Нурилла Остон

СЕН ЎЗИ КИМСАН?

Бир оғайним раҳбарлик лавозимига ўтди-ю, уйидаги хонанинг бир томонига бор бўйича аквариум қурдирди. Сув ўтлари, чиғаноқлар, турли рангдаги балиқчаларнинг жилпанглаб сузишлари кишининг баҳри-дилини очади. Бир куни уйида ўтириб қолдик.

-Шу аквариуминг жуда зўр-да,-дедим ҳавасим келиб.

-Биласанми, халқ билан ишлаш жуда қийин,-деди у.-Бир оғиз гап кўплик қилади, ярим оғиз гап камлик қилади, дегандай…Баъзан жуда жондан тўйиб кетганимда тўппа-тўғри уйга келиб, балиқлардан ўчимни оламан. Сен ўзинг кимсан, дейман, бақираман, сўкаман, шундай қилиб ҳовуримдан тушаман. Балиқнинг яхши томони, нима десанг ҳам индамайди…

Милоддан уч юз йил олдин Чин Че Ван деган подшоҳ Чин давлатига асос солган экан. У илоҳий кучларга жуда ишонар, коинот томондан ўлчаб берилган, деб ҳатто олаётган нафасини ҳам тежар экан. У халқни бошқаришдан шунчалик безиб кетибдики, ер ости салтанати қурдириб, кўча ва йўллар, дўкон, омборхоналар бино қилдирибди. Салтанатни сон-саноқсиз сополдан ясалган одамлар ва лашкарлар билан тўлдирибди. Лашкарларнинг қўлига ҳақиқий найза ва камонлар тутқазиб қўйибди. Баъзан давлат ишлари жуда жонига тегиб кетганида Чин Че Ван ер остидаги индамас юрт салтанатига кириб, хумори тарқагунича қайтиб чиқмас экан. У ер усти салтанатида шундай тартиб ўрнатиш учун бир умр ҳаракат қилган экан-у, лекин уддалай олмаган экан. Халқ балиқ, ёки ер ости салтанати фуқароси эмас-да!

Дарвоқе, балиқ ҳақида. Балиқни ҳамма яхши кўрар экан. Пайғамбарлардан тортиб подшоҳларгача, ҳатто майда-чуйда раҳбарларгача. Улар ўз қўл остидагиларнинг балиқ бўлишини хоҳлар экан. Балиқ одамлардан фарқли ўлароқ гапирмайди, сўзингни бўлмайди, фитна қилмайди, ишнинг белига тепмайди.

Мен ҳам қанчалик ажабланарли бўлмасин, балиқни яхши кўраман. Чунки ҳар бир одамнинг ичида уйғонмаган битта раҳбар ухлаб ётади. Агар у мансабга чиқиб қолса, ичидаги раҳбар уйғонади, кейин бир кун келиб унда балиққа эҳтиёж туғилади.

Чақалоқлик пайтимда ёнимда ётган чақалоқ биқинимдан туртган:

-Бунча питиллайсан, кимсан ўзи? Сурил нарига олифта,-деган. Кейин билсам, у аллақандай амалдорнинг чақалоғи экан-у, жой йўқлигидан мени унинг каравотига тиқиштиришган экан.

-Кимсан ўзи, ҳамма нарсага бурнингни тиқаверасан,-дейишди сал каттароқ бўлганимдан кейин.-Индамай ўтир ёки калтак ейсан!

Мактабни аъло баҳоларга битирганимда олтин медал беришмади.

-Ўзинг кимсанки, олтин медал олсанг,-дейишди менга.-Медал оладиганларнинг орқасида одами бор. Биттасининг отаси мактабда директор, иккинчисиники база мудири, учинчисининг отаси министр. Сенга шу ҳам етади!

Ўқишни битириб ишга кирдим. Машиналарни юргизишда бензин ўрнига суюлтирилган кислород ишлатиш бўйича ихтирочилик таклифи билан раҳбариятга чиқдим.

-Атрофимизда турли хил ихтирочилик таклифи билан юрган сенга ўхшаган олимлар тиқилиб ётибди,-деди раҳбар.-Мана биттаси ойга ракета учиришда гўнгдан фойдаланиш бўйича ихтирочилик таклифи билан келди. Бунинг учун ракетанинг тенг ярми мол гўнги билан тўлдирилади. Герметик тешик орқали ундан чиқадиган газ поршенлар сиқуви натижасида катта энергия ҳосил қилади. Қарабсанки, ракета оддий ёнилғи солинган фазо кемаларига қараганда мол гўнги билан камида ўн баравар тезлик билан учиш имкониятига эга бўлади.

Ёки мана, спортчилар ўртасида ҳар куни қанчадан-қанча югуриш мусобақалари уюштирилади. Агар уларнинг оёғига югуришдан ҳосил бўладиган энергияни йиғадиган аппарат ўрнатадиган бўлсак, югурувчилар ҳисобига мамлакатни бепул электр энергияси билан таъминласа бўлади. Бу ихтиролар олдида сенинг ихтиронг ҳеч нарсага арзимайди…

Уйландим. Келин бола бадавлатгина хонадоннинг қизи экан, тўйнинг учинчи куни овқат пиширишдан бош тортди.

-Керак бўлса овқатингни ўзинг пишир. Ҳар куни сенга овқат пиширишга малай йўқ. Кимсан ўзи?-деди.

-Эрингман,-дедим нима дейишни билмай.

-Бошқа эрлар хотинини одамга ўхшаб ресторанга овқатлантиришга олиб боради,-деди у зарда билан. Кейин кўч-кўронини кўтариб жўнаворди.

Кўчада мелиса тўхтатди:

-Кимсан ўзи, пиёдалар ҳаракати таъқиқланган йўлдан юришга? Жарима тўла!-деди.

Ярим тунда бойқушнинг ёқимсиз овозидан этим жунжикиб кетди.

-Ҳу-ҳу-ҳув! Кимсан ўзи менинг салтанатимда тинчлигимни бузадиган?-деб ёзғирди у.

Уйга келдим.

-Кимсан ўзи,-акс-садо чиқди тўрт девор орасидан.-Менинг мулкимга берухсат киришга нима ҳаққинг бор?

Деворнинг зуғумидан карахт бўлиб қолдим. Энди уйимга ҳам сиғмасам бу қандай гап? Исмимни эслолмадим. Кимлигимни унутдим. Кўнглимга боқдим. Кўнглим кирланиб кетган эди.

-Кимсан ўзи?-деди кўнглимдаги кир.-Кўнглингдан кўнглингни уз, кўнглинг энди сени танимайди…

Кўнгилки шунчалик кирланибди, кимлигимни англаш учун покланиш керак, деб ўйладим. Исо Масеҳнинг ёнига бордим. У Ўлик денгиз қирғоғида пешонаси шўр балиқларни томоша қилиб ўтирган экан.

-Биласанми, мен ота ва ўғил ҳамда муқаддас руҳдан иборат учликни ўзимда жамлаган пайғамбарман,-деганимда ҳамма устимдан кулган эди. Чунки уларнинг кўнглини кир босиб кетган эди. Ўша дамларда Ўлик денгиз қирғоғига келиб пешонаси шўр балиқларни томоша қилишни яхши кўрардим. Ё тангрим, наҳотки бандаларингнинг мана шу балиқлардан ҳам пешонаси шўрроқ бўлса, деб фиғон қилардим. Балиқларга “Мен муқаддас учликни бирлаштирган пайғамбарман”,-десам, “Хўш, пайғамбар бўлсанг, бизга нима? Ким бўпсан?”-дейишмасди.

Эски Аҳд ҳам, янги Аҳд ҳам аслида яҳудийларнинг яссо маҳзаби томонидан яратилган. Фарқи шундаки, эски Аҳд фақат суннат қилинганлар учун эди. Мен уни халқчилроқ қилиш мақсадида янги Аҳдни яратдим. Суннат қилинган-қилинмаганларни ҳам шу динга тарғиб қилдим. Яна бир халқчил томони-динни қабул қилувчилар биринчи маротаба сув билан, иккинчи маротаба шароб билан покланар эди. Шундан инсониятнинг кўпчилиги менинг динимга ўтиб кетишди. Балиқларга келадиган бўлсак, улар осий бандалардан фарқли ўлароқ мендан ҳеч қачон “Сен ўзи кимсан?”-деб сўрашмаган…

-Кучсизлар ҳамиша адолат тарафдори бўлишган,-деди кейинги пайғамбар.-Кучлилар кучсизларни тан олмаган, шундан кейин уларни қатағон қилишган. Шунинг учун кучсизлардан қўрқиш керак. Кўнгил кўзи очиқ бўлса, буни англаб етасан.

Шундай дея у менинг қалбимга ишқи илоҳийни жойлади. Кўнгил ғубордан тозаланди. Уйга келиб, хонанинг бир томонига бор бўйича аквариум қурдирдим. Кейин ичига сув солиб, турли рангдаги жилпанглаган сон-саноқсиз балиқчаларни қўйиб юбордим. Аквариумдаги балиқчаларга: “Сен ўзи кимсан?”-дея ўшқираман. Балиқчалар индашмайди, думини елпуғич қилиб жилпанглаганича қочиб қолади. Бундан руҳланиб кетиб, яна бақираман:

-Сан ўзинг кимсанки, бунча думингни жилпанглатасан,-дейман. Хуллас, нима десам-дейман, ҳовуримдан тушаман. Шундай маза, шундай кайф қиламан, буни сўз билан ифодалашнинг иложи йўқ. Буни тасаввур қилиб бўлмайди, кўз билан кўриш керак.

Ишларим юришиб кетди. Бир думалаб, амалдорга айланиб олдим. Кимни кўрсам, оғзини очмасдан бурун “Сен ўзинг кимсан?”-дея попугини пасайтираман. Хотин отасиникидан қайтиб келиб, ҳар куни ғинг демай овқатимни пишириб берадиган бўлди. Хитойнинг биринчи подшоси Чин Че Ван ва Ньютондан фарқли ўлароқ бутун оламни бошқариш қонунини кашф қилдим. Бу кашфиётни “Ер ости салтанати ва балиқлар салтанатини бошқариш қонуни” деб атадим…

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s