Таҳлил

ЯНА ГУЛНОРА ҲАҚИДА
Гулнора Каримовани мамлакатда кимлар қай тарзда қўллаб тарғибот қилаётганлари хақидаги мулохазамизни давом эттирсак. Ўтган сафар санъат олами вакиллари Гулнорани нима сабабдан қўллаб қувватлаши хақида мулохаза юритганда баъзи муҳим омилларни назардан четда қолдирган эканмиз. Гулнора ўзбек санъаткорларини ўз тадбирларига жалб қилиб улардан яҳшигина хомийлик бадаллари хам ундириб боради. Қолаверса санъаткорларнинг оддий фаолият лицензияси олишидан тортиб халқ артисти унвонигача хамма ютуқлари уларнинг Гулнора билан муносабатларига боғлиқ. Халқ артисти унвони илинжида Гулноранинг тадбирларига катта миқдорда хайрия маблағлари ўтқазиб мақсадига етолмасдан чув тушган таниқли санъаткорлар бир талай. Уларнинг баъзилар билдираётган эътирозларга нисбатан бу йил ёзда уюштирган “самимий” пресс-конференциясида Гулноранинг ўзи хам тўхталиб “Фонд форум” халқ артисти унвони берадиган ташкилот эмаслигини эслатгани бежизга эмасди.
Яна бир омил бўлса Гулноранинг ёш актёрлардан бирига нисбатан шахсий туйғулари билан боғлиқ. Бугунги ёшларнинг идеали бўлган киноактёрлардан бирига кўнгил қўйган Гулнора у билан турмуш қуриш иштиёқини билдирган. Хатто хорижида ўзбек эркак актёрларининг рейтингини хам эълон қилдириб бу рейтингда ўзига ёққан актёрни биринчи ўринга қўйдирган. Гулнора билан турмуш қуришнинг не оқибатларга олиб келишини яхши тушунган актёр зудлик билан бошқа қизга уйланиш тараддудига тушиб қолган. Воқеалар ривожидан ғазабланган Гулнора актёрни уйдирма айблар билан қаматиш қарорига келган ва унинг тўйига тўғоноқ бўлган. Аммо кейинчалик атрофидагиларнинг бу иш ўз номига қора доғ тушириши тўғрисида Гулнорани ишонтира олиши сабаб актёр қўйиб юборилган. Хуллас Гулноранинг санъат олами билан тиғиз алоқада экани биргина юлдузлар машхурлигидан ўз тарғиботини олиб боришида фойдаланаётганида эмас балки санъат олами билан уни кўп омиллар боғлаб турганидадир.
Энди Гулнорани қўллаб қувватлаган ва қўллаб қувватлаётган сиёсатчилар масаласига келсак. Бугунги кунда улардан энг кўзга ташлангани яқиндагина бир неча вазифаларидан бирваракайига хайдалиб иши терговга ўтқазилган собиқ Бош Вазир ўринбосари Абдулла Ориповдир. Абдулла Орипов мамлакатда телекоммуникация тизимини энг яҳши биладиган амалдор, ўз сохасининг етук мутахассиси сифатида эътироф этилади. Бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда хам энг катта ўзгаришлар айнан шу сохада амалга оширилмоқда. Гапни қисқа қиладиган бўлсак “пул борки ўғирлик бор” ақидаси асло панд бермасдан ишлайдиган Ўзбекистонда жадал ривожланаётган телекоммуникация сохасида катта коррупцион жиноятлар содир этилгани ошкор бўлиб қолди. Бу айнан Гулнорага алоқаси борлиги иддао этилаётган Швейцарияда терговга жалб қилинган фирмалар амалга оширган пул ювиш билан боғлиқ амалётларнинг бир қисми сифатида қаралмоқда.
Хаммаси мазкур терговлар доирасида ўртага чиққани иддао этилаётган Боинг компанясидан 130 миллион долларга харид қилинган шахсий самолёт мавжудлигидан бошланади. “Норасмий-расмий” хабар манбааси бўлмиш uzmetronom.com сайтида ушбу самолётни Абдулла Орипов ўзининг Қозоғистон фуқароси бўлган қариндоши номига сотиб олгани эътироф этилади. Бу самолётни олишга сарфланган маблағларнинг манбааси сифатида ўртага ташланган вариант эса унданда қизиқарлироқ.
Эмишки, Хитойнинг Huawei Technologies Co.Ltd. ширкати Ўзбекистон хукумати билан тузган йирик шартномасига “миннатдорчилик” сифатида Қозоғистон фуқароси номига Боинг самолёти буюртма қилади. uzmetronom.com манбаасига кўра Хитойликлар бу ишни Абдулла Ориповнинг талаби асосида Қозоғистон фуқароси бўлган нотаниш киши номига самолёт харид қилиш учун тўғридан-тўғри тўлов амалга ошириш йўли билан бажаришади.
Бу иддаода оддий кўз билан кўринадиган мантиқсизликлар қуйидагилардан иборат. Биринчидан Хитой ширкати Ўзбекистонга 130 миллион долларлик самолёт билан “миннатдорчилик” изхор қилиши учун имзолаган шартноманинг миқдори қанча? Интернетда фақат 2007 йилда Huawei Technologies Co.Ltd.билан Ўзбекистон хукумати номидан Абдулла Орипов 13 миллион долларлик шартнома имзолангани хақида маълумот мавжуд. Бошқа маълумот бўлмасада кейинги йилларда хам шунчадан шартнома тузилган деб оптимистик фараз қилинса 5 йил ичида кўпи билан 60-70 миллион долларлик шартнома тузилган бўлиши мумкин. Бу маблағни деб Хитойликлар 130 миллион долларлик самолётни миннатдорчилик сифатида Ўзбекистонга хеч қандай алоқаси бўлмаган Қозоғистон фуқаросига “совға” қилишлари мантиққа тўғри келмайди.
Бундан ташқари Хитойлик бу ширкатнинг ўтган йилдаги соф даромади 3.8 миллиард доллар (24 миллиард юан) атрофида бўлган. Улар Ўзбекистон каби яна юзлаган харидорлар билан ишлашлари кўзда тутилса Ўзбекистондан буюртма олиш учун 130 миллион доллар “миннатдорчилик” беришлари яна хеч қандай мантиққа сиғмайди.
Хуллас, Қозоғистон фуқароси номига олинган самолётнинг дараги Швейцариядан келиши шуни кўрсатадики самолёт айнан Гулнорага тегишли экани суриштирилаётган фирмалар томонидан харид қилинган. Албатта овоза бўлмаслик ва бошқа яна бир қатор важлар туфайли Гулноранинг гумашталари уни Қозоғистон фуқароси номига олишган бўлишлари мумкин. Аммо бу ерда Абдулла Ориповнинг “айби” ўша Хитойлик ширкатдан Гулнора учун миннатдорчилик пули олиб берганидадир. Суммаси бизга номаълум бўлган бу маблағни ётқизиш учун Абдулла Орипов Хитойликларга имзолаб берган қоғози энди ўзига қарши ишлатилмоқда. Гулнорани сувдан қуруқ чиқариш учун Абдуллар Ориповни хизмат ваколатини суъий истеъмол қилган холда имзолаган шартномаси эвазига “чойчақа” олганликда айблашмоқда. Аммо бу чойчақанинг нега Абдулла Орипов Гулнорага тегишли оффшор хисоб рақамларига олгани масаласини яна Швейцариялик хуқуқбонлар аниқлаштириши лозим бўлиб қолади.
Амалларидан ажралган Абдулла Орипов хозирча очиқда қолаётганининг сабаби хам унинг “гунохсизлик эчкиси” эканини хамма билиб тан олишидир. Яқин орада хориждаги тергов жадаллашиб қолса аблатта уни қамаб Хитойликлардан олган пулларини қайтаришга хам навбат келади. Шубха қилмаса хам бўлаверадики Гулнора билан бундай ишларга бош қўшишнинг охири вой бўлишини Абдулла Орипов яхши билган. Аммо мамлакатда бирор лавозим ёки вазифага ўтиришнинг ягона шарти бор – ўла-ўлгунча қироллик оиласи манфаатлари учун хизмат қилиб хар он қироллик оиласи шаъни учун жон беришга тайёр бўлишга қасам ичишдир. Бу қасамни ичиб унинг йўлида қурбон бўлаётганларнинг саноғини юритиш учун бугун алохида кузатувчи ташкилот ташкил қилиш лозим.
Гулнора билан шериклик қилганлар ҳеч қачон рўшнолик кўрмаганини эса хамма яҳши билади, шу жумладан жорий амалдорлар хам. Собиқ Zeromax ширкатининг расмий рахбари Миродил Жалолов вақтида Гулнорага миллиардлаб долларлар “ювиб бериганида” Ўзбекистоннинг энг мухим 3- одами саналарди, бугун эса унинг тирик ёки йўқлиги хам аниқмас. МТС Ўзбекистон собиқ директори Бехзод Ахмедовнинг тақдири хам ноаниқ. Бундай мисолларни турли даражали амалдорлар орасида кузатиш мумкин.
Мамлакатдаги мулкчилик шаклидан қатъий назар муваффақиятли бизнесларни турли йўллар билан ўзлаштириб олишга одатланган Каримовлар оиласи вакиллари энди қўшма ва хорижий компанияларга хам айни методни қўллай бошлашди.
Ўзбекистонда бизнес юритишда Каримовлар оиласининг “Менинг ўйиним – менинг қоидаларим” тамойилига рози бўладиган бизнес вакилларигина мамлакатга сармоя киритишга рози бўлишади. Ўзбекистондаги хақиқий бизнес муҳитини билмасдан кириб қолган йирик халқаро корхоналарнинг кўпчилиги бугун мамлакатдан қуруқ қўл билан хайдаб солинган. Бу ўйинлар аблатта шахсан Каримовларнинг эмас турли жабха вакилларининг қўли билан амалга оширилади. Вақти келиб хақиқат қарор топишига эхтиёж сезилса хам Каримовлар яна сувдан қуруқ чиқишади.
Мамлакатдаги йирик иқтисодий тармоқлар рахбарларига қўйилган ёзилмаган асосий талаб Гулнора Каримовага тегишли хорижий фирмаларга бирор даромад келтириш механизмлари орқали ишлашдир. Бу даромадларнинг энг йириклари энергия захиралари, пахта ва қимматбахо металлар экспорти жараёнида амалга оширилади. Бугун Гулнорага даромад келтирмасдан фаолият олиб борадиган юқори поғона амалдор умуман қолмаган. Афсуски хавфсизлик тизимлари айнан шу операцияларни амалга оширишни назорат қилиш учун маъсул бўлиб, бунга ўзлари бошчилик қилишади.
Абдулла Орипов ёки бошқа амалдорнинг самолёт олгани иддаоси хам фақат халқаро ҳамжамият ва хорижий терговчиларни лаққа тушириш учун ўйлаб топилган иддаодир. Оддий фуқароси учун юртида ишлаб чиқарган автомобилни бирор амалдорга пора бермасдан сотиб олишни имкони бўлмаган Ўзбекистонда кимдир самолёт олган бўлса бу Каримовлар оиласи вакилларидир. Бугун Швейцарияда гаров эвазига озод қилинганлар хам, собиқ бош вазир ўринбосари Абдулла Орипов хам Каримовлар молиявий салтанатининг бир марта ишлатиладиган воситаларидирлар. Буни жаҳон хамжамиятига хам овоза қиладиган вақт етган. Зеро бир неча мамлакатларда Каримовлар оиласи маблағлари юзасидан олиб борилаётган терговлар бунга яхшигина ойдинлик киритишига умид бор.
Ўктам Худоёров.
Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Tahlil. Bookmark the permalink.