Жаҳонгир Муҳаммад

ОФАТ БИЛАН ЮЗМА ЮЗ

1. ХАВОТИР

Уйимиздан соҳилга қадар беш юз одимдан сал зиёд. Айвонимиздан соҳил кўриниб туради. Уйимиз ва соҳил орасида бир қанча дарахтлар ва бир қанча уй бор, холос. Ёз бўйи айвонда ўтириб уммоннинг ҳавосини ҳис қиламиз. Иссиқ кунларда эса бўш вақтимиз соҳилда ўтади.

“Сэнди” (Sandy) офати ҳақида гап бошланиши билан айвонга чиқдим. Ҳеч гап йўқ. Уйга кириб-чиқишимиз ана шу айвон орқали бўлгани учун фарқни сезмаган ҳам бўлишим мумкин.

Уйимиз сув сатҳидан анча баландда. Биздан қуйида ва тепароқда ҳам уйлар бор. Бу жойлар қурилганига икки йил бўлмоқда. Офатлардан тажриба тўплаган Америка уй-жойларни шароитга мослаб боради. Уйимиз уч қаватли, лекин биринчи қавати ер остида. Бир бурчаги эса “бункер”. Табий офатдан сақланадиган жой.

“Сэнди” келар экан, тинмай огоҳлантиришди: “Юқори қаватларда ётманг!”.
Кўнглим тўқ. Сўв кўтарилса ҳам бизнинг уйга қадар етолмайди, деб ўйлайман. Қолаверса, тўфон тескари айланаётгани ва биз томондаги сувни шимолга суриши мумкинлиги ҳам кўнгилга таскин беради.

“Электрсиз қолишингиз мумкин!”
Лекин янги қурилган жойларда электр симлари ер остидан ўтганку, дарахтлар йиқилса ҳам фарқи йўқ деб ўйлайман.

“Сув бўлмайди”.
Уйимизда бешта ётоқ хонаси бўлса, ҳар бирининг ўз ваннаси бор ва дарҳол ванналарни сувга тўлдира бошлаймиз. Дўкондан шишаларга солинган ичимлик сувидан ташиб келамиз.

“Бензин тақчил бўлиши мумкин!”
Дарҳол машиналарни “заправка” қилиб, гаражга жойлаб қўйдик.

Хуллас, нима дейишса шуни бажариб турдик.

Бундай пайтларда ҳамма ўзини дўконларга уради. Кимдир фонар қидиради, кимдир сув ва озиқ овқат “запас” қилади. Биз фонар қидирдик. Дўконларда фонар қолмабди. Эски уйимизга бориб, эски фонарни олиб келдик.

Шанба шундай ўтди… Якшанба телевизор олдидан кетолмай қолдик. “Ана келди, манa келди!”

Бирдан ёмғир бошланди. Шиддатли. Уйимизнинг олди ва ортидаги кўчалар сувга тўлди. Лекин бир зумда бу сув ғойиб бўла бошлади. Йўл четларига сув кетадиган ер ости каналлари қурилган ва ҳар қанча сувни ҳам “ютади”.

Биринчи қаватда агар уйни сув босса сувни ташқарига чиқариб отадиган махсус мотор қўйилган. “Свет” ўчса бояги каналлар тўлиб қолиши мумкин. Чунки жойимиз баланд-паст адрлардан иборат бўлгани учун каналларни моторлар юрғазади. Сув кетмай қолса-уйни босади. Ёдимга махсус батарея олиб қўйиш кераклиги ҳақида огоҳлантиришгани тушди. Эътибор қилмаган эканман. Худонинг ўзи асрасин!

Душанба оқшоми тўфону тўзон қўшилиб кетди. Дарахтлар ҳали у томонга ётади, ҳали бу томонга…Тез-тез соҳилга қараб қўямиз. Бирданига бешта каналдаги хабарларни кўраяпмиз. “Об-ҳаво канали” умум ташвишни ёритса, Си-Эн-Эн (CNN) умумамерика хабарларини бермоқда, маҳаллий каналларни ҳам диққатдан қочирмаяпмиз: Нью Йоркни сув босмоқда, метроларни сув қопламоқда, Нью Жерси соҳиллари офат ичида… Деразаларимиз титрамоқда, деворлар “додламоқда”, бирдан “свет” ўчди. Бир зумлик ваҳима. Фонарни ёқдик, шамларни ёқдик.. Сигнализация эса ишлаб турибди. Ҳайрон қолиб тургандим “свет” қайта ёнди. Тағин ўчиб қолиши мумкин деб “Бункер”га тушдик. Сукунат. Осойиш.

Эрталаб уйғонсак, Нью Йоркда ёнғин чиққани ҳақидаги хабар ва биздан сал нарида кучли қор ёғмоқда экан…. Дарҳол Нью Йоркдаги танишларга, қариндошларга телефон қилдик. Шукур, омончилик. Ўзбекистонга сим қоқдик ва “Хавотир олманглар” деб қўйдик.

2.ОДАМЛАР…

Дунё ҳамма нарсадан юз бурган тақдирда ҳам Америкадан офатга қарши тайёргарлик кўришни ва офатни енгишни ўрганиши керак. Бу миллионларнинг ҳаётини қутқариб қолиш демакдир. Тўғриси миллионлар ўзларининг ва бошқаларнинг ҳаётларини асраб қолишлари демакдир.

Тўфон, Довул, Бўрон, Тўзон… Аслида Американи буларсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Ҳар йили тўфонлар бўлади. Атрофи уммонлар билан ўралгани учун ҳам сув тошқини одатий ҳол.

Ҳар йили камида 3-4 марта довул бўлади. Вайронагарчиликлар қолдиради ортидан…

Кучли шамол ва ёмғирни бошлаб келадиган бўрон ва тўзон ҳам бу юртга бегона эмас.

Лекин бу йил ҳаммаси бирданига ва кутилмаган вақтда ёприлди. Сув тошқини, кучли шамол, шиддатли ёмғир, оғир қор ёғиши… қарийб юз миллион одам истиқомат қиладиган ҳудудга қараб келди. Тўфоннинг кенглиги 800 километрдан ҳам кенгроқ эди. Шамолнинг тезлиги одамни учурадиган, дарахтларни қулатадиган даражада. Тошқиннинг бўйи икки метрга яқин.

Лекин Америка худди олдингиларига тайёр бўлганидек, бу даҳшатли офат қаршисига ҳам ваҳимасиз юзма-чиқди ва енгди. Ҳозир урушдан зафарли чиққан аскардек тин олмоқда, яраларини даволамоқда. Қисқа вақтда бу офат хотирага айланади. Чунки бошқасига қарши ҳозирлик бошланади.

Агар “Сэнди” офати дунёнинг бошқа жойида юз берганида миллионлаб одамнинг ҳаётига зомин бўларди. Америка эса бунинг олдини олди. Асосийси ҳам шу эмасми – миллионлаб одамларнинг ҳаётини асраб қолиш… Бунга қандай эришди?

3. БИЛИМ

Ҳали “Сэнди” океаннинг ўртасида экан олимлар ва мутахассислар таҳлил юритиб, унинг йўли қай тартибда давом этишини тахмин қилдилар ва бу илмий тахминларнинг бир нечтасида тўхталдилар.

Буни яширинча эмас, балки халқнинг кўз олдида, юзлаб ТВ каналлари орқали амалга оширдилар.

Тахминлар қисқариб, иккитага ва ниҳоят биттага тушди. Ҳатто “Сэнди”нинг қаерда тезлашиши, қаерда қаёққа бурилиши ва ўзини қачон соҳилга уриши, осмонда иссиқ ва совуқ ҳаволарнинг қайси нуқтада тўқнашуви, қайси соҳилларни қанча сув босиши, қаерларда “свет” ўчиши ва қайси ҳолатларда ёнғин чиқиши… ҳаммаси олдиндан айтиб берилди.

Мамлакатнинг бутун шарқий қирғоғида сафарбарлик бошланди.

 “Сэнди”нинг “назарига тушган” ҳудуддаги барча штатлар бирин кетин фавқулодда ҳолат эълон қила бошладилар. Ишхоналар ёпилди, одамлардан уйда ўтиришлари талаб қилинди. Сув босадиган ерлардан халқни махсус бошпанагоҳларга кўчирдилар.

Билим ва таҳлил шундай ишладики, бутун халқнинг диққати фақат “Сэнди”га қаратилди. Ҳатто мамлакатнинг келажагини белгилайдиган сайлов ҳам бир неча кунга хаёлдан кўтарилди. Президент ҳам, мухолифати ҳам сайловолди муҳим учрашувларини бекор қилдилар. Матбуот “сериали” “Сэнди” бўлди.

 “Сериал” ҳали ҳам давом этмоқда. Бу инсоннинг билими унинг ҳаётини қутқариши ҳақидаги “сериал”дир…

30 октябр, 2012 йил.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, maqolalar. Bookmark the permalink.