Луқма

Танганинг томонлари

Умуман  АҚШ ҳудудига хуруж қилган “Сэнди” (Sandy) тўфони ҳақида кўп ёзилмоқда. Жумладан, камина ҳам ўз таассуротларимни ёздим.  Лекин бугун қизиқ бир факт диққатимни тортди. Бу балки сизга ҳам қизиқ туюлиши мумкин.

Танганинг икки томони бўлади. “Сэнди” офатини “Худонинг қаҳри” деганлар ҳам, “Худонинг инояти” деганлар ҳам бор. “Худонинг қаҳри” деганлар асосан Шарқдан, “Худонинг инояти” деганлар асосан Ғарбдан. “Худонинг қаҳри” деганларнинг иддаоси: АҚШ мазлумларни қақшатгани учун Аллоҳнинг қаҳрига учрамоқда!   Хўш, “Худонинг инояти” деганларнинг иддаоси нима?

Америка тарихидаги мисли кўрилмаган бу тўфон қамраган ҳудудда ҳар куни ўртача 263 киши  авариядан ҳалок бўлар экан. Тўфон кунлари одамлардан уйларида ўтириш талаб қилинди, йўллар бекитилди, мажбурий йўлга чиққанларга тезлик нормаси кескин туширилди ва ҳоказо… Тўфондан  ўлганлар сони кўпи  билан эллик атрофида. Нари борса юздан ошар. Демак, Худо 263 кишидан аксарини асраб қолибди.

Бундан ҳам қизиғи, тўфон иш қидириб юрган 100 мингдан зиёд одамга иш берар экан. Гап шундаки, Нью Йорк ва Нью Жерсей штатларидаги талафотларни қоплаш учун федерал хазинадан пул берилади. Бунинг устига уй-жойлар суғурта қилинган. Эгаларига янгиси бепулга қурилади ёки улар бозор нархида пулини олишади.

Кейинги пайтларда қурилишларда ишлаётган кўпгина ўзбек муҳожирлари ҳам ишсиз қолганди. Демак, Худонинг уларга ҳам раҳми келди, иш жойлари яратиб берди.

Дарвоқе, баъзилар тўфоннинг иқтисодий зарари 20 миллиард доллардан зиёд, АҚШнинг куни битди, дейишмоқда.  Лекин АҚШдаги “400 бойлар” рўйхатининг 13 – ўринда тургани-Ларри Пейж деган кишининг якка ўзидагина 20 миллиарддан кўп пул бор экан…

Кўрдингизми, танганинг икки томони бор.  Худо баҳона, ҳар ким ўзи истаган томонини кўради.

ЖМ.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, maqolalar, Uzbek. Bookmark the permalink.