Мулоҳаза

Отасининг жилови қизининг қўлида

Совет давридан мерос олганимиз энг фожеали иллат бу хақиқий сиёсатнинг доим панада, бир ховуч нафсини жиловлай олмайдиганлар томонидан юритилиши, бу вақтда эса ОАВ орқали халққа “Бизда ахвол олдингидан хам яхшироқ, бундан яхшироқ бўлиши мумкин эмас” деган тушунчани сингдиришга харакат қилинишдир. Кўп йиллардан бери оммавий ва бошқа “норасмий” (пистафуруш-у махаллақўмдан тортиб МХХ зобитларигача хамма миш-миш тарқатадиган) ахборот воситаларида беқиёс иқтисодий ўсиш, ижтимоий юксалиш ва сиёсий барқарорликга эришаётганимиз “хақиқати” тарғиб қилинмоқда. Қизиғи шундаки хақиқий ижтимоий-сиёсий ахвол чигаллашиб, иқтисодий бўхрон яқинлашгани сари “Нақадар зўр, бундан яхшиси бўлиши мумкинмас!” тарғиботи янада жадаллаштириляпти.

Отаси яратиб берган чексиз имкониятлардан максимал фойдаланаётган Гулнора Каримова ўз ишонган одамлари воситасида мамлакатдан миллиардлаб долларларни ноқонуний йўллар билан олиб чиққани ва бу ишда ҳали ҳам собитқадам экани борасида дунё миқёсида кундан-кунга янги далиллар ўртага қўйилмоқда.

Бугунга келиб у билан боғлиқ таxминларнинг баъзилари ўз исботини топгани учун дипломатик дахлсизлигига қарамасдан Ўзбекистондан чиқа олмай қолгани Гулнорадан хам кўпроқ ўзбек халқига қимматга тушмоқда. Халқаро майдонда диктатор деб тан олинган отасидан хам ёмон репутациага эга Гулнора афсуски мамлакат ичкарисида барча мавжуд воситаларни ишга солган холда президентликка тарғиб қилинмоқда. Гулнора ўтган хафтада ўтказган байрамлар ушбу тарғибот дастурининг бир қисми эди. Бу ёзувимизни Гулнора ўтқазаётган байрамлар мисолида унинг тарғиботи масаласига бағишлаймиз.

Гап шундаки бу қадар кўп байрамлар хамоҳанглигини Тошкент шаҳар сифатида вужудга келиптики бир варакайига ўзида мужассам этмаган эди. Мустақиллик йилларида ўзбек ОАВлари таъбири билан айтганда “мухтарам президентимиз рахнамолигида” мамлакатда байрамлар сони камайтирилиб, уларнинг хаммаси пахта терими мавсуми билан мувофиқлаштириб қўйилди.

Бу мувофиқлаштиришга асосан фуқаро ўз “мустақиллигини”, ўқувчи-талабалар “билимлар кунини” нишонлаши биланоқ мамлакатнинг ишга яроқли ахолиси бирваракайига пахта далаларига қувилади. Расмий байрам мақоми берилган “Ўқтувчилар байрамини” эса ўқтувчилар далада пахта тераётиб нишонлашади. Ўқтувчилар касб байрамига яна шифокорларникини хам қўшиб қўйишса бўлаверади, чунки уларнинг аксарияти хам худди ўқтувчилардек терим мавсумини бошидан охиригача пахта далаларида ўтқазишади.

Аммо ўтган ҳафтада Тошкент мезбонлик қилган байрамларнинг мамлакатдаги бирорта расмий ёки норасмий байрам билан алоқаси йўқ. У Гулноранинг шахсий ички кечинмаларидан келиб чиқиб йил давомида ўтқазадиган байрамлари силсиласидан бир парча эди. Гап шундаки, халқаро молиявий жиноятлар юзасидан терговга дахлдор бўлиб қолган Гулнора яқин орада мамлакатдан бошқа жойга чиқа олмайди. Демак унинг ўтган йилларда Ню-Йоркда ўтқазилган модалар кўргазмасини хам, айнан Ғарб аудиторияси учун чиқарилгани урғуланган, турли хорижий шахарларда примьера қилиниши лозим бўлган қўшиқларини хам, халқаро миқёсдаги парфюмер томонидан ишлаб чиқарилиб “Гули” бренди остида Парижда тақдим қилиниши режалаштирилган атир-упалари тақдимотини хам Тошкентдаги “Олтин-Гепард” кинофестивали хафталигига қўшиб юборишига тўғри келди.

Отасининг соясига беркиниб қилаётган жирканч қилмишлари халқаро миқёсда йилдан-йилга каттароқ очилиб бораётгани учун қанчалик ку пул тўлашга тайёрлигини эълон қилмасин Гулноранинг “машхур” мехмонлари сони камайиб бормоқда. Бу сафар атига бир нечта турк сериаллари намойиш қилинадиган мамлакатлардагина қисман танилиши мумкин бўлган турк актёрни олиб келишдан мақсад унинг “шухрати” остида пиар қилишмиди ёки актёр яратган образдаги каби ярим ялонғоч қизларга нисбатан иштахасини текшириб кўришмиди буни билолмадим.

Аммо бу актёр Гулноранинг 2012 йилги байрамларини гуллатган ягона “машхур” бўлгани кейинги байрамларда русча айтганда Гулноранинг “планка”си янада пасайиб боришини билдиради. Аммо кейинги байрамларгача қиладиган анча иш борга ўхшайди.

Зеро моҳиятан 2012 йилни Ўзбекистонда “Гулнорани пиар қилиш йили” деб номлаш керак эди. Балки келажакда мазкур пиарларнинг миқёси янада кенгайтирилса 2013 йилга бу номни расман беришар? Афтидан 2012 йилда олиб борилаётган тарғибор ишлари бор йўғи дебоча холос. Акс холда халқаро миқёсда иккинчи бор йирик терговга дахлдор бўлиб хозирча отасига тегишли бўлган “шахсий” сархадидан чиқолмай қолганига қарамасдан, отаси байрам қилишни тақиқлаган мавсумда 10 кунлаб ялло қилишига йўл қўйиб беришармиди?

Йўқ, кўринишидан Гулнора отасининг тизгинини қўлига олганига анча бўлган. У бор йўғи отасини ёмон отлиқ қилиш йўли билан ўз пиарини жонлантирмоқда. Тўғрида, пахта теримидан тинка-мадори қуриб қайтган, кечқурунга тайинли овқат тайёрлагани холи хам қолмаган ўзбек телевизорни қулоғини бураса Гулнора байрам қиляпти. Нақд бир хафта байрам қиляпти! “Эй Худо, бизга манашуни подшох қилсанг бўлмасмиди, йил 12 ой пахта ўрнига байрам қилиб юрардик” деб юборганини ўзи хам билмай қолади. У ёғига эса “Кўпни дуоси ижобат” деган гап бор. 30 миллион халқ шундай дуо қилиб тургандан кейин Гулнорани кейинги президент деб қўяверинг!

Шунинг учун Гулноранинг тарғиботи масаласи бугун хукумат билан узоқ-яқиндан алоқаси бўлган хар қандай амалдорга хам қарз хам фарз қилиб қўйилган. Барча марказий ОАВлардан тортиб оддий махаллий каналларнинг 3 дақиқа хам давом қилмайдиган “Янгиликлари” хам Гулноранинг бугунги кундаги фаолиятини ёритишни биринчи вазифа деб билади. Охирги пайтларда “Ахборот” ва “Давр” хам дастлаб Гулнорага борасидаги хабарларини бериб кейин Ислом Каримов билан боғлиқ янгиликларни узатади. Қолаверса куни кеча тугаган тадбирлар асоносида турли “тахлилий” дастурлар Гулноранинг “мисли кўрилмаган бетакрор” фаолиятини тахлил қилишни йўлга қўйиб юборишди. Энди кейинги байрамларгача ўтган байрамларни эслаймиз, тахлил қиламиз.

Ташкилотчилар томонидан улар олиб бораётган тарғиботлар ва ташфиқотлар Гулнорани таборо президентлик курсисига яқинлаштириши умид қилинар экан оддий халқда бу жараёнлар билан боғлиқ қатор саволлар туғилиши табиий. Тарғиботлари орқали ўзбек халқига узлуксиз байрамлар қилиб беришини иддао қилаётган Гулнора дастлаб бугунги кунда Швейцариядаги энг бой 100 кишининг бири бўлишига сабаб бўлган маблағларни қаердан қай йўл билан орттиргани хақида маълумот бериши керак. Қолаверса унинг илгари турли мамлакатларда энди фақат Ўзбекистонда ўтқазаётган байрамлари кимнинг қаерда ишлаб топган пуллардан молиялаштирилётгани борасида аниқ фактлар билан маълумот бериши лозим.

Чунки оддий ўзбек халқи ҳар кун байрам қилиб яшашга қарши эмас, фақат бундай байрам қилиб яшашимизни Гулнора қайси манбаалар асосида таъминламоқчилигини билиб олсак бўлди. Кўринишидан Гулнора отасидек хаммани пахта теримига мажбур қилмасдан аксинча фаравон хаёт кечиришимизга хатто рахнамолик қилмоқчидек. Аммо мамлакатни инқирозга юз туттирган рекетлари ва муштумзўрлиги билан ўзимиздан тортиб олган бизнеслари-ю, отаси яратиб берган шароитлар асосида давлат захираларини хорижда сотиб шахсий хисоб рақамларига ўтқазаётгани эвазига бизга байрам қилиб бермоқчи бўлса буни хам хамма билиб олиши керак. Ўзига эргаштириб олгани бир тутам санъаткор “юлдузлар” қўллаб қувватлаши билан бу нарсалар эътибордан четда қолиб осонгина президент бўлиб олишига у чин дилдан ишонмоқда. Афсуски Гулноранинг савияси бундан ақллироқ қадамлар ташлашга имконият бермайди.

Аммо унинг тадбирларида иштирок этиб Гулнорани қўллаётганларнинг орасида етарлича ақл, виждон ва иймон соҳиблари бор. Умид қиламизки бу кишиларнинг аксарияти ўша давраларга мажбуран олиб келиндилар ва эндиликда бу табдирлардан мақсад нима-ю, нима оқ нима қора эканини ўз атрофларида тарғиб қиладилар.

Зеро бутун бошли халқни бир киши манқуртлаштириб, бўғиб, зулм остида сақлолмайди. Бунга сидқидилдан ҳисса қўшаётганлар эса, гарчи бу ишлардан деярли манфаатдор бўлмасаларда, мазкур жиноятларнинг тенг шериги ҳисобланишади. Ўзини зиёли санайдиган шоу-бизнес вакиллари-ю санъаткорлари кўзларини очиш вақти келди.

Ислом Каримов ўз вақтида шоир ва ёзувчилар орқали халқни манқуртлаштирган, кейин уларни битталаб ахлатхоналарга ташлаганди. Энди Гулноранинг зулм воситаси янги авлод юлдузлари бўлмоқда. Буни ўз вақтида тушуниб, маъсулятни ҳис қилолмаганлар ўзларига ҳам халқларига хам энг катта зарарни беришади. Гулнорани тарғиб қилган ва ҳамон тарғиб қилиб келаётган амалдор ва сиёсатчилар борасида эса кейинги сафар ёзамиз.

Ўктам Худоёров.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.