзоланадиган шартномалардан шуниси билан шуғулланиб, уларни бунга кўндиринглар,-деди Ислом Каримов кетишимиз олдидан.

Ундан қрим туркларини кўчириш учун Москва катта миқдорда пул ажратганку, деб сўрадим.

-Ана шу пуллар Украинага ўтиб кетган,-деб жавоб қилди Каримов.

Биз Зиёмов билан Киевга боргандан кейин билдикки, Украинага ҳеч қанақа пул ўтган эмас экан.  Биз гаплашган ҳукумат вакиллари ва депутатлар аввалига бутун харажатни “Ўзбекистон тўлаши” керак деб туриб олдилар. Охири “Ўзбекистон ҳам бунга қисман ҳисса қўшиши” шарти  билан кўчириш харажатларининг асосий қисмини кўтаришга рози бўлдилар. Каримов буни истамади. Ана шу “ҳисса”ни “ҳужжатдан олиб ташлаш” учун биз бир неча кун Киевда қолиб кетдик.

Бир кун кечқурун кутилмаганда биз турган ҳукумат уйига Шукр Раҳматович кириб келди,  ёнида бир нечта мулозим ҳам бор.

-Бизнинг одамлар иқтисод бўйича ҳамма ҳужжатларни келишиб бўлишди, сизлар битта нарсани битира олмадингларми?-деди. У пайтда депутатлар мустақил бўлгани  учун Шукр Раҳматович асосан Зиёмовга гапирди. Кейин менга юзланди׃

-Жоҳонгиржон депутат дўстларингизни кўндира олмадингизми?

Шукр ака ҳам Каримов каби  “Жоҳонгир” деб гапирарди.

-Кўнишди, лекин биз ҳам озгина ҳисса қўшсак бўлади, улар бизнинг ҳам қардошларимиз-дедим .

-Мен уже Леонид Макарович (Кравчук, Украина Компартияси МКсининг ўша кездаги биринчи котиби-ЖМ) билан гаплашдим,  Ислом акам келгунча ҳамма ҳужжатлар тахт бўлишини айтдилар. Фақат ўша “ҳисса” расмиятчилик учун бўлса ҳам қолсин деяти. Бўлмаса бузғунчи депутатлар жанжал қилишлари мумкин экан. Лекин унинг ўрнига бошқа нарса сўранглар деди.

Шукр ака шундай деб ҳаммага бир-бир қаради. Ҳеч ким индамади. Менга навбат келганда׃

-Бухоро амири  Саид Абдулаҳатхон Ялтада қурдирган дам олиш зонасининг “ордери”ни олайлик,-дедим  Ўзбекистоннинг хорижда қолиб кетаётган мулклари ҳақида “Ўзбекистон овози”да чиққан мақоламни эслаб.

-Қизиқмисиз, у ўзимизнинг балансдаку, иккинчи биносини ҳам ўзимиз қурганмиз,  ҳар йил пул ажратамиз, ҳозир ҳам 4-управления ҳисобида,-деб жавоб қилди Шукр Раҳматович.

“Билмаган нарсангга қўшилиб нима қиласан?”, дегандек ҳамма менга қаради. “Суриштирмаган эканман”, деб ўйлаб бу ҳақда бошқа гапирмадим.

Тошкентга келганимиздан кейин Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 4-бошқармасига қарайдиган поликлиникамиздан таътилда Ялтада дам олиб келишим ва бунга йўлланма ажратилганини айтишди. Ким ҳам “Йўқ” дейди. Дарров пулини тўлаб, таътилни расмийлаштириб, умр йўлдошим Роҳилахон билан Ялтага учдик.

Аэропортда бизни санаторий бош врачи 70-80 километрлик жойдан келиб кутиб олди ва кейин хизмат учун қора “Волга”сини бериб қўйди. Ажаб?

Санаториянинг иккита биноси бор экан. Биттаси Амир иншо эттирган “Дилкушо”, иккинчиси Шароф Рашидов томонидан қурдирилган замонавий, кўп қаватли бино.

Биз турган бинони Амир Абдулаҳатхон ва унинг ўғли ҳам қароргоҳ, ҳамда ёзги дам олиш жойи сифатида фойдаланган. Амир бу жойни Чор Россиясидан сотиб олиб, Шарқ услубида қурдирган. Фавқулодда гўзал.

Биринчи қаватда Шароф Рашидов келганда қоладиган махсус жой бор. Усмонли қароргоҳларида ишлатилгани каби нақшдор қимматбаҳо тошлар билан марвитанчасига безатилган. Ҳатто ваннасигача  топилиш қийин, даволовчи тошдан қилинган.

Биз билан бирга Ислом Каримовнинг устози,  узоқ йиллар Давлат Планлаштириш қўмитасини бошқарган, ўша кезда Давлат нарх-наво қўмитасининг раиси, кейинчалик президентлик сайловида Комиссия раиси бўлган Қудрат Ахмедов ва умр йўлдоши Олмос опа (Ғафур Ғуломнинг қизи) ҳам келишганди. Бутун мулозимат  уларга ва соясидан биз ҳам  фойдаланяпмиз, деб ўйладим. Лекин Қудрат акани тепага жойлаштириб, “Рашидовнинг хонаси” дейилган жойни бизга беришди.  Ҳайрон эдик. Бир икки вазирлар билан бирга хонандалар   Бобомурод Ҳамдамов  дойрачиси Ҳамроқул ака билан,  Хайрулла Лутфуллаев дойрачиси Талъат  ака билан ҳам ҳам шу ерда эдилар.

-Бу бино 1924 йили Қрим ижроқўми қарори билан бир умрга фойдаланиш учун Ўзбекистонга берилган ва шундан бери бизники,-деди бир куни бош врач суҳбат орасида.

Унинг кўп гапдан хабари бор эди. Ҳатто Киевдаги савол-жавобдан ҳам.

Хуллас, яхши дам олиб қайтдик.

Шукр аканинг ҳовлисида дарвозадан кирганда чап томонда “тераска”си бўларди. Шу ерда икки киши юзма-юз гаплашиб ўтириши учун иккита кресло қўйилган. Бир кун чой ичиб бўлганимиздан кейин ана шу креслода ўтириб Ялтадаги снаторийдан гап очдилар. У бинонинг аҳамияти ва ичидаги тошларнинг ноёблигини гапирдилар.

-Вазирга Жоҳонгир оиласи билан бориб, ўша ерда дам олиб келмоқчи, қараб қўйинглар деб айтгандим,-дедилар.

-Боришимни қандай билгандингиз? -дея ажабландим.

-Ҳукумат ҳамма нарсани билади,-деб жилмайдилару кейин тин олиб,-Биласизми, гапингизни кесиб ташлаб хато қилган эканман. Тошкентга келиб суриштирсам, санаториянинг ҳамма харажатлари бизда, биз қурганмиз, лекин  “ордери” бизда эмас экан. Ўшанда бу масалани қўйсак, Қрим ижроқўмининг 1924 йилги қарорини баҳона қилиб, бу биноларни бутунлай ўзимизга олардик. Энди “Шуни сотиб олайлик” десам Ислом ака кўнмаяти. Сиз бориб дам олиб, у ерга меҳр қўйиб келинг, дегандим. Мана бориб, кўриб келдингиз, энди шу масалани сессияда кўтармайсизми?-дедилар.

Икки раҳбар орасидаги ўйинга тушиб қолаётгандек ҳис қилдим ўзимни ва ўша кезда санатория масаласига қайтмадим.

Лекин бир кун мавриди келиб қолиб, хориждаги мулкларимизни қайтариб олиш ҳақида гапирсам, Каримов׃

-Бу Маданият қўмитасига оид, мана Примқул ака Қодиров шу ерда ўтирибдилар, бу ҳақда таклиф тайёрласалар кўриб чиқамиз, булар жуда кичик нарсалар,- деб масалани ёпди.

Кейинчалик суҳбатларимизда Шукр ака Киевда имкон туғилганда диққат қилмаганларини бир неча марта эслаб, афсусландилар. Табиийки, у кишининг бу нарсани бир неча марта эслаши диққатимни тортганди. Чунки раҳбар одамнинг миллионта ташвиши бор, миллионта гапга “ҳа” ё “йўқ” дейиши табиий ҳол. Қайси бирини эслаб юради? Аммо Шукр ака бу масалани бир эмас, бир неча марта эслашидан у балки ўзини айбдор ҳисобладимикан, деб ҳам ўйладим.

Бундай олганда, “бу кичик нарса”дек кўринади,  лекин миллат мулкининг катта-кичиги бўлмайди. Шукр ака ана шуни ўйлаб, виждонан қийналган эди, манимча?! Виждонан қийналган одамда виждон кучланиб боради. Чунки виждон қийналишдан чиниқади.

Виждон сиёсатчиликка дош беролмайди. Сиёсатчиликни касб қилганларнинг кўпи виждонидан айрилган. Бунинг тарихда ҳам, бугун ҳам мисоллари жуда кўп. Шукр ака балки виждонини асраб қолиш учун сиёсатчиликдан чекиндимикан? Бу энди кейинги мавзу.

Дарвоқе, санатория тақдири нима бўлди, аниқ билмайман, эшитишимча  номи сақлангани билан ўзи Украина ҳисобида.

(Давоми бор).

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Tarix saboqlari. Bookmark the permalink.